Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларининг ҳарбий хизматчиларига узоқ муддатли ипотека кредитларидан фойдаланган ҳолда квартиралар сотиб олиш ва якка тартибдаги уй-жойлар қуриш учун ер участкалари ажратиш тартиби тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 31.07.2008 й. 163-сон қарорига илова)

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

Вазирлар Маҳкамасининг

2008 йил 31 июлдаги

163-сон қарорига

ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларининг

ҳарбий хизматчиларига узоқ муддатли ипотека

кредитларидан фойдаланган ҳолда квартиралар

сотиб олиш ва якка тартибдаги уй-жойлар қуриш

учун ер участкалари ажратиш тартиби тўғрисида

НИЗОМ


I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Низом Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларининг ҳарбий хизматчиларига узоқ муддатли ипотека кредитларидан фойдаланган ҳолда квартиралар сотиб олиш ва якка тартибдаги уй-жойлар қуриш учун ер участкалари ажратиш тартибини белгилайди.


2. Ушбу Низом камида 10 календарь йил хизмат қилган ва янги контракт тузган уй-жой билан таъминланмаган ёки уй-жой шароитларини яхшилашга муҳтож бўлган контракт бўйича ҳарбий хизматчиларга (кейинги ўринларда "ҳарбий хизматчилар" деб аталади) татбиқ этилади.


3. Ҳарбий хизматчилар томонидан узоқ муддатли ипотека кредитларидан фойдаланган ҳолда квартиралар сотиб олиш ва якка тартибда уй-жойлар қуриш учун ипотека кредити олишда уй-жой майдонининг белгиланган ижтимоий нормаси доирасида сотиб олинадиган ёки қуриладиган уй-жой қийматининг 25 фоизи миқдоридаги дастлабки бадал Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ва Миллий хавфсизлик хизмати (кейинги ўринларда "тегишли вазирликлар" деб аталади) томонидан давлат бюджети параметрларида ҳарбий хизматчиларни уй-жой билан таъминлаш учун назарда тутилган маблағлар ва бюджетдан ташқари маблағлар ҳисобига тўланади.

4. Ипотека кредити ҳарбий хизматчиларга хизмат жойи ёки ҳарбий хизмат белгиланган жой (чақириқ) бўйича берилади.


5. Ҳарбий хизматчиларга тижорат банклари томонидан ипотека кредити бериш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.


II. ДАСТЛАБКИ БАДАЛНИ ТЎЛАШ ТАРТИБИ


6. Ҳарбий хизматчи квартира сотиб олиш ёки якка тартибда уй-жой қуриш учун тегишли вазирликдан дастлабки бадални олиш учун ҳарбий қисмнинг турар жой комиссиясига қуйидаги ҳужжатларни тақдим этади:

дастлабки бадални олиш учун ҳарбий қисм командири номига рапорт;

оиланинг таркиби тўғрисида турар жойдан маълумотнома;

ҳарбий хизматчининг уй-жой билан таъминланиш ҳуқуқини тасдиқлайдиган ҳужжат ҳисобланадиган уй-жой аттестати;

никоҳ тузилганлиги ва болалар туғилганлиги тўғрисидаги (болалар бўлса) гувоҳномаларининг нотариал тасдиқланган нусхалари;

ҳарбий хизматчининг пул таъминоти ва у билан бирга яшайдиган оила аъзоларининг иш ҳақи, доимий иш жойи бўйича (доимий иш жойи бўлган тақдирда) кейинги 12 ой учун амалга оширилган чегирмалар миқдори тўғрисидаги маълумотнома ёки яшаш жойи бўйича давлат солиқ хизмати органи томонидан тасдиқланган ўша давр учун оила аъзоларининг даромадлари тўғрисидаги декларацияларнинг нусхалари;

календарь бўйича ҳисоблаб чиқилган узоқ муддатли хизмат тўғрисидаги маълумотнома;

ҳарбий қисм командирининг контракт тузилганлиги тўғрисидаги буйруғидан кўчирма.


7. Ҳарбий қисмнинг турар жой комиссияси 10 кун муддатда тақдим этилган ҳужжатларни ўрганади ва уларда кўрсатилган маълумотларнинг ҳақиқийлигини текширади.

Ҳарбий хизматчи учун дастлабки бадални тўлаш тўғрисида ижобий қарор қабул қилинган тақдирда турар жой комиссиясининг қарори зарур ҳужжатлар илова қилинган ҳолда икки кун муддатда тегишли вазирликнинг марказий турар жой комиссиясига кўриб чиқиш учун юборилади.

