Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Болалар майдончаларига қўйиладиган Талаблар (ЎзР ВМ 22.12.2010 й. 304-сон қарорига 2-илова)

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

Вазирлар Маҳкамасининг

2010 йил 22 декабрдаги

304-сон қарорига

2-ИЛОВА



Болалар майдончаларига қўйиладиган

ТАЛАБЛАР


Болалар майдончалари болаларнинг ўз вақтини мазмунли ўтказиши, жисмоний ва ижтимоий ривожланишига хизмат қилади. У ерда жойлаштириладиган барча жиҳозларнинг болалар учун қизиқарли бўлишига эришиш зарур. Чунки мактабгача ва кичик мактаб ёшидаги болаларнинг кундалик ҳаётида ўйин энг қизиқарли фаолият тури ҳисобланади ва ўйин воситасида болаларнинг жисмоний ва интеллектуал ривожланишига самарали таъсир этиш имконияти бор. Ўйин орқали болалар атроф-муҳит билан яқиндан танишади, ўзаро мулоқот қилишни ўрганади ва мустақил ҳаракатланиш, ўз кучини синаб кўриш имкониятига эга бўлади.

Болалар ўзлари учун инстинктив равишда ўйин жиҳозлари, ўйин майдони ва ўйин турини танлайди. Болалар майдончасида ўтказиладиган ҳаракатли ўйинлар орқали болалар табиат билан уйғунлашади ва охир-оқибатда уларга табиатга меҳр уйғонади. Майдончаларда ташкил этиладиган ўйинлар фақат у ердаги спорт жиҳозлари билан боғлиқ бўлибгина қолмасдан, содда миллий ўйинларни ҳам қамраб олиши мақсадга мувофиқдир. Бу эса болаларни ўйин воситасида миллий анъаналаримизга муҳаббат руҳида тарбиялаш учун хизмат қилади. Ушбу ўйинлар орқали болаларнинг ҳаракатларида мустақиллик, дадиллик пайдо бўлади. Улар бу майдончаларда эркин ҳаракат қилиш, бошқа болаларнинг ҳаракатларидан ўрнак олиш имкониятига эга бўладилар.


1. Жой танлаш. Болалар майдончаси аҳоли яшаш пунктларининг марказий қисмларида, уйлардан узоқ бўлмаган масофада, иложи борича кенгроқ, очиқроқ жойда ташкил этилиши керак. Улар учун танланадиган жой автомобиллар қатнайдиган йўлдан ва автомобиллар тўхташ жойидан узоқда бўлиши шарт, танланган жойда канализация люклари бўлмаслигига эътибор қаратиш лозим. Агар танланган жойда дарахтлар бўлса, уларнинг соясидан унумли фойдаланиш керак. Танланган жойнинг юза қисми иложи борича текис бўлишига эришиш зарур. Майдончанинг муайян қисми ёки тўлиқ равишда махсус қоплама билан қопланиши ҳам мумкин.


2. Ёритиш масалалари. Танланган жой кундузи етарли даражада қуёш тушиб турадиган, кечаси ҳам ёритиш имконияти мавжуд бўлиши лозим. Электр ёритиш тизимидан фойдаланишда майдончанинг барча қисмлари текис ёритилишига эришиш зарур. Бу болаларнинг кечки пайтда ҳам бехавотир ҳаракатланишини таъминлайди.


3. Ўйин жиҳозлари. Болалар майдончасига жойлаштириладиган ўйин жиҳозлари бир-биридан хавфсиз масофада, бошқасига халақит бермайдиган даражада жойлаштирилишига эришиш керак. Ўйин жиҳозлари уларда ўйнайдиган болаларнинг ёши ва талабларига мос бўлиши лозим.

Бу уларнинг яйраб ўйнаши, ўз имкониятларини синаб кўриши ва жисмоний ривожланиши учун хизмат қилиши зарур. Болалар майдончасида яратилган муҳит болаларнинг ижтимоий мослашишига хизмат қилади, ўзларини дадил тутишига, ҳаракатларни чўчимасдан, дадил бажаришига ёрдам беради.


4. Ҳудуд атрофини ўраш. Болалар майдончалари алоҳида тўсиқ ёки панжара билан ўралиши лозим. Бу тўсиқлар ёғоч ёки металлдан тайёрланиши, уларнинг бўйи 70 сантиметр бўлиши мақсадга мувофиқдир. Тўсиқлар болалар майдончасида ер транспортларининг ҳаракатланиши, уй ҳайвонларини сайр қилдиришнинг олдини олиш ҳамда улар хавфидан сақлаш мақсадида, шунингдек болаларнинг ҳаракатли ўйинлари давомида майдонча чегарасидан чиқиб бошқаларга халақит бермаслигини таъминлайди.


