Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 19.07.1995 й. ПФ-1205-сон "Ўзбекистон Республикасида ташқи иқтисодий фаолиятни янада эркинлаштириш тўғрисида"ги Фармони

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ПРЕЗИДЕНТИНИНГ

ФАРМОНИ

19.07.1995 й.

N ПФ-1205



ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИДА

ТАШҚИ ИҚТИСОДИЙ ФАОЛИЯТНИ

ЯНАДА ЭРКИНЛАШТИРИШ ТЎҒРИСИДА


Ташқи иқтисодий фаолиятни эркинлаштириш жараёнини кучайтириш, экспорт-импорт операцияларини амалга ошириш механизмини соддалаштириш, республикага хорижий сармоялар оқимини рағбатлантириш ва озиқ-овқат маҳсулотлари импорти соҳасида рақобат муҳитини вужудга келтириш мақсадида:


1. Белгилаб қўйилсинки, Ўзбекистон Республикасида нотариф чоралардан тариф асосида тартибга солиш чоралари сари босқичма-босқич ўтиш ташқи иқтисодий фаолиятни янада эркинлаштиришнинг асосий йўналиши ҳисобланади.


2. Ўзбекистон Республикасининг Вазирлар Маҳкамаси:

- Ўзбекистон Республикасида ташқи савдони тариф ва нотариф асосида йўлга қўйиш тартибини белгиловчи Ҳукумат қарорини бир ҳафта муддат ичида қабул қилиб, бунда меъёрланадиган ва лицензияланадиган товарлар рўйхати анча қисқартирилишини кўзда тутсин;

- тариф асосида тартибга солиш чоралари юзасидан қарорларни тезкорлик билан қабул қилиш мақсадида божхона ҳақи ставкаларини кўриб чиқувчи идоралараро комиссия тузилсин. Комиссия заруриятга қараб, божхона ҳақи ставкаларини ўзгартиришга оид таклифларни Вазирлар Маҳкамасининг тасдиқлаши учун тақдим этсин.


3. 1994 йил 21 январдаги 745-сон Фармоннинг товарлар импортидан бож ҳақи олишни бекор қилишга оид 14-бандининг амал қилиш муддати 1995 йил 1 октябргача узайтирилсин.


4. Шу нарса белгилаб қўйилсинки, давлат эҳтиёжлари учун асосий озиқ-овқат маҳсулотлари импортини нодавлат мулкчилик шаклларига асосланган ташқи савдо фирмалари тендер шартлари асосида амалга оширадилар.

5. Белгилаб қўйилсинки, 1994 йил 21 январдаги 745-сон Фармоннинг меъёрлашга, лицензиялашга, бож ҳақига ва экспорт чеклашларига тааллуқли 3, 4, 5, 6-иловаларининг амал қилиши Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарори чиққан пайтдан бошлаб ўз кучини йўқотади.



Ўзбекистон Республикасининг Президенти                                  И. Каримов