Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг Устави (ЎзР Олий Кенгаши Раёсатининг 28.11.1992 й. 713-XII-сон қарори билан тасдиқланган)

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

Ўзбекистон Республикаси

Олий Кенгаши Раёсатининг

1992 йил 28 ноябрдаги

713-XII-сон қарори билан

ТАСДИҚЛАНГАН



Ўзбекистон Республикаси

Марказий банкининг

УСТАВИ


I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ўзбекистон Республикаси Марказий банки Ўзбекистон Республикасининг бош банки бўлиб, республика мулки ҳисобланади ва у Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашига ҳисобдордир.


2. Республика Марказий банки Ўзбекистон Республикасининг қонунлари, шартномалари, рубль минтақаси таркибига кирувчи давлатлар ва хорижий мамлакатлар билан тузган битимлари, шунингдек ушбу Устав асосида амал қилади.


3. Республика Марказий банки юридик шахс ҳисобланиб, ўзининг алоҳида мулкига ва мустақил балансига эга, ўз номидан ҳуқуқ ва мажбуриятлар олиши, судда, ҳакамлар суди ва холислар судида даъвогар ва жавобгар бўлиши мумкин.

Республика Марказий банки, унинг муассасалари ва ташкилотлари Ўзбекистон Республикасининг Давлат герби туширилган, ўз номи ўзбек ва рус тилларида ёзилган муҳрга, бурчак штампи ва бошқа реквизитларга эгадир.


4. Республика Марказий банки Ўзбекистон Республикасида пул муомаласи ва банк ишининг ҳолати учун Марказий банкнинг масъулиятига асосланган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан иқтисодий сиёсатнинг муҳим соҳаларида ҳамкорлик қилади.

Давлат бошқаруви органлари Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг ўз ваколатлари доирасида амалга ошираётган фаолиятига аралашишга ҳақли эмаслар.


5. Ўзбекистон Республикаси Марказий банки халқаро молия ташкилотларининг авуарларини сақловчидир.

Ўзбекистон Республикаси Марказий банки Тошкент шаҳрида жойлашган.



II. ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ МАРКАЗИЙ

БАНКИНИНГ АСОСИЙ ВАЗИФАЛАРИ

ВА ХИЗМАТЛАРИ


6. Республика Марказий банкининг асосий вазифалари қуйидагилардан иборат:


6.1. пул муомаласи, кредит бериш, пул билан таъминлаш, ҳисоб-китоб, касса хизмати кўрсатиш, ташқи иқтисодий алоқа соҳаларида республиканинг иқтисодий ҳамда валюта сиёсатини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш, Ўзбекистон Республикасининг пул-кредит тизимини бошқариш;


6.2. Ўзбекистон Республикаси иқтисодиётининг ривожланишига ва унинг жаҳон иқтисодиёти билан уйғунлашувига кўмаклашиш;


6.3. банклар ва кредит муассасалари учун ҳисобга олиш ва ҳисоботнинг, ҳисоб-китоб-ссуда ва валюта операцияларини амалга оширишнинг ягона қоида ҳамда меъёрларини белгилаш;


6.4. ссуда-депозит операцияларини тартибга солиб турувчи меъёрларни белгилаш ва умумий пул оборотини бошқариш;


6.5. барча банклар ва кредит муассасалари томонидан Ўзбекистон Республикаси қонунларига ва пул-кредит операциялари қоидаларига риоя этилишини назорат қилиш;


6.6. Ўзбекистон Республикаси ҳудудида барқарор пул муомаласини ва муомалада бўлган пулнинг харид қобилиятини сақлаш;


6.7. банк ишлари билан шуғулланиш учун рухсатнома (лицензия) бериш;


6.8. Ўзбекистон Республикасининг олтин захираси ва Олмос фондини барпо этиш;


6.9. миллий валютани жорий этиш ва республика халқ хўжалигини у билан таъминлаш;


6.10. Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг валюта Фондини вужудга келтириш, давлатнинг валютани тартибга солувчи ва назорат қилувчи асосий ижроия органи вазифасини бажариш;


6.11. чет эл валютасида чакана савдо ва хизмат кўрсатишга рухсатномалар бериш.


