Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Марказий банк Бошқарувининг 22.08.2015 й. 22/9-сон "Микрокредит ташкилотлари ва ломбардлар томонидан касса операцияларини амалга ошириш қоидаларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида"ги Қарори (АВ томонидан 09.09.2015 й. 1719-2-сон билан рўйхатга олинган)

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

АДЛИЯ ВАЗИРЛИГИ ТОМОНИДАН

РЎЙХАТГА ОЛИНГАН

09.09.2015 й.

N 1719-2




ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

МАРКАЗИЙ БАНКИ БОШҚАРУВИНИНГ

22.08.2015 й.

N 22/9


ҚАРОРИ



Микрокредит ташкилотлари ва ломбардлар томонидан

касса операцияларини амалга ошириш қоидаларига

ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида



Ўзбекистон Республикасининг "Ўзбекистон Республикасининг Марказий банки тўғрисида"ги ва "Микрокредит ташкилотлари тўғрисида"ги қонунларига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Марказий банки Бошқаруви ҚАРОР ҚИЛАДИ:


1. Ўзбекистон Республикаси Марказий банки Бошқарувининг 2007 йил 21 июлдаги 20/3-сон қарори (рўйхат рақами 1719, 2007 йил 24 сентябрь) (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2007 й., 39-сон, 405-модда) билан тасдиқланган Микрокредит ташкилотлари ва ломбардлар томонидан касса операцияларини амалга ошириш қоидаларига иловага мувофиқ ўзгартириш ва қўшимчалар киритилсин.


2. Мазкур қарор расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.



Марказий банк раиси                                                 Ф. Муллажонов






Қарорга

ИЛОВА



Микрокредит ташкилотлари ва ломбардлар томонидан

касса операцияларини амалга ошириш қоидаларига

киритилаётган ўзгартириш ва қўшимчалар


1. 4-банднинг биринчи хатбошисидаги "1-иловага" деган сўзлар "мазкур Қоидаларнинг 1-иловасига" деган сўзлар билан алмаштирилсин.


2. 6-бандда:

биринчи хатбоши "банкка" деган сўздан кейин "инкассаторлар орқали" деган сўзлар билан тўлдирилсин;

иккинчи хатбоши қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари ҳисобланган нобанк кредит ташкилотлари асосий ҳисобварағи очилган банк кассасига энг кам ойлик иш ҳақининг йигирма баробари миқдоригача бўлган нақд пулларни мустақил топширишлари мумкин.".


3. 10-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"10. Нақд пулларни қабул қилиш вақтида нобанк кредит ташкилотларининг кассири сўмнинг тўловга яроқлилик белгиларини аниқлашда мазкур Қоидаларнинг 1а-иловасига амал қилиши шарт.

Нобанк кредит ташкилоти кассири нақд пулларни бош бухгалтер (агар бухгалтер мавжуд бўлса) томонидан имзоланган кирим касса ордерлари бўйича қабул қилади.

Нақд пуллар қабул қилинганда нобанк кредит ташкилоти бош бухгалтери (агар бухгалтер мавжуд бўлса) ва кассири томонидан имзоланган, кассир муҳри қўйилган ёки касса аппаратининг изи (оттиски) туширилган квитанция берилади.".


4. 26-бандда:

биринчи хатбоши қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"Нобанк кредит ташкилотларининг касса хоналари мазкур Қоидаларнинг 1б-иловасига мувофиқ техник жиҳатдан мустаҳкамланиши ва қўриқлаш-ёнғиндан сақлаш сигнализация воситалари билан жиҳозланиши лозим.".

учинчи хатбошидаги "2-иловада" деган сўзлар "мазкур Қоидаларнинг 2-иловасида" деган сўзлар билан алмаштирилсин.


5. 37-банднинг иккинчи хатбошисидаги "3-иловада" деган сўзлар "мазкур Қоидаларнинг 3-иловасида" деган сўзлар билан алмаштирилсин.


6. Мазкур ўзгартириш ва қўшимчаларнинг 1 ва 2-иловаларига мувофиқ таҳрирдаги ва 1б-иловалар билан тўлдирилсин.


7. Мазкур ўзгартириш ва қўшимчалар Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги билан келишилган.






Ўзгартириш ва қўшимчаларга

1-ИЛОВА


"Микрокредит ташкилотлари ва

ломбардлар томонидан касса операцияларини

амалга ошириш қоидаларига

1а-ИЛОВА



Сўмнинг тўловга яроқлилик белгиларини аниқлаш

ҚОИДАЛАРИ


1. Микрокредит ташкилотлари ва ломбардлар томонидан ҳақиқийлиги шубҳалантирмайдиган ҳамда улар қийматини белгилайдиган сўзлар, Ўзбекистон Республикаси Давлат гербининг тасвири, серияси ва рақамлари тўлиқ сақланган банкнотлар, улар умумий ўлчамининг 55 фоизи мавжуд бўлса ҳамда шикастланиш даражасидан қатъий назар, тўлиқ ҳажмини ва юз томонида қиймат тасвирини сақлаган металл тангалар тўловга қабул қилинади.

