Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Бюджет ташкилотлари томонидан тадбиркорлик субъектларининг хайрия эҳсонлари шаклидаги маблағларидан фойдаланиш тартиби тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 12.08.2014 й. 227-сон қарорига илова)

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

Вазирлар Маҳкамасининг

2014 йил 12 августдаги

227-сон қарорига

ИЛОВА



Бюджет ташкилотлари томонидан тадбиркорлик

субъектларининг  хайрия  эҳсонлари  шаклидаги

маблағларидан фойдаланиш тартиби тўғрисида

НИЗОМ


I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Низом Ўзбекистон Республикасининг Бюджет кодексига ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўзбекистон Республикасида инвестиция иқлими ва ишбилармонлик муҳитини янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида" 2014 йил 7 апрелдаги ПФ-4609-сон Фармонига мувофиқ бюджет ташкилотлари томонидан тадбиркорлик субъектларининг хайрия эҳсонлари шаклида тушадиган маблағларидан фойдаланиш тартибини белгилайди.


2. Ушбу Низомда хайрия эҳсонлари шаклидаги маблағлар деганда тадбиркорлик субъектларидан бюджет ташкилотларига хайрия эҳсонлари ва ҳомийлик маблағлари шаклида тушадиган пул маблағлари ва мол-мулк тушунилади.


3. Тадбиркорлик субъектлари хайрия эҳсонлари шаклидаги ёрдамни қонун ҳужжатларига мувофиқ ихтиёрий ва беғараз кўрсатадилар.

Тадбиркорлик субъектларини хайрия фаолиятига ва уларнинг пул маблағларини сарфлаш билан боғлиқ бошқа тадбирларга мажбурий жалб этиш тақиқланади.


4. Тадбиркорлик субъектларининг бюджет ташкилотларига хайрия эҳсонлари шаклида тушадиган пул маблағлари бюджет ташкилотларининг Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг ахборот тизимида очилган тегишли бюджетдан ташқари ғазначилик ҳисоб рақамларида белгиланган тартибда жамланади ва фойдаланилади.


5. Бюджет ташкилотлари томонидан тадбиркорлик субъектларига хайрия эҳсони шаклида бериладиган мол-мулк қонун ҳужжатларида назарда тутилган тартибда кирим қилинади.


6. Тадбиркорлик субъектларининг хайрия эҳсонлари шаклидаги маблағлари бюджет ташкилотлари томонидан олиниши ва улардан фойдаланиш бюджет ташкилотлари билан тадбиркорлик субъектлари ўртасида хайрия ёрдами кўрсатиш тўғрисида тузилган шартномаларга (битимларга) (кейинги ўринларда шартномалар деб аталади) мувофиқ амалга оширилади.



II. БЮДЖЕТ ТАШКИЛОТЛАРИ ТОМОНИДАН

ХАЙРИЯ ЭҲСОНЛАРИ ШАКЛИДАГИ

МАБЛАҒЛАРДАН ФОЙДАЛАНИШ


7. Тадбиркорлик субъектларининг хайрия эҳсонлари шаклида бюджет ташкилотларига тушадиган пул маблағлари, агар шартномаларда ўзгача ҳол қайд этилмаган бўлса, бюджет ташкилотларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлашга йўналтирилади.

Бунда тадбиркорлик субъектлари томонидан хайрия эҳсони шаклида бюджет ташкилотларига бериладиган мол-мулкдан шартномага мувофиқ белгиланган мақсадда фойдаланилади.


8. Хайрия эҳсонлари шаклидаги пул маблағлари тегишли бюджет ташкилотларининг раҳбарлари томонидан тасдиқланадиган даромадлар ва харажатлар сметаларига мувофиқ сарфланади.


9. Шартномаларда кўрсатилган мақсадлар учун тўлиқ фойдаланиш натижасида жорий молиявий йил мобайнида ёки унинг охирида бюджет ташкилотининг бюджетдан ташқари ғазначилик ҳисоб рақамида қолган тежалган хайрия эҳсонлари шаклидаги пул маблағларидан фақат тегишли бюджет ташкилотининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш учун фойдаланилади.

