Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 18.11.1992 й. ПФ-497-сон "Ўзбекистон сув хўжалиги қурилиши ("Ўзсувқурилиш") давлат концернини ташкил этиш тўғрисида"ги Фармони

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ПРЕЗИДЕНТИНИНГ

ФАРМОНИ

18.11.1992 й.

N ПФ-497



ЎЗБЕКИСТОН СУВ ХЎЖАЛИГИ ҚУРИЛИШИ

("ЎЗСУВҚУРИЛИШ") ДАВЛАТ КОНЦЕРНИНИ

ТАШКИЛ ЭТИШ ТЎҒРИСИДА


Бозор муносабатларини рўёбга чиқариш шароитида республиканинг сув хўжалиги ташкилотларига қулай шарт-шароит яратиш, уларнинг тижорат-тадбиркорлик фаолиятини кучайтириш қуйи таркибий бўлинмаларга кўпроқ мустақиллик бериш ва тармоқни бошқаришни такомиллаштириш мақсадида:


1. Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги қурилиши давлат комитети тугатилсин.

Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги қурилиши давлат комитети тизимидаги бирлашмалар, трестлар, корхоналар ва ташкилотларнинг мавжуд қонунларга мувофиқ Ўзбекистон Сув хўжалиги қурилиши ("Ўзсувқурилиш") давлат концерни ташкил этиш тўғрисидаги таклифи қабул қилинсин.

Белгилаб қўйилсинки:

"Ўзсувқурилиш" концерни Ўзбекистон Республикасининг тугатилган Сув хўжалиги қурилиши давлат комитетининг ҳуқуқий вориси бўлиб, ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикасининг қонунларига ҳамда концерннинг Вазирлар Маҳкамаси билан келишиб олинган Низомига амал қилади;

қишлоқ хўжалиги маҳсулотини етиштириш ва қайта ишлаш масалалари ҳамда мелиорация, қишлоқ хўжалиги ва саноат-фуқаро иншоотларини қуриш юзасидан буюртмачи вазифалари "Ўзсувқурилиш" концернидан кимга тегишлилигига қараб Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлигига ҳамда Мелиорация ва сув хўжалиги вазирлигига ўтказилади;

"Ўзсувқурилиш" концерни таркибига кирувчи бирлашмалар, трестлар, корхоналар ва ташкилотлар ўз хўжалик мустақиллигини ва юридик шахслар ҳуқуқларини сақлаб қоладилар, меҳнат жамоалари фикрини ва иқтисодий жиҳатдан мақсадга мувофиқлигини ҳисобга олиб, ўз ваколатлари ва вазифаларининг бир қисмини, жумладан давлат топшириқларини бажариш, марказлаштирилган тарзда ажратиладиган молиявий, моддий-техникавий ресурслар ва капитал маблағларни олиш масалалари юзасидан бошқа вазирликлар ва идоралар билан ўзаро муносабатларда уларнинг манфаатларини ифодалашни ихтиёрий равишда "Ўзсувқурилиш" концернига топширади.


2. "Ўзсувқурилиш" Ўзбекистон давлат концерни фаолиятининг асосий вазифалари ва йўналишлари:

концерн таркибига кирувчи қурилиш, саноат корхоналарининг, илмий ва лойиҳа ташкилотлари ҳамда муассасаларининг фаолиятини мувофиқлаштириш;

Орол ва Оролбўйи муаммоларига доир амалий тадбирларни амалга ошириш;

давлат, кооператив, фермер ташкилотлари ҳамда бошқа ташкилотлар ва корхоналарнинг буюртмаси асосида сув хўжалиги ва саноат-фуқаро қурилиши, йирик гидротехник иншоотлар ва сув оқизиладиган зовурлар барпо этиш;

бинокорлик буюмлари, конструкциялари ва материалларини, қурилиш техникасининг айрим турларини, машина ва ускуналарни ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш;

кўриқ районлар ва Қорақалпоғистон Республикасининг қишлоқ аҳолисини ичимлик сув билан таъминлашга оид ишлар туркумини амалга ошириш, магистрал қувурлар ҳамда хўжалик-ичимлик сув билан таъминлаш тизимларини қуриш ва такомиллаштириш;

Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигига кирувчи давлатларда ва чет элларда ўзаро фойдали ташқи иқтисодий алоқаларни ривожлантириш, хорижий фирмалар билан биргаликда корхоналар ташкил этиш, сув хўжалиги ишлари ҳамда саноат-фуқаро қурилишини олиб бориш;

концернга кирувчи корхоналар ва ташкилотларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, республика давлат бошқаруви идораларида ва чет элларда уларнинг умумий манфаатларини ифодалашдан иборат деб белгилансин.


3. Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Вазирлар Маҳкамаси 10 кун муддат ичида "Ўзсувқурилиш" концерни фаолиятини ташкил этиш масалаларига доир қарор қабул қилсин, унинг таркибини ва Низомини тасдиқласин.


Ўзбекистон Республикасининг Президенти                          И. Каримов



"Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгаши Ахборотномаси", 1993 й., 2-сон, 57-модда