Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Илмий-техника тараққиётини Мувофиқлаштириш Кенгаши ҳузуридаги Инновация илмий-техника фаолиятини маблағ билан таъминлаш жамғармаси маблағларини шакллантириш ва сарфлаш тартиби тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 04.03.2002 й. 77-сон қарорига 4-илова)

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

Вазирлар Маҳкамасининг

2002 йил 4 мартдаги

77 -сон қарорига

4-ИЛОВА



Илмий-техника тараққиётини Мувофиқлаштириш Кенгаши

ҳузуридаги Инновация илмий-техника фаолиятини

маблағ билан таъминлаш жамғармаси маблағларини

шакллантириш ва сарфлаш тартиби тўғрисида

НИЗОМ


I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Илмий-техника тараққиётини Мувофиқлаштириш Кенгаши ҳузуридаги Инновация илмий-техника фаолиятини маблағ билан таъминлаш жамғармаси (кейинги ўринларда "Жамғарма" деб аталади) илмий тадқиқотлар ва технологик ишланмаларни маблағ билан таъминлаш тизимини ривожлантириш ва такомиллаштириш, уларнинг натижаларидан амалиётда фойдаланишнинг самарали механизмини таъминлаш, шунингдек мамлакатнинг илмий-техник соҳаси билан ҳамкорликда иқтисодиётнинг реал секторини инновация фаолиятига жалб этиш мақсадида ташкил этилган.


2. Жамғарма маблағларини сарфлаш йўналишлари Илмий-техника тараққиётини Мувофиқлаштириш Кенгаши (кейинги ўринларда "Мувофиқлаштириш Кенгаши" деб аталади) томонидан белгиланади.


3. Жамғарма маблағлари Мувофиқлаштириш Кенгаши ҳузуридаги Фан ва технологиялар марказининг (кейинги ўринларда "Марказ" деб аталади) махсус ҳисоб рақамида жамланади. Марказ Мувофиқлаштириш Кенгаши томонидан белгиланган йўналишлар бўйича маблағларни жорий тезкор бошқаришни амалга оширади.



II. ЖАМҒАРМА МАБЛАҒЛАРИНИ ШАКЛЛАНТИРИШ

ТАРТИБИ ВА УЛАРДАН ФОЙДАЛАНИШ ЙЎНАЛИШЛАРИ


4. Қуйидагилар Жамғарма маблағларини шакллантиришнинг асосий манбалари ҳисобланади:

Давлат бюджети маблағлари;

хорижий ва мамлакатимиз ҳомийларининг бадаллари;

халқаро грантлар;

вазирликлар, идоралар ва хўжалик ҳисобидаги тузилмаларнинг маблағлари;

тижорат банклари ва хорижий молия институтларининг имтиёзли мақсадли кредитлари.


5. Давлат бюджети маблағлари Жамғармага ҳар ойда, Илмий тадқиқотлар ва технологик ишланмалар давлат дастурига мувофиқ инновация фаолиятини маблағ билан таъминлаш учун назарда тутилган бюджет маблағлари йиллик ҳажмининг ўн иккидан бир қисми миқдорида алоҳида сатрда ажратилади.

6. Хорижий ва мамлакатимиз ҳомийларининг бадаллари Жамғарманинг ҳисоб рақамига Марказнинг халқаро ташкилотлар ва мамлакатимиз ташкилотлари билан тузган битимлари ва аҳдлашувлари натижалари бўйича тушади.


7. Халқаро грантлар Жамғарманинг ҳисоб рақамига ҳукуматлараро битимларга мувофиқ, шунингдек Марказнинг халқаро ташкилотлар билан аҳдлашувлари бўйича тушади.


8. Вазирликлар, идоралар ва хўжалик юритувчи субъектларнинг маблағлари Жамғарманинг ҳисоб рақамига уларнинг илмий-тадқиқот ишлари, технологик ишланмалар ва инновация лойиҳаларини бажаришга берган буюртмаларига мувофиқ уларнинг Марказ томонидан маблағ билан таъминлашда қатнашиш шартларида тушади.


9. Тижорат банклари ва хорижий молия институтларининг имтиёзли мақсадли кредитлари Жамғарманинг ҳисоб рақамига рентабелли илмий ва технологик ишланмаларни амалга оширишга Ўзбекистон Республикасининг халқаро молия институтлари билан тузган қарз битимларига мувофиқ тушади.


