Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Қутқарув хизматлари ва қутқарув тузилмалари қутқарувчиларининг ҳаёти ва соғлиғини мажбурий суғурта қилиш тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 22.06.2015 й. 166-сон қарорига илова)

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

Вазирлар Маҳкамасининг

2015 йил 22 июндаги

166-сон қарорига

ИЛОВА



Қутқарув хизматлари ва қутқарув тузилмалари

қутқарувчиларининг ҳаёти ва соғлиғини

мажбурий суғурта қилиш тўғрисида

НИЗОМ


I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Мазкур Низом қутқарув хизматлари ва қутқарув тузилмалари қутқарувчиларининг ҳаёти ва соғлиғини мажбурий суғурта қилиш тартибини белгилайди.

Қутқарув хизматлари ва қутқарув тузилмалари қутқарувчиларининг ҳаёти ва соғлиғини суғурта қилиш:

қонун ҳужжатларида белгиланган бошқа мажбурий суғурта турларидан мустақил равишда;

мазкур Низомнинг 1-иловасига* мувофиқ схема бўйича амалга оширилади.


2. Ушбу Низомда қуйидаги тушунчалардан фойдаланилади:


наф олувчи - суғурталанган шахснинг функционал мажбуриятларини бажариш билан боғлиқ ҳолда вафот этган (ҳалок бўлган)да суғурта товонини олиш ҳуқуқига эга бўлган шахс (мерос ҳуқуқи тўғрисидаги гувоҳномани тақдим этганда);


суғурталанган шахс - суғурталанган ва суғурта мукофоти тўланган қутқарув хизмати ёки қутқарув тузилмаси қутқарувчиси;


суғурталанувчи - қутқарув хизмати, қутқарув тузилмаси ёки ўз тузилмасида қутқарув хизматлари ва қутқарув тузилмалари қутқарувчиларининг ҳаёти ва соғлиғини мажбурий суғурта қилиш шартномасини тузган қутқарув хизмати ёки қутқарув тузилмасига эга бўлган қутқарув хизмати, тузилмаси ёки ташкилоти;


суғурталовчи - умумий суғурта соҳасида мажбурий суғурта қилиш ҳуқуқини берувчи лицензияга эга бўлган юридик шахс;


суғурта суммаси - суғурта ҳодисаси содир бўлганда қутқарув хизматлари ва қутқарув тузилмалари қутқарувчиларининг ҳаёти ва соғлиғини мажбурий суғурта қилиш шартномаси бўйича суғурталовчи томонидан тўлаш мажбурияти олинган суғурта товони доирасидаги пул маблағлари суммаси;


суғурта товони - мазкур Низомда назарда тутилган суғурта ҳодисаси содир бўлганда суғурталовчи томонидан суғурталанган шахс (наф олувчи)га ҳар бир суғурталанган шахс учун тўланадиган пул маблағлари суммаси;


суғурта мукофоти - мазкур Низомда назарда тутилган тартибда ва муддатда суғурталовчи томонидан суғурта қилдирувчига тўланиши шарт бўлган пул маблағи суммаси;


суғурта ҳодисаси - қутқарув хизматлари ва қутқарув тузилмалари қутқарувчиларининг ҳаёти ва соғлиғини мажбурий суғурта қилиш шартномаси амалда бўлган даврда суғурталанган шахснинг фукнционал мажбуриятларини бажариш билан боғлиқ ҳолда ҳаёти ва соғлиғига етказилган белгиланган тартибда тасдиқланган зарарни суғурталовчи томонидан қоплаш бўйича фуқаролик мажбуриятининг вужудга келиши ҳолати;


қутқарув хизматлари ва қутқарув тузилмалари қутқарувчиларининг ҳаёти ва соғлиғини мажбурий суғурта қилиш шартномаси (кейинги ўринларда мажбурий суғурта шартномаси деб аталади) - суғурта ҳодисаси юз берган тақдирда суғурталовчининг келишилган тўлов (суғурта мукофоти) эвазига суғурта ҳодисаси натижасига кўра, суғурталанган шахснинг функционал мажбуриятларини бажариш билан боғлиқ ҳолда соғлиғи ва ҳаётига етказилган зарарни суғурта суммаси доирасида унга (наф олувчига) қоплаши тўғрисидаги суғурта шартномаси.


