Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 27.09.1996 й. ПФ-1565-сон "Ўзбекистон Республикасининг 1997 йилги Давлат бюджети муносабати билан солиқ ислоҳотини чуқурлаштиришга оид чора-тадбирлар тўғрисида"ги Фармони

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ПРЕЗИДЕНТИНИНГ

ФАРМОНИ

27.09.1996 й.

N ПФ-1565



ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ 1997 ЙИЛГИ

ДАВЛАТ БЮДЖЕТИ МУНОСАБАТИ БИЛАН

СОЛИҚ ИСЛОҲОТИНИ ЧУҚУРЛАШТИРИШГА

ОИД ЧОРА-ТАДБИРЛАР ТЎҒРИСИДА


Иқтисодий ислоҳотларни чуқурлаштириш вазифаларига мувофиқ тарзда солиқ тизимини такомиллаштириш, табиий ва моддий-техникавий ресурслардан самарали фойдаланишда солиқларнинг рағбатлантирувчи ролини ошириш, Давлат бюджетининг барқарор даромад базасини таъминлаш мақсадида:


1. Ўзбекистон Республикасининг 1997 йилги Давлат бюджетини шакллантириш ва ижро этиш чоғида қуйидагилар солиқ ислоҳотини чуқурлаштиришнинг асосий йўналишлари деб ҳисоблансин:

1997 йилги бюджетда қабул қилинган солиқ ставкалари ва нормативларининг молия йили мобайнида ўзгармаслигини таъминловчи барқарор солиқ тизимини вужудга келтириш бўйича амалий чораларни кўриш;

солиқлар ва мажбурий тўловларнинг сонини камайтириш, солиққа тортиш тизимини бир хил қилиш ҳисобига солиқ тизимини соддалаштириш;

маҳсулот ишлаб чиқарувчиларга (ишлар, хизматларни бажарувчиларга) нисбатан солиқ юкининг оширилишига йўл қўйилмаган ҳолда бюджетнинг умумий даромадларида ресурс ва мулкий тўловларнинг ролини ошириш;

солиққа тортиладиган базани кенгайтириш, барча мулкчилик шаклидаги хўжалик юритувчи субъектларнинг солиқ интизомини мустаҳкамлаш;

маҳаллий бюджетларнинг даромад базасини янада мустаҳкамлаш, маблағларнинг тўлиқ тушиши ҳамда минтақаларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш вазифаларининг ҳал этилиши учун маҳаллий ҳокимият ва бошқарув идораларининг масъулиятини ошириш;

бюджетдан ташқари фондларни (Ижитимоий суғурта фонди, Бандлик фонди, Йўл фонди, Ўзбекистон Республикаси Давлат мулки қўмитасининг Махсус ҳисобварағи) Давлат бюджетида жамлаб, уларни шакллантириш ва фойдаланишнинг мақсадли йўналишини сақлаб қолиш.


2. Мазкур йўналишларнинг рўёбга чиқарилишини таъминлаш мақсадида 1997 йилнинг 1 январидан бошлаб:

2.1. Фойдадан олинадиган солиқ ставкаси 37 фоиздан 36 фоизга пасайтирилсин ҳамда хорижий сармоялар иштирокидаги корхоналар (устав фондидаги хорижий сармоя улуши 30 фоиздан кўпроқ бўлган корхоналар), болалар учун мўлжалланган товарлар ва халқ бадиий ҳунармандчилиги маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи корхоналар, "Ўзқишлоқхўжаликмаш-холдинг" компанияси учун амалдаги имтиёзли солиқ ставкалари сақлаб қолинсин.

Қишлоқ хўжалик корхоналари учун фойдадан олинадиган солиқ ставкаси қуйидаги миқдорда белгилансин:

рентабеллик 25 фоизгача бўлганида 3 фоиз;

рентабеллик 25 фоиздан юқори бўлганида 20 фоиз.

2.2. Биринчи галда зарур бўлган озиқ-овқат маҳсулотлари (ун, нон, гўшт, сут ва сут маҳсулотлари)га қўшилган қиймат солиғининг ставкаси 17 фоиздан 10 фоизгача камайтирилиб, айни бир вақтда қолган маҳсулотлар (ишлар, хизматлар)га ставкалар 17 фоиздан 18 фоизгача оширилсин.

