Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 30.11.2011 й. 315-сон "Вазирлар Маҳкамасининг "Давлат мулкини ижарага бериш тартибини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида" 2009 йил 8 апрелдаги 102-сон қарорига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида"ги Қарори

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ

ҚАРОРИ

30.11.2011 й.

N 315


ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ "ДАВЛАТ

МУЛКИНИ ИЖАРАГА БЕРИШ ТАРТИБИНИ

ТАКОМИЛЛАШТИРИШ ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ

ТЎҒРИСИДА" 2009 ЙИЛ 8 АПРЕЛДАГИ 102-СОН

ҚАРОРИГА ЎЗГАРТИРИШ ВА ҚЎШИМЧАЛАР

КИРИТИШ ҲАҚИДА


Давлат мулкини ижарага бериш тартибини янада такомиллаштириш ҳамда давлат мулкини ижарага беришдан тушаётган маблағлардан самарали фойдаланиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси ҚАРОР ҚИЛАДИ:


1. Вазирлар Маҳкамасининг "Давлат мулкини ижарага бериш тартибини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида" 2009 йил 8 апрелдаги 102-сон қарорига (Ўзбекистон Республикаси ҚТ, 2009 й., 4-сон, 26-модда) иловага мувофиқ ўзгартириш ва қўшимчалар киритилсин.


2. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари Р.С. Азимов зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири                              Ш. Мирзиёев






Вазирлар Маҳкамасининг

2011 йил 30 ноябрдаги

315-сон қарорига

ИЛОВА



Вазирлар Маҳкамасининг "Давлат мулкини ижарага

бериш тартибини такомиллаштириш чора-тадбирлари

тўғрисида" 2009 йил 8 апрелдаги 102-сон қарорига

киритилаётган ўзгартириш ва қўшимчалар


1. Вазирлар Маҳкамасининг "Давлат мулкини ижарага бериш тартибини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида" 2009 йил 8 апрелдаги 102-сон қарорида (Ўзбекистон Республикаси ҚТ, 2009 й., 4-сон, 26-модда):


а) 2-банднинг еттинчи хатбошисидаги "республика ва вилоят", "Монополиядан чиқариш, рақобат ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш давлат қўмитаси" сўзлари чиқариб ташлансин, "ҳар чоракда эълон қилиш" сўзлари "жойлаштириш" сўзи билан алмаштирилсин;


б) 3-банднинг тўртинчи ва бешинчи хатбошилари қуйидаги мазмундаги тўртинчи - еттинчи хатбошилар билан алмаштирилсин:

"марказларнинг транзит ҳисоб рақамларига тушадиган ижара тўлови маблағларининг 50 фоизи тегишли бюджет даромадига, 40 фоизи - давлат мулкини балансида сақловчига ва 10 фоизи - тегишли марказга йўналтирилади;

ижара тўлови муддатини ўтказиб юборганлик учун ундирилган пеня суммасининг ва шартнома мажбуриятларини бузганлик учун жарима суммасининг 50 фоизи марказлар ихтиёрида қолади, қолган қисми эса тегишли бюджет даромадига йўналтирилади.

Белгилаб қўйилсинки, тегишли марказнинг Қорақалпоғистон Республикаси Давлат мулки қўмитаси, Ўзбекистон Республикаси Давлат мулки қўмитасининг вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳудудий бошқармалари томонидан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда олинаётган соф фойдасининг бир қисми ёки ҳаммаси Ўзбекистон Республикаси Давлат мулки қўмитасининг бюджетдан ташқари жамғармасида жамланади.

Ўзбекистон Республикаси Давлат мулки қўмитасининг бюджетдан ташқари жамғармасида жамланадиган маблағлар Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигида рўйхатдан ўтказилган бюджетдан ташқари жамғарманинг даромадлар ва харажатлар сметасига мувофиқ белгиланган тартибда сарфланади";


в) 3-1-бандга қуйидаги мазмундаги хатбоши қўшилсин:

"Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари ҳар йили кўчмас давлат мулкидан фойдаланганлик учун ижара тўловининг энг кам ставкаларини тасдиқлашда давлат мулки бўлган бинолар ва хоналарда жойлашган бюджет ташкилотлари учун ижара тўловининг ноль ставкасини белгилашни назарда тутсинлар";


г) қуйидаги мазмундаги 4-1-банд қўшилсин:

"4-1. Белгилаб қўйилсинки, ижарага берилган давлат мулкига зарар етказганлик белгилари аниқланган тақдирда, етказилган зарар суммаси баҳолаш ташкилоти томонидан уни баҳолаш йўли билан аниқланади ва айбдор шахслардан белгиланган тартибда ундирилади.

