Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларининг ҳарбий хизматчиларига турар жойни ижарага олганлик (ижарада турганлик) учун хар ойлик пул компенсацияси тўлаш тартиби тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 25.07.2005 й. 169-сон Қарорига илова)

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

Вазирлар Маҳкамасининг

2005 йил 25 июлдаги

169-сон қарорига

ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси Қуролли

Кучларининг ҳарбий хизматчиларига

турар жойни ижарага олганлик (ижарада

турганлик) учун ҳар ойлик пул компенсацияси

тўлаш тартиби тўғрисида

НИЗОМ


1. Турар жойни ижарага олганлик (ижарада турганлик) учун пул компенсацияси контракт бўйича хизмат қилаётган, Ўзбекистон Республикаси вазирликлари ва идоралари йўналиши бўйича турар жой билан таъминланмаган оддий аскар, сержант ва офицерлар таркибига кирувчи шахсларга амалдаги сарф-харажатлар доирасида (коммунал хизматлар ҳақи бундан мустасно):

Тошкент шаҳрида - базавий ҳисоблаш миқдорининг тўрт бараваригача миқдорда;

Нукус шаҳрида ва вилоятлар марказларида - базавий ҳисоблаш миқдорининг уч бараваригача миқдорда;

Ўзбекистон Республикасининг бошқа шаҳарлари, туманлар марказлари ва аҳоли пунктларида - базавий ҳисоблаш миқдорининг икки бараваригача миқдорда тўланади.

Оила аъзолари уч киши ва ундан ортиқ бўлган тақдирда (ҳарбий хизматчининг ўзини ҳисобламаган ҳолда) ушбу пул компенсацияси миқдорлари 50 фоизга оширилади. Бунда ҳарбий хизматчининг ҳарбий хизматни ўташ жойига келган оила аъзолари: хотини (эри), уларнинг болалари ва ота-оналари, шунингдек қонун ҳужжатларига мувофиқ ижарага олувчининг оила аъзолари деб эътироф этилган бошқа шахслар ҳисобга олинади.

Амалдаги қонун ҳужжатларига мувофиқ олдинги яшаш жойида уй-жой майдонини бронь қилган ва бронь қилинган уй-жой майдонига уй-жой майдони билан таъминланмаган бошқа ҳарбий хизматчиларни жойлаштирган, ёхуд уй-жой майдонини ушбу мақсадлар учун Ўзбекистон Республикасининг тегишли вазирликлари ва идораларининг квартира органларига берган ҳарбий хизматчиларга ҳам пул компенсацияси мана шу миқдорларда тўланади.

Тошкент шаҳри, Нукус шаҳри ва вилоят марказлари маъмурий чегараларига бевосита яқин жойлашган, бир гарнизон ҳудудига кирувчи туман аҳамиятига эга аҳоли яшаш пунктларидаги ҳарбий қисм ва муассасалар ҳарбий хизматчиларига, ушбу шаҳарлар (пойтахт ва вилоят марказлари) яқинида турар жойни ижарага олганлиги (ижарада турганлиги) учун пул компенсацияси, ҳақиқатдаги сарф-харажатлар доирасида (коммунал хизматлар ҳақи бундан мустасно), ҳарбий хизматчи ҳақиқатда яшаётган ҳудудий бирлик учун белгиланган миқдорларда тўланади.

2. Ҳарбий хизматчиларга пул компенсацияси тўлаш турар жой ижарага олинган (ижарада турган) кундан бошлаб ҳарбий хизматни ўташ жойига келгандан кейин амалга оширилади.

Пул компенсацияси тўлаш:

ҳарбий хизматчига белгиланган тартибда турар жой майдони берилган кундан бошлаб (шу жумладан белгиланган тартибда расмийлаштирилган уй-жой майдонининг олди-сотди далолатномалари асосида), шунингдек, олди-сотди шартномалари имзоланган кундан, лекин узоқ муддатли ипотека кредити бўйича дастлабки бадал тўланган ҳарбий хизматчиларга қурувчи томонидан қабул қилиш ва топшириш далолатномалари асосида сотиб олинаётган (қурилаётган) турар жой фойдаланишга топширилган кундан кечиктирмай;

ҳарбий хизматчи қисмнинг шахсий таркиби рўйхатидан чиқарилган кундан бошлаб;

ҳарбий хизматчи томонидан якка тартибда турар жой қуриш учун электрон онлайн-аукцион орқали ер участкаси олинган кундан бошлаб тўлиқ 24 ой ўтгандан кейин тўхтатилади.

Ҳарбий хизматчига турар жой майдони берилган, турар жой сотиб олиш (қуриш) учун узоқ муддатли имтиёзли ипотека кредити бўйича дастлабки бадал ўтказилган, ҳарбий хизматчи томонидан якка тартибда турар жой қуриш учун электрон онлайн-аукцион орқали ер участкаси олинган тақдирда ҳарбий қисмнинг уй-жой комиссияси ҳарбий қисмнинг молия органига пул компенсациясини тўлашни тўхтатиш учун асос ҳисобланган ҳужжатнинг нусхасини тақдим этади.

Ота-оналари, эри (хотини)нинг ота-оналари уй-жой майдонида бирга яшаётган ҳарбий хизматчиларга пул компенсацияси тўланмайди.

3. Ҳарбий хизматчилар пул компенсациясини олиш учун вақтинча яшаш жойини ва коммунал хизматлар қийматисиз турар жойни ижарага олганлик (ижарада турганлик) учун амалдаги харажатлар суммасини кўрсатган ҳолда командирга (бошлиқга) рапорт берадилар.

