Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Қарздорлар ва уларнинг дебиторлари банк ҳисобварақларини қидиришда Банк депозиторларининг Миллий ахборот базасидаги маълумотлардан фойдаланиш тартиби тўғрисида Низом (АВ томонидан 03.03.2010 й. 2085-сон билан рўйхатга олинган 20.02.2010 й. Адлия вазирлигининг 13-сон, Марказий банк Бошқарувининг 7/1-сон қарори билан тасдиқланган)

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

Ўзбекистон Республикаси

Адлия вазирлигида

2010 йил 3 мартда 2085-сон

билан рўйхатга олинган

Ўзбекистон Республикаси

Адлия вазирлиги ва Марказий

банк Бошқарувининг

2010 йил 20 февралдаги

13, 7/1-сон қарорига

ИЛОВА



Қарздорлар ва уларнинг дебиторлари

банк ҳисобварақларини қидиришда Банк

депозиторларининг Миллий ахборот базасидаги

маълумотлардан фойдаланиш тартиби тўғрисида

НИЗОМ


I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Мазкур Низом Ўзбекистон Республикасининг "Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида"ги (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 2001 й., 9-10-сон, 169-модда), "Банк сири тўғрисида"ги (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 2003 й., 9-10-сон, 144-модда) ва "Электрон ҳужжат айланиши тўғрисида"ги (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 2004 й., 5-сон, 80-модда) қонунларига мувофиқ суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини мажбурий ижро этиш жараёнида Банк депозиторлари Миллий ахборотлар базаси (бундан кейинги ўринларда БДМАБ деб юритилади) бўйича қарздорлар ва уларнинг дебиторлари томонидан миллий ва хорижий валютада очилган банк ҳисобварақларини қидиришда Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг Ахборотлаштириш Бош Маркази (бундан кейинги ўринларда АБМ деб юритилади) ҳамда Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Суд қарорларини ижро этиш, судлар фаолиятини моддий-техника жиҳатидан ва молиявий таъминлаш департаментининг (бундан кейинги ўринларда Суд департаменти деб юритилади) органлари билан ўзаро ҳамкорлиги тартибини белгилайди.


2. Суд департаменти БДМАБдан электрон сўров асосида маълумотларни фақат суднинг ундирувни қарздорнинг мол-мулкига қаратиш тўғрисидаги ёки уларнинг мол-мулкини хатлаш ҳақидаги қонуний кучга кирган қарори бўлган тақдирда сўрашга ҳақлидир. Суд департаменти БДМАБга жўнатиладиган электрон сўровнинг ҳаққонийлигини таъминлайди.

Маълумот алмашинуви ва у билан боғлиқ харажатларни ҳисоб-китоб қилиш тартиби АБМ ва Суд департаменти ўртасида тузиладиган шартномага асосан белгиланади.


3. АБМнинг Суд департаменти билан маълумот алмашинувидаги ўзаро ҳамкорлиги:

суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларининг ижроси ўз вақтида ва тўлиқ бажарилишини;

ундирувчининг ҳуқуқлари амалга оширилишини;

маълумотлар тезкор алмашинувини;

суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларининг бажарилиши устидан самарали назоратни ташкил этишни таъминлаш мақсадида амалга оширилади.



II. МАЪЛУМОТЛАР АЛМАШИНУВИ ТАРТИБИ


4. АБМ Суд департаментининг электрон сўровига асосан унда кўрсатилган юридик шахс ва (ёки) якка тартибдаги тадбиркорларнинг миллий ва хорижий валютадаги банк ҳисобварақлари (бундан кейинги ўринларда банк ҳисобварақлари деб юритилади) тўғрисидаги маълумотларни электрон сўровни олган куннинг эртасидан кечиктирмасдан тақдим қилади.


5. Қарздор ва унинг дебиторлари банк ҳисобварақларини аниқлаш бўйича АБМга Суд департаменти ҳар бир вилоят ҳудудий бошқармалари бўйича алоҳида-алоҳида тарзда қуйидаги тартибда электрон сўров жўнатади:

солиқ тўловчининг (қарздорнинг) идентификация рақами (СТИР);

қарздорнинг номи (юридик шахснинг ва якка тартибдаги тадбиркорнинг номи);

ҳудудий бошқарма ва тегишли туман (шаҳар) суд ижрочилари бўлими номи;

ижро ҳужжати чиқарган орган номи;

ижро ҳужжати рақами ва санаси.


6. АБМ БДМАБ маълумотларини тақдим қилиш учун Суд департаментига алоҳида почта қутиси очади, унга идентификация рақами ва яширин шартли сўз (пароль) орқали кирилади.


7. Маълумотларнинг ишончлилигини, тўлиқлилигини, тўғрилигини ва сақланилишини таъминлаш мақсадида БДМАБ маълумотлари шифрланган ҳолда тақдим қилинади. Марказий банк Суд департаментига дешифрация дастурини беради.