7. Республика Марказий банки ўз зиммасига юклатилган вазифаларга асосан:


7.1. Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан биргаликда Республикада пул-кредит сиёсати йўналишларини ишлаб чиқади;


7.2. пул-кредит сиёсатининг бош йўналишлари асосида умуий пул айланишини бошқаради, пул массасининг ҳажми ва тузилишини тартибга солади;


7.3. жами пул айланиши ва эмиссия ҳажмини белгилайди уни олдиндан аниқлайди, муомаладаги пул массасининг ва халқ хўжалигидаги пул-кредит муносабатларининг ҳолатини таҳлил қилади;


7.4. қоғоз пуллар ва танга пуллар тайёрлаш, уларни ташиш ва сақлаш ишларини ташкил этади;


7.5. муомалага пул ва бошқа қимматдор қоғозларни чиқаради ҳамда уларни муомаладан чиқариб олади;


7.6. бош кассаларни ташкил этади, улар бўйича қоғоз пуллар ва танга пуллар қолдиғи лимитини белгилайди. Республика Марказий банки бўлимлари учун кассаларда нақд пуллар айланишининг лимитини белгилайди;


7.7. Ўзбекистон Республикасининг барча корхоналари, ташкилотлари, муассасаларига касса хизмати кўрсатади ва уларга нақд пул берилишини назорат қилади;


7.8. мулкчиликнинг ҳамма шаклларига мансуб корхоналардан, ташкилотлар ва муассасалардан ўтказилган маблағларнинг фуқаролар шахсий ҳисоб рақамларига ёзиб қўйилишини бошқа банклар билан биргаликда назорат қилади;


7.9. Ўзбекистон Республикаси ҳудудида муайян давлатларнинг марказий банклари билан тузилган халқаро шартномалар ва битимларга асосланиб, юридик ва жисмоний шахсларнинг бошқа давлатлар валютасидан фойдаланишлари тартибини белгилайди;


7.10. давлат бюджети, суғурта маблағлари ва аҳоли омонатлари ҳисобига ҳосил бўладиган кредит ресурсларини, шунингдек марказлашган тартибда бошқа банклардан ҳақ тўлаб олинадиган кредит ресурсларини шартнома асосида жамлайди ва кредит билан таъминлашда ишлатиш учун уларни ҳақ эвазига тижорат банкларига беради;


7.11. пул айланишини тахмин қилишга асосланиб кредит ресурслари резервини ташкил этади, бу резервлар пул маблағларига бўлган қўшимча эҳтиёжларни қондириш учун ишлатилади;


7.12. кредит ресурсларининг аҳволини ва улардан фойдаланишни таҳлил этади, уларнинг йўналишини ўзгартиради ва қайта тақсимлайди;


7.13. тижорат банкларига берадиган ўз кредитлари бўйича ставкаларни ўзгартириш орқали Ўзбекистон Республикасида банклар оладиган фоиз ставкалари даражасини йўлга cолиб туради;


7.14. банкларнинг кундалик иш фаолиятига аралашмаган ҳолда, пул-кредит тизимининг барқарорлигини сақлаб туриш мақсадида банклар фаолиятини йўлга солиб туриш ва бу фаолиятни назорат қилиш вазифаларини бажаради;


7.15. муомаладаги пул массасининг кўпайиш суръатларини секинлатиш мақсадида тижорат банклари томонидан жалб қилинган ресурслар ва дипозитларнинг бир қисми ҳамда республика Марказий банкининг марказлаштирилган тартибда вужудга келтирилган ресурслари ҳисобига кредит ресурсларини йўлга солиб туриш фондини тузади;


7.16. қимматдор қоғозлар сотиб олади, уларни сақлайди ва сотади;


7.17. қимматбаҳо металлар, қимматбаҳо металлардан тайёрланган буюмлар, қимматбаҳо тошлар, миллий ва оилавий ёдгорликлар қабул қилиб олиниши, сақланиши ва топширилишини таъминлайди. Ўзбекистон Республикасининг олтин захирасини ҳосил қилади, унинг сақланишини, республика ичида ва ташқи савдо оборотида фойдаланиш учун ундан қимматбаҳо буюмлар берилишини таъминлайди;


7.18. олтин, қимматбаҳо металлар, чет эл валюталарини сотиб олиш ва сотиш операцияларини амалга оширади. Республика Марказий банки балансида турган ва ўз мажбуриятларини бажаришни таъминлайдиган олтин-валюта резервларини бошқаради, бу резервларни жойлаштириш ва уларни сақлаш операцияларини амалга оширади;


