Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Импорт қилишда Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодекси 211-моддасининг 6-бандида назарда тутилган қўшилган қиймат солиғи бўйича имтиёзлар татбиқ қилинмайдиган доривор воситалар ва тиббиёт буюмлари рўйхатига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тартиби тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 11.05.2011 й. 132-сон қарорига илова)

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

Вазирлар Маҳкамасининг

2011 йил 11 майдаги

132-сон қарорига

ИЛОВА



Импорт қилишда Ўзбекистон Республикаси

Солиқ кодекси 211-моддасининг 6-бандида назарда

тутилган қўшилган қиймат солиғи бўйича имтиёзлар

татбиқ қилинмайдиган доривор воситалар ва тиббиёт

буюмлари рўйхатига ўзгартириш ва қўшимчалар

киритиш тартиби тўғрисида

НИЗОМ


I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Низом Импорт қилишда Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 211-моддаси 6-бандида назарда тутилган қўшилган қиймат солиғи бўйича имтиёзлар татбиқ қилинмайдиган доривор воситалар ва тиббиёт буюмлари рўйхатига (кейинги ўринларда Рўйхат деб аталади) ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тартибини белгилайди.

2. Рўйхатга ўзгартириш ва қўшимчалар аҳолининг касалланиши таркибини, ички бозор мамлакатимизнинг ўзида ишлаб чиқарилган доривор воситалар ва тиббиёт буюмлари билан тўлдирилганлиги ва уларнинг сифатини таҳлил қилиш асосида доривор воситалар ва тиббиёт буюмларини рўйхатдан ўтказиш гувоҳномасининг амал қилиш муддатини узайтиришни (қайта рўйхатдан ўтказишни) ҳисобга олган ҳолда, зарурият бўлганда ҳар бир олти ойда киритилади.

3. Рўйхатга асосли таклифлар мавжуд бўлганда, қуйидагиларни назарда тутувчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритилиши мумкин:

Рўйхатга янги доривор воситалар ва тиббиёт буюмларини киритишни;

Рўйхатдан доривор воситалар ва тиббиёт буюмларини чиқаришни;

доривор воситалар ва тиббиёт буюмларини ишлаб чиқариш шакли ва ТИФ ТН кодини.

4. Рўйхатга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш Вазирлар Маҳкамасининг "Тайёр доривор воситалар ва тиббиёт буюмлари импортини тартибга солиш тўғрисида" 2011 йил 25 февралдаги 49-сон қарори билан тасдиқланган Рўйхатга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги таклифларни кўриб чиқиш бўйича Ишчи гуруҳнинг (кейинги ўринларда Ишчи гуруҳ деб аталади) қарори асосида Вазирлар Маҳкамасининг қарорига мувофиқ амалга оширилади.

5. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги Ишчи гуруҳнинг ижро этувчи органи ҳисобланади.


6. Республиканинг фармацевтика бозори тизимли мониторингини олиб бориш мақсадида Ишчи гуруҳга чоракдан кейинги ойнинг 5-кунигача ҳар чоракда:

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан - даволаш-профилактика муассасалари ва аҳолининг доривор воситалар ва тиббиёт буюмларига бўлган эҳтиёжи; аҳолининг касалланиши таркиби ва маҳаллий ишлаб чиқарувчилар томонидан ишлаб чиқарилаётган доривор воситалар ва тиббиёт буюмларининг сифати тўғрисидаги таҳлилий материаллар;

"Ўзфармсаноат" ДАК томонидан - фармацевтика корхоналарида ички бозорнинг эҳтиёжини қондириш учун етарли ҳажмда доривор воситалар ва тиббиёт буюмларининг янги турларини ишлаб чиқариш ўзлаштирилиши; Рўйхатга киритилган доривор восита ва тиббиёт буюмларини ишлаб чиқариш тўхтатилиши (тўхтатиб турилиши), шу жумладан, корхона тугатилиши (фаолияти тўхтатиб турилиши), ишлаб чиқариш қувватлари камайиши ва ҳоказолар муносабати билан тўхтатилиши (тўхтатиб турилиши) ҳақидаги таҳлилий материаллар;

Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳамда Давлат божхона қўмитаси томонидан - доривор воситалар (ТИФ ТН 3004-товар позицияси) ва тиббиёт буюмлари (ТИФ ТН 9018-товар позицияси ва 401511, 401519-товар субпозициялари), шу жумладан, Рўйхатга киритилганлари импорти ва экспорти ҳажми.


II. РЎЙХАТГА ЎЗГАРТИРИШ ВА ҚЎШИМЧАЛАР

КИРИТИШ ШАРТЛАРИ ВА МЕЗОНЛАРИ


7. Рўйхатга ўзгартириш ва қўшимчалар қуйидаги шартлар мавжуд бўлган тақдирда киритилади:

касалланиш таркиби ҳисобга олинган ҳолда ички бозор конъюнктурасининг ўзгариши;

маркетинг тадқиқотлари натижалари бўйича Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва фармацевтика ташкилотлари томонидан аниқланган ички бозорнинг эҳтиёжини (кейинги ўринларда "эҳтиёж" деб аталади) қондириш учун етарли ҳажмда дори воситалар ва тиббиёт буюмларининг янги турларини ишлаб чиқаришни ўзлаштириш;

Рўйхатга киритилган доривор восита ва тиббиёт буюмини ишлаб чиқариш, шу жумладан, маҳаллий ишлаб чиқарувчи тугатилиши (фаолияти узоқ муддат тўхтатиб турилиши), ишлаб чиқариш қувватлари камайиши ва ҳоказолар муносабати билан тўхтатилиши (тўхтатиб турилиши);

ички бозор эҳтиёжлари таъминланмаслиги.


