Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 15.04.2014 й. ПҚ-2164-сон "Тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш ва давлат хизматларини кўрсатиш билан боғлиқ тартиботларни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Қарори

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ПРЕЗИДЕНТИНИНГ

ҚАРОРИ

15.04.2014 й.

N ПҚ-2164


ТАДБИРКОРЛИК ФАОЛИЯТИНИ

АМАЛГА ОШИРИШ ВА ДАВЛАТ ХИЗМАТЛАРИНИ

КЎРСАТИШ БИЛАН БОҒЛИҚ ТАРТИБОТЛАРНИ ЯНАДА

ТАКОМИЛЛАШТИРИШ ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА


Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўзбекистон Республикасида инвестиция иқлими ва ишбилармонлик муҳитини янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги 2014 йил 7 апрелдаги ПФ-4609-сонли Фармонига мувофиқ ҳамда лицензиялашни ва рухсат этиш характерига эга ҳужжатларни бериш механизмларини янада соддалаштириш ва арзонлаштириш, шунингдек тадбиркорликка кўпроқ эркинлик бериш мақсадида:


1. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги, Адлия вазирлиги, Молия вазирлиги, Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси, Алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация технологиялари давлат қўмитаси, Савдо-саноат палатаси, бошқа манфаатдор вазирлик ва идораларнинг:

2014 йил 1 июндан бошлаб, тадбиркорлик фаолияти соҳасидаги лицензияланадиган фаолиятнинг ва рухсат этиш характерига эга ҳужжатларнинг алоҳида турларини 1 ва 1-а иловаларга* мувофиқ бекор қилиш;

фаолиятнинг лицензияланадиган турларини ва рухсат этиш характерига эга тартиботларни расмийлаштиришнинг муддатлари ва йиғимлари миқдорларини 2 ва 3-иловаларга* мувофиқ қисқартириш;

рухсат этиш характерига эга ҳужжатларни ва лицензияларни олиш тартиботларини янада қисқартириш ва соддалаштириш тўғрисидаги таклифлари 4-иловага* мувофиқ қабул қилинсин.


2. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси лицензия ва рухсат этиш характерига эга ҳужжатларни бериш бўйича ваколатли органлар, Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги, Адлия вазирлиги, Алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация технологиялари давлат қўмитаси билан биргаликда:

2015 йил 1 январгача бўлган муддатда фаолиятнинг айрим турларини лицензиялашда "бир дарча" тамойилини қонун ҳужжатлари даражасида жорий этишни 5-иловага* мувофиқ таъминласин;

тадбиркорлик субъектлари томонидан лицензия келишувлари шартларини бажариш бўйича даврий ҳисоботларни электрон шаклда тақдим этиб бориш учун дастурий маҳсулотларни ишлаб чиқиш ва жорий этишни 2014 йилнинг охиригача тамомласин.


3. Интерактив давлат хизматлари ягона портали орқали тадбиркорлик субъектлари учун устувор интерактив хизматларни жорий этиш бўйича лойиҳалар рўйхати 6-иловага* мувофиқ тасдиқлансин.

Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги қуйидагиларни таъминласин:

фаолиятнинг лицензияланадиган турларини ва рухсат этиш тартиботларини расмийлаштиришни электрон шаклга ўтказиш, шунингдек давлат органларининг тадбиркорлик субъектлари билан ўзаро электрон ҳамкорлигини жорий этиш самарадорлигини баҳолаш бўйича чора-тадбирларни амалга ошириш юзасидан ишларни мувофиқлаштириш ва тизимли мониторинг қилиш;

Ўзбекистон Республикаси Марказий банки, "Ўзкоммунхизмат" агентлиги, манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда 2014 йилнинг охиригача Коммунал хўжалик ва уй-жой фонди порталини электрон тўлов тизимлари ва коммунал хизматларнинг биллинг тизимлари билан бирлаштириш йўли орқали мазкур портални такомиллаштириш бўйича аниқ чора-тадбирларни амалга ошириш, бунда тадбиркорлик субъектларига ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланган ҳолда, реал вақт режимида ўзаро ҳисоб-китоблар ҳолати тўғрисида хабар бериш бўйича хизматлар кўрсатиш имкониятларини назарда тутиш;

манфаатдор вазирликлар, идоралар, хўжалик бирлашмалари ва тадбиркорлик субъектларига 2013-2020 йиллар даврида Ўзбекистон Республикасининг Миллий ахборот-коммуникация тизимини ривожлантиришнинг комплекс дастури доирасида ишлаб чиқилаётган ахборот тизимларидан бепул фойдаланиш имкониятини яратиш.


4. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, бошқа манфаатдор вазирликлар, давлат қўмиталари, идоралар ва ташкилотлар билан биргаликда 2014 йил 1 октябрдан бошлаб, Ўзбекистон Республикасининг Интерактив давлат хизматлари ягона порталида қуйидагиларни амалга ошириш имконини берадиган махсус "тадбиркорлик субъектининг кабинети" ишлашини таъминласин:

молия, солиқ, статистика ва бошқа турдаги ҳисоботларни интерактив расмийлаштириш ва тақдим этиш;

солиқ ва бошқа мажбурий тўловларни, коммунал тўловларни, лицензия ва рухсат этиш характерига эга ҳужжатлар бўйича кўриб чиқишда ва уларни олишда тўланадиган йиғимларни ва давлат божларини Интернет-банкинг тизими орқали тўлаш;

маълумотномалар олиш ва бошқа интерактив давлат хизматларидан фойдаланиш.


5. 2014 йил 1 июндан бошлаб, тадбиркорлик субъектларига "бир дарча" тамойили бўйича электрон шаклда қуйидаги жараёнларни амалга ошириш ҳуқуқини берадиган тартиб ўрнатилсин:

тадбиркорлик субъектларининг уларни Маҳаллийлаштириш дастурига киритишга доир талабномаларини кўриб чиқиш учун Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва саноат вазирлигига, Инвестициялар ва ташки савдо вазирлигига, Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитасига тақдим этиш;

миллий валютада бир йилгача бўлган муддатга кредит олишга доир ҳужжатларни хизмат кўрсатувчи тижорат банкларига тақдим этиш.


6. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг комплекслари раҳбарлари:

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси, Адлия вазирлиги билан биргаликда тадбиркорлик субъектларининг молия-хўжалик фаолиятига ноқонуний аралашиш, шунингдек давлат хизматларини кўрсатишда ортиқча қоғозбозликка йўл қўйиш ҳолатлари учун давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг мансабдор шахсларига нисбатан маъмурий жавобгарлик чораларини кучайтиришни назарда тутган ҳолда қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш бўйича таклифларни икки ой муддатда белгиланган тартибда киритсин;

Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги, Молия вазирлиги, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда мамлакатимизда янада қулай ишбилармонлик муҳитини яратиш бўйича қабул қилинаётган меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларни кенг ёритиш юзасидан ҳар бир ҳудудда тадбирлар ўтказсин.

7. Иқтисодиёт вазирлиги Адлия вазирлиги ва бошқа манфаатдор вазирликлар, идоралар, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан биргаликда рухсат этиш характерига эга ҳужжатлар ва лицензияларни бериш тартиботларини белгилайдиган меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларга 2014 йил 1 июнгача тегишли ўзгартишлар киритсин.


8. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири Ш.М. Мирзиёев зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикаси Президенти                        И. Каримов



*) Иловалар рус тилидаги матнда берилган



"Халқ сўзи", 2014 йил 16 апрель


"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2014 йил 21 апрель, 16-сон, 178-модда