Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Илмий-техника тараққиётини Мувофиқлаштириш Кенгаши тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 04.03.2002 й. 77-сон қарорига 1-илова)

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.


Вазирлар Маҳкамасининг

2002 йил 4 мартдаги

77-сон қарорига

1-ИЛОВА


Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси

ҳузуридаги Илмий-техника тараққиётини

Мувофиқлаштириш  Кенгаши тўғрисида

НИЗОМ


I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Низом Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Илмий-тадқиқот фаолиятини ташкил этишни такомиллаштириш тўғрисида"  2002 йил 20 февралдаги ПФ-3029-сон Фармонига мувофиқ ташкил этилган Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Илмий-техника тараққиётини Мувофиқлаштириш Кенгаши (кейинги ўринларда "Мувофиқлаштириш Кенгаши" деб аталади) фаолиятини тартибга солади.

2. Мувофиқлаштириш Кенгаши Ўзбекистон Республикаси  илмий-техника фаолияти соҳасидаги юқори мувофиқлаштириш органи ҳисобланади.

3. Мувофиқлаштириш Кенгаши ўз фаолиятини Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари ва фармойишлари, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ҳамда мазкур Низом асосида амалга оширади.



II. МУВОФИҚЛАШТИРИШ КЕНГАШИНИНГ

АСОСИЙ ВАЗИФАЛАРИ


4. Қуйидагилар Мувофиқлаштириш Кенгашининг асосий вазифалари ҳисобланади:

фундаментал ва амалий илмий тадқиқотлар, технологик ишланмаларнинг, шунингдек мамлакат иқтисодиётидаги қисқа,  ўрта ва узоқ муддатли истиқболга мўлжалланган таркибий ўзгартиришларнинг устувор йўналишларини иқтисодиёт тармоқларини ва ижтимоий соҳани ривожлантириш стратегияси билан боғлаган ҳолда белгилаш;

йирик илмий-тадқиқот дастурлари ва технологик  лойиҳаларнинг  мамлакат манфаатларига ва иқтисодий ҳамда ижтимоий ривожлантиришнинг давлат устуворликларига мувофиқлигидан келиб чиққан ҳолда уларнинг экспертизасини ташкил этиш ҳамда улар бўйича эксперт хулосаларни тасдиқлаш;

мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг давлат устуворликларига мувофиқ бўлган йирик илмий дастурлар ва технологик лойиҳаларни тасдиқлаш;

Илмий тадқиқотлар, технологик ишланмалар ва инновация лойиҳаларининг ҳар йилги давлат дастурини тасдиқлаш;

инновацион ғояларни яратувчи, жаҳон илм-фанидаги янги, истиқболли тенденцияларни доимий равишда кузатиб борувчи ва уларни мамлакат манфаатлари йўлида фойдаланиш учун жамловчи истеъдодли олимларни қўллаб-қувватлаш тизимини яратиш.



III. МУВОФИҚЛАШТИРИШ КЕНГАШИНИНГ

ТАРКИБИ ВА ТУЗИЛМАСИ


5. Мувофиқлаштириш Кенгашининг шахсий таркиби  Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармонига мувофиқ тасдиқланади.

Мувофиқлаштириш Кенгаши унинг раиси - Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири томонидан бошқарилади.

Мувофиқлаштириш Кенгаши таркибига раис ўринбосарлари ҳамда фундаментал ва амалий илмий тадқиқотларнинг устувор йўналишлари бўйича секцияларда ишлайдиган Мувофиқлаштириш Кенгаши аъзолари киради.

6. Мувофиқлаштирувчи Кенгаш доирасида фундаментал ва амалий илмий тадқиқотларнинг устувор йўналишлари бўйича қуйидаги секциялар тузилади:

демократик давлатнинг ташкил топиши ва ривожланишининг, фуқаролик жамиятини шакллантиришнинг ҳуқуқий асослари секцияси;

тарихий, миллий ва умуминсоний қадриятларни уйғунлаштириш асосида жамиятни маънавий ва ахлоқий янгилаш секцияси;

мамлакатнинг минерал  хом ашё ресурслари салоҳиятини ривожлантириш ва ундан оқилона фойдаланиш йўналишлари секцияси;

тупроқ унумдорлигини ошириш, чўлланишга қарши курашнинг юқори технологиялари, сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш ва уларни кўпайтириш, атроф муҳитни муҳофаза қилиш ва экологик хавфсизлик секцияси;

қишлоқ хўжалиги экинларининг юқори самарали навлари ва моллар зотлари, генетика, физикакимё биологияси, биотехнологиялар, тиббиёт ва соғлиқни сақлаш секцияси;

ёқилғиэнергетика ресурсларини тежаш, улардан оқилона фойдаланиш ва уларни кўпайтириш, мамлакатнинг энергетика мустақиллиги ва хавфсизлигини таъминлаш секцияси.

