Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 13.03.2004 й. Ф-1924-сон "Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузурида Давлат ва жамият қурилиши, суд-ҳуқуқ тизимининг қонунчилик асосларини ислоҳ қилиш бўйича кенгаш тузиш тўғрисида"ги Фармойиши

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ПРЕЗИДЕНТИНИНГ

ФАРМОЙИШИ

13.03.2004 й.

N Ф-1924



ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ПРЕЗИДЕНТИ

ҲУЗУРИДА ДАВЛАТ ВА ЖАМИЯТ ҚУРИЛИШИ,

СУД-ҲУҚУҚ ТИЗИМИНИНГ ҚОНУНЧИЛИК

АСОСЛАРИНИ ИСЛОҲ ҚИЛИШ БЎЙИЧА

КЕНГАШ ТУЗИШ ТЎҒРИСИДА


Ижтимоий йўналтирилган ривожланган бозор иқтисодиётига эга ҳуқуқий демократик давлат, кучли фуқаролик жамияти барпо этишга қаратилган давлат ва жамият қурилиши, суд-ҳуқуқ тизимининг қонунчилик асосларини ривожлантириш ҳамда такомиллаштириш соҳасидаги ислоҳотларни янада чуқурлаштириш мақсадида:


1. Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузурида Давлат ва жамият қурилиши, суд-ҳуқуқ тизимининг қонунчилик асосларини ислоҳ қилиш бўйича кенгаш (бундан буён матнда Кенгаш деб юритилади) тузилсин.


2.

Кенгаш тўғрисидаги низом 1*, 2-иловаларга мувофиқ тасдиқлансин.

3. Кенгаш фаолиятининг асосий вазифалари ва йўналишлари этиб қуйидагилар белгилансин:

давлат ва жамият қурилишини, суд-ҳуқуқ тизимини демократик янгилаш соҳасидаги ҳуқуқий майдонни шакллантириш жараёнини танқидий таҳлил этиш;

давлат ва жамият қурилиши, инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилиш, суд-ҳуқуқ тизимини такомиллаштириш соҳасидаги устувор йўналишлар ва мақсадли вазифаларни ҳисобга олган ҳолда қонун ижодкорлиги ишларининг самарадорлигини ошириш бўйича аниқ таклифлар тайёрлаш;

қонунчилик ташаббуси ҳуқуқига эга бўлган давлат ва вакиллик органларининг, ташкилот ва муассасаларнинг, шунингдек илмий жамоатчиликнинг қонун ижодкорлиги фаолияти ҳамда давлат ва жамият қурилишини норматив-ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солиш соҳасида уларнинг тўлақонлиги ва уйғунлигини таъминлаш, фуқаролик жамиятини демократлаштириш ва шакллантириш жараёнини чуқурлаштириш шароитларида суд ҳокимиятини ислоҳ қилишдаги фаолиятларини мувофиқлаштириш, саъй-ҳаракатларини бирлаштириш;

ислоҳотларнинг ҳуқуқий жиҳатдан таъминланиши соҳасидаги камчиликлар ("оқ доғлар")ни аниқлаш; давлат ва жамият қурилишининг аниқ муаммоларини ҳал этиш учун зарур бўлган қонунлар, бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилиш, қонун ижодкорлиги фаолиятида такрорийлик, параллелликни истисно этувчи тизимлилик ва изчилликни таъминлаш бўйича тавсиялар ишлаб чиқиш;

Ўзбекистон Республикаси Конституцияси норма ва қоидаларининг қонунлар, норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда амалга оширилиши тўлиқлигининг мониторинги; Ўзбекистон Республикаси Конституцияси янги қоидаларини тўла амалга ошириш учун зарур бўлган қонунларни қабул қилиш бўйича таклифлар тайёрлаш;

мамлакат қонунчилигида халқаро ҳуқуқнинг умум эътироф этилган принциплари ва нормалари устуворлигини ҳамда инсон ҳуқуқларининг бирламчилигини таъминлаш, фуқаролик жамияти институтлари (нодавлат нотижорат ташкилотлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари)ни янада ривожлантириш ҳамда такомиллаштиришни, фуқароларнинг ижтимоий, сиёсий фаоллигини ошириш, уларнинг давлат ва жамият бошқарувида бевосита ва самарали иштирок этишини таъминлайдиган қонунларни қабул қилиш бўйича таклифлар тайёрлаш;

оммавий ахборот воситаларининг фаолиятини, уларнинг ҳақиқий мустақиллигини таъминлашга йўналтирилган қонун билан тартибга солишни такомиллаштириш бўйича таклифлар тайёрлаш, фуқароларнинг ҳуқуқий маданияти ва ҳуқуқий онгини юксалтириш юзасидан тадбирлар мажмуини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш.


4. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2003 йил 20 августдаги Ф-1828-сон Фармойиши билан тасдиқланган Мамлакатни ислоҳ қилиш ва янгилашнинг ҳуқуқий базасини ривожлантириш ва такомиллаштириш масалалари бўйича Давлат маслаҳатчиси хизмати тўғрисидаги низомга ўзгартиш ва қўшимчалар киритилиб, унинг янги таҳрири 3-иловага* мувофиқ тасдиқлансин.

Хизматнинг энг муҳим вазифалари этиб қуйидагилар белгилансин:

ижтимоий йўналтирилган бозор иқтисодиётига эга очиқ демократик давлатнинг шакллантирилишини, Ўзбекистоннинг фуқаролик жамияти барпо этиш йўлида олға томон изчил ҳаракатини таъминлайдиган самарали ҳуқуқий базани яратиш бўйича тадбирлар ишлаб чиқиш ва амалга ошириш. Мамлакатни ислоҳ қилиш ва янгилашнинг ҳуқуқий базасини мунтазам ("умумийликдан хусусийликка" тамойили асосида) ривожлантириш ва эволюцион тарзда такомиллаштиришни таъминлаш; ижтимоий тараққиёт, давлат қурилиши ва суд-ҳуқуқ тизимини такомиллаштириш соҳасидаги мақсадли вазифаларни ҳисобга олган ҳолда қонун ижодкорлиги ишларининг концептуал асосларини, устувор йўналишларини белгилаш;

қонунларни қабул қилиш, қонунчилик базасини шакллантириш ва такомиллаштириш жараёнига таъсир этувчи қонунчилик ташаббуси ҳуқуқига эга бўлган субъектлар, давлат ҳокимияти органлари, ташкилотлар ва муассасалар, шунингдек илмий жамоатчилик билан доимий ҳамкорлик алоқаларини таъминлаш;

мамлакат парламенти мажлисларининг кун тартибини шакллантириш босқичида ҳам, қонун лойиҳаларини кўриб чиқиш, муҳокама қилиш ва қабул қилиш жараёнларида ҳам Олий Мажлис, унинг хизматлари ва бўлинмалари билан яқиндан ҳамкорликни ташкил қилиш;

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси қабул қилган қонунларни Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан имзолаш учун тайёрлаш;

Олий Мажлиснинг икки палатали тизимини шакллантириш давомида, мамлакат қонун чиқарувчи олий органининг қўмиталари ва бошқа ишчи тузилмаларини шакллантиришда иштирок этиш, парламентнинг барқарор, уйғунлашган фаолиятини ташкил этишда зарур ёрдам кўрсатиш;

Президент девонининг бошқа хизматларига юридик ҳамда ҳуқуқий соҳада ташкилий-ҳуқуқий, маслаҳат ёрдамлари кўрсатиш;

ижтимоий ҳаёт ва давлат тузилишининг турли соҳаларини ривожлантириш ва янгилашнинг ҳуқуқий базасини яратишдаги илғор хорижий мамлакатларнинг тажрибасини чуқур таҳлил этиш, қонун ижодкорлиги, ҳуқуқнинг қўлланилиши фаолиятида ана шу тажрибадан самарали фойдаланиш чора-тадбирларини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш;

ижтимоий-иқтисодий, сиёсий ислоҳотларни чуқурлаштириш, мамлакатни янгилаш вазифаларини ҳисобга олган ҳолда юридик фан ва таълимни ривожлантириш, аҳолининг ҳуқуқий маданияти ва ҳуқуқий онгини ошириш дастурларини шакллантириш ҳамда амалга ошириш;

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат ва жамият қурилиши, суд-ҳуқуқ тизимининг қонунчилик асосларини ислоҳ қилиш бўйича кенгаш ишининг самарадорлигини таъминлаш, Кенгаш томонидан қабул қилинган қарорларни амалга ошириш.


5. Қуйидагилар ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин:

Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Давлат-ҳуқуқий, суд тизимини такомиллаштириш ҳамда аҳолининг ҳуқуқий онгини ошириш масалалари бўйича Кенгаш тузиш тўғрисида" 2001 йил 12 ноябрдаги Ф-1471-сон Фармойиши;

Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўзбекистон Республикаси Президенти девонининг Қонунчилик ва суд ҳокимияти органлари билан алоқалар бўйича экспертлар гуруҳини Мамлакатни ислоҳ қилиш ва янгилашнинг ҳуқуқий базасини ривожлантириш ҳамда такомиллаштириш масалалари бўйича Давлат маслаҳатчисининг хизмати этиб қайта ташкил қилиш тўғрисида" 2003 йил 20 августдаги Ф-1828-сон Фармойишининг 3-банди.


6. Ушбу Фармойишнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат маслаҳатчиси Б. Мирбобоев зиммасига юклатилсин.



Ўзбекистон Республикаси Президенти                                  И. Каримов



*) 1 - 3-иловалар берилмайди.



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2004 йил, 11-сон, 125-модда.