Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Ўзбекистон Республикасининг фан ва техника, адабиёт, санъат ва меъморчилик соҳасидаги Давлат мукофотлари тўғрисида Низом (ЎзР Президентининг 25.07.2006 й. ПФ-3781-сон Фармонига 2-илова)

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

Ўзбекистон Республикаси

Президентининг

2006 йил 25 июлдаги

ПФ-3781-сон Фармонига

2-ИЛОВА



Ўзбекистон Республикасининг фан ва техника,

адабиёт, санъат ва меъморчилик соҳасидаги

Давлат мукофотлари тўғрисида

НИЗОМ


1. Ўзбекистон Республикасининг фан ва техника, адабиёт, санъат ва меъморчилик соҳасидаги Давлат мукофотлари (кейинги ўринларда Давлат мукофотлари деб аталади) мазкур соҳа вакилларининг давлат ва жамият олдидаги хизматларининг юксак эътирофидир.

Ўзбекистон Республикасининг

- фан ва техника;

- адабиёт;

- санъат ва меъморчилик йўналишларида жами олтита - учта биринчи даражали ва учта иккинчи даражали Давлат мукофотлари ҳар икки йилда бир марта берилади.

Ҳар қайси биринчи даражали Давлат мукофотининг миқдори базавий ҳисоблаш миқдорининг 500 бараварига, ҳар қайси иккинчи даражали Давлат мукофотининг миқдори базавий ҳисоблаш миқдорининг 300 бараварига тенг бўлиб, жисмоний шахсларнинг даромадига солинадиган солиққа тортилмайди.

Давлат мукофотларига илмий тадқиқотлари, адабий ва бадиий асарлари матбуотда эълон қилинган, техника ва технологиялар соҳасидаги ишлари ишлаб чиқаришга жорий этилган шахслар тавсия этилиши мумкин.

Мусиқа, театр, кино, тасвирий ва бошқа хил санъат асарларининг муаллифлари ушбу асарлар концертлар, кўргазмалар, театрлар, радио ва телевидение орқали эълон қилиниб, кенг жамоатчиликка таништирилганидан кейин, меъморчилик асарлари бўйича объектлар эса фойдаланишга топширилганидан сўнг бир йил ўтгач, Давлат мукофотларига тавсия этилиши мумкин.


2. Фан ва техника соҳасидаги биринчи даражали Давлат мукофоти республика фанини ривожлантиришга улкан ҳисса бўлиб қўшилган ва халқаро миқёсда эътироф этилган фундаментал тадқиқотлар, жамиятнинг ижтимоий-иқтисодий, илмий-техник ва маънавий-маърифий ривожланишига кучли таъсир қилган кашфиёт, ихтиро ва илмий ишланмалар, жаҳон миқёсидаги энг илғор стандартларга мос бўлган ва амалиётга катта самара билан жорий этилган янги техника ва технологиялар учун берилади.

Фан ва техника соҳасидаги иккинчи даражали Давлат мукофоти республика фанининг муайян тармоқларини ривожлантиришга салмоқли ҳисса бўлиб қўшилган ва хорижий мамлакатларда эътироф этилган фундаментал тадқиқотлар, жамиятнинг ижтимоий-иқтисодий, илмий-техник ва маънавий-маърифий ривожланишига сезиларли таъсир кўрсатган ихтиролар, илмий ишланмалар, таълим муассасалари учун дарсликлар, илғор стандартларга мос бўлган ва ишлаб чиқаришга самарали жорий қилинган янги технологиялар учун берилади.

Адабиёт соҳасидаги биринчи даражали Давлат мукофоти ўзбек адабиётини ривожлантиришга улкан ҳисса бўлиб қўшилган, кенг маданий жамоатчилик томонидан эътироф этилган, халқаро миқёсда миллий адабиётимизнинг обрў-эътиборини кўтаришга хизмат қилган юксак бадиий савиядаги шеърий, насрий ва драматик асарлар, ўзбек адабиётининг энг нодир асарларини хорижий тилларга таржималари ҳамда адабиётшунослик йўналишидаги фундаментал тадқиқотлар учун берилади.