Зарар суммаси тегишли марказнинг транзит ҳисоб рақамида жамланади ҳамда марказнинг баҳолашни ўтказиш билан боғлиқ харажатлари ва суд харажатлари чегирилган ҳолда давлат мулкини балансида сақловчига йўналтирилади";


д) 6-бандга қуйидаги мазмундаги иккинчи ва учинчи хатбошилар қўшилсин:

"Давлат мулкини ижара шартномаси тузмасдан ижарага бериш, ижара шартномасида ижарага берилган мулкнинг параметрлари ва сони атайлаб нотўғри қайд этилганлиги, бунинг натижаси ижара тўловининг яширилишига олиб келганлиги ҳолати аниқланган тақдирда, марказ бузилиш аниқланган санадан бошлаб уч иш куни мобайнида, белгиланган тартибда давлат мулкидан фойдаланганлик даври учун ижара тўловини икки баравар миқдорда ҳисоблаб чиқади ва уни ундириш учун тегишли ҳужжатларни балансида сақловчига тақдим этади.

Ҳисоблаб ёзилган тўлов суммаси балансида сақловчи томонидан тўланмаган тақдирда, давлат мулки жойлашган жойдаги марказ ҳужжатлар балансида сақловчига тақдим этилган санадан бошлаб ўн иш куни ўтгач ҳисоблаб ёзилган тўлов суммасини белгиланган тартибда ундириш учун материалларни судга топширади".


2. Илова (Давлат мулкини ижарага бериш тартиби тўғрисидаги низом)да:


а) 2-бандда:

қуйидаги мазмундаги иккинчи хатбоши қўшилсин:

"давлат мулки - давлат корхоналари ва бюджет ташкилотлари балансидаги мол-мулк, шунингдек юридик шахсларнинг оммавий мулкни бошқарувчи ёхуд ваколатли давлат органи томонидан тасарруф этиш ҳуқуқисиз уларга берилган мол-мулки (давлат мулки объектларини инвестиция мажбуриятлари ва бошқа мажбуриятлар билан сотиш ҳоллари бундан мустасно)";


иккинчи - тўртинчи хатбошилар тегишли равишда учинчи - бешинчи хатбошилар деб ҳисоблансин;


б) 10-бандда:

қуйидаги мазмундаги иккинчи ва учинчи хатбошилар қўшилсин:

"Бинолар ва иншоотлар бўйича ижара тўловининг энг кам ставкалари ҳисоб-китоблари Ўзбекистон Республикаси Давлат мулки қўмитаси томонидан ҳар йили 1 ноябргача тайёрланади ҳамда келишиш учун Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ва Иқтисодиёт вазирлигига тақдим этилади, улар ўн иш куни мобайнида уларни келишадилар ёки қайта ишлаш ва кейинчалик Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ва Иқтисодиёт вазирлигининг мулоҳазалари ва таклифлари олинган санадан бошлаб ўн иш кунидан ортиқ бўлмаган муддатда келишишга киритиш учун Ўзбекистон Республикаси Давлат мулки қўмитасига қайтарадилар.

Жорий йилнинг 15 декабридан кечикмай бинолар ва иншоотлар бўйича ижара тўлови энг кам ставкаларининг келишилган ҳисоб-китоблари Ўзбекистон Республикаси Давлат мулки қўмитаси томонидан тегишли равишда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларига тасдиқлаш учун юборилади";


иккинчи - бешинчи хатбошилар тегишли равишда тўртинчи - еттинчи хатбошилар деб ҳисоблансин;


қуйидаги мазмундаги саккизинчи хатбоши қўшилсин:

"балансида сақловчининг раҳбари ва бош бухгалтери ижарага берилаётган мол-мулкнинг тикланган қиймати тўғрисида тақдим этилган ахборотнинг ишончлилиги учун жавоб берадилар";


в) қуйидаги мазмундаги 10-1-банд қўшилсин:

"10-1. Ижара шартномасини тузишда иситиш, совутиш, электр энергияси билан таъминлаш, совуқ ва иссиқ сув таъминоти, ёнғин хавфсизлиги ва қўриқлаш (ҳисоблагич, дизель генератори, совутиш машинаси (чиллер, фанкойл ва бошқалар), тортиш вентиляторлари, насослар, трансформатор ва тақсимлаш кичик станциялари, ёнғин хавфсизлиги ва қўриқлаш тизимлари, кўтариш механизмлари (шу жумладан, лифтлар ва бошқалар) зинапоя панжаралари, зинапоялар, лифт шахталари ва бошқа шахталар, шунингдек балансида сақловчи ва ижарага олувчиларнинг ходимлари ва/ёки ўқувчилари ошхоналар ва буфетларда овқатланиши учун фойдаланадиган майдончалар бўйича муҳандислик тармоқлари ва коммуникациялар, механик, электр, санитария-техник асбоб-ускуналар ва бошқа асбоб-ускуналар ва қурилмалар бўйича ижара тўлови белгиланмайди.