3. Суғурталанган шахснинг ҳаёти ва соғлиғи мажбурий суғурта объекти ҳисобланади.


4. Суғурта ҳодисаси муносабати билан суғурталанган шахс (наф олувчи)га етказилган маънавий зарар мажбурий суғурта бўйича қопланмайди.


5. Мажбурий суғурта шартномаси ва мажбурий суғуртанинг суғурта полиси мажбурий суғурта амалга оширилганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар ҳисобланади.



II. МАЖБУРИЙ СУҒУРТА ШАРТНОМАСИНИ ТУЗИШ

ВА УНИНГ ШАРТЛАРИНИ ЎЗГАРТИРИШ ТАРТИБИ


6. Қутқарув хизматлари ва қутқарув тузилмалари қутқарувчиларининг ҳаёти ва соғлиғини мажбурий суғурта шартномаси ушбу Низомнинг 2-иловасига* мувофиқ шакл бўйича суғурталанувчи ва суғурталовчи ўртасида бир йил муддатга тузилади.


7. Қутқарув хизматлари ва қутқарув тузилмалари қутқарувчиларининг ҳаёти ва соғлиғини мажбурий суғурта шартномасини тузиш учун суғурталанувчи мажбурий шартнома тузиш тўғрисида, мажбурий суғурта қилиниши лозим бўлган шахслар рўйхатини кўрсатган ҳолда, мазкур Низомнинг 3-иловасига* мувофиқ шакл бўйича аризани суғурталовчига тақдим этади.


8. Суғурталовчининг мажбурий суғурта бўйича мажбуриятлари мажбурий суғурта шартномасида кўрсатилган суғурта даври мобайнида амал қилади.


9. Мажбурий суғурта полиси суғурталанувчига суғурталовчининг ҳисоб рақамига мажбурий суғурта шартномаси бўйича суғурта мукофоти келиб тушган кундан кейин уч кундан кечиктирмай берилади.


10. Мажбурий суғурта полиси йўқолган тақдирда суғурталанувчи унинг дубликатини бепул олиш ҳуқуқига эга. Суғурталанувчи мажбурий суғурта полисининг дубликатини олгандан кейин йўқолган полис ҳақиқий эмас деб ҳисобланади.


11. Мажбурий суғурта шартномасининг амал қилиш даврида суғурталанувчи мажбурий суғурта шартномасини тузиш тўғрисидаги аризада кўрсатилган маълумотлардаги ўзгариш тўғрисида суғурталовчини уч иш кунидан кечикмай хабардор қилиши шарт.


12. Суғурталовчи мажбурий суғурта шартномасини тузишда тақдим этилган маълумотлардаги ўзгаришлар тўғрисидаги аризани суғурталанувчидан олгач зарур ҳолларда мажбурий суғурта қилиш шартномасига қўшимча битим тузади ва суғурта полисини қайта расмийлаштиради.


13. Мажбурий суғурта шартномасининг шартлари унинг амал қилиш даврида ўзгарган тақдирда, ўзгарган шартларга асосан суғурта мукофоти миқдорига ҳам тузатиш киритилади. Бу ҳолда томонларнинг суғурта мукофоти бўйича ўзаро ҳисоб-китобларига тааллуқли мажбуриятлари мажбурий суғурта шартномасига қўшимча битим тузилган санадан бошлаб уч иш кунидан кечикмай бажарилиши керак.