Ушбу маълумотларнинг бузиб кўрсатилиши ҳолатларининг олди олинишини ҳамда маълумот жўнатувчининг идентификацияланишини таъминлаш мақсадида, маълумот электрон рақамли имзо билан тасдиқланади.


8. Қабул қилинган маълумотларнинг маҳфийлиги ва сир сақланишини таъминлаш учун Суд департаменти мазкур маълумотларни олиш ҳуқуқига эга бўлган ходимлар доирасини белгилайди.


9. Суд департаменти почта қутисига ташланадиган БДМАБ маълумотлари қуйидаги тузилишга эга:

солиқ тўловчининг (қарздорнинг) идентификация рақами (СТИР);

қарздорнинг номи;

ҳудудий бошқарма ва тегишли туман (шаҳар) суд ижрочилари бўлими номи;

ижро ҳужжати чиқарган орган номи;

ижро ҳужжати рақами ва санаси;

қарздорга банк ҳисобварағини очган банк коди;

қарздорга банк ҳисобварағини очган банк номи;

қарздорнинг банк ҳисобварағи очилган сана;

асосий банк ҳисобварағининг 20 та белгили рақами;

иккиламчи банк ҳисобварақларининг 20 та белгили рақами;

мижоз банк ҳисобварағи ёпилиш асоси белгилари;

мижоз банк ҳисобварағи ёпилган сана.


10. Ушбу Низомнинг 5 ва 9-бандларига мувофиқ АБМ ва Суд департаменти ўртасидаги маълумотлар алмашинуви мазкур Низомда келтирилган иловадаги жадвалга асосан электрон шаклда амалга оширилади.


11. БДМАБ маълумотларининг Суд департаментига тақдим қилиниши, банкларни Суд департаменти органларининг ёзма сўровларига асосан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда қарздорларнинг банк ҳисобварақлари тўғрисидаги маълумотларни бериш мажбуриятларидан озод этмайди.



III. МАЪЛУМОТЛАРДАН ФОЙДАЛАНИШ


12. Суд департаменти БДМАБ маълумотларини ўз вақтида қабул қилади, таҳлил қилади, уларни вилоятлар бўйича ажратади ҳамда ушбу маълумотларни жойлардаги ҳудудий бошқармаларга иш жараёнида фойдаланиш учун етказиб беради.


13. Суд департаментининг ҳудудий бошқармалари ушбу маълумотларни келиб тушган куннинг эртасидан кечиктирмасдан ижро ҳужжати ижросини таъминлашда фойдаланиш учун тегишли суд ижрочисига етказилишини таъминлайди.


14. Суд департаменти БДМАБ маълумотларига ўзгартириш киритиш ҳуқуқига эга эмас.


15. Суд департаменти БДМАБ маълумотларидан қонун ҳужжатлари доирасида фойдаланади ва маълумотларнинг маҳфийлигини таъминлайди.


16. Суд департаменти БДМАБ маълумотларини ўрганиб боради ва зарур ҳолларда уларни мукаммаллаштириш борасида тегишли таклифларни беради.



IV. ЯКУНИЙ ҚОИДАЛАР


17. АБМ ушбу Низом бўйича берилаётган электрон маълумотлар базасининг ҳаққонийлиги ва ўз вақтида берилишини таъминлайди.


18. БДМАБ маълумотларидан фойдалана олиш ҳуқуқига эга бўлган Суд департаменти ходимлари улардан қонун ҳужжатлари доирасида фойдаланади ва маълумотларнинг маҳфийлигини таъминлайди.


19. Ушбу Низом талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларига мувофиқ жавобгар бўладилар.


20. Ушбу Низомни қўллашда юзага келадиган низолар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳал этилади.






Низомга

ИЛОВА



Қарздорларнинг банк ҳисобварақларини аниқлаш

99-сўров тури


Т/р

Кўрсаткичлар


Сўров


Жавоб


1.

Солиқ тўловчининг идентификация рақами


+

+

2.

Қарздорнинг номи


+

+

3.

Ҳудудий бошқарма ва тегишли туман (шаҳар) суд ижрочилари бўлими номи


+

+

4.

Ижро ҳужжати чиқарган орган номи


+

+

5.

Ижро ҳужжати рақами ва санаси


+

+

6.

Қарздорга банк ҳисобварағини очган банк коди


-

+

7.

Қарздорга банк ҳисобварағини очган банк номи


-

+

8.

Қарздорнинг банк ҳисобварағи очилган сана


-

+

9.

Асосий банк ҳисобварағининг 20 та белгили рақами


-

+

10.

Иккиламчи банк ҳисобварақларининг 20 та белгили рақами


-

+

11.

Мижоз банк ҳисобварағи ёпилиш асоси белгилари


-

-/+

12.

Мижоз банк ҳисобварағи ёпилган сана


-

-/+

Изоҳ: жадвалдаги "+" ва "-" ишоралари қуйидаги маънони билдиради:

"+" - сўров (жавоб) таркибига киради;

"-" - сўров таркибига кирмайди.



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2010 йил, 9-сон, 72-модда.