Давлат мулкининг кўрсатиб ўтилган турлари бўйича шартномада коммунал ва фойдаланиш тўловлари, шу жумладан, амортизация ажратмалари (мавжуд бўлганда) назарда тутилади";


г) қуйидаги мазмундаги 10-2-банд қўшилсин:

"10-2. Турли спорт, маданий, ўқув, тиббиёт тадбирлари ва бошқа ижтимоий тадбирлар (тўгараклар)ни ташкил этиш, шунингдек дарсдан ташқари (ишдан ташқари) вақтда балансида сақловчи ва ижарага олувчиларнинг ходимлари овқатланиши ва/ёки даволанишини ташкил этиш мақсадида ижаранинг айрим объектлари (ошхоналар ва буфетлар, заллар (хоналар), спорт иншоотлари 270 иш куни ва 8 соатлик иш куни ҳисобидан келиб чиқиб ижара тўловининг соатбай ставкаси тўланган ҳолда ижарага берилиши мумкин";


д) 12-бандда:

биринчи хатбоши қуйидаги таҳрирда баён қилинсин:

"Давлат мулки даврий нашрларда, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Давлат мулки қўмитаси ва Савдо-саноат палатасининг веб-сайтларида фойдаланилмаётган давлат мулки ижарага берилиши тўғрисида мажбурий тарзда эълон қилиш шарти билан (чоракда камида бир марта) ижарага берилади";


саккизинчи хатбоши қуйидаги таҳрирда баён қилинсин:

"Ижарага олувчи ижара шартномаси муддатини узайтириш тўғрисида ёзма мурожаат қилган тақдирда шартнома ушбу Низомнинг 7-бандида назарда тутилган давлат мулки ижарасининг энг кўп муддатидан ортиқ бўлмаган муддатга, ушбу ижара объекти бўйича мажбурий эълон берилмасдан, белгиланган тартибда узайтирилади. Ушбу энг кўп муддат тугагач, давлат мулки умумий асосларда ижарага берилади";


е) 13-банд қуйидаги таҳрирда баён қилинсин:

"13. Ҳар бир ижара шартномаси бўйича буюртманомалар ижарага берувчи томонидан фойдаланилмаётган давлат мулкини ижарага бериш тўғрисида эълон берилгандан кейин биринчи буюртманома рўйхатдан ўтказилган санадан бошлаб, ҳар бир буюртманомага тартиб рақами берилган ҳамда буюртманома берилган сана ва вақт кўрсатилган ҳолда, беш иш куни мобайнида махсус дафтарда рўйхатдан ўтказилади.

Кўрсатиб ўтилган муддат тамом бўлгандан кейин тушган талабномаларни (буюртманомаларни) кўриб чиқиш икки иш кунидан ошмайдиган муддат мобайнида амалга оширилади.

Талабгорлар (талабгор) талабномаларни (буюртманомаларни) кўриб чиқишда қатнашиши мумкин. Буюртманомаларни кўриб чиқишда қатнашмаган талабгор кўриб чиқиш натижалари тўғрисида ёзма равишда (факс, электрон почта, почта орқали) хабардор қилинади";


ж) 15-бандда:

иккинчи хатбоши қуйидаги таҳрирда баён қилинсин:

"Талабгорларнинг таклифлари тенг бўлган тақдирда ижара шартномаси, агар талабгорлардан бири буюртманомаларни кўриб чиқиш жараёнида ижара тўловининг дастлабки таклифидан ортиқ бўлган миқдорда ижара тўловини таклиф этмаса, бошқалардан олдин буюртманома берган талабгор билан тузилади. Ушбу ҳолатда шартнома ижара тўловининг энг юқори миқдорини таклиф этган талабгор билан тузилади";


тўртинчи хатбошига "тузилади" сўзидан кейин "ёхуд унга ижара шартномаси тузишнинг сабаблари асосланган рад жавоби юборилади" сўзлари қўшилсин;


қуйидаги мазмундаги бешинчи - ўнинчи хатбошилар қўшилсин:

"Бунда навбатма-навбатлик тартибида:

бюджет ташкилотлари;

халқаро ташкилотлар ваколатхоналари, Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари доирасида ўз фаолиятини амалга оширувчи қўшма лойиҳаларни амалга ошириш бўйича гуруҳлар давлат мулки ижара шартномасини тузишнинг устунлик ҳуқуқига эга бўладилар, улар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари шартларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг, Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг қарорларига мувофиқ давлат мулки бўлган бинолар ва хоналарда жойлаштирилади, улар учун ижара тўловининг нул ставкаси белгиланган, қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно;

балансида сақловчининг юритишида бўлган ташкилотлар, шунингдек балансида сақловчининг юқори ташкилоти (муассасаси) ҳисобланган вазирликлар (идоралар)нинг таркибий бўлинмалари;

кичик тадбиркорлик субъектлари;

нодавлат нотижорат ташкилотлари давлат мулки ижара шартномасини тузишнинг устунлик ҳуқуқига эга бўладилар";


з) қуйидаги мазмундаги 15-1-банд қўшилсин:

"15-1. Амал қилиш муддати навбатдаги йилга ўтадиган кўчмас давлат мулки ижара шартномаси бўйича бўлажак йил даври учун ижара тўлови белгиланган тартибда бўлажак йилга ижара тўловининг энг кам ставкаларига мувофиқ белгиланади.

