Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Ўзбекистон ёшларининг "Камолот" жамғармаси Низоми (ЎзР ВМ 31.05.1996 й. 207-сон қарорига 1-илова)

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

Вазирлар Маҳкамасининг

1996 йил 31 майдаги

207-сон қарорига

1-ИЛОВА



Ўзбекистон ёшларининг

"Камолот" жамғармаси

НИЗОМИ


I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ўзбекистон ёшларининг "Камолот" жамғармаеи (бундан кейин Жамғарма деб юритилади) ёш авлоднинг ҳар томонлама камол топиши, уларнинг чуқур билим олишлари, юксак маънавият эгаси бўлишлари, ватанпарварлик, меҳнатсеварлик фазилатларини юксалтириш, замонавий ишбилармонлик, тадбиркорлик ва омилкорликни шакллантириш учун қулай шарт-шароитлар яратиш мақсадида ташкил этилган ҳайрия жамоат бирлашмасидир.


2. Жамғарма ўзини ўзи мустақил бошқарувчи, маблағ билан таъминловчи ва мустақил фаолият юритувчи ноҳукумат жамоат бирлашмаси сифатидаги юридик шахс ҳуқуқига эгадир.


3. Жамғарма ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунларига, шунингдек ушбу Низомга амал қилади.


4. Жамғарма ва унинг бўлимлари юридик шахс ҳисобланади, ўзининг мустақил балансига ва алоҳида мулкига эга бўлади, республиканинг бутун ҳудудида ва унинг ташқарисида зарур хўжалик-молиявий ва тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланади, банк муассасаларида ҳам миллий, ҳам чет эл валютасида ўз счётларига эга бўлади, қонунчиликда белгиланган тартибда ташқи иқтисодий алоқаларни амалга оширади.


5. Жамғарма ўз муҳрига ва штампига, шунингдек эмблемага ва ташкилот рамзига эга бўлади.



II. ЖАМҒАРМАНИНГ МАҚСАДИ ВА ВАЗИФАЛАРИ


1. Жамғарманинг асосий мақсади қуйидагилардир:

ёшларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, уларнинг баркамол ва комил инсон бўлиб етишишлари учун тенг шарт-шароитлар яратиб бериш масалаларида давлат ва бошқа ташкилотлар билан ҳамкорлик қилиш;

ёш авлоднинг жисмоний, ақлий ва маънавий жиҳатдан камол топиши, ўз даврининг шарқона одоб, умуминсоний қадриятлар, демократик тамойиллар асосида вояга етган етук фарзандлари, истиқлол ишининг давомчилари бўлиб етишишлари учун зарур шарт-шароитларнинг яратилишига, уларнинг Ватан, халқ олдидаги Конституциявий бурч ва вазифаларини бажаришларига, ўз ҳуқуқларидан тўла фойдаланишларига кўмаклашиш;

ёшларнинг ўқиши, меҳнат қилиши учун яратилган имкониятларнинг самарадорлигини оширишни, уларнинг мустақил равишда ҳуқуқий, иқтисодий билим олишларини, тадбиркорлик, ишбилармонлик фаолиятини рағбатлантириш;

ёшларни ижтимоий муҳофаза қилишда иштирок этиш, уларнинг манфаатларини ҳимоя қилиш, ўз қобилият ва имкониятларини намоён қила олишлари учун давлат, жамоат ташкилотлари, барча турдаги мулк эгалари билан ҳамкорликда зарур шарт-шароитлар яратиш, истеъдодли ёшларни қўллаб-қувватлаш;

эски коммунистик мафкуравий маҳдудлик ва мутелик руҳиятидан покланган, она тили ва адабиёти, тарих, маънавий ва маданий меросни чуқур эгаллаган, жисмоний ва маънавий пок, генефонди соғлом авлоднинг, маърифатли, дунёқараши кенг ёшларнинг камол топиши борасида ҳукумат, унинг органлари, жамоат ташкилотлари билан ҳамкорлик қилиш;

ёшларни табиатга меҳр, юрт бойлигини асраб-авайлаш ва кўпайтириш руҳида тарбиялашга оид чора-тадбирларни амалга ошириш.


2. Жамғарманинг асосий вазифалари қуйидагилардир:

ёшларнинг иқтисодий, сиёсий, маънавий, маданий, ҳуқуқий манфаатлари ва эҳтиёжларини ўрганиш ва қондириш юзасидан дастурлар тузиш ва уларни ҳаётга жорий этиш;

давлат ва ҳукумат дастурлари ва ислоҳотлари бажарилишига кўмаклашиш, миллий мустақилликни мустаҳкамлашда бевосита иштирок этиш;

ёшларни Конституция, қонунлар, давлат ва ҳукумат қарорларини ҳурмат қилиш ва уларга амал қилиш руҳида тарбиялаш, жамиятда қонуннинг устун бўлишига эришиш ишида фаол қатнашиш;

