Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Илмий ходимларни моддий рағбатлантириш жамғармасини шакллантириш ва унинг маблағларидан фойдаланиш тартиби тўғрисида Низом (АВ томонидан 02.11.2009 й. 2029-сон билан рўйхатга олинган 29.09.2009 й. Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Фан ва технологияларни ривожлантиришни мувофиқлаштириш қўмитаси 12-сон, Молия вазирлиги 97-сон, Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлигининг 60-ҚҚ-сонли Қарори билан тасдиқланган)

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

Ўзбекистон Республикаси

Адлия вазирлигида

2009 йил 2 ноябрда 2029-сон

билан рўйхатга олинган

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар

Маҳкамаси ҳузуридаги Фан ва технологияларни

ривожлантиришни мувофиқлаштириш қўмитаси,

Молия вазирлиги ва Меҳнат ва аҳолини

ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлигининг

2009 йил 29 сентябрдаги

12, 97, 60-ҚҚ-сонли қарорига

ИЛОВА



Илмий ходимларни моддий рағбатлантириш

жамғармасини шакллантириш ва унинг маблағларидан

фойдаланиш тартиби тўғрисида

НИЗОМ


Ушбу Низом Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2009 йил 18 августдаги 233-сонли "Илмий ходимлар меҳнатини янада рағбатлантириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарорига (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2009 й., 34-сон, 370-модда) мувофиқ, илмий ходимларни моддий рағбатлантириш жамғармаси (бундан кейинги ўринларда жамғарма деб юритилади) маблағларини шакллантириш ва фойдаланиш тартибини белгилайди.



I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Жамғарма фундаментал, амалий тадқиқотлар ва инновация ишлари илмий-техник дастурлари лойиҳаларини бюджет маблағлари ҳисобига амалга ошириш учун календарь йилда молиялаштиришга эришган илмий-тадқиқот, таълим муассасалари ҳамда илмий-техник дастурларни бажарувчи ташкилотларда (бундан кейинги ўринларда бажарувчи-ташкилотлар деб юритилади) ташкил қилинади.


2. Жамғарма маблағлари илмий-техник дастурлар бўйича лойиҳаларни амалга оширишга аниқ меҳнат ва илмий ҳиссасини қўшган алоҳида фарқланган илмий ходимларни уларга бир марталик мукофот белгилаш йўли билан моддий рағбатлантиришга йўналтирилади.


3. Жамғарма маблағлари ҳисобидан тайинланган бир марталик мукофотларнинг суммаси уларга қонунчилик томонидан ўрнатилган тартибда ягона ижтимоий тўловни ҳисоблаш йўли билан бажарувчи-ташкилотларнинг меҳнатга ҳақ тўлаш умумий фондига киритилади.

Жисмоний шахсларнинг жамғарма маблағлари ҳисобидан олган даромадларини солиққа тортиш ўрнатилган тартибда амалга оширилади.



II. ЖАМҒАРМАНИ ШАКЛЛАНТИРИШ ТАРТИБИ


4. Фундаментал, амалий тадқиқотлар ва инновация ишларининг илмий-техник дастурларини амалга оширишда қатнашувчи бажарувчи-ташкилотлар учун календарь йилда кўзда тутилган меҳнатга ҳақ тўлаш жамғармасининг 5 фоизи миқдоридаги бюджет маблағлари Жамғарма маблағларини шакллантириш манбалари ҳисобланади. Шу билан бирга фақат илмий-техник дастурларни амалга ошириш учун ажратиладиган бюджет маблағлари ҳисобидан шакллантириладиган меҳнатга ҳақ тўлаш фонди ҳисобга олинади.



III. ЖАМҒАРМА МАБЛАҒЛАРИДАН

ФОЙДАЛАНИШ ТАРТИБИ


5. Ходимларга бир марталик мукофотларни тайинлаш ва тўлаш йиллик иш натижалари бўйича, одатда жорий йилнинг декабрь ойида амалга оширилади.


6. Бир марталик мукофотларни тайинлаш ва тўлаш календарь йил учун Жамғармада кўзда тутилган маблағлар чегарасида амалга оширилади.


7. Ҳисобот йилининг охирги иш куни якунида фойдаланилмаган жамғарма маблағлари Республика бюджетига қайтарилиши шарт.