10. Жамғармада жамланадиган маблағлардан қуйидаги йўналишлар бўйича фойдаланилади:

танлов асосидаги фундаментал ва амалий тадқиқотларни ўз вақтида ва тўлиқ маблағ билан таъминлаш;

ишлаб чиқариш тармоқлари ва ижтимоий-гуманитар соҳадаги инновация лойиҳаларини маблағ билан таъминлашда қатнашиш учун грантлар ажратиш;

илм-фанни кўплаб талаб қиладиган ишлаб чиқаришларни, шу жумладан кичик бизнес соҳасида ташкил этиш мақсадида инновация лойиҳаларига имтиёзли кредитлар сифатида грантлар ажратиш.

11. Танлов асосидаги фундаментал ва амалий илмий тадқиқотларни маблағ билан таъминлаш, шунингдек инновация лойиҳаларига грантлар ажратиш Мувофиқлаштириш Кенгаши томонидан белгиланган мамлакат илмий-техника тараққиётининг устувор йўналишлари доирасида амалга оширилади.


12. Ишлаб чиқариш тармоқлари ва ижтимоий-гуманитар соҳадаги илмий фаолиятни маблағ билан таъминлашда қатнашиш Мувофиқлаштириш Кенгаши томонидан белгиланган устувор йўналишлар ва топшириқлар бўйича вилоятлар ҳокимликлари, вазирликлар, идоралар, хўжалик бирлашмалари, ташкилотлар ва ишлаб чиқариш тузилмаларининг буюртмалари бўйича ишларни бажаришга илмий муассасалар, илмий жамоалар, алоҳида олимлар ва мутахассислар ўртасида танлов ташкил этиш йўли билан Марказ томонидан Жамғарма маблағларидан амалга оширилади.

Илм-фанни кўплаб талаб қиладиган ишлаб чиқаришларни ташкил этиш мақсадида инновация лойиҳаларига имтиёзли кредитлар сифатидаги грантларни маблағ билан таъминлашда қатнашиш маблағни қайтариш асосида амалга оширилади. Жамғарма маблағлари лойиҳанинг ҳисобланган умумий қийматининг 50 фоизидан кўп бўлмаган миқдорда 5 йилдан кўп бўлмаган муддатга ажратилади.


13. Жамғарманинг ҳомийлар ва халқаро молия институтларидан олинган маблағлари битимлар ва аҳдлашувларнинг тегишли шартлари билан белгиланган тартибда Мувофиқлаштириш Кенгаши томонидан бошқа йўналишлар бўйича йўналтирилиши мумкин.


14. Жамғарманинг молиявий йили охиригача фойдаланилмаган маблағлари бюджетга олиб қўйилмайди ва мазкур Низомда назарда тутилган мақсадларга қатъий равишда йўналтирилади.



III. ЖАМҒАРМА МАБЛАҒЛАРИНИ ШАКЛЛАНТИРИШ

ВА УЛАРДАН ФОЙДАЛАНИШ ЮЗАСИДАН МАРКАЗНИНГ

ФУНКЦИЯЛАРИ ВА ҲУҚУҚЛАРИ


15. Марказ Жамғарма маблағларини жорий тезкор бошқариш учун Мувофиқлаштириш Кенгаши томонидан белгиланган тартибда:

вазирликлар, идоралар, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари, ташкилотлар ва ишлаб чиқариш тузилмаларининг танлов асосида илмий-тадқиқот ва инновация ишларини амалга ошириш юзасидан берилган буюртмаларининг мамлакат илмий-техника тараққиёти манфаатлари йўлида давлатнинг устувор йўналишлари ва вазифаларига мувофиқлигини кўриб чиқади;

илмий-тадқиқот ва инновация ишларига танлов ўтказиш учун молиявий маблағларга бўлган эҳтиёж ҳисоб-китобининг асосланганлигини текширади;

маблағ билан таъминлашда қатнашиш учун вилоятлар ҳокимликлари, вазирликлар, идоралар, ташкилотлар ва ишлаб чиқариш тузилмалари томонидан таклиф этилаётган илмий-тадқиқот ва инновация топшириқларининг техник-иқтисодий асосланишини ўрганади;

Мувофиқлаштириш Кенгашига илмий-тадқиқот ва инновация лойиҳаларини амалга оширишга маблағ билан таъминлашда қатнашиш шартлари бўйича таклифлар киритади;

илмий тадқиқотлар ўтказишга молиявий маблағлар ажратувчи ҳомийлар ва халқаро молия институтларини излайди ва уларни жалб этади;

лойиҳалар амалга оширилишининг ва маблағлардан мақсадли фойдаланилишининг доимий мониторингини олиб боради;

Мувофиқлаштириш Кенгашига ва Молия вазирлигига Жамғарма маблағларидан фойдаланилганлиги тўғрисида даврий ҳисобот тақдим этади.


