Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Республика ахборот-кутубхона тизими фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Идоралараро кенгаш тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 27.07.2006 й. 150-сон Қарорига илова)

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

Вазирлар Маҳкамасининг

2006 йил 27 июлдаги

150-сон қарорига

ИЛОВА



Республика ахборот-кутубхона тизими

фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича

Идоралараро кенгаш тўғрисида

НИЗОМ


I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Республика ахборот-кутубхона тизими фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Идоралараро кенгаш (кейинги ўринларда Идоралараро кенгаш деб аталади) Ўзбекистон Республикаси ахборот-ресурс марказлари, ахборот-кутубхона марказлари ва кутубхоналари фаолиятини унинг йўналишларига мувофиқ мувофиқлаштиришни амалга оширувчи коллегиал идоралараро орган ҳисобланади.


2. Идоралараро кенгаш ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Конституциясига, Ўзбекистон Республикаси қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари қарорларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларига, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишларига, шунингдек ушбу Низомга амал қилади.


3. Идоралараро кенгаш Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари, кутубхона шохобчаларига эга бўлган вазирликлар ва идоралар билан ўзаро ҳамкорлик қилади.



II. ИДОРАЛАРАРО КЕНГАШНИНГ

ВАЗИФАЛАРИ, ФУНКЦИЯЛАРИ ВА ҲУҚУҚЛАРИ


4. Қуйидагилар Идоралараро кенгашнинг асосий вазифалари ҳисобланади:

Ўзбекистон Республикасининг миллий ахборот-кутубхона тизими ва миллий ахборот-кутубхона фонди фаолият кўрсатиши ва ривожлантирилиши соҳасидаги стратегик устувор вазифаларни амалга ошириш;

тармоқлараро ташкилий-методик раҳбарликни амалга ошириш, ахборот-ресурс марказларини, ахборот-кутубхона марказларини ва кутубхоналарни улар фаолиятининг барча йўналишлари бўйича ривожлантириш ишларини мувофиқлаштириш;

ахборот-ресурс марказлари, ахборот-кутубхона марказлари ва кутубхоналарнинг, кутубхона-ахборот хизмати кўрсатиш тизимининг мақбул фаолият кўрсатиши бўйича, мамлакатимиз ва хориждаги илмий-ахборот фаолияти ривожланишини ҳисобга олган ҳолда тавсияномалар ишлаб чиқиш.


5. Идоралараро кенгаш асосий вазифаларига мувофиқ қуйидаги функцияларни бажаради:

Ўзбекистон Республикасининг ягона ахборот-кутубхона тизими сифатида ахборот-ресурс марказларини, ахборот-кутубхона марказларини ва кутубхоналарни ривожлантиришнинг асосий йўналишларини белгилайди;

ахборот-ресурс марказларини, ахборот-кутубхона марказларини ва кутубхоналарни комплектлашнинг асосий йўналишлари, мамлакатимиздаги адабиётлар (шу жумладан, ҳужжатларнинг мажбурий нусхалари), қоғоз ва электрон манбалардаги хорижий нашрлар (шу жумладан, халқаро китоблар алмашиш), маълумотлар базалари ва банклари билан энг тўлиқ таъминлаш бўйича тавсияномалар ишлаб чиқади ва ишларни мувофиқлаштиради;

ахборот-ресурс марказлари, ахборот-кутубхона марказлари ва кутубхоналар фондларининг физик ҳолатини нашрларнинг, айниқса ноёб фондлар ва маданий мерос ёдгорликларининг сақланишини таъминлаш бўйича чора-тадбирлар ҳамда тавсияномалар ишлаб чиқиш йўли билан назорат қилишни ташкил этади;

республика ахборот-ресурс марказлари, ахборот-кутубхона марказлари ва кутубхоналар учун мамлакатимиздаги ва хорижий нашрларга обуна бўлишга бюджет, шу жумладан валюта маблағларини тақсимлаш, шунингдек кутубхона ишларини юритишнинг илғор технологиялари негизида кутубхона кадрларини тайёрлаш ва қайта тайёрлаш бўйича таклифларни кўриб чиқади ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритади;

республика ахборот-ресурс марказлари, ахборот-кутубхона марказлари ва кутубхоналари фаолиятини тартибга солувчи норматив ҳужжатларнинг ишлаб чиқилишини таъминлайди;

ахборот-ресурс марказларида ва ахборот-кутубхона марказларида янги ахборот технологияларини жорий этиш ишларини мувофиқлаштиради;

республикада ахборот-кутубхона ишларини истиқболли ривожлантиришнинг комплекс дастурларини ва асосий йўналишларини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш ишларини мувофиқлаштиради;

ахборот-ресурс марказлари, ахборот-кутубхона марказлари ва кутубхоналарнинг нашриётлар, китоб савдоси ташкилотлари ҳамда оммавий ахборот воситалари билан ўзаро ҳамкорлигини яхшилаш чора-тадбирларини ишлаб чиқади;

ахборот-ресурс марказлари, ахборот-кутубхона марказлари ва кутубхоналар фондларини шакллантириш ва улардан фойдаланиш, адабиётларни нашр этиш ва қайта нашр этиш ҳамда уларнинг тиражларини белгилаш бўйича таклифлар тайёрлайди;