7.19. кредит ва ҳисоб-китоблар бўйича ўзаро муносабатга доир турли масалалар юзасидан методик кўрсатмалар ишлаб чиқади;


7.20. ўзининг муассасалари ва тижорат банклари орқали республика ва маҳаллий бюджетларининг касса ижросини ташкил этади ва амалга оширади, республика Молия вазирлиги билан келишган ҳолда бюджетнинг касса ижроси бўйича операцияларни амалга ошириш тартибини белгилайди;


7.21. республика Молия вазирлиги билан биргаликда Ўзбекистон Республикасининг ички ва ташқи қарзларини тартибга солади, тижорат банклари билан биргаликда давлат қимматдор қоғозларини чиқариш манбаларини, муддатини ва бошқа шартларини белгилайди;


7.22. республика ҳудудида банклараро ҳисоб-китобларни ташкил этади ва амалга оширади. Рубль минтақасига кирувчи Давлатларнинг марказий ва миллий банклари ҳамда бошқа давлатларнинг банклари билан банклараро ҳисоб-китобларни ташкил этади ва корреспондентлик муносабатларини ўрнатади;


7.23. нақд пул инкассациясини ташкил этади ва амалга оширади;


7.24. тижорат банклари билан биргаликда банк операцияларини автоматлаштириш ва механизациялаш устида ишлайди, Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг Ҳисоблаш маркази ва унинг бўлимлари республика банкларига хизмат кўрсатишини таъминлайди;


7.25. Ўзбекистон Республикаси ҳудудида тузиладиган тижорат, кооператив ва ўзга банкларнинг, шунингдек бошқа кредит муассасаларининг уставларини ҳақ олиб рўйхатдан ўтказади, Ўзбекистон Республикаси қонунларида кўзда тутилган ҳолларда банк фаолияти билан шуғулланиш учун рухсатнома (лицензия) беради ва уларни қайтариб олади;


7.26. тижорат банклари мажбурий иқтисодий нормативларга ва республика Марказий банки чиқарадиган норматив ҳужжатларга риоя этишларини назорат қилади;


7.27. рубль минтақасига кирувчи давлатлар ва бошқа мамлакатлар билан Ўзбекистон Республикасининг ҳамкорлиги ривожланиши ва мустаҳкамланишига ёрдам беради, уларнинг марказий ва миллий банклари, халқаро банклар ва бошқа молия-кредит ташкилотларида республиканинг манфаатларини ҳимоя қилади.

Учинчи шахслар учун пул билан ижро этилишини назарда тутувчи кафолатлар беради ва бошқа мажбуриятларни ўз зиммасига олади.


7.28. тижорат банкларининг чорак, ярим йиллик ва бир йиллик муҳосибот ҳамда статистика ҳисоботлари рўйхатини белгилайди;


7.29. Ўзбекистон Республикаси банкларининг йиғма балансини тузади;


7.30. Ўзбекистон Республикасининг "Банклар ва банк фаолияти тўғрисида"ги Қонунидан келиб чиқадиган вазифаларга мувофиқ бошқа операция ва битимларни амалга оширади;


7.31. махсус ўқув юртларида республика банклари учун мутахассислар тайёрлайди.



III. ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

МАРКАЗИЙ БАНКИНИНГ ҲУҚУҚЛАРИ


8. Республика Марказий банки:


8.1. тижорат банкларига:

қарз олувчилар билан келишилган ҳолда;

тўлаш муддати уч ойдан ошмаслиги шарти билан, векселлар ва қимматдор қоғозларни гаровга олиб, уларнинг ёзилган нархидан 90 фоиздан кўп бўлмаган миқдорда муддатли кредитлар бериш;


8.2. сотиб олинган кундан бошлаб уч ой ичида пули тўланиши керак бўлган векселлар ва чекларни сотиб олиш ва улар юзасидан бошқа битимлар тузиш; башарти бу вексел ва чекларда тўлов қобилиятига эгалиги маълум бўлган бурчдор уч шахснинг имзоси бўлса;


8.3. тижорат банклари ва бошқа кредит идоралари, уларнинг мижозлари бажариши мажбурий бўлган банк фаолияти масалалари бўйича норматив ҳужжатлар чиқариш;