8. Қуйидагилар доривор воситалар ва тиббиёт буюмларини Рўйхатга киритишнинг асосий мезонлари ҳисобланади:

доривор воситалар ва тиббиёт буюмлари ички бозор эҳтиёжини таъминлайдиган ҳажмда ишлаб чиқарилиши йўлга қўйилганлиги;

амалдаги ишлаб чиқариш салоҳиятининг даволаш-профилактика муассасалари ва аҳолининг доривор воситалар ва тиббиёт буюмларига эҳтиёжини қондиришга мувофиқлиги;

доривор воситалар ва тиббиёт буюмларини зарур ҳажмда ишлаб чиқаришни таъминлайдиган ишлаб чиқариш қувватлари ва хом ашё ресурслари мавжудлиги.


III. РЎЙХАТГА ЎЗГАРТИРИШ ВА ҚЎШИМЧАЛАР

КИРИТИШ ТАРТИБИ


9. Рўйхатга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш республика фармацевтика бозорининг тизимли мониторинги, шунингдек вазирликлар, идоралар ва бошқа ташкилотларнинг Рўйхатга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги таклифлари асосида амалга оширилади. Таклифлар ушбу Низомга иловага мувофиқ шакл бўйича буюртманомалар асосида Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигига тақдим этилади.


10. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги "Ўзфармсаноат" ДАК билан биргаликда республика фармацевтика бозори мониторинги натижаларини, шунингдек Рўйхатга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш шартлари ва мезонларини ҳисобга олган ҳолда вазирликлар, идоралар ва бошқа ташкилотлардан тушган таклифларни кўриб чиқади. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги 10 кун мобайнида тушган таклифларни кўриб чиқиш учун Ишчи гуруҳ аъзоларига юборади.


11. Ишчи гуруҳ аъзолари 10 кун мобайнида Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигига Рўйхатга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш мақсадга мувофиқлиги ёки мақсадга мувофиқ эмаслиги тўғрисидаги ўз фикрини тақдим этадилар.


12. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ижро этувчи орган сифатида Ишчи гуруҳ аъзоларининг Рўйхатга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш мақсадга мувофиқлиги ёки мақсадга мувофиқ эмаслиги тўғрисидаги фикрларини умумлаштиради ва 5 кун мобайнида уларни кўриб чиқиш учун Ишчи гуруҳ раҳбарига юборади.


13. Ишчи гуруҳ 10 кун мобайнида тушган таклифларни кўриб чиқади ва Рўйхатга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш мақсадга мувофиқлиги ёки мақсадга мувофиқ эмаслиги тўғрисида қарор қабул қилади.

Ишчи гуруҳнинг қарори уч кун муддатда баённома шаклида расмийлаштирилади ҳамда Рўйхатга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш учун асос ҳисобланади.


14. Рўйхатга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш зарур бўлган тақдирда, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги Ишчи гуруҳнинг протоколи асосида Рўйхатга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги қарор лойиҳасини белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритади.






Низомга

ИЛОВА



Импорт қилишда Ўзбекистон Республикаси

Солиқ кодекси 211-моддасининг 6-бандида назарда

тутилган қўшилган қиймат солиғи бўйича имтиёзлар татбиқ

қилинмайдиган доривор воситалар ва тиббиёт буюмлари

рўйхатига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида

БУЮРТМАНОМА

1. Титул варақ:

а) муассасанинг ва/ёки маҳаллий ишлаб чиқарувчининг номи;

б) муассаса ва/ёки маҳаллий ишлаб чиқарувчи тўғрисидаги маълумотлар (манзили, телефон, факс);

в) буюртманома тақдим этилган сана.


2. Доривор восита ва тиббиёт буюмини киритиш ёки чиқариш тўғрисида масалани қўйиш.

3. Доривор восита ва тиббиёт буюмининг, доривор шаклнинг номи, дозаси.

4. Корхонанинг қуввати тўғрисидаги маълумотлар.


5. "Ўзбекэкспертиза" ОАЖ хулосаси илова қилинган ҳолда доривор восита ва тиббиёт буюмининг ТИФ ТН коди тўғрисидаги маълумот.

6. Доривор воситалар ва тиббиёт буюмларини зарур ҳажмда ишлаб чиқариш учун етарли бўлган хом ашёнинг мавжудлиги тўғрисидаги маълумотлар.

7. Кутилаётган натижалар ва уларни баҳолаш мезонлари.


8. Раҳбарларнинг муҳр билан тасдиқланган имзолари.


9. Олувчининг фамилияси, исми ва отасининг исми ҳамда олинган сана кўрсатилган ҳолда намунавий буюртманома қабул қилинганлиги тўғрисидаги маълумотлар.



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2011 йил, 19-сон, 192-модда.