III. СУҒУРТА СУММАСИ, СУҒУРТА МУКОФОТИ

ВА МАЖБУРИЙ СУҒУРТА ШАРТНОМАСИ БЎЙИЧА

СУҒУРТА МУКОФОТИНИ ТЎЛАШ ТАРТИБИ


14. Мажбурий суғурта шартномаси бўйича суғурталанган шахслар сонига кўпайтирилган ҳолда, суғурта суммаси ҳар бир суғурталанган шахс учун тўлов амалга оширилган кунда Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларида белгиланган базавий ҳисоблаш миқдорининг 84 баробарига тенг миқдорда белгиланади.

15. Мажбурий суғурта шартномаси бўйича суғурта мукофоти суғурталанган шахслар сонига кўпайтирилган ҳолда, ҳар бир суғурталанган шахс учун тўлов амалга оширилган кунда Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларида белгиланган базавий ҳисоблаш миқдорининг 20 фоизига тенг миқдорда белгиланади.

16. Суғурталанувчи томонидан мажбурий суғурта шартномаси бўйича суғурта мукофоти мажбурий суғурта шартномаси тузилган санадан бошлаб беш иш куни мобайнида бирйўла тўланади.



IV. МАЖБУРИЙ СУҒУРТА ШАРТНОМАСИ

ТОМОНЛАРИНИНГ ҲУҚУҚ ВА МАЖБУРИЯТЛАРИ


17. Суғурталанувчи қуйидаги ҳуқуқларга эга:

суғурталовчидан мажбурий суғурта шартномасининг шартларини тушунтириб беришни талаб қилиш;

суғурталовчининг суғурта пулини тўлашни рад этиш тўғрисидаги қарори юзасидан белгиланган тартибда шикоят қилиш;

суғурталанган шахсларнинг сони камайганда суғурта мукофотининг суғурталанган шахсларнинг камайган сонига ва мажбурий суғурта шартномаси муддатининг ўтмаган даврига мутаносиб қисмини олиш.

Суғурталанувчи қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.


18. Суғурталанувчи қуйидагиларга мажбур:

мажбурий суғурта шартномаси бўйича суғурта мукофотини ушбу Низомда белгиланган муддатларда ва тартибда тўлаш;

суғурталанган шахснинг ҳаёти ёки соғлиғига зарар етказилганлиги тўғрисида ўзига маълум бўлган пайтдан бошлаб уч иш кунидан кечикмай бу ҳақда суғурталовчини ёзма шаклда хабардор қилиш;

суғурталанган шахсларни мажбурий суғурта шартномаси шартлари билан таништириш, шу жумладан, мазкур шартнома бўйича томонларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятларини тушунтириш;

суғурталанган шахс (наф олувчи) ёзма шаклдаги ариза билан мурожаат қилган санадан бошлаб икки иш куни мобайнида суғурталовчи ҳақидаги барча зарур маълумотларни тақдим этиш.

Суғурталанувчи қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа мажбуриятлар ҳам олиши мумкин.


19. Суғурталовчи қуйидаги ҳуқуқларга эга:

суғурталанган шахснинг ҳаёти ёки соғлиғига зарар етказилиши ҳолатларини текширишда иштирок этиш ва зарурат бўлганда, тегишли экспертларни жалб этиш;

суғурталанган шахснинг ҳаёти ёки соғлиғига зарар етказилиши ҳолатлари тўғрисидаги ахборотни текшириш.

Суғурталовчи қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.


20. Суғурталовчи қуйидагиларга мажбур:

суғурталанувчини мажбурий суғурта шартномаси шартлари билан таништириш, шу жумладан, унинг ҳуқуқ ва мажбуриятларини тушунтириш;

ўз фаолиятини амалга ошириш натижасида суғурталанувчи ва (ёки) суғурта қилинган шахс (наф олувчи) тўғрисидаги маълумотларнинг маҳфийлигини таъминлаш;

суғурта товонини тўлашни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилинган тақдирда, суғурталанувчи суғурта товонини тўлаш учун мурожаат этгандан кейин ўн беш иш кунидан кечикмай бу ҳақда суғурталанувчига рад этиш сабабларини асослаган ҳолда ёзма шаклда хабар қилиш;

мазкур Низомнинг 24-бандида назарда тутилган барча зарур ҳужжатлар тақдим этилган санадан бошлаб ўн беш иш кунидан кечикмай қарор қабул қилиш ва суғурта товонини тўлаш.

