Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Оборот солиғи тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 03.04.1991 й. 85-сон қарори билан тасдиқланган)

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

Вазирлар Маҳкамасининг

1991 йил 3 апрелдаги

85-сон қарори билан

ТАСДИҚЛАНГАН



Оборот солиғи тўғрисида

НИЗОМ


I. ОБОРОТ СОЛИҒИ ТЎЛОВЧИЛАР


1. Оборот солиғи олинадиган товар (маҳсулот)лар ишлаб чиқарадиган ва сотадиган корхоналар, бирлашмалар ва ташкилотлар (шу жумладан, ишлаб чиқариш кооперативлари - бунга колхозлар ҳам киради, шунингдек, совет юридик шахслари ва хорижий юридик шахслар хамда фуқаролар иштирокидаги қўшма корхоналар ва уларнинг филиаллари (бундан кейин корхоналар деб аталади) оборот солиғи тўловчилар ҳисобланадилар.



II. ОБОРОТ СОЛИҒИНИ ҲИСОБЛАШ ВА

УНИ БЮДЖЕТГА ЎТКАЗИШ ТАРТИБИ


2. Оборот солиғи қуйидагича ҳисобланади:


а) савдо ва улгуржи-савдо чегирмаларини (транспорт харажатлари) чиқариб тешлаган ҳолда давлат чакана нархлари ёки саноат улгуржи нархлари ва корхоналарнинг улгуржи нархлари ўртасидаги тафовут тарзида;


б) савдо ва улгуржи-савдо чегирмаларини (транспорт харажатларини) чиқариб ташлаган ҳолда давлат чакана нархларидан келиб чиққан ҳолда белгиланадиган ёки корхоналар томонидан мустақил равишда ёхуд шартнома асосида белгиланадиган нархлардан келиб чиққан ҳолда оборотга нисбатан процентлар ҳисобидаги гуруҳли ставкалар бўйича;


в) товар (маҳсулот) бирлигидан қатъий сўмларда.


3. Оборот солиғи жумҳурият бюджетига ўтказилади. Ўзбекистон ССЖ Олий Кенгаши тасдиқлайдиган нормативлар бўйича Қорақалпоғистон МССЖ бюджетига ва маҳаллий бюджетларга ажратиладиган қисми бундан мустаснодир.



III. ОБОРОТ СОЛИҒИ СТАВКАЛАРИНИ

ТАСДИҚЛАШ ТАРТИБИ


4. Давлат чакана нархлари бўйича сотиладиган товарлар (маҳсулотлар)га оборот солиғининг гуруҳли ставкаларини тасдиқлаш қуйидагича амалга оширилади:


а) чакана нархларини ССЖИ Давлат нархлар қўмитаси тасдиқлайдиган товарлар номенклатураси бўйича - ССЖИ Молия вазирлиги томонидан;


б) чакана нархларини Ўзбекистон ССЖ Давлат нархлар қўмитаси, шунингдек, вазирликлар (идоралар) ўзларига берилган ҳуқуқларга мувофиқ тасдиқлайдиган товарлар номенклатураси бўйича - ЎзССЖ Молия вазирлиги томонидан;


в) чакана нархларини Қорақалпоғистон МССЖ Вазирлар Маҳкамасининг, вилоят ижроия қўмиталари ва Тошкент шаҳар ижроия қўмитасининг нарх-наво органлари тасдиқлайдиган товарлар номенклатураси бўйича - давлат молия-солиқ хизматининг тегишли органлари томонидан.


Давлат чакана нархлари бўйича сотиладиган товарларга оборот солиғининг гуруҳли ставкаларини тасдиқлашда, қоидага кўра, бу товарларни ишлаб чиқаришнинг рентабеллилиги (таннархга нисбатан фоиз ҳисобидаги фойда) кўпи билан 25 фоиз миқдорида қабул қилинади.


Нархлар ва тарифлар белгиланган тартибда ўзгарган ҳолларда оборот солиғининг ставкалари қайта кўриб чиқилади.


5. Корхоналар томонидан мустақил равишда ёки шартнома асосида белгиланадиган нархлар бўйича сотиладиган товарлар (маҳсулотлар)га оборот солиғининг гуруҳли ставкаларини тасдиқлаш ССЖИ Молия вазирлиги томонидан - ССЖИ Давлат нархлар қўмитасига биркитилган товарлар номенклатураси бўйича, ЎзССЖ Молия вазирлиги томонидан - жумҳурият нарх-наво органларига биркитилган товарлар номенклатураси бўйича амалга оширилади. Ставкалар тегишли нарх-наво органлари билан келишувга мувофиқ тасдиқланади, бунда товарлар ишлаб чиқариш рентабеллилиги (таннархга нисбатан фоиз ҳисобидаги фойда), қоидага кўра, кўпи билан 25 фоиз миқдорида қабул қилинади.