5. Дизайн. Болалар майдончаларини лойиҳалаштиришда дизайн масалаларига алоҳида эътибор қаратилиши керак. Бунда, биринчи навбатда, болаларни жалб этадиган даражада қизиқарли ва ёрқин ранглардан фойдаланиш, у ердаги спорт жиҳозларини тартибли, бири иккинчисига халақит бермайдиган, агар зарур бўлса, бир жиҳоздан кейин иккинчисига ўтиб ўйнаш қизиқарли бўлишини таъминлайдиган бўлиши керак.


Ўйин жиҳозлари


6. Болалар майдончаларига жойлаштириладиган ўйин жиҳозлари, биринчи навбатда, хавфсиз, болаларга жароҳат етказмайдиган, ўткир қирраларсиз бўлиши лозим. Уларнинг асосий турлари қуйидагилардир.


Қўзиқорин. Болалар майдончалари мавжудлигини яққол билдирувчи бу жиҳоз алоҳида ҳолда ҳам, қум тўкилган жой тепасида ёки дам олиб ўтириладиган айлана скамейка тепасида ҳам ўрнатилиши мумкин. Бу қўзиқорин қалпоқсимон кўринишдаги металл ёки тахта қопламанинг ёғоч устунга ўрнатилганидир. Қўзиқориннинг тепаси одатда бир хил рангдаги бўёқ устига қўзиқорин доғлари сингари думалоқ шаклдаги бошқа ранги билан ажралиб туради.


Айвонча. 4 - 5 нафар бола айлана шаклида ёки бир-бирига қарама-қарши томонда ўтирадиган скамейкалар билан жиҳозланган, усти металл ёки тахта билан тўртбурчак шаклида қопланган дам олиш жойи. Бу жой болаларнинг ҳаракатли ўйинлардан чарчаган даврида мулоқот қилишлари ва пассив ҳордиқ чиқариш учун хизмат қилади. Ёмғирли кунларда эса у ерда ўтириб, суҳбатлашиш имконияти бўлади.


Учоқлар. Учоқларга икки кишилик ва тўрт кишилик горизонтал учоқлар ҳамда бир кишилик ва икки кишилик вертикал учоқлар ва бошқа турли учоқлар киради. Улар ўриндиқларда ўтирган ҳолда икки томонга тебраниш қоидаларига асосланади. Ўриндиқлар болалар учун қулай бўлиши ва улар олдида ушлагичлари бўлиши лозим. Учоқлар подшипник орқали асосга бирлаштирилиши шарт. Чунки ҳаракатларнинг силлиқ ва равон бўлишига подшипниклар воситасидагина эришилиши мумкин. Вертикал учоқ атрофида маълум масофагача хавфсизлик зонаси ташкил этилиши ва бошқа жиҳозлар жойлаштирилмаслиги талаб этилади.


Ўргимчак тўри. Бу жиҳоз ярим айлана шаклида кесилган икки жуфт қувурнинг бир-бирига ёпиштирилган ва ҳар иккала жуфт қувурларнинг ўртасида уларни боғлаб турувчи қувурлар пайвандланган бўлади. Жиҳознинг умумий кўриниши ағдарилган пиёлани эслатади. Турниксимон кўринишда қатор пайвандланган қувурларга болалар осилиб ўйнаши натижасида уларнинг билак қуввати ортади, тепаликка кўтарилиб борган сари улар ўз кучларини ҳисоблаб ва қанчалик даражада баландликка етиб бора олишларини синаб кўрадилар.


Қумхона. Тахминан 1,5 х 1,5 метр ёки 2,0 х 2,0 метр кенгликдаги майдон ёғоч тўсиқ билан ўралиб, унинг ўртасига қум тўкилади. Ёғоч тўсиқ ўткир қиррали бўлмаслиги керак. Қумхонада ўтказиладиган ўйинлар болаларнинг мушоҳада қобилиятини ривожлантиради. У ерда қумдан ясаладиган иморатлар, иншоотлар ва турли кўринишдаги миноралар улардаги ижодий қобилиятни ривожлантиришга хизмат қилиши мумкин. Қумхонада фойдаланиладиган челакча, хокандозча, автомашина ва бошқа ўйинчоқлар болаларнинг ўзларида бўлади ва уларнинг фантазиясидан келиб чиқиб турли ўйинлар ўтказилиши мумкин.


Сирпанчиқ. Одатда металл ёки пластмассадан тайёрланадиган сирпанчиқ болаларнинг энг севимли снаряди ҳисобланади. Сирпанчиқнинг тепасига чиқиб олиш учун эса нарвон ва ундан йиқилиб кетмаслик учун қўл билан ушлаб чиқиладиган тўсиқ ҳам бўлиши керак. Сирпанчиқнинг пастки қисмига, одатда, бир оз қум тўкиб қўйилади ва бу болаларнинг ерга қаттиқ урилмаслигини, агар йиқилиб тушса ҳам жароҳат олмасликларини таъминлайди.


