Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 09.07.2009 й. 188-сон "Иқтисодиётнинг реал сектори корхоналарини қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги Қарори

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ

ҚАРОРИ

09.07.2009 й.

N 188



ИҚТИСОДИЁТНИНГ РЕАЛ СЕКТОРИ

КОРХОНАЛАРИНИ ҚЎЛЛАБ-ҚУВВАТЛАШГА

ДОИР ҚЎШИМЧА ЧОРА-ТАДБИРЛАР ТЎҒРИСИДА


Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Иқтисодиётнинг реал сектори корхоналарини қўллаб-қувватлаш, уларнинг барқарор ишлашини таъминлаш ва экспорт салоҳиятини ошириш чора-тадбирлари дастури тўғрисида" 2008 йил 28 ноябрдаги ПФ-4058-сон Фармонида назарда тутилган чора-тадбирларни амалга оширишни таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси ҚАРОР ҚИЛАДИ:


1. Белгилансинки, 2009-2010 йилларда хўжалик юритувчи субъектлар томонидан Вазирлар Маҳкамасининг 1997 йил 31 мартдаги 165-сон қарори билан тасдиқланган Нархлар (тарифлар)ни шакллантириш ва уларнинг қўлланишини назорат қилиш тартиби ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2000 йил 21 сентябрдаги 364-сон қарори билан тасдиқланган Табиий монополия субъектларининг товарлари (ишлари, хизматлари)га нархлар (тарифлар) белгилаш тартиби тўғрисидаги низом доирасида технологик жараёнларни ва хом ашё, материаллар ва энергия ресурслари сарфи нормаларини мақбуллаштириш бўйича чора-тадбирларни амалга ошириш ҳисобига таннархни пасайтириш, қувватлардан фойдаланиш даражасини ва меҳнат унумдорлигини ошириш, фойдаланиш харажатлари ва қўшимча харажатларни қисқартириш, харид қилинадиган хом ашё, материаллар ва бутловчи буюмлар нархини камайтириш, ходимлар сонини мақбуллаштириш натижасида қўшимча даромад (фойда) олиниши қонун бузилишлари деб ҳисобланмайди.


2. Белгилаб қўйилсинки, хўжалик юритувчи субъектлар томонидан мазкур қарорнинг 1-бандига мувофиқ олинган қўшимча даромад (фойда):

Ўзбекистон Республикаси Президентининг ва Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг инқирозга қарши тадбирларга доир қарорларида назарда тутилган ишлаб чиқаришни модернизация қилиш, техник ва технологик жиҳатдан қайта жиҳозлаш бўйича энг муҳим лойиҳаларни амалга оширишга;

ишлаб чиқарилаётган маҳсулотнинг таннархини ва пировард нархини янада пасайтиришга ҳамда ходимларни белгиланган тартибда мукофотлашга йўналтирилади.


3. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари Р.С. Азимов зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири                     Ш. Мирзиёев



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2009 йил, 28-сон, 328-модда.