республика ахборот-ресурс марказлари, ахборот-кутубхона марказлари ва кутубхоналарида меҳнат шароитларини яхшилашга ва уларни кадрлар билан мустаҳкамлашга йўналтирилган таклифлар тайёрлайди;

республиканинг ахборот-кутубхона шохобчаларини ривожлантириш, шу жумладан электрон каталоглар ташкил этиш тизимини ривожлантириш, электрон илмий-таълим ресурсларидан фойдаланишнинг корпоратив тизимларини, ноёб фондларни рақамлаштириш марказларини ва шу кабиларни ташкил этиш бўйича илмий-техник лойиҳаларни ишлаб чиқиш ва амалга оширишда ташаббус кўрсатади;

иш тажрибаларини ўрганиш, халқаро кутубхоналараро абонементни ривожлантириш, ахборотларни ўзаро айирбошлаш, халқаро кутубхона анжуманларида ва ташкилотларида қатнашиш учун чет эл кутубхоналари, нашриётлари, ахборот марказлари билан халқаро ҳамкорликни ривожлантириш бўйича тавсияномалар ишлаб чиқади;

халқаро ва республика кутубхона конференциялари ва семинарларини ташкил этишда ва ўтказишда ташаббус кўрсатади.


6. Идоралараро кенгаш ўзига юкланган вазифалар ва функцияларни бажариш учун қуйидаги ҳуқуқларга эга:

республика ахборот-ресурс марказлари, ахборот-кутубхона марказлари ва кутубхоналари фаолиятининг мувофиқлаштирилишини яхшилашга йўналтирилган қарорлар қабул қилиш;

вазирликлар ва идоралардан, маҳаллий давлат ҳокимияти органларидан Идоралараро кенгаш ваколатига тааллуқли ахборот ва маълумотнома материалларини белгиланган тартибда сўраш ва олиш;

ахборот-ресурс марказлари, ахборот-кутубхона марказлари ва кутубхона муассасалари вакилларининг ахборот-кутубхона ишлари соҳасидаги ишларни таъминлаш ва такомиллаштиришнинг аҳволи ва чора-тадбирлари тўғрисидаги ҳисоботлари ва маърузаларини эшитиш;

ахборот-ресурс марказлари, ахборот-кутубхона марказлари ва кутубхоналар фаолиятининг энг муҳим масалалари бўйича таклифларни ўрганиш ва таклифлар тайёрлаш учун ишчи комиссиялар ва эксперт гуруҳлар ташкил этиш, шунингдек мутахассислар ва илмий ходимларни ушбу комиссиялар ва гуруҳларда ишлашга жалб этиш;

республика ахборот-кутубхона шохобчаларини ривожлантиришга доир илмий-техник лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш ёки рад этиш бўйича эксперт хулосалари ва тавсиялар бериш.

Идоралараро кенгаш ўзига юкланган вазифаларнинг самарали бажарилиши учун жавоб беради ва ҳар йили Вазирлар Маҳкамасига ҳисобот беради.



III. ТАРКИБИ ВА ИШЛАРИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ


7. Идоралараро кенгашнинг шахсий таркиби Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан тасдиқланади.


8. Идоралараро кенгаш ўз мажлисларини заруриятга кўра, лекин ҳар йили камида икки марта ўтказади.


9. Ўзига юкланган асосий вазифаларга мувофиқ Идоралараро кенгаш ҳар йили ўз ишлари режасини тасдиқлайди, шунингдек раис ўринбосарлари, масъул котиб ва кенгашнинг бошқа аъзолари вазифаларини белгилайди.


10. Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон миллий кутубхонаси Идоралараро кенгашнинг ишчи органи ҳисобланади.


11. Идоралараро кенгаш ўз бланкасига эга бўлади. Идоралараро кенгаш фаолияти билан боғлиқ ёзишмаларни юритишда хатлар, Идоралараро кенгаш раиси (унинг ўринбосари) ёки масъул котиби томонидан имзоланади.


12. Идоралараро кенгаш мажлисини ўтказиш жойи, санаси ва тартиби раис ёки унинг ўринбосарлари томонидан белгиланади, қарорлар эса мажлисда қатнашганларнинг кўпчилик овози билан қабул қилинади. Идоралараро кенгаш мажлисда таркибидагиларнинг камида ярми қатнашган тақдирда, масалаларни ҳал этиш ваколатига эга бўлади.


13. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари томонидан Идоралараро кенгаш билан келишган ҳолда Идоралараро кенгашга бўйсунадиган ана шундай ҳудудий кенгашлар ташкил этилиши мумкин.


14. Идоралараро кенгаш қарорлари протокол билан расмийлаштирилади, уни раис ёки унинг ўринбосарларидан бири, шунингдек масъул котиб имзолайди.


15. Идоралараро кенгаш қарорлари барча манфаатдор шахсларга етказилади ҳамда кутубхона шохобчаларига эга бўлган вазирликлар, идоралар ва ташкилотлар томонидан бажарилиши мажбурий ҳисобланади.



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2006 йил, 30-сон, 295-модда.