Суғурталовчи қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа мажбуриятлар ҳам олиши мумкин.


21. Суғурталанган шахс қуйидаги ҳуқуқларга эга:

суғурталовчига суғурта товонини тўлаш ҳақида ёзма шаклдаги ариза билан мурожаат қилиш;

қонун ҳужжатларида белгиланган шартларда ва тартибда суғурта товонини олиш;

мажбурий суғурта шартномасининг шартлари тўғрисида суғурталанувчидан ёки суғурталовчидан бепул ахборот олиш;

ҳаёти ёки соғлиғига зарар етказилиши шароитларини текширишда, зарурат бўлганда, ўзининг ишончли шахсини жалб этган ҳолда белгиланган тартибда иштирок этиш;

суғурта қилдирувчидан суғурталовчи ҳақидаги барча зарур маълумотларни олиш.

Суғурталанган шахс қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.


22. Наф олувчи қуйидаги ҳуқуқларга эга:

суғурта товонини олиш ҳақидаги талаб билан суғурталовчига мурожаат қилиш;

суғурталовчидан қонун ҳужжатларида белгиланган шартларда ва тартибда суғурта товонини олиш;

мажбурий суғурта шартномасининг шартлари тўғрисида суғурталанувчидан, суғурталовчидан бепул ахборот олиш;

суғурталанган шахс функционал вазифаларини бажараётганда ҳалок бўлганлиги (вафот этганлиги) ҳақида суғурта қилдирувчига хабар қилиш;

суғурта ҳодисасини текширишда, зарурат бўлганда, ўзининг ишончли шахсини жалб этган ҳолда, белгиланган тартибда иштирок этиш;

суғурталовчи ҳақидаги барча зарур маълумотларни суғурта қилдирувчидан олиш.

Наф олувчи қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.



V. МАЖБУРИЙ СУҒУРТА ШАРТНОМАСИ БЎЙИЧА СУҒУРТА

ТОВОНИНИ ТЎЛАШ ТАРТИБИ ВА ШАРТЛАРИ


23. Суғурталовчи суғурта товони тўлашни қуйидаги ҳолатларда амалга оширади:

а) суғурталанган шахс функционал мажбуриятларини бажариш вақтида ҳалок бўлганда (вафот этганда) ёки шикастланиш, контузия, майибланиш, касаллик (кейинчалик - жароҳат) натижасида ишдан бўшаган ҳолларда наф олувчиларга (мерос ҳуқуқи тўғрисидаги гувоҳнома тақдим этилганда) - суғурта пули миқдорида;

б) суғурталанган, функционал мажбуриятларини бажариш вақтида олган жароҳати натижасида ишдан бўшаганига бир йил бўлгунга қадар шахс ногиронлиги бўлган шахс деб эътироф этилганда:

I гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсга - суғурта пулининг 75 фоизи миқдорида;

II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсга - суғурта пулининг 50 фоизи миқдорида;

III гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсга - суғурта пулининг 30 фоизи миқдорида;

в) суғурталанган шахс функционал мажбуриятларини бажариш вақтида оғир жароҳат олганда - суғурта пулининг 20 фоизи ва енгил жароҳат олганда - 10 фоизи миқдорида;

г) суғурталанган шахс иш даврида соғлиғининг ҳолати туфайли кейинчалик ўз хизмат вазифаларини бажара олмайди деб эътироф этилганда - суғурта пулининг 10 фоизи миқдорида.