ёшларга доир давлат ва ҳукумат қонунлари, қарорлари ва бошқа ҳужжатлар қабул қилинишида бевосита иштирок этиш, ўтиш даврида ёшлар муаммоларини ўрганиш ва уларни ҳал этиш юзасидан қонунчилик ва ижроия органларига таклифлар бериш;

ёшлар учун янги иш жойлари яратиш, уларни ижтимоий ҳимоя қилиш масалаларини ўрганиш ва ушбу масалаларда ҳукумат, ҳокимликлар, бошқа манфаатдор вазирликлар ва ташкилотлар билан ҳамкорлик қилиш;

ёшлар ўртасида янги жамиятга ёт бўлган боқимандалик, лоқайдлик, ижтимоий пассивлик иллатларининг барҳам топишига кўмаклашиш ва уларнинг билимдонлик, ишбилармонлик, тадбиркорлик фазилатлари ва тажрибаларини эгаллашларига имкониятлар яратиш;

ёшлар ўртасида фуқаролик жамияти ва ҳуқуқий давлат қуриш ғояларини ёйиш, бозор иқтисодиётига ўтиш даврида ижтимоий ва сиёсий барқарорликнинг таъминланишига бевосита ҳисса қўшиш;

ёшларнинг янги шаклланаётган демократик жамият ва давлат тўғрисидаги тасаввурлари ва дунёқарашини бойитишга ҳаракат қилиш;

ёшларнинг манфаат ва эҳтиёжларини ўзида акс эттирувчи жамоат бирлашмалари билан ўз дастурий мақсадлари доирасида ҳамкорлик қилиш;

Ўзбекистон Республикаси иқтисодиёти, маданияти ва маънавиятини хорижий мамлакатлар ёшлари ўртасида ташвиқ ва тарғиб қилиш, ривожланган мамлакатлар ёшлар ташкилотлари иш тажрибасини ўрганиш.

Жамғарма ёшлар муаммолари юзасидан Ҳукумат, вазирликлар, ҳокимликлар, жамоат ташкилотлари, хорижий ва бошқа манфаатдор ташкилотларнинг буюртмаларини бажаради. Шунингдек ушбу йўналишда дастурлар, лойиҳалар тузади, уларни улар учун ажратилган маблағлар ва грантлар ёрдамида амалга оширади.



III. ЖАМҒАРМАНИНГ ҲУҚУҚЛАРИ


Жамғарма Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларида белгиланган қуйидаги ҳуқуқларга эгадир:


1. Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ва хорижий мамлакатларда ўз номидан юридик ва жисмоний шахслар билан ўз ваколати доирасида шартномалар ва бошқа юридик ҳужжатларни тузиш;


2. Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ва хорижий мамлакатларда корхоналар, фирмалар, бинолар, иншоотлар, асбоб-ускуналар, транспорт воситалари ҳамда ҳар хил кўчириб бўладиган ва кўчмас мулкларни қуриш, сотиш ёри сотиб олиш, алмаштириш, ижарага бериш ёки ижарага олиш, қарзга ёки кирага олиш ва бериш;


3. Қонунларда белгиланган тартибда хорижий мамлакат вакиллари билан қўшма корхоналар ташкил этиш ва чет эллик шериклар билан сўм ва валютада ҳисоб-китоб қилиш ҳамда хўжалик фаолиятини амалга ошириш;


4. Республика ҳудудида ва унинг ташқарисида кўргазмалар, турли фестиваллар, кўрик танловлар, спорт мусобақалари, кимошди савдолари, конференциялар ва бошқа тадбирлар мажмуини тайёрлаш ва ўтказиш. Лотереялар, акциялар, мақсадли заёмлар ва бошқа қимматли қоғозлар чиқариш ҳамда уларни сотиб олиш;


5. Қонунларда белгиланган тартибда ноширлик ва реклама фаолиятини амалга ошириш, республикада ташкил этиладиган турли жамоат ташкилотларининг муассиси ва ҳаммуассиси бўлиш;


6. Мавжуд қонунчилик доирасида Ўзбекистон муаллифларининг ёшлар ва болаларга бағишланган адабиёт ва санъат асарларини чет элларда, хорижий муаллифлар асарларини эса мамлакатимизда нашр этиш имкониятларидан фойдаланиш;


7. Республикада ёшлар туризмини ривожлантириш, ёшлардан иборат сайёҳлар гуруҳларини ташкил этиш ва уларни хорижий мамлакатларга юбориш, ёшлар ва болалар гуруҳлари делегацияларини айирбошлаш, чет эл ёшлар ташкилотлари билон алоқаларни ҳар томонлама кучайтириш;


8. Жамғарма Ўзбекистон Республикасининг амалдаги қонунчилиги билан белгиланган бошқа ҳар қандай қонуний ҳуқуқларга эгадир.