2. Микрокредит ташкилотлари ва ломбардлар:

исталган қисми, жумладан тўловлилик аломатлари белгиланишига таъсир этадиган даражада тешилган, йиртилган сийқаланган жойлари, доғлари бўлган, сиёҳда ёзилган;

айрим қисмлари шак-шубҳасиз битта билетга тегишли бўлган йиртилган ва елимланган;

қийматини кўрсатадиган рақамлар, ёзувлар бўлган қисмлардан ташқари, ўз рангини ўзгартирган, куйган (кўпроқ куйган);

тўлиқ ҳажмини сақламаган банкнотларни тўловга қабул қилиши ва пул тушуми таркибида банкларга топшириши лозим.

Ушбу талабларга мувофиқ келмайдиган банкнотлар ва тангалар тўловга яроқсиз ҳисобланади ва банклар томонидан экспертизага қабул қилинади.".






Ўзгартириш ва қўшимчаларга

2-ИЛОВА


"Микрокредит ташкилотлари ва

ломбардлар томонидан касса операцияларини

амалга ошириш қоидаларига

1б-ИЛОВА



Нобанк кредит ташкилотларининг касса хоналарини

техник жиҳатдан мустаҳкамлаш ва қўриқлаш-ёнғиндан

огоҳ этиш воситалари билан жиҳозлаш бўйича

ТАЛАБЛАР


1. Мазкур талаблар нобанк кредит ташкилотларида касса хоналарини техник жиҳатдан мустаҳкамлаш ва қўриқлаш-ёнғиндан огоҳ этиш воситалари билан жиҳозлаш бўйича меъёрларини белгилайди.

2. Мавжуд нақд пул ва бошқа қимматликларнинг бут сақланишини таъминлаш учун касса қуйидаги талабларга жавоб бериши шарт:

а) бошқа хизмат ва ёрдамчи хоналардан ажратилган бўлиши;

б) бинонинг 1-қаватида жойлашган бўлиши, шунингдек ички ишлар органи ва инкассация хизмати билан келишилган ҳолда, кўп қаватли бинонинг оралиқ қаватида жойлашиши мумкин.

3. Касса камида 2 та хонадан иборат бўлиши шарт:

а) қимматликларни сақлаш хонаси;

б) касса операцияларини амалга ошириш хонаси.

4. Касса хоналари ғиштли ёки темир бетон деворларга, мустаҳкам пол ва шифтларга, ишончли ички девор ва тўсиқ деворларга эга бўлиши лозим.

5. Касса хоналари ташқи деворларининг қалинлиги 400 мм бўлган ғишт ёки темир бетон деворлардан, ички деворлар ва тўсиқ деворларининг қалинлиги камида 120 мм бўлган ғишт ёки темир бетон деворларидан иборат бўлиши лозим.

6. Касса хоналарида диаметри 200 мм дан катта бўлган тешиклар мавжуд бўлса, улар темир панжаралар билан жиҳозланиши лозим.

7. Қимматликларни сақлаш хонаси иккита эшик билан ёпилиши шарт:

а) ташқарига очиладиган, 3 мм дан кам бўлмаган қалинликдаги темирдан ясалган бир тавақали, ўзи ёпилиб қолмайдиган иккита механик қулф билан ёпиладиган ташқи эшик (қулфлар бир-биридан камида 300 мм оралиқда ўрнатилади);

б) ичкарига очиладиган, темир панжара кўринишидаги диаметри 16 мм дан кам бўлмаган пўлат симлардан тайёрланган ва хона ичкарисидан сурма зулфин билан ёпиладиган ички эшик.

8. Қимматликларни сақлаш хонасида деразаларнинг бўлиши ман этилади.

9. Қимматликларни сақлаш хонасида пул ва бошқа қимматликлар ёнмайдиган сейфларда сақланиши лозим.

10. Касса операцияларини амалга ошириш хонасига ташқарига очиладиган, 3 мм дан кам бўлмаган қалинликдаги темирдан ясалган эшик ўрнатилиши шарт.

11. Касса операцияларини амалга ошириш хонасининг дераза ромларига ички тарафдан металл панжаралар ўрнатилиши шарт.

12. Дераза ромларига ўрнатиладиган барча панжаралар ўлчамлари 150 х 150 мм дан кўп бўлмаган ячейкаларни ҳосил қилиб, диаметри камида 16 мм бўлган пўлат симлардан тайёрланади ва панжаралар деворга қоқилган учи қайрилган михларга пайвандлаш йўли билан маҳкамланади. Ёнғин ёки фавқулодда ҳолатлар юзага келганда инсонларни ва моддий бойликларни сақлаш мақсадида, бинонинг 1-қаватидаги дераза ромларига ўрнатиладиган панжараларни хонанинг ички томонидан енгил очиладиган қилиб бажарилиши лозим.