24. Суғурталанган шахс (наф олувчи) суғурталовчига суғурта товонини тўлаш тўғрисидаги аризани унга қуйидагиларнинг аслини ёки нусхасини илова қилган ҳолда юборади:

а) суғурталанган шахс хизмат вазифаларини бажариш вақтида ҳалок бўлганда (вафот этганда):

суғурталанган шахснинг ўлими ҳақидаги гувоҳноманинг нусхаси;

мерос ҳуқуқи тўғрисидаги гувоҳнома;

шахсини тасдиқловчи ҳужжат.

Суғурталанган шахс функционал вазифаларини бажариш вақтида олган жароҳати сабабли ишдан бўшаганига бир йил ўтгунга қадар вафот этганда, булардан ташқари, тиббий-меҳнат эксперт комиссиясининг ушбу ҳолатни тасдиқловчи маълумотномаси тақдим этилади.

Наф олувчилар нотариал идорадан мерос ҳуқуқини тасдиқловчи гувоҳномани олиш учун суғурта қилдирувчига мурожаат қилганда у наф олувчиларга нотариал идорага тақдим этиш учун мазкур Низомнинг 4-иловасига* мувофиқ маълумотнома беради;

б) суғурталанган шахсга ногиронлик белгиланганда:

тиббий-меҳнат экспертиза комиссиясининг ногиронликни белгилаш тўғрисидаги ногиронликнинг гуруҳи, сабаби ва белгиланган санаси кўрсатилган маълумотномасининг нусхаси;

шахсини тасдиқловчи ҳужжат;

меҳнат дафтарчасининг нусхаси;

в) суғурталанган шахс функционал вазифаларини бажариш вақтида жароҳат олганда:

мазкур Низомнинг 5-иловасига* мувофиқ белгиланган шакл бўйича тиббиёт муассасасининг олинган жароҳатнинг оғирлиги даражаси кўрсатилган маълумотномаси;

шахсини тасдиқловчи ҳужжат.

Олинган жароҳатнинг оғирлиги даражаси тиббиёт муассасалари томонидан мазкур Низомнинг 6-иловасига* мувофиқ оғир ёки енгил даражадаги шикастланиш, контузия, жароҳат ва майибликлар Рўйхати асосида аниқланади;

г) суғурталанган шахс иш даврида соғлиғи туфайли кейинчалик ўз вазифаларини бажара олмайди деб эътироф этилганда:

суғурталанган шахснинг касаллиги ҳақидаги гувоҳноманинг нусхаси;

шахсини тасдиқловчи ҳужжат.

Суғурталанган шахс (наф олувчи) суғурта ҳодисасининг турига кўра мазкур Низомнинг 24-бандида назарда тутилган ҳужжатларни тақдим этади. Ушбу ҳужжатлар тўлиқ ҳажмда тақдим этилмаганда суғурталовчи етишмаётган ҳужжатларни ёзма равишда талаб қилиши керак.


25. Суғурта ҳодисаси эътироф этилган тақдирда, суғурта ҳодисаси тўғрисида далолатнома тузилади, у суғурталовчи, суғурта қилдирувчи, суғурталанган шахс (наф олувчи) томонидан уч нусхада - ҳар қайси томон учун бир нусхадан имзоланади.


26. Суғурталовчи томонидан суғурта товонини тўлашни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилинган тақдирда, бу ҳақда суғурталанганга (наф олувчига) у суғурта товонини тўлаш тўғрисида ёзма мурожаат этгандан кейин ўн беш иш кунидан кечикмай унга рад этишнинг асосланган сабаблари кўрсатилган ҳолда хабар қилиниши лозим.



VI. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР


27. Мажбурий суғурта шартномаси бўйича ўз зиммасига олинган мажбуриятларнинг бажарилмаганлиги ёки зарур даражада бажарилмаганлиги учун томонлар қонун ҳужжатларига мувофиқ жавоб берадилар.


28. Мажбурий суғурта шартномасидан келиб чиқадиган барча баҳслар ва келишмовчиликлар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳал этилади.


29. Ушбу Низом талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.



*) Иловалар рус тилидаги матнда берилган.



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2015 йил 29 июнь, 25-сон, 328-модда