Рапортга қуйидаги ҳужжатлар илова қилинади:

ҳарбий хизматчининг шахсий таркиб рўйхатига киритилганлиги тўғрисида ҳарбий қисм командири буйруғидан кўчирма;

Ўзбекистон Республикаси вазирликлари ва идораларининг тегишли квартира органлари томонидан берилган олдинги хизмат жойи бўйича турар жой майдонини топширганлик (бронь қилганлик) тўғрисида белгиланган шаклдаги маълумотнома нусхаси;

оила бошлиғининг хизматни ўташ жойига келиши учун ҳарбий хизматчи билан келган ва бирга яшаётган оила аъзоларининг таркиби тўғрисида (туғилган санаси кўрсатилган ҳолда) ҳарбий қисм штабининг (кадрлар органининг) маълумотномаси;

ҳарбий хизматчи ва унинг турмуш ўртоғи (эри, хотини) номида шахсий турар жой мавжуд ёки мавжуд эмаслиги тўғрисида маълумотнома;

турар жойни ижара олганлик (ижара) шартномасининг солиқ хизмати органида ҳисобга қўйилган нусхаси ёки кўчмас мулк ижара шартномасини ҳисобга қўйилганлиги ҳақида билдиришнома.

4. Биргаликда никоҳда бўлган ҳарбий хизматчиларга (хотинига, эрига) пул компенсацияси хизматни ўташ жойидан эри (хотини) турар жой майдони билан таъминланмаганлиги ва пул компенсацияси олмаслиги ҳақидаги маълумотнома бўлган тақдирда ҳарбий хизматни ўташ жойи бўйича улардан бирига тўланади.

Ҳарбий хизматчи аёллар бола 2 ёшга тўлгандан кейин уни парвариш қилиш учун таътилга чиққанлари тақдирда пул компенсацияси бутун таътил даври учун тўланади.


5. Пул компенсацияси ҳарбий хизматчининг хизматни ўташ жойи бўйича молия органи томонидан ўтган ой учун тарқатиш ведомости бўйича тўланади, бир вақтнинг ўзида ҳарбий қисм командири (бошлиғининг), корхона ва муассасанинг тўланиши керак бўлган пул компенсацияси суммаси ва тўлов қайси давр учун амалга оширилаётганлиги кўрсатилган буйруғи асосида жорий ой учун пул таъминоти тўланади.

Давлат ҳокимияти ва бошқарув органларига хизмат сафарига юборилган ҳарбий хизматчиларга пул компенсацияси ушбу ҳарбий хизматчилар таъминотнинг бошқа турларига бириктирилган ҳарбий қисм, корхона ва муассасанинг молия органи томонидан тўланади. Мудофаа вазирлигининг корхоналар ва ташкилотлардаги ҳарбий ваколатхоналари ҳарбий хизматчиларига пул компенсациялари улар учун пул таъминоти тайинланган ҳарбий қисм, корхона ва муассасаларнинг молия органи томонидан тўланади.

Пул компенсациясини олувчи ҳар бир ҳарбий хизматчига алоҳида шахсий ҳисоб варағи юритилади, ҳарбий хизматчига тақдим этилган барча ҳужжатлар унга тиркаб қўйилади. Шахсий ҳисоб варақлари ҳарбий қисмнинг молия органида тўловлар тамом бўлгунгача ва ҳарбий қисмнинг молия-хўжалик фаолияти ҳужжатлар билан тафтиш қилиниши жараёнида амалга оширилган харажатларнинг тўғрилиги текширилгунгача сақланади ҳамда сақлаш муддатлари тамом бўлгандан кейин белгиланган тартибда йўқ қилиниши керак.


6. Пул компенсацияси миқдорини белгилаш чоғида ҳисобга олинадиган оила таркиби ўзгарган тақдирда, бу ҳақда ҳарбий хизматчи рапорт беради, янги миқдорлардаги пул компенсацияси ушбу ўзгартиришлар белгиланган тартибда кучга киргандан бошлаб тўланади.

Ҳарбий хизматчининг айби билан ортиқча олинган пул компенсацияси суммаси ундан тўлиқ миқдорда ундириб олинади.


7. Пул компенсацияси тўлаш билан боғлиқ харажатлар:

а) смета-бюджет тартибида молиялаштириладиган ҳарбий қисмлар, ҳарбий-таълим муассасалари, корхоналар, ташкилотлар ва муассасаларда - бюджет маблағлари ҳисобидан;

б) хўжалик ҳисобидаги вазирликлар ва идораларнинг ҳарбий қисмларида, муассасалари, корхоналари ва ташкилотларида - ўз маблағлари ҳисобидан тўланади.


8. Сарфланган пул маблағлари тўғрисидаги ҳисобот Молия вазирлиги билан келишув бўйича тегишли вазирлик ва идора томонидан тасдиқланадиган шакл бўйича ҳарбий қисмнинг молия органи томонидан йилнинг ҳар чорагида юқори турувчи молия органига (таъминловчи молиявий органга) тақдим этилади.


9. Пул компенсациясининг тўланиши тўғрилиги устидан назорат қилиш ҳарбий қисм командирига (бошлиғига), корхоналар, муассасаларга ва уй-жой комиссияси раисига юкланади.



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2005 йил, 30-31-сон, 228-модда.