IV. ЖАМҒАРМАГА АЪЗОЛИК МАҚОМИ


1. Жамғарманинг мақсад ва вазифаларини маъқуллаган, Жамғармани моддий ёки маънавий жиҳатдан қўллаб-қувватловчи муассасалар, корхоналар, ташкилотлар, илмий, ижодий ва жамоат бирлашмалари, меҳнат жамоалари, акционерлик жамиятлари ва уюшмалар, шунингдек Жамғарманинг фаолиятига кўмак бериш истагини билдирган республика ҳудудида яшовчи ҳар қандай жисмоний шахслар Жамғарма аъзолари бўла оладилар.


2. Жамғармага аъзо бўлиш ва унинг таркибидан чиқиш масалалари ихтиёрийлик асосида Жамғарма бошқаруви ва бўлимлари, якка тартибда эса жамоатчилик марказлари қарорига биноан ҳал этилади.



V. ЖАМҒАРМАНИНГ БОШҚАРУВ ОРРАНЛАРИ


1. Жамғарманинг юқори бошқарув органи муассислар конференцияси бўлиб, у ўз фаолиятининг асосий йўналишини Жамғарма Устави асосида белгилайди. Конференция Жамғарма бошқарувини ва бошқарув раисини, шунингдек унинг ўринбосарларини, ижрочи директорни, тафтиш комиссиясини сайлайди.


2. Бошқарув раиси Жамғарма фаолиятини бошқаради. Унга Ўзбекистон Республикасининг қонунлари асосида Жамғарма маблағларини бошқариш ҳуқуқи берилади. Бошқарув раиси бўлмаган вақтда ва раиснинг топшириғига биноан унинг вазифаларини раис ўринбосарлари бажаради.


3. Бошқарув раиси қуйидагиларни амалга оширади:

бошқарув ва раёсат қарорларини ҳамда дастурий мақсадларни бажариш доирасида фармойишлар беради ва асосий йўналишлар бўйича Жамғарма фаошятини мувофиқлаштиради;

дирекция, Жамғарма бўлимлари ва филиаллари фаолиятига умумий раҳбарлик қилади, бошқарув ва раёсат томонидан берилган бошқа ваколатларни амалга оширади;

у турли идора, муассаса ва ташкилотларда, шу жумладан, хорижий ташкилотларда Жамғарманинг ваколатли вакили ҳисобланади.



VI. ЖАМҒАРМАНИНГ МОЛ-МУЛКИ ВА МАБЛАҒЛАРИ


Жамғарма ўзининг мустақил баланси, пул маблағлари, мол-мулкига эгалик қилиш ва улардан эркин фойдаланиш ҳуқуқига эга. Жамғарманинг мол-мулкини қуйидагилар ташкил этади:

бинолар, иншоотлар, уй-жой фонди, ускуналар, турли асбоблар, маданий-маърифий ва соғломлаштириш масканлари;

пул маблағлари, акциялар ва бошқа қимматли қоғозлар, шунингдек қонун ҳужжатларида рухсат берилган Жамғарма фаолиятини моддий таъминлаш учун зарур мол-мулк ва маблағлар;

Жамғарма тасарруфидаги нашриётлар, корхоналар, қўшма корхоналар, ҳайрия муассасалари, тадбиркорлик фирмалари ва бошқаларнинг мол-мулки.

Жамғарма маблағлари:

ташкилотлар, корхоналар, ҳомийлар, хусусий фирмалар ва фуқароларнинг ихтиёрий равишда ўтказган пул маблағлари ва ҳайриялари;

хорижий фуқаролар, фирмалар, ташкилотлар ҳайриялари;

Жамғарманинг ишлаб чиқариш, хўжалик, ноширлик ва бошқа фаолиятидан тушган даррмадлар;

лекциялар, концертлар, лотерея ўйинлари, турли хил кўргазмалар ва бошқа маърифий тадбирлардан тушган маблағлар;

ҳукумат, вазирликлар, ҳокимликлар, хусусий фирмалар дастурлари ва буюртмаларини бажаришдан тушган маблағлар;

қонунлар билан тақиқланмаган бошқа тушумлар ҳисобига шакллантирилади.

Жамғарма ўз мажбуриятлари бўйича ўзига тегишли мол-мулки билан жавоб беради.

Жамғарманинг мулкий ҳуқуқлари Ўзбекистон жамоат ташкилотлари учун белгиланган амалдаги қонунчиликка мувофиқ ҳимоя қилинади.



VII. ЖАМҒАРМА ФАОЛИЯТИНИ ТЎХТАТИШ ТАРТИБИ


Жамғарманнг фаолияти унинг конференцияси қарори ёки Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 62-моддасига биноан тўхтатилади.

Жамғарма тугатилган тақдирда унинг мол-мулки ва маблағлари Жамғарманинг дастурий мақсадлари учун сарфланади.

Жамғарма бошқарувининг манзили:

Тошкент шаҳри, Навоий кўчаси, 11-уй, телефон: 39-17-00.