Зарур ҳолларда секциялар сони ва уларнинг йўналиши Мувофиқлаштириш Кенгаши қарорига кўра ўзгариши мумкин.

Мувофиқлаштириш Кенгаши секциялари ҳар қайси секциянинг фаолият йўналишига мувофиқ, мамлакатнинг етакчи олимлари ва мутахассисларидан шакллантирилади.

Секциялар раҳбарлари Мувофиқлаштириш Кенгаши қарорига кўра унинг аъзолари орасидан сайланади.

7. Қуйидагилар Мувофиқлаштириш Кенгашининг таркибий бўлинмалари ҳисобланади:

Фан ва технологиялар маркази;

Йирик илмий ва инвестиция лойиҳаларини экспертизадан ўтказиш кенгаши.

8. Илмий тадқиқотлар ва технологик ишланмаларни маблағ билан таъминлаш тизимини ривожлантириш ва такомиллаштириш, инновация фаолиятига вазирликлар, идоралар ва хўжалик юритувчи субъектлар маблағларини, хорижий ҳомийлар бадалларини ҳамда халқаро грантларни жалб этиш учун Мувофиқлаштириш Кенгаши ҳузурида Инновация илмийтехника фаолиятини маблағ билан таъминлаш жамғармаси ташкил этилади.



IV. МУВОФИҚЛАШТИРИШ КЕНГАШИ ВАКОЛАТЛАРИ


9. Мувофиқлаштириш Кенгаши:

Фан ва технологиялар маркази ҳамда Йирик илмий ва инвестиция лойиҳаларини экспертизадан ўтказиш кенгаши таклифларини таҳлил қилиш асосида мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг давлат устуворликларига мувофиқ бўлган йирик илмий дастурлар ва технологик лойиҳаларни тасдиқлайди;

мамлакатни илмий-техник ривожлантириш устуворликлари ва стратегиясидан келиб чиққан ҳолда Илмий тадқиқотлар, технологик ишланмалар ва инновация лойиҳаларининг ҳар йилги давлат дастурини тасдиқлайди;

йирик илмий-тадқиқот дастурлари ва технологик лойиҳаларнинг мамлакат манфаатларига ва иқтисодий ҳамда ижтимоий ривожлантириш давлат устуворликларига мувофиқлигидан келиб чиққан ҳолда уларнинг экспертизасини ташкил этади ҳамда улар бўйича эксперт хулосаларни тасдиқлайди;

инновацион ғояларни яратувчи, жаҳон илм-фанидаги янги, истиқболли тенденцияларни доимий равишда кузатиб борувчи ва уларни мамлакат манфаатлари йўлида фойдаланиш учун жамловчи истеъдодли олимларни қўллаб-қувватлаш механизмларининг амалга оширилишини таъминлайди;

мамлакатни илмий-техник ривожлантиришнинг қисқа, ўрта ва узоқ муддатли вазифалари масалаларини ҳал этиш заруриятидан келиб чиққан ҳолда Мувофиқлаштириш Кенгаши иш тартибини белгилайди;

Мувофиқлаштириш Кенгаши аъзолари орасидан унинг секциялари раҳбарларини, шунингдек секцияларнинг шахсий таркибини тасдиқлайди;

Мувофиқлаштириш Кенгашининг кўриб чиқиши учун киритиладиган масалаларни таҳлил қилиш ва тайёрлаш, Мувофиқлаштириш Кенгаши ваколатига кирувчи бошқа вазифаларни ҳал этиш учун Фанлар академияси, вазирликлар ва идоралар, хўжалик бирлашмалари, корхоналар, илмий муассасалар ва олий ўқув юртларининг юқори малакали мутахассисларидан иборат эксперт кенгашлар таркибини тасдиқлайди;

Инновация илмий-техника фаолиятини маблағ билан таъминлаш жамғармаси маблағларини сарфлаш йўналишларини белгилайди;

жаҳон илм-фани ва технологиялари ривожланишининг илғор тенденциялари тўғрисидаги маърузаларни тинглайди.