8.4. тижорат банклари қонун-қоидалар ва бошқа норматив ҳужжатларни бузган тақдирда уларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси қонунларида кўзда тутилган таъсир чораларини қўллаш;


8.5. тижорат банклари Ўзбекистон Республикаси қонунларига зид иш юритиб қўшимча олган фойдалари миқдорида уларга пул жаримасини солиш;


8.6. республика Марказий банки вилоят бошқармалари орқали тижорат банкларининг бевосита хўжалик ҳисобидаги филиалларига кредит ресурслари бериш;


8.7. пул-кредитни тартибга солишнинг иқтисодий усуллари билан пулнинг қадрсизланиш жараёнини тўхтатишнинг иложи бўлмаган тақдирда Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгаши билан келишган ҳолда тижорат банкларига ставка фоизлари ва кредит жойлаштиришга нисбатан чеклаш чораларини қўллаш;


8.8. Ўзбекистон Республикасининг "Банклар ва банк фаолияти тўғрисида"ги Қонунига мувофиқ тижорат банкларининг фаолиятини текшириш;


8.9. республика Марказий банкининг назорат функцияларини амалга ошириш мақсадида тижорат банкларидан баланслар, ҳисоботлар ва бошқа зарур ҳужжатлар олиш;


8.10. шартнома тузиш йўли билан тижорат банклари, корхоналар, ташкилотлар ва идораларни зарур таҳлилий ва ахборот материаллари билан таъминлаш, банк ишини ташкил этишда маслаҳатлар бериш ва бошқа ёрдамлар кўрсатиш ҳуқуқига эгадир. Кўрсатилаётган хизматларнинг нархи ва тарифлари томонларнинг келишуви билан белгиланади;


8.11. Ўзбекистон Республикаси қонунларида республика Марказий банкига берилган бошқа ҳуқуқлардан фойдаланади.



IV. РЕСПУБЛИКА МАРКАЗИЙ БАНКИНИНГ

КРЕДИТ МАНБАЛАРИ, МАБЛАҒЛАРИ

ВА МОЛ-МУЛКИ


9. Республика Марказий банкининг кредит манбалари:


9.1. устав, резерв ва бошқа фондлар маблағларини;


9.2. шартнома асосида берилган, Ўзбекистон Республикаси Жамғарма банки жалб қилган аҳоли пул маблағлари ўсишининг камида 70 фоизини;


9.3. тижорат банкларининг республика Марказий банкига мажбурий ажратишдан ташқари шартнома асосида қўшимча равишда ўтказилган маблағларини;


9.4. Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг маблағлариии;


9.5. бошқа мамлакат ҳукуматлари ва банкларининг маблағларини;


9.6. 1961 йил 1 январдан амалга оширилган нақд пул эмиссиясини;


9.7. республика давлат хазинасида сақланаётган олтин ва бошқа қимматбаҳо металлар қийматини;


9.8. ҳисоб рақамларида турган чет эл валютасидаги металларни;


9.9. вақтинчалик бўш бўлган бошқа маблағларни ўз ичига олади.


10. Ўзбекистон Республикаси Марказий банки Устав ва резерв фондларини, асосий маблағлар фондини, истеъмол фондини, ишлаб чиқариш ва ижтимоий ривожланиш фондини ҳамда бошқа фондларни ташкил этади;


11. Устав фонди 3000 миллион сўм миқдорида белгиланади ва республика Марказий банки мажбуриятларини таъминлаш учун хизмат қилади. Устав фонди банк оладиган фойда, аниқ мақсадга қаратилган тушумлар ва бошқа манбалар ҳисобидан ҳосил қилинади. Устав фонди миқдори Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг қарори асосида ўзгартирилиши мумкин.


12. Захира фонди республика Марказий банки операциялари бўйича кўрилиши мумкин бўлган зарарларни қоплаш мақсадида тузилади ва банкнинг ўз фойдасидан ажратмалари ҳисобига ташкил этилади. Захира фондига ажратмалар Устав фонди миқдорига етгунча амалга оширилади.


13. Республика Марказий банкининг асосий маблағлари фонди ўзига қарашли бўлган бино, иншоотлар, ускуналар, транспорт воситалари ва бошқа бойликлардан иборат бўлади.