Хайрия эҳсонлари шаклида тушган тегишли бюджет ташкилотларининг бюджетдан ташқари ғазначилик ҳисоб рақамларидаги йил мобайнида фойдаланилмаган пул маблағлари қолдиқлари кейинги молиявий йилга ўтади ва олиб қўйилмайди.


10. Тегишли бюджетдан ташқари ғазначилик ҳисоб рақамларидаги хайрия эҳсонлари шаклидаги пул маблағларидан фойдаланиш, шу жумладан, товарлар сотиб олиш (ишларни бажариш, хизматлар кўрсатиш) учун фойдаланиш қонун ҳужжатларида назарда тутилган тартибда амалга оширилади.



III. ҲИСОБ, ҲИСОБОТ ВА НАЗОРАТ


11. Бюджет ташкилотлари томонидан хайрия эҳсонлари шаклидаги маблағлардан фойдаланишнинг бюджет ҳисобини юритиш, шунингдек ушбу маблағлардан фойдаланиш тўғрисидаги ҳисоботларни тузиш ва тақдим этиш қонун ҳужжатларида назарда тутилган тартибда амалга оширилади.


12. Бюджет ташкилотларига хайрия эҳсонлари шаклида ёрдам кўрсатувчи тадбиркорлик субъектлари Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Давлат молиявий назорати инспекциясига ёки унинг ҳудудий бошқармаларига хайрия эҳсонлари шаклидаги маблағлар бюджет ташкилотлари томонидан мақсадли сарфланишини текшириш зарурлиги тўғрисидаги ёзма сўровларни юбориш орқали хайрия эҳсонлари шаклидаги маблағлардан фойдаланишнинг исталган босқичида маблағларнинг мақсадли сарфланишини текшириш ҳуқуқига эга.

13. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Давлат молиявий назорати инспекцияси ва унинг ҳудудий бошқармалари:

хайрия эҳсонлари шаклидаги маблағлардан бюджет ташкилотлари томонидан мақсадли фойдаланилишини, шунингдек улар томонидан ушбу маблағлардан фойдаланиш тўғрисидаги ҳисоботларда маълумотлар акс эттирилишининг тўғрилигини мунтазам назорат қиладилар;

хайрия эҳсонлари шаклида ёрдам кўрсатган тадбиркорлик субъектларининг ёзма сўровлари бўйича хайрия эҳсонларидан фойдаланишнинг исталган босқичида хайрия эҳсонлари шаклидаги маблағлар бюджет ташкилотлари томонидан мақсадли сарфланишини, ушбу тадбиркорлик субъектларига текширишлар тугаллангандан кейин ўн иш куни мобайнида ўтказилган текширишлар натижалари тўғрисида мажбурий тартибда маълумот тақдим этган ҳолда текширадилар.



IV. ЖАВОБГАРЛИК


14. Бюджет ташкилотларининг раҳбарлари ва бош бухгалтерлари қонун ҳужжатларига мувофиқ:

хайрия эҳсонлари шаклидаги маблағлардан мақсадли фойдаланилиши;

бухгалтерия ҳисоби тўғри юритилиши, шунингдек хайрия эҳсонлари шаклидаги маблағлардан фойдаланиш тўғрисидаги ҳисоботлар тузилиши ва тақдим этилиши;

хайрия эҳсонлари шаклидаги маблағлар ҳисобига товарларни сотиб олишга (ишларни бажариш, хизматлар кўрсатишга) товарлар етказиб берувчилар билан шартномалар (контрактлар) тузишни расмийлаштиришнинг тўғрилиги ва асосланганлиги учун жавоб берадилар.


15. Давлат бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва бюджет ташкилотларининг раҳбарлари тадбиркорлик субъектлари хайрия фаолиятига мажбур этилганлиги учун қонун ҳужжатларига мувофиқ жавоб берадилар.



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2014 йил 18 август, 33-сон, 419-модда