Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Солиқ ва тўлов интизомини мустаҳкамлаш бўйича Ҳукумат комиссияси тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 06.02.1997 й. 66-сон қарори билан тасдиқланган)

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

Вазирлар Маҳкамасининг

1997 йил 6 февралдаги

66-сон қарори билан

ТАСДИҚЛАНГАН



Солиқ ва тўлов интизомини мустаҳкамлаш

бўйича Ҳукумат комиссияси тўғрисида

НИЗОМ


I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Вазирлар Маҳкамасининг 1996 йил 5 декабрдаги 431-сон қарорига мувофиқ тузилган Солиқ ва тўлов интизомини мустаҳкамлаш бўйича Ҳукумат Комиссияси (кейинги ўринларда - Қомиссия деб аталади) ўз фаолиятини солиқлар, мажбурий тўловларнинг бюджетга ва бюджетдан ташқари фондларга ўз вақтида тушишини таъминлаш, солиқ ва тўлов интизомини мустаҳкамлаш йўли билан вақтида тўланмаган тўловларни қисқартириш, солиқлар, тўловларнинг бюджет ва бюджетдан ташқари фондларга тўлиқ йиғилишини таъминлаш мақсадида амалга оширади.


2. Комиссия ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Конституциясига, Ўзбекистон Республикаси қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонларига, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорларига, шунингдек, мазкур Низомга амал қилади.


3. Комиссиянинг ўз ваколатлари доирасида қабул қилинган қарорлари ва ёзма кўрсатмалари вазирликлар, идоралар, қўмиталар, маҳаллий ҳокимият ва бошқарув органлари, хўжалик юритувчи субъектлар ва уларнинг бирлашмалари (хўжалик уюшмалари), мансабдор шахслар ва фуқаролар томонидан бажарилиши мажбурий ҳисобланади.



II. КОМИССИЯНИНГ ВАЗИФАЛАРИ

ВА ФУНКЦИЯЛАРИ


4. Қуйидагилар Комиссиянинг асосий вазифалари ва фаолият йўналишлари ҳисобланади:

хўжалик юритувчи субъектлар томонидан солиқ қонунчилигига риоя этилиши, солиқлар ва мажбурий тўловларнинг ўз вақтида ва тўлиқ тўланишини назорат қилиш;

бюджетга вақтида тўланмаган тўловларни қисқартириш ва амалдаги қонунчиликка мувофиқ белгиланган солиқлар ва мажбурий тўловларнинг тўлиқ ундирилишини таъминлашга оид чора-тадбирлар ишлаб чиқиш.


5. Асосий вазифалари ва фаолият йўналишларига мувофиқ Комиссияга қуйидагилар юкланади:

амалдаги қонунчиликка мувофиқ солиқлар, бюджетга ва бюджетдан ташқари фондларга ажратмалар тўловчи хўжалик юритувчи субъектларни тўла қамраб олиш, шунингдек, уларни тўлашдан бош тортган юридик ва жисмоний шахсларни аниқлаш;

хўжалик юритувчи субъектлар томонидан бюджет ва бюджетдан ташқари фондларга солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни ўз вақтида ва тўлиқ тўланиши;

молия, солиқ ва божхона органлари томонидан хўжалик юритувчи субъектларнинг бюджет ва бюджетдан ташқари фондлар олдидаги қарздорлигини қисқартириш ва бартараф этишга доир қонунчиликда назарда тутилган чора-тадбирларни тўлиқ ва ўз вақтида қўллаш;

хўжалик юритувчи субъектларнинг бюджетга ва бюджетдан ташқари фондларга тўловларни ўз вақтида ва тўлиқ тўлаш масалаларига оид амалдаги қонунчиликка риоя этишлари масалалари юзасидан текширувлар ўтказиш тўғрисида қарорлар қабул қилиш механизмини такомиллаштириш ва назорат қилиш;

хўжалик юритувчи субъектларнинг бюджет ва бюджетдан ташқари фондлар олдида қарздорлигининг юзага келиши сабабларини таҳлил этиш;