14. Истеъмол фондидан республика Марказий банки ходимларига иш ҳақи тўлаш ва амалдаги қонунларга мувофиқ ҳамда касаба уюшмаси ташкилоти билан келишган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Марказий банки бошқарувининг Раиси тасдиқлаган мукофотлаш тўғрисидаги Низомга мувофиқ ходимларни ижтимоий муҳофаза қилиш мақсадларида фойдаланилади.

Ижтимоий ривожланиш масалалари, шу жумладан, меҳнат шароитини ва тиббий таъминотни яхшилаш масалалари меҳнат жамоаси томонидан маъмурият иштирокида Ўзбекистон Республикаси қонунларига мувофиқ ҳал этилади.


15. Республика Марказий банкининг даромадлари кредит ресурслари ва кафолатлар бериш, векселларни ҳисобга олиб бориш, қимматдор қоғозлар ва бошқа давлатлар валютасини сотиш, хўжалик ҳисобидаги муассасаларнинг фойдадан ажратмалари, шунингдек банк вазифаларидан келиб чиқадиган бошқа операцияларни бажариш натижасида тушган даромадлар ҳисобидан пайдо бўлади.


16. Республика Марказий банкининг харажатлари кредит ресурслари олиш, нақд пулларни тўплаш, қайта ҳисоблаб чиқиш ҳамда республика хўжаликларига нақд пул бериш, банклараро ҳисоб-китобларни олиб бориш, бошқа давлатларнинг қимматли қоғозлари ва валюталарини сотиб олиш, республика Марказий банки ва унинг муассасалари фаолияти билан боғлиқ бошқа харажатлардан иборат бўлади.


17. Республика Марказий банкининг белгиланган тартибда тасдиқланган нормативлар бўйича олган фойдаси ўз устав ва захира фондларини тўлдириш, шунингдек иқтисодий рағбатлантириш фондларини ташкил этиш учун сарфланади.


18. Ўзбекистон Республикаси Марказий банки Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашига ҳар йили ўз фаолияти тўғрисида ҳисобот, баланс, кўрилган фойда ва зарарлар тўғрисида ҳисобот, Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгаши ёки унинг Раёсати талабига биноан касса обороти ва эмиссия фаолияти тўғрисида ахборот тақдим этади.


19. Республика Марказий банкининг фаолиятини Ўзбекистон республикаси Олий Кенгаши, унинг Раёсати ёки уларнинг топшириғи билан аудитор ташкилот текшириши мумкин.



V. РЕСПУБЛИКА МАРКАЗИЙ БАНКИНИ

БОШҚАРИШ ВА УНИНГ ТУЗИЛИШИ


20. Республика Марказий банкининг юқори органи Бошқарув бўлиб, уни Раис бошқаради. Раисни Ўзбекистон Республикаси Президенти тайинлайди ва Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгаши тасдиқлайди.

Республика Марказий банки Бошқаруви таркибига Раис муовинлари ва Бошқарув аъзолари киради.


21. Республика Марказий банки бошқаруви банкнинг фаолиятидаги энг принципиал масалаларни қараб чиқади, шу жумладан:


пул-кредит сиёсатининг Асосий йўналишлари лойиҳасини кўриб чиқади ва Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашига тақдим этади, республика Марказий банкининг операциялари ҳажмини ва турларини, унинг актив ва пассив ҳисоб рақамлари бўйича фоиз ставкалари миқдорини аниқлайди;

Ўзбекистон Республикаси Марказий банки ва унинг муассасалари фаолиятининг иқтисодий нормативларини тасдиқлайди, шунингдек уларнинг бажарилишини кўриб чиқади;

Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг йиллик ҳисоботини ва балансини, шунингдек республиканинг банк тизими бўйича умумий ҳисоботни кўриб чиқади;

Ўзбекистон Республикаси Марказий банки муассасаларини ва ўзига бўйсунувчи ташкилотларни тузади, қайта тузади ва тугатади;

Ўзбекистон Республикаси Марказий банки таркибидаги бўлимларнинг, муассасалар, корхоналар ва ташкилотларнинг раҳбарларини тасдиқлайди;

Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг муассасалари учун аппаратнинг типовой тузилишини ишлаб чиқади, даромад ва харажатлар сметасини тасдиқлайди, истеъмол учун маблағ ҳажмини белгилайди, Ўзбекистон Республикаси Марказий банки марказий аппаратининг, шунингдек таркибий бирликларининг раҳбар ходимларини, мутахассислар ва хизматчиларини рағбатлантириш тўғрисидаги Низомни қабул қилади;

