Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 04.02.2005 й. 55-сон "Ўзбекистон Бадиий академиясига жой ажратиш тўғрисида"ги Қарори

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ

ҚАРОРИ

04.02.2005 й.

N 55




ЎЗБЕКИСТОН БАДИИЙ АКАДЕМИЯСИГА

ЖОЙ АЖРАТИШ ТЎҒРИСИДА



Ўзбекистон тасвирий санъатини янада ривожлантириш ҳамда Бадиий академия фаолиятини қўллаб-қувватлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси ҚАРОР ҚИЛАДИ:


1. Ўзбекистон Республикаси Давлат мулки қўмитаси, Тошкент шаҳар ҳокимлиги ҳамда Ўзбекистон Бадиий академиясининг Бадиий кўргазмалар дирекцияси фондининг "Ўзбекистон" миллий боғи ҳудудида бузиладиган бинолар рўйхатига кирган Тошкент шаҳри, Байналмилал кўчаси, 2-уй манзилидаги бинолари ўрнига Тошкент шаҳри, Лутфий кўчаси 10а-уй манзилидаги биноларни Бадиий академия балансига беғараз бериш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин.


2. Ўзбекистон Бадиий академияси бир ой муддатда:

Тошкент шаҳри, Лутфий кўчаси 10а-уй манзилидаги биноларни белгиланган тартибда ўз балансига қабул қилиб олсин;

Бадиий кўргазмалар дирекцияси фондини сақлаш учун зарур шарт-шароитни таъминлаш чора-тадбирларини кўрсин.


3. Вазирлар Маҳкамасининг "2003-2004 йилларда корхоналарни давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштириш дастури тўғрисида" 2003 йил 17 апрелдаги 185-сон қарорига 2-иловадан 195-қатор ("RASSOM" Тошкент бадиий комбинати) чиқариб ташлансин.


4. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Р.Қосимов зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири                           Ш. Мирзиёев