Ушбу Низом 15-бандининг биринчи ва иккинчи хатбошиларида кўрсатилган шартларга мувофиқ тузилган, амал қилиш муддати кейинги йилга ўтадиган кўчмас давлат мулки ижара шартномаси бўйича келгуси йил даври учун ижара тўлови олдинги ва келгуси йил учун энг кам ставкалардан келиб чиққан ҳолда ҳисобланган ижара тўлови тафовутига мутаносиб равишда кўпаяди ёки камаяди.

Ижарага олувчи келишмаган тақдирда ижара шартномаси бекор қилинади ва ижара объекти белгиланган тартибда ижарага берилади";


и) 16-бандда:

қуйидаги мазмундаги биринчи хатбоши қўшилсин:

"Буюртманомаларни кўриб чиқиш натижалари тўғрисидаги баённома Комиссия томонидан қарор қабул қилинган кунда Комиссия аъзолари томонидан имзоланади ва унинг раиси томонидан тасдиқланади";


биринчи хатбоши иккинчи хатбоши деб ҳисоблансин;


к) 22-банднинг учинчи хатбошисига "тўловлари" сўзидан кейин "шу жумладан, амортизация ажратмалари" сўзлари қўшилсин;


л) 23-бандда:

иккинчи хатбошига "ижара тўлови суммасини" сўзларидан олдин "балансда сақловчига ажратиладиган" сўзлари қўшилсин;


учинчи ва тўртинчи хатбошилар қуйидаги мазмундаги учинчи - бешинчи хатбошилар билан алмаштирилсин:

"Ижара тўлови, шунингдек бир иш куни мобайнида ижарага берувчиларнинг транзит ҳисоб рақамларига тушган ижара тўловини тўлаш кечиктирилганлиги учун ундирилган пеня суммаси ва шартнома мажбуриятлари бузилганлиги учун жарима қуйидаги тартибда тақсимланиши керак;

ижара тўлови маблағларининг 50 фоизи - тегишли бюджет даромадига, 40 фоизи - давлат мулкини балансида сақловчига, 10 фоизи - ижарага берувчига йўналтирилади;

ижара тўловини тўлаш кечиктирилганлиги учун ундирилган пеня суммаси ва шартнома мажбуриятлари бузилганлиги учун жариманинг 50 фоизи тегишли бюджет даромадига йўналтирилади ва қолган 50 фоизи ижарага берувчининг тасарруфида қолади;


бешинчи ва олтинчи хатбошилар тегишли равишда олтинчи ва еттинчи хатбошилар деб ҳисоблансин;


м) 25-бандга "ижара муддати тугагач" сўзларидан кейин "ёки ижара шартномаси муддатидан олдин бекор қилинганда, ҳақиқий эмас деб ҳисобланганда" сўзлари қўшилсин;


н) 35-бандга қуйидаги мазмундаги хатбошилар қўшилсин:

"Балансида сақловчи йил чорагида камида бир марта ўзи унинг юритишида бўлган давлат мулкини хатловдан ўтказишга ва фойдаланилмаётган давлат мулки аниқланган тақдирда 10 кун мобайнида ижарага берувчига давлат мулки жойлашган жойни, миқдори, таркиби ва бошқа умумий тавсифларини кўрсатган ҳолда унинг ҳақидаги маълумотларни тақдим этишга мажбур.

Кўрсатиб ўтилган маълумотлар яширилганлиги, ўз вақтида тақдим этилмаганлиги, шунингдек уларнинг бузилганлиги учун балансида сақловчи ва айбдор шахслар қонун ҳужжатларига мувофиқ жавоб берадилар";


о) қуйидаги мазмундаги 38-банд қўшилсин:

"38. Қамраб олишнинг тўлиқлиги, ўз вақтида ва зарур тарзда ҳисобланиши, ижарага берилган давлат мулки бўйича ижара тўлови тўланишини назорат қилиш ижарага берувчилар томонидан, шунингдек белгиланган тартибда текширишлар амалга оширилган тақдирда - Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг Назорат-тафтиш бош бошқармаси томонидан амалга оширилади".



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2011 йил, 48-сон, 494-модда


"Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг қарорлари тўплами", 2011 йил, 11-сон, 92-модда