Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 29.06.1993 й. 321-сон "Тошкент шаҳрида Халқаро банк мактабини ташкил этиш тўғрисида"ги Қарори

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ

ҚАРОРИ

29.06.1993 й.

N 321



ТОШКЕНТ ШАҲРИДА ХАЛҚАРО БАНК

МАКТАБИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ ТЎҒРИСИДА



Ўзбекистон банклари учун малакали кадрлар тайёрлаш ва қайта тайёрлашни такомиллаштириш, банк ишларини ташкил этишнинг халқаро стандартларини таъминлаш ҳамда молия ва кредит соҳасидаги амалий тадқиқотларни ривожлантириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси ҚАРОР ҚИЛАДИ:


1. Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия Университетининг, Ўзбекистон Республикасининг бир қанча етакчи банкларининг Европа тиклаш ва тараққиёт банки, Европа ҳамжамиятлари комиссияси иштирокида Халқаро банк мактаби ташкил этиш тўғрисидаги таклифи маъқуллансин.


2. Халқаро банк мактаби қуйидаги манзилга жойлаштирилсин:

Тошкент шаҳри, Буюк ипак йўли кўчаси, 71-уй.


3. Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия Университетига Мактабга ташкилий, илмий ва услубий раҳбарлик қилишни, унинг кадрлар таркибини шакллантиришни амалга ошириш вазифаси юклатилсин.


4. Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия Университети Европа тиклаш ва тараққиёт банки ҳамда бошқа муассислар билан биргаликда, Мактабнинг 1993 йил 7 сентябрда очилишини таъминлаш учун таъсис ҳужжатларини, ўқув режалари ва дастурларини ишлаб чиқсин.


5. Қуйидагилар Мактабнинг асосий вазифалари этиб белгилансин:

халқаро стандартларга жавоб берадиган банк ходимларини тайёрлашни, қайта тайёрлашни ва уларнинг малакасини оширишни ташкил этиш;

банк таълими соҳасидаги жаҳон тажрибаларини ўрганиш ва улардан фойдаланиш;

банк ходимларини тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш борасида халқаро ҳамкорликни ривожлантириш;

банк ишлари масалалари бўйича илмий ва ўқув-услубий адабиётларни тайёрлаш, нашр этиш, оммалаштириш;

банк ишларида амалий инглиз тилига ўргатишни ташкил қилиш.


6. Маълумот учун қабул қилинсинки, ўқув жараёнини сифатли ташкил этиш, унинг амалий йўналишини таъминлаш мақсадида Мактаб ҳузурида Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият миллий банкининг ўқув филиали ташкил қилинади.


7. "Ўзбектуризм" миллий компанияси, "Ўзбекистон ҳаво йўллари" миллий авиакомпанияси Мактабда ишлашга таклиф этилган чет эллик мутахассисларнинг истиқомат, овқатланиш ва транспорт харажатлари учун МДҲ фуқаролари учун кўзда тутилган нархлар бўйича рублда ҳақ олсинлар.


8. Мактабнинг профессор-ўқитувчилари таркиби, илмий ходимлари ва ўқув-ёрдамчи ходимларига Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Республика олий ва ўрта махсус ўқув юртларининг профессор-ўқитувчилари таркибига, илмий ходимларига ва ўқув-ёрдамчи ходимларига қўшимча имтиёзлар бериш ҳақида" 1992 йил 5 февралдаги Фармонининг амал қилиши татбиқ этилсин.


9. Мактаб Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармон ва фармойишлари, Вазирлар Маҳкамасининг қарор ва фармойишлари, республика Олий Кенгаши сессияларининг материаллари, "Ўзистиқболстат" давлат қўмитасининг материаллари бир нусхадан албатта юбориладиган ташкилотлар рўйхатига киритилсин.


10. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Ў.Т. Султонов зиммасига юклатилсин.



Вазирлар Маҳкамасининг Раиси                                                  И. Каримов