Ўзбекистон Республикаси Марказий банки муассаса ва ташкилотларининг фаолиятига алоқадор масалаларни кўриб чиқади;

ўзининг ваколатлари доирасида ходимлар танлаш, уларни жой-жойига қўйиш, тайёрлаш ва қайта тайёрлаш масалаларини ҳал этади;

тасдиқланган рўйхатга асосан раҳбар ходимларни лавозимга тайинлайди, ишдан озод этади ва уларга мансаб маошлари белгилайди;

Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг аппарати бўлинмалари, жойлардаги муассаса ва раҳбарларининг ҳисоботларини тинглайди;

бошқа масалаларни кўриб чиқади ва ҳал этади.


22. Ўзбекистон Республикаси Марказий банки Бошқаруви мажлисларини йилнинг ҳар чорагида камида икки марта ўтказади, Бошқарув мажлислари ўз умумий таркибининг учдан икки қисми қатнашган тақдирда ҳақиқий ҳисобланади. Бошқарув қарорлари Бошқарув аъзолари кўпчилигининг овози билан қабул қилинади. Агарда Ўзбекистон Республикаси Марказий банки Бошқаруви аъзолари билан унинг Раиси ўртасида келишмовчилик чиқса, Раис ўз қарорини амалга ошириб, ўзаро келишмовчилик тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгаши Раёсатини хабардор қилади.


23. Бошқарув Раиси республика Марказий банки фаолиятига раҳбарлик қилади ва Ўзбекистон Республикаси Марказий банки зиммасига юклатилган вазифаларнинг бажарилиши учун шахсан жавобгар бўлади.

Ўзбекистон Республикаси Марказий банки Бошқарувининг Раиси:


Ўзбекистон Республикаси қонунлари ва банк Бошқаруви қарорлари асосида ҳамда уларни бажариш мақсадида республика Марказий банки фаолиятига алоқадор масалалар бўйича давлат пул-кредит сиёсати бош йўналишининг бажарилишини таъминлашга қаратилган буйруқлар ва бошқа кўрсатмалар чиқаради;

Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашида, Ҳукуматда, республика вазирликлари ва идораларида, корхоналари ва ташкилотларида ва республикадан ташқарида банк фаолиятининг барча масалалари бўйича вакиллик қилади;

Республика Марказий банкининг мол-мулки ва маблағини тасарруф этади ва бошқаради;

Республика Марказий банки номидан мажбуриятларни имзолаш тартибини белгилайди;

Республика Марказий банки марказий аппарати бўлинмалари ва муассасаларининг таркиби тўғрисидаги низомларни тасдиқлайди;

Республика Марказий банки Бошқаруви Раисининг муовинлари орасида вазифаларни тақсимлайди, ўз муовинлари ва марказий аппарат таркибий бўлинмалари раҳбарларининг топширилган иш участкасидаги аҳвол учун масъулият даражасини белгилайди.


24. Республика Марказий банки Бошқарувининг Раиси ўзининг ҳуқуқ доирасидаги айрим масалаларни ҳал этишни ўз муовинларига, Республика Марказий банки марказий аппарати таркибий бўлимлари ва жойлардаги тобе идоралар раҳбарларига топшириш ҳуқуқига эга.


25. Республика Марказий банки ягона марказлашган тизим бўлиб, у марказий аппарат ва унга тобе муассасалардан иборатдир.

Қимматбаҳо металлар, қуймалар, олмослар ва республиканинг миллий бойликларини сақлаш Давлат хазинаси, Ишлаб чиқариш корхонаси, Республика инкассация бирлашмаси ва Ҳисоблаш маркази мустақил юридик шахслар бўлиб, ўзларининг бўлимлари билан республика Марказий банки қарамоғида бўладилар. Давлат хазинаси маъмурий жиҳатдан Ўзбекистон Республикаси Марказий банки Бошқаруви Раисига бўйсунади ва Олий Кенгаш Қарори ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг фавқулодда фармонларига асосан олтин захирасининг шаклланиши ва ишлатилиши бўйича ўз вазифаларини бажаради.


26. Республика Марказий банки ўзининг таркибида Уставда кўзда тутилган вазифаларни бажариш билан боғлиқ бўлган корхона ва ташкилотлар тузиш ҳуқуқига эга.