10. Мувофиқлаштириш Кенгаши қуйидаги ҳуқуқларга эга:

Мувофиқлаштириш Кенгашининг ижро этувчи органлари ҳисобланадиган Фан ва технологиялар маркази ҳамда Йирик илмий ва инвестиция лойиҳаларини экспертизадан ўтказиш кенгаши тўғрисидаги низомларга ўзгартиришларни тасдиқлаш ва киритиш;

илмий-техника тараққиёти тенденцияларини ҳисобга олган ҳолда Мувофиқлаштириш Кенгашида фундаментал ва амалий илмий тадқиқотларнинг устувор йўналишлари бўйича қўшимча секциялар ташкил этиш, шунингдек муҳимлигини йўқотган йўналишлар бўйича секцияларни тугатиш;

Йирик илмий ва инвестиция лойиҳаларини экспертизадан ўтказиш кенгаши хулосалари асосида илмий дастурлар, технологик ишланмалар ва инновация лойиҳаларини маблағ билан таъминлашга  (уни тўхтатишгача) ўзгартиришлар киритиш;

сифатли ва холисона экспертизани таъминлаш талабларидан келиб чиққан ҳолда эксперт кенгашлари таркибини янгилаш;

ўзининг ижро этувчи органлари тузилмасига улар ходимларининг тасдиқланган сони доирасида ўзгартиришлар ва уларнинг раҳбарлари лавозимига номзодлар тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритиш;

мамлакатни илмий-техник ривожлантириш вазифаларига мувофиқ илмий-тадқиқот муассасаларини ташкил этиш, қайта ташкил қилиш ва тугатиш тўғрисидаги таклифларни ишлаб чиқиш ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритиш;

ўз ваколатлари доирасида республиканинг барча вазирликлари, идоралари, хўжалик бирлашмалари, корхона ва ташкилотлари учун бажариш мажбурий бўлган қарорлар қабул қилиш;

Фанлар академияси, вазирликлар, идоралардан ҳамда идоравий мансублигидан ва мулкчилик шаклларидан  қатъи назар, илмий ташкилотлардан таҳлилий материалларни ҳамда ўз олдида турган вазифаларни амалга ошириш учун зарур бўлган бошқа ахборотларни сўраб олиш.



V. МУВОФИҚЛАШТИРИШ КЕНГАШИ ИШИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ


11. Мувофиқлаштириш Кенгаши раиси унинг фаолиятига раҳбарлик қилади ва Мувофиқлаштириш Кенгашига юкланган вазифаларнинг бажарилиши учун жавоб беради.

Мувофиқлаштириш Кенгаши раиси  бўлмаганда унинг функциясини ўринбосари бажаради.

12. Мувофиқлаштириш Кенгаши фаолияти қарорлар қабул қилишда тенг ҳуқуқлилик ва коллегиаллик  принципларига асосланади.

13. Мувофиқлаштириш Кенгаши мажлиси унда Мувофиқлаштириш Кенгаши аъзоларининг оддий кўпчилиги қатнашган тақдирда ваколатли ҳисобланади.

Мувофиқлаштириш Кенгаши мажлисида протокол юритилади, уни Мувофиқлаштириш Кенгаши раиси имзолайди.

14. Мувофиқлаштириш Кенгаши мажлислари унинг ваколатига кирувчи масалалар тайёрланишига кўра, бироқ ҳар ярим йилликда камида бир марта ўтказилади.

15. Мувофиқлаштириш Кенгаши мажлисларини ташкилий-техник жиҳатдан таъминлаш Мувофиқлаштириш Кенгаши раиси ва раис ўринбосарлари томонидан амалга оширилади.

16. Мувофиқлаштириш Кенгаши қарорлари мажлисда қатнашаётган Мувофиқлаштириш Кенгаши аъзоларининг оддий кўпчилик овози билан қабул қилинади.

Мувофиқлаштириш Кенгашининг қабул қилинган қарордан норози бўлган аъзоси ўз фикрини ёзма равишда баён қилишга ҳақли, унинг фикри мажлис протоколига қўшилади.

17. Мувофиқлаштириш Кенгаши қарори ижро этиш учун Мувофиқлаштириш Кенгаши ҳузуридаги Фан ва технологиялар марказига ҳамда Йирик илмий ва инвестиция лойиҳаларини экспертизадан ўтказиш кенгашига, шунингдек манфаатдор вазирликлар, идоралар, хўжалик бирлашмалари ва ташкилотларга  жўнатилади.

18. Мувофиқлаштириш Кенгаши аъзолари ўз ишларини жамоатчилик асосида олиб боришади.

19. Мувофиқлаштириш Кенгаши ўз номи ёзилган бланкга эга бўлади.