Қорақалпоғистон МССЖ, вилоятлар ва Тошкент шахар давлат молия-солиқ органлари корхоналар мустақил ёки шартнома асосида белгилайдиган нархлар бўйича сотиладиган барча қолган товарлар (маҳсулотлар)га оборот солиғининг гуруҳли ставкаларини ана шу тартибда тасдиқлайдилар.


6. Совет юридик шахслари ва хорижий юридик шахслар ҳамда фуқаролар иштирокидаги қўшма корхоналар учун оборот солиғи ставкаларини Ўзбекистон ССЖ Президенти ҳузуридаги Вазирлар Маҳкамаси белгилайди.



IV. ОБОРОТ СОЛИҒИНИ ТЎЛАШ

ТАРТИБИ ВА МУДДАТЛАРИ


7. Оборот солиғи қуйидаги тартибда тўланади:


а) етказиб берувчиларнинг счётларида алоҳида ажратиладиган суммада ҳар бир ҳисоб-китоб ҳужжати бўйича;


б) ҳар куни, оборот тугашининг учинчи кунида;


в) ўтган хар бир ўн кунлик, ой ёки квартал учун ССЖИ Молия вазирлиги белгилайдиган муддатларда, ҳақиқий оборотдан келиб чиққан ҳолда.


Мазкур пунктда назарда тутилган оборот солиғини тўлаш тартибини қўлланиш шартларини ССЖИ Молия вазирлиги белгилайди.


8. Оборот солиғи тўловчилар тегишли солиқ органларига ССЖИ Молия вазирлиги белгилайдиган муддатларда ва шаклда оборот солиғи бўйича ҳисоб-китобларни тақдим этадилар.



V. ТЎЛОВЧИЛАРНИНГ МАСЪУЛИЯТИ ВА СОЛИҚ

ОЛИШ ОРГАНЛАРИНИ НАЗОРАТ ҚИЛИШ


9. Оборот солиғини ҳисоблашнинг тўғрилиги ва унинг бюджетга ўз вақтида тўланиши учун масъулият тўловчиларга ва уларнинг мансабдор шахсларига юклатилади.


10. Оборот солиғининг бюджетга ўтказилиши юзасидан солиқ органларини назорат қилиш Ўзбекистон ССЖ қонунчилигига мувофиқ амалга оширилади.



VI. ОБОРОТ СОЛИҒИ БЎЙИЧА ИМТИЁЗЛАР


11. ССЖ Иттифоқи, Ўзбекистон ССЖ қонунчилигига мувофиқ қуйидагилар оборот солиғи тўлашдан озод этиладилар:


а) ишга туширилган кундан бошлаб икки йил мобайнида:


маҳаллий хом ашё ва чиқиндилардан товарлар ишлаб чиқарувчи корхоналар (арақ, вино-арақ маҳсулотлари, пиво, тамаки, тамаки маҳсулотлари, пластмасса товарлар ва таркибида спирт бўлган парфюмерия-пардозлаш буюмларидан ташқари), бунда товарлар ишлаб чиқариш учун фойдаланиладиган тўла қимматли материаллар ва хом ашёларнинг қиймати хом ашё ва материаллар умумий қийматининг 25 фоизидан ошмаслиги керак;


ўзлари ишлаб чиқарадиган бадиий буюмларни сотувчи халқ бадиий ҳунармандчилиги корхоналари. Ўзбекистон ССЖ ва Қорақалпоғистон МССЖ қонунчилиги билан бундай имтиёзлар Ўзбекистон ССЖ, Қорақалпоғистон МССЖ бюджетларига ва маҳаллий бюджетларга тушадиган оборот солиғи суммаси доирасида янада узоқроқ муддатларга берилиши мумкин;


б) ногиронлар ишловчилар умумий сонининг 50 фоизидан кўпроғини ташкил этадиган корхоналар;


в) Ўзбекистон Кўрлар жамиятининг корхоналари ва кўрлар учун ўкув-ишлаб чиқариш корхоналари - агар меҳнат қилиш лаёқати чекланган шахслар бу корхоналардаги ходимлар умумий сонининг камида 50 фоизини ташкил этса;