2.3. Ўзбекистон Республикаси Давлат фан ва техника қўмитасининг илмий-техникавий дастурлари доирасида давлат буюртмалари бўйича бажариладиган илмий-тадқиқот ва инновация ишлари қўшилган қиймат солиғидан озод қилинсин.

2.4. Бир хил солиққа тортиладиган базага эга бўлган қуйидаги солиқлар ва тўловлар бирлаштирилсин:

ер бағри солиғи ва минерал хом ашё базасини такрор ишлаб чиқарувчи бюджетдан ташқари фондга ажратмалар - минерал ресурсларнинг турларига қараб ставкалар табақалаштирилган ҳолда ягона ер бағри солиғига;

мулк солиғи ва транспорт воситаларининг эгаларидаи олинадиган (юридик шахслар учун) солиқ - солиқ ставкаси асосий фондлар қийматининг 3 фоизи миқдорида белгиланган ҳолда ягона мулк солиғига.

2.5. Қимматли қоғозлар билан амалга ошириладиган операциялардан олинадиган солиқ бекор қилинсин.

2.6. Амалдаги солиқлар ўрнига маҳсулотни сотиш (ишлар, хизматларни бажариш)дан тушган даромаднинг 25 фоизига қадар миқдордаги ягона солиқни жорий этиш йўли билан барча мулкчилик шаклидаги кичик корхоналар учун солиққа тортишнинг табақалаштирилган соддалаштирилган тизими;

декларацияда кўрсатилган даражадан ёки белгиланган рентабеллик даражасидан ишлаб кетган фойданинг жами суммасини бюджетга олиб қўйган ҳолда монополиячи корхоналар учун ортиқча фойда солиғи;

маҳсулот (ишлар, хизматлар) ишлаб чиқариш таннархининг бир фоизи миқдорида экология солиғи белгилансин.

2.7. Халқ хўжалигининг барча тармоқларидаги корхоналарга ер юзасидаги манбалардан олинадиган сув учун ҳақ ундириш жорий этилсин.

Бош вазирнинг биринчи ўринбосари И. Ҳ. Жўрабеков, Молия вазирлиги, Давлат солиқ қўмитаси, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Мелиорация ва сув хўжалиги вазирлиги уч ой муддатда қишлоқ хўжалик корхоналари учун сувга ҳақ тўлаш нормативлари ва ставкаларини ишлаб чиқиб, Вазирлар Маҳкамасига тақдим этсинлар.

2.8. Инфляция даражаси изчил пасайиб бораётганлиги муносабати билан бюджетга тўловлар муддатини ўтказиб юборганлик учун солиқ тўловчидан ундириб олинадиган пеня миқдори тўлов муддати ўтказилган ҳар бир кун учун боқиманда миқдорининг 0,2 фоизидан 0,15 фоизигача камайтирилсин.


3. Ўзбекистон Республикасининг Вазирлар Маҳкамаси мазкур Фармон моддаларини ҳисобга олган ҳолда Ўзбекистон Республикасининг 1997 йилги Давлат бюджети лойиҳасини ишлаб чиқиш чоғида қуйидагиларни кўзда тутсин:

транспорт воситаларининг эгаларидан (жисмоний шахслар учун) солиқнинг, ер солиғи ва сув ҳақининг амалдаги ставкаларини 1,5 баравар ошириш;

ҳар бир объект бўйича якка-якка нормалар ўрнига асосий фондларнинг гуруҳлари бўйича ягона амортизация нормаларини белгилашни назарда тутган ҳолда амортизацияни ҳисоблаб чиқаришнинг амалдаги тартибига ўзгартишлар киритиш.


4. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, Давлат солиқ қўмитаси, Адлия вазирлиги маифаатдор вазирликлар ва идораларни жалб этган ҳолда солиқ сиёсатини амалга оширишнинг ягона қонун базаси вужудга келтирилишини таъминлайдиган Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодекси лойиҳасини ишлаб чиқишни 1996 йилда ниҳоясига етказсинлар.


5. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги бир ой муддатда Ўзбекистон Республикасининг қонунчилигига ушбу Фармондан келиб чиқадиган ўзгартиш ва қўшимчаларни киритиш тўғрисидаги таклифларни Вазирлар Маҳкамасига тақдим этсин.



Ўзбекистон Республикасининг Президенти                           И. Каримов



"Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Ахборотномаси", 1996 й., N 9, 174-модда