27. Республика Марказий банки ўз муассасаларининг мажбуриятлари бўйича жавобгар бўлади, шунингдек бу муассасалар ҳам Республика Марказий банки мажбуриятлари бўйича жавобгар бўладилар.


28. Республика Марказий банки Қорақалпоғистон Республикасида, вилоятлар марказларида ва Тошкент шаҳрида бошқармаларни, туманлар маъмурий марказларида эса - бўлимларини тузади ва улар Республика Марказий банки Бошқаруви Раиси тасдиқлайдиган Низомлар асосида иш кўрадилар.

Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг бошқармаларига бошлиқлар, бўлинмаларига эса бошқарувчилар раҳбарлик қиладилар.

Республика Марказий банкининг муассасалари пул муомаласи, кредит бериш, ҳисоб-китоб, давлат бюджетининг касса ижроси, касса операциялари соҳаларида пул-кредит сиёсатининг Бош йўналишлари амалга оширилишини таъминлайди, тижорат банклари ва бошқа кредит муассасалари фаолияти устидан назорат ўрнатади.

Жойлардаги муассасалар ўз ҳуқуқлари доирасида ихтиёрларига берилган маблағлар ва мол-мулкни тасарруф этадилар ҳамда Ўзбекистон Республикаси Марказий банки номидан бошқа ташкилотлар билан шартномалар тузадилар.


29. Ягона давлат пул-кредит, инвестиция сиёсатини, шунингдек эмиссия-касса ишини амалга ошириш мақсадида республика Марказий банкининг республика (Қорақалпоғистон), вилоятлар ва Тошкент шаҳар бошқармаларида банк Кенгашлари тузилади, унинг таркибига Марказий банк Бошқаруви раҳбар ходимларидан ташқари тижорат банкларининг раҳбарлари, маҳаллий молия органларининг вакиллари ҳам киради.



VI. ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

МАРКАЗИЙ БАНКИНИНГ ТАШҚИ

ИҚТИСОДИЙ ФАОЛИЯТИ


30. Республика Марказий банки республикада ва чет элда Ўзбекистон Республикасининг қонунларига мос бўлган ва халқаро амалиётда фойдаланиладиган ҳар қандай операцияларни чет эл валютасида амалга ошириши мумкин.

Республика Марказий банки ўз ҳуқуқларининг бир қисмини тижорат банкларига бериши мумкин.


31. Республика Марказий банки қуйидаги ҳуқуқларга эга:


- ҳукуматлараро савдо, тўлов битимлари (шартномалари, ниятлар ҳақидаги баённомалари)нинг валюта-молиявий шартларини ишлаб чиқишда қатнашиш, бунда Ўзбекистон Республикасининг иқтисодий, валюта ва бошқа манфаатлари таъминланишига ёрдам бериш;

- ҳукуматлараро битимлар (шартномалар, ниятлар ҳақидаги баённомалар)га мувофиқ рубль минтақасидаги давлатларнинг ва бошқа давлатларнинг марказий ҳамда миллий банклари билан ўзаро ҳамкорлик қилиш ҳақида шартномалар тузиш;

- чет эл валютасида акциялар, облигациялар ва бошқа қимматдор қоғозлар сотиб олиш, чет эл валютасида олинган фойдадан валюта фондлари ташкил этиш;

- банклар фаолиятини уйғунлаштириб туриш ва ташқи иқтисодий операцияларни назорат қилиб туриш;

- Ўзбекистон Республикаси пул бирлигининг чет эл валюталарига нисбатан қадрини тартибга солиб туриш, уни мустаҳкамлашга қаратилган операцияларни белгилаш ва амалга ошириш;

- Ўзбекистон Республикасининг пул-кредит сиёсатига мувофиқ чет элдан кредитлар жалб этиш ҳажмлари ҳамда улар бўйича фоиз ставкалари борасида банклар учун чеклашлар жорий этиш.


32. Республика Марказий банки чет эл валютасида республикада ва хорижда операцияларни амалга ошириш учун тижорат банкларига лицензиялар беради.



VII. ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

МАРКАЗИЙ БАНКИ ФАОЛИЯТИНИ

ТЎХТАТИШ


33. Республика Марказий банкининг фаолияти Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгаши белгилаган тартибда Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг қарори билан тўхтатилади.