Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 04.11.2010 й. 244-сон "Комплекс тадбиркорлик лицензияси (франшизинг) шартномаларини давлат рўйхатидан ўтказиш тартиби тўғрисидаги Низомни тасдиқлаш ҳақида"ги Қарори

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ

ҚАРОРИ

04.11.2010 й.

N 244


КОМПЛЕКС ТАДБИРКОРЛИК ЛИЦЕНЗИЯСИ

(ФРАНШИЗИНГ) ШАРТНОМАЛАРИНИ ДАВЛАТ

РЎЙХАТИДАН ЎТКАЗИШ ТАРТИБИ ТЎҒРИСИДАГИ

НИЗОМНИ ТАСДИҚЛАШ ҲАҚИДА


Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик кодексига мувофиқ ва тадбиркорлик субъектлари фаолияти учун қулай шарт-шароитларни янада шакллантириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси ҚАРОР ҚИЛАДИ:


1. Комплекс тадбиркорлик лицензияси (франшизинг) шартномаларини давлат рўйхатидан ўтказиш тартиби тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин.


2. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги, Савдо-саноат палатаси, Давлат патент идораси манфаатдор вазирликлар ва идоралар, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан биргаликда бир ой муддатда Ташкилий тадбирлар режасини тасдиқласинлар. Режада қуйидагилар:

Комплекс тадбиркорлик лицензияси (франшизинг) шартномаларини давлат рўйхатидан ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомнинг асосий мақсадлари ва моҳиятини ҳамда комплекс тадбиркорлик лицензияси (франшизинг) шартномаларини давлат рўйхатидан ўтказиш ишларини ташкил этиш механизмини тушунтириш;

республика ҳудудларида франшизингни ривожлантиришнинг афзалликлари тўғрисида тадбиркорлик субъектлари ўртасида давра суҳбатлари ташкил этиш;

ихтисослаштирилган семинарлар ва тренинглар ўтказиш йўли билан комплекс тадбиркорлик лицензияси (франшизинг) шартномаларини давлат рўйхатидан ўтказишни таъминлаш учун масъул бўлган мутахассислар малакасини тизимли оширишни ташкил этиш чора-тадбирлари назарда тутилсин.


3. Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Ташқи ишлар вазирлиги хўжалик бошқаруви органлари билан биргаликда тизимли асосда франшизингни йўлга қўйиш, шунингдек миллий брендларнинг чет элга чиқишида тадбиркорлик субъектларига кўмаклашиш учун халқаро эътироф этилган ташкилотларни, энг аввало, ишлаб чиқариш ташкилотларини ва уларнинг брендларини Ўзбекистон Республикасига жалб этиш ишларини олиб борсинлар.

4. Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси ва хўжалик бошқаруви органларига:

манфаатдор ташкилотлар ва халқаро донор институтлар билан биргаликда йирик корхоналар билан кичик бизнес, хусусий тадбиркорлик субъектлари ўртасидаги кооперацияни кенгайтириш мақсадида франшизингни тизимли ўрганиш ва унинг механизмини Савдо-саноат палатаси аъзолари ва шериклари орасида жорий этиш;

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар, туманлар ва шаҳарлар ҳокимликлари билан биргаликда франшизинг механизмидан фойдаланган ҳолда муваффақиятли корхоналарнинг тажрибасини аниқлаш ва ёйиш чора-тадбирларини кўриш;

Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатасининг сайтида франшизинг механизмини қўллаш бўйича ўқув-методик ва кўргазмали қўлланмаларни, шарҳларни жойлаштириш тавсия қилинсин.


5. Вазирликлар ва идоралар бир ой муддатда ўз идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини ушбу қарорга мувофиқлаштирсинлар.


6. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари Р.С. Азимов зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири                             Ш. Мирзиёев



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2010 йил, 44-45-сон, 382-модда.


“Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг қарорлари тўплами”, 2010 йил, 11-сон, 56-модда