Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 05.01.2012 й. 2-сон "Давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ходимларининг хизмат гувоҳномаси тўғрисидаги Намунавий низомни тасдиқлаш ҳақида"ги Қарори

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ

ҚАРОРИ

05.01.2012 й.

N 2



ДАВЛАТ ВА ХЎЖАЛИК БОШҚАРУВИ ОРГАНЛАРИ,

МАҲАЛЛИЙ ДАВЛАТ ҲОКИМИЯТИ ОРГАНЛАРИ

ХОДИМЛАРИНИНГ ХИЗМАТ ГУВОҲНОМАСИ

ТЎҒРИСИДАГИ НАМУНАВИЙ НИЗОМНИ

ТАСДИҚЛАШ ҲАҚИДА


Давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари бинолари ва хоналарига киритиш режимини такомиллаштириш ва кучайтириш, кўрсатиб ўтилган органлар ходимларининг хизмат гувоҳномаларини тайёрлаш, ҳисобга олиш, сақлаш, бериш ва улардан фойдаланишни тартибга солиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси ҚАРОР ҚИЛАДИ:


1. Давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ходимларининг хизмат гувоҳномаси тўғрисидаги Намунавий низом иловага мувофиқ тасдиқлансин.


2. Давлат ва хўжалик бошқаруви органлари раҳбарлари, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари:

тасдиқланган Намунавий низом асосида хизмат гувоҳномаси тўғрисидаги тегишли низомларни бир ой муддатда ишлаб чиқсинлар ва тасдиқласинлар;

Намунавий низом талабларига мувофиқ янги намунадаги хизмат гувоҳномаларининг 2012 йил 1 апрелдан бошлаб амалга киритилишини таъминласинлар.


3. Белгилансинки, хизмат гувоҳномаларининг бланкалари ва муқовалари фақат Ўзбекистон Республикаси Марказий банки ҳузуридаги "Давлат белгиси" давлат-ишлаб чиқариш бирлашмаси, "Шарқ" нашриёт-матбаа акциядорлик компанияси ҳамда Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги корхоналарида тайёрланади.

Ўзбекистон Республикаси Марказий банки ҳузуридаги "Давлат белгиси" давлат-ишлаб чиқариш бирлашмаси, "Шарқ" нашриёт-матбаа акциядорлик компанияси ҳамда Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги Намунавий низом талабларига риоя қилган ҳолда янги намунадаги хизмат гувоҳномалари бланкалари ва муқоваларининг давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг буюртманомаларига биноан сифатли тайёрланишини таъминласинлар.

4. Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги:

бир ой муддатда хизмат гувоҳномаларини тайёрлаш бўйича зонал матбаа корхоналарини белгиласин ва ушбу Намунавий низом талабларини уларнинг эътиборига етказсин;

гувоҳномалар (муқовалар, бланкалар, голографик белгилар, муҳрлар ва шу кабилар) тайёрлаш учун фойдаланиладиган маҳсулотларни ишлаб чиқарувчи ва сотувчи матбаа корхоналари фаолияти юзасидан қатъий назорат ўрнатсин.


5. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари биноларини қўриқлашни таъминлайдиган хизматларнинг ходимларига белгиланган киритиш режимига қатъий риоя қилиниши, фойдаланиладиган хизмат гувоҳномаларининг Намунавий низом талабларига мувофиқлигини текшириш юзасидан талабларни кучайтирсин.


6. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосарлари ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси Ижро этувчи аппарати бошқарувчиси С.Х. Бекенов зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири                               Ш. Мирзиёев



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2012 йил, 1-сон, 7-модда


"Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг қарорлари тўплами", 2012 йил, 1-сон, 1-модда