13. Учи қайрилган михлар диаметри камида 16 мм бўлган пўлат симлардан тайёрланади ва қурилиш конструкцияларига камида 150 мм ичкарига қоқилади.

14. Касса операцияларини амалга ошириш хонаси хизмат кўрсатиш учун ўлчами 200 х 300 мм бўлган махсус дарча билан жиҳозланиши ва дарча ичкари томонидан қулф ёки илгак орқали беркитиладиган бўлиши лозим.

15. Касса операцияларини амалга ошириш хонаси кун давомида пулларни вақтинча сақлаш учун сейф билан жиҳозланган бўлиши шарт.

16. Касса хоналари қўриқлаш сигнализациясининг иккита ҳимоя тўсиғи билан жиҳозланиши шарт:

а) биринчи ҳимоя тўсиғи - хонанинг периметрини ҳимоя қилади. Касса операцияларини амалга ошириш хонасида деразалар мавжуд бўлганда, улар дераза очилиши ва ойна синишини қайд этиш хабаргоҳлари билан жиҳозланади;

б) иккинчи ҳимоя тўсиғи - хонанинг ҳажмини ҳимоя қилади. Бунинг учун ҳажмни қўриқлаш (ультратовуш, инфрақизил, оптик-электрон, радиотўлқин русумли) хабаргоҳлари қўлланилади.

17. Касса операцияларини амалга ошириш хонасида кассирларнинг иш жойлари ташвиш хабари воситалари билан жиҳозланган бўлиши лозим.

18. Қимматликларни сақлаш хонасидаги қўриқлаш сигнализациясининг иккита ҳимоя тўсиғи ишдан ташқари вақтда қабул назорат ускунаси орқали техник қўриқлаш пунктига қўриқлашга топширилади. Касса операцияларини амалга ошириш хонасидаги ташвиш хабари воситаси иш вақти давомида техник қўриқлаш пунктига уланади.

19. Касса ва унга тегишли бўлган хоналардаги қўриқлаш сигнализациясининг иккита ҳимоя тўсиғи алоҳида шлейфлар билан қабул-назорат ускуналарига уланиб унинг чиқиши битта шлейф орқали техник қўриқлаш пунктига ва кассанинг навбатчилик хонасидаги хабар бериш ускунасига уланади.

20. Касса хоналари меъёрий ҳужжатларда белгиланган тартибда ёнғиндан хабар берувчи қурилмалар (тутунли, иссиқли ва ҳ. к.) билан жиҳозланади ва улар техник қўриқлаш пунктига ёки навбатчи ходимлар постидаги ёнғиндан хабар берувчи назорат қилиш ускунасига уланади.

21. Қўриқлаш ва ёнғиндан хабар берувчи сигнализация воситалари тизими ва кассани ёритиш тизими алоҳида-алоҳида монтаж қилинади ҳамда электр таъминоти турли манбалардан олинади. Симларнинг барча турлари пластмасса қувурларда яширилган ҳолда ўтказилади.

22. Касса хоналарининг қўриқлаш ва ёнғиндан хабар берувчи сигнализация воситалари тизими ШНҚ 2.04.09-2007 "Бинолар ва иншоотларнинг ўт ўчириш автоматикаси" талабларига ҳамда қўриқлаш ва ёнғиндан хабар берувчи сигнализация воситалари билан жиҳозланадиган объектларнинг идоравий рўйхатларига мувофиқ келиши ва доимо ишчи ҳолатда бўлиши лозим.

23. Ички ишлар органларининг қўриқлаш бўлинмалари томонидан қўриқлаш ва ёнғиндан огоҳлантирувчи сигнализация воситалари билан хизмат кўрсатишга қабул қилинадиган кассалар ушбу бўлинмалар раҳбарияти кўрсатмасига биноан ҳимоя воситалари билан қўшимча равишда жиҳозланиши мумкин.

24. Касса хоналарини қўриқлаш ва ёнғиндан огоҳлантирувчи сигнализация воситалари билан жиҳозлашга доир ишлар Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги томонидан берилган махсус лицензияларга эга бўлган юридик шахслар томонидан амалга оширилади.

25. Касса хоналарида монтаж қилинган қўриқлаш ва ёнғиндан огоҳлантирувчи сигнализация воситаларини монтаж ташкилотидан фойдаланишга қабул қилиш ва далолатномани имзолаш ички ишлар органлари қошидаги қўриқлаш бўлинмалари, давлат ёнғин назорати органлари ва нобанк кредит ташкилотлари вакиллари билан биргаликда тузилган комиссия томонидан амалга оширилади. Монтаж ташкилоти мажбурий тартибда қўриқлаш ва ёнғиндан огоҳлантирувчи сигнализация воситалари монтажининг ижро чизмаси ва монтаж қилинган сигнализация аппаратларини ишлатиш йўриқномасини тақдим этади.".



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2015 йил 14 сентябрь, 36-сон, 481-модда