16. Марказ қуйидаги ҳуқуқларга эга:

лойиҳаларни бажарувчи илмий муассасалар ва жамоалардан даврий ҳисобот олиш, лойиҳаларнинг амалга оширилишини баҳолаш ва мониторинг олиб бориш учун бошқа зарур ахборотларни сўраб олиш;

маблағлардан бошқа мақсадларда фойдаланилганлиги ва лойиҳани амалга оширишнинг техник-иқтисодий кўрсаткичларидан четга чиқиш ҳоллари аниқланган тақдирда Мувофиқлаштириш Кенгаши билан келишган ҳолда лойиҳаларни маблағ билан таъминлашни тўхтатиб қўйиш;

Мувофиқлаштириш Кенгаши билан келишган ҳолда қўшимча маблағлар жалб этиш юзасидан ҳомийлар ва халқаро молия институтлари билан битимлар ва шартномалар тузиш;

маблағ билан таъминлашда қатнашиш ва кредитлар олиш учун лойиҳаларнинг техник-иқтисодий асосланишини ўрганиб чиқишга мутахассисларни жалб этиш.



IV. ЖАМҒАРМАНИНГ ДАРОМАДЛАРИ ВА ХАРАЖАТЛАРИ

КЎРСАТКИЧЛАРИНИ КЎРИБ ЧИҚИШ ВА ТАСДИҚЛАШ ТАРТИБИ


17. Марказ ҳар йили 1 сентябргача бўлажак йилга Жамғарманинг даромадлари ва харажатлари йўналишининг прогноз параметрларини Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги билан келишган ҳолда Мувофиқлаштириш Кенгашига кўриб чиқиш учун тақдим этади. Прогноз параметрлари қуйидагилар ҳисобга олинган ҳолда ишлаб чиқилади:

ҳомийлар ва халқаро ташкилотларнинг Жамғармага жалб этиладиган маблағларининг, ҳукуматлараро грантлар, кредитлар ва бюджетдан ташқари бошқа маблағ билан таъминлаш манбаларининг режалаштирилаётган миқдори;

танлов асосидаги амалдаги фундаментал ва амалий тадқиқотлар ва инновация лойиҳаларининг амалга оширилиши даражаси;

янгидан амалга ошириладиган танлов асосидаги илмий-тадқиқот ва инновация лойиҳаларига харажатлар миқдори.


18. Мувофиқлаштириш Кенгаши Жамғарманинг бўлажак молиявий йилга даромадлари ва харажатлари прогнозини кўриб чиқади, унинг даромадлар ва харажатлар сметасини тасдиқлайди ҳамда бўлажак йил давлат бюджети лойиҳасига киритишни кўриб чиқиш учун жорий йилнинг 15 сентябригача бўлган муддатда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритади.


19. Марказ ҳисобот йилидан кейинги йилнинг 1 мартигача бўлган муддатда Мувофиқлаштириш Кенгашига Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги билан келишган ҳолда Жамғарма даромадлари ва харажатлари бажарилиши тўғрисидаги йиллик ҳисоботни тақдим этади.


20. Мувофиқлаштириш Кенгаши Жамғарма даромадлари ва харажатлари бажарилиши бўйича йиллик ҳисоботни кўриб чиқади ва уни ҳисобот йилидан кейинги йилнинг 1 апрелигача бўлган муддатда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига тақдим этади.



V. ЖАМҒАРМА МАБЛАҒЛАРИДАН МАҚСАДЛИ

ФОЙДАЛАНИЛИШИ БЎЙИЧА НАЗОРАТ ВА ЖАВОБГАРЛИК


21. Илмий муассасаларнинг Жамғарма маблағларидан мақсадли фойдаланишини тезкор назорат қилиш Марказ томонидан амалга оширилади.


22. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Жамғарманинг Давлат бюджетининг тасдиқланган параметрлари доирасида ўз вақтида ва тўлиқ маблағ билан таъминланиши учун жавоб беради ҳамда Жамғарма маблағларидан мақсадли фойдаланилиши ва маблағларнинг ўз вақтида қайтарилиши устидан йиллик назоратни амалга оширади.


23. Жамғарма маблағларидан мақсадли фойдаланилиши учун Марказнинг Директори ва бош бухгалтери шахсан жавоб берадилар.