Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Товарлар ва транспорт воситаларини юк божхона декларацияси расмийлаштирмасдан вақтинчалик четдан олиб келиш (четга олиб чиқиш) Қоидалари (ЎзР ВМ 13.04.2013 й. 106-сон қарорига 2-илова)

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

Вазирлар Маҳкамасининг

2013 йил 13 апрелдаги

106-сон қарорига

2-ИЛОВА



Товарлар ва транспорт воситаларини юк божхона

декларацияси расмийлаштирмасдан вақтинчалик

четдан олиб келиш (четга олиб чиқиш)

ҚОИДАЛАРИ


Ушбу Қоидалар товарлар ва транспорт воситаларини юк божхона декларацияси расмийлаштирмасдан Ўзбекистон Республикаси ҳудудига вақтинчалик четдан олиб келиш ҳамда Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан вақтинчалик четга олиб чиқиш шартларини белгилайди.



I. ТОВАРЛАР ВА ТРАНСПОРТ ВОСИТАЛАРИНИ ЮК

БОЖХОНА ДЕКЛАРАЦИЯСИ РАСМИЙЛАШТИРМАСДАН

ВАҚТИНЧАЛИК ЧЕТДАН ОЛИБ КЕЛИШ (ЧЕТГА ОЛИБ

ЧИҚИШ) ҚОИДАЛАРИ ВА УЛАРГА НИСБАТАН

БОЖХОНА ТЎЛОВЛАРИНИ ҚЎЛЛАШ


1. Қуйидаги товарлар юк божхона декларацияси расмийлаштирмасдан ва божхона тўловлари тўламасдан Ўзбекистон Республикасининг божхона ҳудудига вақтинчалик четдан олиб келинади ва Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан вақтинчалик четга олиб чиқилади:

а) қиймати белгиланган энг кам ойлик иш ҳақининг ўн баравари миқдоридан ошмайдиган товарлар. Кўрсатиб ўтилган товарлар Т-6 шаклидаги декларация ва товарга илова қилинган ҳужжатлар асосида ўтказилади, қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳолатлар бундан мустасно;

б) шахсий эҳтиёжларни қондириш учун мўлжалланган хорижий фуқаролар ва Ўзбекистон Республикаси ҳудудида доимий яшаш жойига эга бўлмаган фуқаролиги бўлмаган шахслар томонидан олиб келинган товарлар.

Ушбу кичик банднинг биринчи хатбошисига мувофиқ автотранспорт воситалари вақтинчалик четдан олиб келинган тақдирда божхона божлари ва солиқлардан тўлиқ озод қилиш бир йил мобайнида уч ойгача бўлган муддатга берилади.

Кўрсатилган муддат тугагач автотранспорт воситалари қайтариб олиб чиқиб кетилмаган тақдирда, уларга нисбатан вақтинчалик четдан олиб келишнинг бундан кейинги муддати учун даврий божхона тўловлари қўлланади, бунда автотранспорт воситасини вақтинчалик четдан олиб келган шахснинг ёки вақтинчалик четдан олиб келиш ҳуқуқига эга бўлган бошқа шахснинг номига юк божхона декларацияси расмийлаштирилади.

Қайтариб олиб чиқиб кетиш таъминланмаганда ёки кўрсатиб ўтилган даврда автотранспорт воситасининг тегишли божхона режими расмийлаштирилганда, қайтариб олиб чиқиб кетишнинг муддати ўтган ҳар бир куни учун двигатель ҳажмининг ҳар куб сантиметри учун 0,01 АҚШ доллари миқдорида йиғим ундирилади;

в) транспорт воситалари, уларга эҳтиёт қисмлар, бутловчи буюмлар ва транспорт асбоб-ускуналари, шунингдек Ўзбекистон Республикаси ҳудудига ва Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан йўловчилар ва юкларни халқаро ташувларда фойдаланиладиган контейнерлар, поддонлар ва кўп марталаб фойдаланиладиган идишлар ва упаковкаларнинг бошқа турлари.

Кўрсатилган транспорт воситалари хорижий давлатда рўйхатдан ўтказилган бўлиши керак.

Кўрсатилган транспорт воситалари, уларга эҳтиёт қисмлар, бутловчи буюмлар ва транспорт асбоб-ускуналари, кўп марталаб фойдаланиладиган идишлар ва упаковкаларни вақтинчалик олиб келишга транспорт операцияларини амалга ошириш муддатига, лекин уч ойдан кўп бўлмаган муддатга божхона божлари ва солиқлардан тўлиқ озод қилган ҳолда рухсат этилади.