г) тоғли ва узоқ ноҳияларда жойлашган матлубот кооперациясининг товарлар сотадиган корхоналари (узум, мева-чева винолари, ўткир ичимликлар ва пиводан ташқари) - 50 фоизгача миқдорда, ноҳияга бўйсунувчи шаҳарларда, шаҳар типидаги посёлкалардэ ва қишлоқ жойлардаги корхоналар эса оборот солиғининг 25 фоизи миқдорида;


д) маҳаллий хом ашёдан ва ўзларининг хом ашёсидан ишлаб чиқарган маҳсулотни сотадиган колхозлар, совхозлар ва бошқа қишлоқ хўжалиги корхоналари - пластмасса товарлар, ошланган мўйна териси, мўйна ва заргарлик буюмлари, шунингдек, спирт қўлланиб ишлаб чиқарилган вино-арақ маҳсулотларидан ташқари.


Агар товарлар ишлаб чиқаришда фойдаланиладиган маҳаллий хом ашё ва ўзи ишлаб чиқарган хом ашёнинг қиймати хом ашё ва материаллар умумий қийматининг камида 75 фоизини ташкил этгандагина мазкур имтиёз берилади.


Мазкур пунктда кўрсатилган имтиёзлар агрофирмаларда, агрокомбинатларда ва бошқа агросаноат бирлашмаларида фақат уларга кирувчи колхозлар, совхозларга ва бошқа қишлоқ хўжалиги корхоналарига берилади.


е) В. И. Ленин номидаги Совет болалар фонди, Совет тинчлик фонди, Совет маданият фонди, Совет меҳр-шафқат ва саломатлик фонди, Қизил Хоч ва Қизил Ярим ой уюшмалари ва жамиятлари, Бутуниттифоқ "Ногиронларни даволаш" уюшмасининг ўз фаолиятлари соҳасига кўра товарлар ва маҳсулотлар ишлаб чиқарадиган корхоналари ва хўжалик ташкилотлари;


ж) ижодий уюшмаларнинг корхоналари ва хўжалик ташкилотлари - мазкур уюшма томонидан уларнинг устав фаолиятини амалга ошириш учун ажратиладиган оборот маблағи суммаси доирасида;


з) уруш ва меҳнат фахрийлари кенгашлари ҳузуридаги уруш, меҳнат ва ССЖИ Қуролли Кучлари фахрийларининг кооперативлари (кооперативлар бирлашмалари) - улардаги ишловчиларнинг камида 50 фоизи пенсия ёшига етган шахслар (пенсионерлар) бўлган ва улар маҳаллий хом ашё ва чиқиндилардан товарлар ишлаб чикарган такдирда;


и) ўзлари ишлаб чиқарадиган товарларни сотадиган ўқувчилар корхоналари ва ўқувчилар кооперативлари.


12. Халқ истеъмоли моллари ишлаб чиқаришни кўпайтиришни (арақ-вино махсулотларидан ташкари), шунингдек, оборот солиғининг олдинги йилга нисбатан кўпайишини таъминлаётган корхоналар йиллик иш натижалари бўйича оборот солиғи ўсишининг 30 фоизгачасини ўз ихтиёрида қолдириш ва бу маблағларни ишлаб чикариш ҳамда ижтимоий ривожланиш мақсадларига йўналтириш ҳуқуқига эгадирлар. Халқ истеъмоли моллари ишлаб чиқаришнинг кўпайиши чакана нархларда белгиланади.


13. Жамғарма фондидаги маблағлар етишмаган тақдирда корхоналар кредит берилган тадбирларни ўтказиш натижасида қўшимча равишда ишлаб чикарилган товарларни сотишдан олинган оборот солиғининг 50 фоизгачасини ишлаб чиқаришни кўпайтиришга, халқ истеъмоли молларининг сифатини яхшилашга ва ассортиментни кенгайтириш учун берилган банк кредитини қоплашга йўналтиришлари мумкин.


14. Оборот солиғи бўйича айрим тўловчилар учун қўшимча имтиёзлар ССЖИ Молия вазирлиги томонидан, шунингдек, Ўзбекистон ССЖ Президенти ҳузуридаги Вазирлар Маҳкамаси томонидан тегишли бюджетларга келиб тушадиган оборот маблағи суммаси доирасида белгиланади.