IV. МУКОФОТЛАРНИ БЕЛГИЛАШ

ТАРТИБИ ВА КЎРСАТКИЧЛАРИ


8. Илмий ходимларга бир марталик мукофотлар тўлаш тўғрисидаги қарор бажарувчи-ташкилот қошидаги илмий кенгаш ёки бунга мутасадди бўлган коллегиал орган (бундан кейинги ўринларда Илмий кенгаш деб юритилади) томонидан қабул қилинади.


9. Илмий кенгашнинг бир марталик мукофотлар тўлаш тўғрисидаги қарори кенгаш аъзолари йиғилишидаги иштирокчилар сонидан келиб чиқиб, очиқ муҳокама қилиш шароитида оддий кўпчилик овоз билан қабул қилинади. Агар унинг қабул қилинишида илмий кенгаш аъзоларининг камида учдан икки қисми иштирок этган бўлса, қарор кучга эга ҳисобланади.

Илмий кенгашнинг аъзоси ҳисобланадиган илмий ходимни мукофотлаш масаласини кўриб чиқишда у тўғрисидаги қарор ўша ходим овозини ҳисобга олмаган ҳолда қабул қилинади.

Бажарувчи-ташкилотдаги раҳбар ходимларни бир марталик мукофотлаш агар улар илмий-техник дастурни амалга оширишда илмий ходим сифатида қатнашган бўлсаларгина амалга оширилади.


10. Илмий ходимларга бир марталик мукофот бажарувчи-ташкилотдаги раҳбарнинг буйруғи билан илмий кенгашнинг қарори асосида белгиланади.


11. Илмий ходимларни мукофотлаш учун асосий кўрсаткичлар бўлиб илмий-техник дастурларни ишлаб чиқиш доирасида улар эришган алоҳида натижалар ва уларнинг аниқ қўшган ҳиссасининг даражаси ҳисобланади, шу қаторда:

янги йирик илмий натижаларга эришишда (янги қонуниятлар, эффектлар, ҳодисаларни кашф қилиш ва бошқалар);

янги салмоқли амалий натижаларга эришишда (янги материаллар, технологиялар, ускуналар, машиналар, қурилмалар ва бошқалар);

юқорида айтилган тадқиқот натижаларини иқтисодиёт тармоғида амалда жорий қилишда;

олинган илмий натижалар халқаро тан олинганида (олинган илмий натижаларнинг тан олингани халқаро нашриётларда чоп этилиши, олинган илмий натижалар бўйича халқаро патентларни олиш).


12. Илмий-техник дастурларни амалга оширишда қатнашадиган бажарувчи-ташкилотлар санаб ўтилган асосий кўрсаткичлар асосида ва ўз фаолиятининг хусусиятларидан келиб чиқиб у ёки бу кўрсаткичларнинг салмоғини аниқлаш, уларни аниқ деталлаштириш ва миқдорий баҳолашда индивидуал ёндашувга амал қилинишини таъминлайдилар.



V. ИЛМИЙ ХОДИМЛАРГА БЕЛГИЛАНАДИГАН

МУКОФОТЛАР МИҚДОРЛАРИ


13. Бажарувчи-ташкилотларнинг илмий ходимларини бир марталик мукофотлаш мазкур Низомнинг 11-бандида кўзда тутилган кўрсаткичларга мослигига қараб 2 дан 5 гача базавий лавозим маоши миқдорида уларга мукофот тўлаш йўли билан амалга оширилади.


14. Илмий ходимга тўланадиган мукофотнинг аниқ миқдори бажарувчи-ташкилотнинг илмий кенгаши қарори билан белгиланади.



VI. ЖАМҒАРМА МАБЛАҒЛАРИНИ САРФЛАШ

БЎЙИЧА ЖАВОБГАРЛИК ВА НАЗОРАТ


15. Жамғарма ҳисобидан бир марталик мукофотлар тўлашни белгилашнинг объективлиги ва тўғрилиги учун Илмий кенгашлар раислари жавобгар ҳисобланади.


16. Жамғарма маблағларидан мақсадли фойдаланилишини текшириш қонунчилик билан ўрнатилган тартибда амалга оширилади.



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2009 йил, 45-сон, 484-модда.