Дастлабки бадални тўлашнинг рад этилиши тўғрисида қарор қабул қилинган тақдирда ҳарбий қисмнинг турар жой комиссияси қарор қабул қилинган кундан бошлаб бир кун муддатда сабабларини кўрсатиб, ҳарбий хизматчини бу ҳақда ёзма шаклда хабардор қилади.


8. Тегишли вазирликнинг марказий турар жой комиссияси томонидан бир ҳафта муддатда ҳарбий қисм турар жой комиссиясининг қарори ва унга илова қилинган ҳужжатлар кўриб чиқилади ва кўриб чиқиш натижалари бўйича икки нусхада баённома тузилади. Баённоманинг ҳар иккала нусхаси марказий турар жой комиссиясининг раиси имзоси ва гербли муҳр билан тасдиқланади.

Тегишли вазирликнинг марказий турар жой комиссияси баённомасининг бир нусхаси барча ҳужжатлар илова қилинган ҳолда текшириш, умумлаштириш ва дастлабки бадални тўлаш учун пул маблағлари ажратиш тўғрисида тегишли вазирликнинг раҳбари буйруғи лойиҳасини тайёрлаш учун икки кун муддатда тегишли вазирликнинг квартиралардан фойдаланиш органига юборилади.


9. Тегишли вазирлик раҳбарининг буйруғи асосида ушбу вазирликнинг квартиралардан фойдаланиш органи ҳарбий хизматчига тилхат билан дастлабки бадал тўланганлиги тўғрисида кафолат хати беради.

Тегишли вазирликлар томонидан дастлабки бадални тўлаш пул маблағларини ҳарбий хизматчининг банкда очилган махсус депозит ҳисоб рақамига ўтказиш йўли билан, ҳарбий хизматчи томонидан кредит шартномаси тузилгандан кейин, амалга оширилади.



III. ЯККА ТАРТИБДА УЙ-ЖОЙ ҚУРИШ

УЧУН ЕР УЧАСТКАСИ АЖРАТИШ ТАРТИБИ


10. Ҳарбий хизматчиларнинг аризаси ва тегишли вазирликларнинг маҳаллий давлат ҳокимияти органларига илтимосномаси бўйича ҳарбий хизматчиларга ажратиладиган уй-жой ўрнига уларга якка тартибда уй-жой қуриш учун бепул асосда ер участкаси белгиланган тартибда берилиши мумкин. Ер участкасини ўзлаштириш даврида ҳарбий хизматчилар ва унинг оила аъзоларига икки йилгача бўлган муддатда хизмат квартираси сақлаб қолинади.

Уй-жой шароитларини яхшилаш ўрнига ҳарбий хизматчиларга уларнинг аризаси бўйича, белгиланган тартибда ер участкаси берилиши мумкин.


11. Якка тартибда уй-жой қуриш учун ер участкалари бериш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг "Якка тартибдаги уй-жой қурилиши тўғрисидаги Низомни тасдиқлаш ҳақида" 2006 йил 30 декабрдаги 272-сон қарорида белгиланган тартибда амалга оширилади.



IV. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР


12. Квартира сотиб олиш ёки якка тартибда уй-жой қуришга ўзлари учун тегишли вазирликлар томонидан дастлабки бадал ўтказилган ҳарбий хизматчилар уй-жойга ҳужжат (ордер) олганларидан ёки туман ҳокими томонидан якка тартибдаги уй-жой қурувчига ер участкаси ажратиш тўғрисида қарор қабул қилингандан кейин давлат ҳисобига уй-жой билан таъминланмаганлар рўйхатларидан чиқарилади.

13. Ушбу Низомга мувофиқ ипотека кредити олган ва қонун ҳужжатларида назарда тутилган асослар бўйича ҳарбий хизматдан бўшатилган ҳарбий хизматчилар тегишли вазирликлар томонидан тўланган бадалнинг қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда индексация қилиш йўли билан қайта баҳоланган суммасини қайтарадилар, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2007 йил 14 сентябрдаги ПҚ-694-сон қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ҳарбий хизматчиларини уй-жой билан таъминлаш тартиби тўғрисидаги низомнинг 4-бандида кўрсатилган шахслар бундан мустасно.


14. Ҳарбий хизматчи ҳалок бўлган ёки хизмат вазифаларини бажаришда оғир тан жароҳатлари олиши оқибатида меҳнат қобилиятини йўқотган тақдирда қайтарилмаган кредит ва у бўйича ҳисобланган фоизлар суммаси тегишли вазирликнинг раҳбари қарори асосида вазирликнинг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобига қопланади.



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2008 йил, 31-32-сон, 301-модда.