Вақтинчалик четдан олиб келиш муддати тугагач, кўрсатилган товарлар Ўзбекистон Республикасининг божхона ҳудудидан ташқарига олиб чиқилиши ёки Ўзбекистон Республикасининг божхона қонунчилигига мувофиқ тегишли божхона режимига жойлаштирилиши керак;

г) шахсий эҳтиёжларни қондириш учун мўлжалланган, Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ва Ўзбекистон Республикаси ҳудудида доимий яшаш жойига эга бўлган фуқаролиги бўлмаган шахслар томонидан четга олиб чиқиладиган товарлар.

Ушбу кичик банднинг биринчи хатбошисига мувофиқ автотранспорт воситалари вақтинчалик четга олиб чиқилган тақдирда, вақтинчалик четга олиб чиқишга бир йил мобайнида уч ойгача бўлган муддатга рухсат берилади.

Кўрсатилган муддат тугагач автотранспорт воситаси қайтариб олиб келинмаган тақдирда, унга қонун ҳужжатларига мувофиқ юк божхона декларацияси расмийлаштирилади.

Қайтариб олиб келиш ёки автотранспорт воситасининг тегишли божхона режимини расмийлаштириш таъминланмаганда кўрсатиб ўтилган давр учун қайтариб олиб келишнинг муддати ўтган ҳар бир куни учун двигатель ҳажмининг ҳар куб сантиметри учун 0,01 АҚШ доллари миқдорида йиғим ундирилади;

д) вақтинчалик четга олиб чиқиладиган транспорт воситалари, уларга эҳтиёт қисмлар, бутловчи буюмлар ва транспорт асбоб-ускуналари, шунингдек йўловчилар ва юкларни халқаро ташувларда фойдаланиладиган контейнерлар, поддонлар ва кўп марталаб фойдаланиладиган идишлар ва упаковкаларнинг бошқа турлари. Кўрсатилган транспорт воситалари Ўзбекистон Республикасида рўйхатдан ўтказилган бўлиши керак.

Кўрсатилган транспорт воситалари, уларга эҳтиёт қисмлар, бутловчи буюмлар ва транспорт асбоб-ускуналари, кўп марталаб фойдаланиладиган идишлар ва упаковкаларни вақтинчалик четга олиб чиқишга транспорт операцияларини амалга ошириш муддатига, лекин уч ойдан кўп бўлмаган муддатга рухсат берилади.

Вақтинчалик четга олиб чиқиш муддати тугагач, кўрсатилган товарлар Ўзбекистон Республикасининг божхона ҳудудига олиб келиниши ёки Ўзбекистон Республикасининг божхона қонунчилигига мувофиқ божхона режимига қўйилиши керак;

е) йўловчилар ва юкларни халқаро темир йўл транспортида ташишда фойдаланиладиган темир йўл транспорт воситалари.


2. Божхона постида назорат ва ҳисобга олишни амалга ошириш учун "б", "в", "г" ва "д" кичик бандларда кўрсатилган транспорт воситаларини вақтинчалик четдан олиб келишда (четга олиб чиқишда) қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда қайта четга олиб чиқиш (четдан олиб кириш) тўғрисида мажбурият расмийлаштирилади. Қайта четга олиб чиқиш (четдан олиб келиш) мажбуриятида, шунингдек транспорт воситаларига эҳтиёт қисмлар, бутловчи буюмлар ва транспорт асбоб-ускуналари, контейнерлар, поддонлар ва кўп марталаб фойдаланиладиган идишлар ва упаковкаларнинг бошқа турлари тўғрисидаги маълумотлар ҳам кўрсатилади.



II. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР


3. Давлат божхона органлари вақтинчалик четдан олиб келиш (четга олиб чиқиш)нинг божхона режимига қўйишни расмийлаштирмасдан республикага вақтинчалик четдан олиб келинган ва республикадан вақтинчалик четга олиб чиқилган товарлар ва транспорт воситаларининг ҳисобини юритадилар.


4. Ушбу Қоидаларнинг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларига мувофиқ жавоб беради.



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2013 йил 22 апрель, 16-сон, 217-модда


"Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг қарорлари тўплами",

2013 йил, 4-сон, 26-модда