Турник. Болаларнинг қўл мускулларини ривожлантириш, уларда муаллақ туриш кўникмаларини ҳосил қилиш учун хизмат қиладиган турниклар болалар майдончаларида турли шаклларда ва турлича баландликларда бўлиши зарур. Энг содда ҳисобланган бу снаряд, одатда, бошқа жиҳозларга халақит бермайди.


Нарвон. Болалар майдончаларидаги нарвонлар оддий нарвонлардан ерга маҳкамланганлиги, кўчмаслиги ва бир неча қаторлиги билан фарқланади. Уч-тўрт қаторли нарвонлар бир тарафдан бир неча боланинг бир пайтда шуғулланиши учун шароит яратишидан ташқари, болалар ўртасида ким биринчи бўлиб нарвоннинг тепасига етиб бориши бўйича мусобақаларни ҳам ташкил этиш имконини беради.


Ўриндиқлар. Болалар майдончасида болалар билан бир қаторда катталар учун ҳам хизмат қиладиган жиҳозлардан бири ўриндиқдир. Болалар майдончаларидаги ўриндиқларнинг баландлиги бошқа жойларда катталар учун мўлжалланган ўриндиқлардан пастроқ бўлади. Одатда болалар майдончалари ўриндиқлари жуда содда, тўртта ёғоч ёки металл оёқ устига жойлаштирилган бир нечта тахтадан иборат бўлади. Ўтиргич сифатида ишлатиладиган тахталар силлиқланган, ўткир қирралари йўнилган ва албатта бўялган ёки лакланган бўлиши талаб этилади.


Карусель. Болалар майдончаларига ўрнатиладиган каруселлар ўзининг содда конструкцияси ва ҳажмининг кичиклиги билан боғларда ўрнатиладиган каруселлардан фарқланади. Бу каруселларда ўтиргичлар бўлмайди ва болалар унда тик турган ҳолда айланадилар. Шу билан бирга, каруселлар электр қуввати билан эмас, катталарнинг ёки болаларнинг жисмоний ҳаракатлари эвазига ҳаракатланади. Болалар майдончалари каруселлари битта подшипникка ўрнатилган ўқ (аксарият ҳолларда йўғонроқ темир қувур) ва унга пайвандланган юза қисмдан иборат бўлади. Айлана шаклидаги юза қисмнинг устки томонида болаларнинг тушиб кетмаслиги учун тўсиқ ва каруселни айлантириш учун тиргаклар бўлади. Бу жиҳоз болаларнинг мувозанатлаштириш малакаларини ривожлантиришга, боши тез айланадиган болаларнинг жисмоний қувватини оширишга, болаларнинг баландликка кўникишига хизмат қилади.


Лабиринт. Оддийгина темир қувурлар ёки ёғоч-тахтачалардан ясаладиган, кескин бурилишларга мажбур қиладиган бу жиҳоз болаларнинг севимли снарядларидан бири ҳисобланади. Жиҳоздан фойдаланишдан олинадиган асосий натижа болаларнинг координация ҳиссиётларини ривожлантириш, қўл ва оёқнинг чаққон ҳаракатларига эришиш ва мусобақалар туфайли ўзларининг жисмоний имкониятларини тўлиқ очишларидан иборат.


Баскетбол шити. Болалар майдончаларида битта баскетбол шити ёки майдон кенгроқ бўлса - иккита ўрнатилиши мумкин. Баскетбол тўпи тушадиган тўр болаларнинг бўйларига мос равишда ер сатҳидан 1,5 метрдан 2,0 метргача баландликда ўрнатилиши мумкин. Бу жиҳоз болаларнинг тўп билан ҳаракатланиши ва тўрга туширишга интилиши орқали деярли барча аъзоларининг ривожланишига хизмат қилади.


Ахлат қутиси. Болалар майдончаларининг болалар томонидан ифлос қилиб юборилмаслиги учун унинг чекка қисмларига ахлат қутилари қўйилиши мақсадга мувофиқдир. Болалар майдончаларига кириш ва чиқишни ҳеч ким назорат қилмаслиги боис у ерга болалар турли хил егуликларни олиб келиши ва уларнинг қолдиқларини ҳар жойга сочиб юборишининг олдини олиш мақсадида ушбу қутилардан фойдаланилади. Ахлат қутилари битта жойга муқим (қўзғалмас қилиб) ўрнатиладиган ёки жойи ўзгартириладиган бўлиши мумкин. Ҳар икки ҳолатда ҳам ахлат қутиларидаги ахлатларни ҳар куни йўқотиш ишлари амалга оширилиши зарур.



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2010 йил, 51-сон, 488-модда.