иқтисодиётни ривожлантиришнинг белгиланган устуворликларига мувофиқ, вақтида тўланмаган тўловларга пеня қўшишни тўхтатган ҳолда, тўловни кечиктириш ва (ёки) бўлиб-бўлиб тўлаш имкони берилиши мумкин бўлган тўловларни вақтида тўламаган корхоналар ва ташкилотлар рўйхатини белгилаш;

бюджетга ўз вақтида тўланмаган тўловларни кечиктириш ва (ёки) бўлиб-бўлиб тўлаш имконини беришнинг асосий принциплари, шартлари ва тартибини белгилаш;

тўловни кечиктириш ва бўлиб-бўлиб тўлаш шартлари ва тартибига хўжалик юритувчи субъектлар томонидан риоя этилишини назорат қилиш;

бюджет ва бюджетдан ташқари фондларга тўловлар тўлиқ ва ўз вақтида тўланиши ва бюджетга қўшилиши масалалари бўйича вазирликлар ва идораларнинг фаолиятини мувофиқлаштириш,

бюджетга вақтида тўланмаган тўловларни қисқартириш ва амалдаги қонунчиликка мувофиқ белгиланган солиқлар ва мажбурий тўловларнинг тўлиқ ундирилишини таъминлаш чора-тадбирларини белгилаш;

бюджетга ва бюджетдан ташқари фондларга вақтида тўланмаган тўловларни қисқартириш бўйича топшириқларнинг бажарилишини назорат қилиш;

Молия вазирлиги томонидан республика бюджетининг даромадлари ва харажатларига оид пул ҳисобларини ўтказиш якунларини кўриб чиқиш.



III. КОМИССИЯНИНГ ҲУҚУҚЛАРИ


6. Комиссия қуйидаги ҳуқуқларга эга:

Давлат солиқ қўмитаси ва Молия вазирлигининг таклифига биноан бюджет ва бюджетдан ташқари фондларга вақтида тўланмаган тўловларни, пеня қўшишни тўхтатган ҳолда, кечиктириш ва (ёки) бўлиб-бўлиб тўлашга рухсат бериш;

белгиланган топшириқларнинг бажарилмаслигида айбдор бўлган шахсларни амалдаги қонунчиликка мувофиқ жавобгарликка тортган ҳолда, тармоқ ва ҳудудлар бўйича вақтида тўланмаган тўловларни қисқартириш юзасидан ҳар ойда топшириқлар белгилаш;

белгиланган тартибда молия, солиқ ва божхона органлари фаолияти текширилишини ташкил этиш;

солиқ қонунчилигини бузганлиги ва бюджетга ва бюджетдан ташқари фондларга тўловлар ўз вақтида ва тўлиқ тўланишини таъминламаганлиги учун идоралар, мулкчилик шаклидан қатъи назар, корхоналар ва ташкилотлар, жойлардаги давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг раҳбарларини эгаллаб турган лавозимидан бўшатишгача бўлган жавобгарликка тортиш тўғрисидаги таклифларни Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг кўриб чиқиши учун киритиш;

вазирликлар, идоралар, банклар, корхоналар, бирлашмалар (хўжалик уюшмалари), маҳаллий ҳокимият ва бошқарув органлари раҳбарларининг солиқлар ҳамда мажбурий тўловларнинг бюджетга ва бюджетдан ташқари фондларга ўз вақтида келиб тушиши масалалари бўйича ҳисоботларини тинглаш;

қўйилган вазифаларни бажариш учун тегишли вазирликлар, идоралар, корхоналар ва ташкилотларнинг, жойлардаги давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг мутахассисларини жалб этиш.



IV. КОМИССИЯ ФАОЛИЯТИНИ

ТАШКИЛ ЭТИШ


7. Комиссия иши Комиссия раиси томонидан тасдиқланадиган иш режаларига мувофиқ мунтазам мажлислар (бир ойда камида бир марта) ўтказиш йўли билан амалга оширилади.


8. Комиссия таркиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси қарори билан тасдиқланади.


9. Комиссия ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига ҳисоб беради.


10. Комиссия котибияти функцияси Вазирлар Маҳкамасининг Умумиқтисодиёт бўлимига юкланади.