Адабиёт соҳасидаги иккинчи даражали Давлат мукофоти замонавий ўзбек адабиёти ривожида муносиб ўрин эгаллаган юксак савиядаги бадиий ва публицистик асарлар, жаҳон адабиётининг миллий маънавиятимизни бойитишга хизмат қиладиган етук асарларини ўзбек тилига таржималари, адабиётшунослик соҳасидаги тадқиқотлар ҳамда адабиёт дарсликлари учун берилади.

Санъат ва меъморчилик соҳасидаги биринчи даражали Давлат мукофоти республикада маданият, санъат ва меъморчиликни ривожлантиришга беқиёс ҳисса бўлиб қўшилган, кенг жамоатчилик томонидан ҳамда халқаро миқёсда эътироф этилган, энг юксак бадиий савиядаги санъат ва меъморчилик асарлари учун берилади.

Санъат ва меъморчилик соҳасидаги иккинчи даражали Давлат мукофоти республикада маданият ва меъморчиликни ривожлантиришга салмоқли ҳисса бўлиб қўшилган, кенг жамоатчилик ва ижодкорлар томонидан эътироф этилган, юксак бадиий савиядаги санъат ва меъморчилик асарлари учун берилади.

Давлат мукофотлари Ўзбекистон Республикаси фуқароларига ҳамда мамлакатимиз фан ва техникаси, адабиёти, санъати ва меъморчилиги ривожи йўлидаги алоҳида хизматлари учун хорижий давлатларнинг фуқароларига берилади.


3. Давлат мукофотлари Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан берилади.

Давлат мукофотларини бериш тўғрисидаги таклифлар:

фан ва техника соҳасида - Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Фан ва технологиялар бўйича республика кенгаши;

адабиёт, санъат ва меъморчилик соҳасида - Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўзбекистон Республикасининг Адабиёт, санъат ва меъморчилик соҳасидаги давлат мукофотлари бўйича кенгаши томонидан тақдим этилади.

Тегишли давлат мукофотларини бериш тўғрисидаги таклифлар Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Фан ва технологиялар бўйича республика кенгаши ҳамда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўзбекистон Республикасининг Адабиёт, санъат ва меъморчилик соҳасидаги давлат мукофотлари бўйича кенгаши (кейинги ўринларда - Давлат мукофотлари бўйича кенгашлар) қарорига мувофиқ белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси Президентига кўриб чиқиш киритилади.


4. Давлат мукофоти шахсий характерга эга ва қоидага кўра, битта шахсга берилади. Давлат мукофотига тавсия этилган ишда бир неча шахснинг ҳиссаси ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлган тақдирдагина Давлат мукофоти муаллифлар жамоасига берилиши мумкин. Муаллифлар жамоаси аъзоларининг сони беш кишидан ошмаслиги керак. Бу ҳолда пул мукофоти Давлат мукофоти лауреатлари ўртасида тенг миқдорда тақсимланади ва ҳар бир лауреатга диплом ва фахрий нишон топширилади.

Давлат мукофотига тақдим этилаётган жамоа илмий ва ижодий ҳиссаси эришилган ютуқда ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлган муаллифлардангина иборат бўлиши шарт. Муаллифлар жамоаси таркибига талабгор шахслар маъмурий, маслаҳатчилик ёки ташкилотчилик бўйича ҳиссасига кўра киритилиши мумкин эмас.

Давлат мукофотлари истисно тариқасида илгари бошқа давлат мукофотлари билан тақдирланган муаллифлар ишлари учун ҳам берилишига йўл қўйилади.

Муаллифлар жамоасининг аъзоси вафот этган тақдирда, унинг ишга қўшган ҳиссаси ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлсагина, Давлат мукофотига тавсия этилиши мумкин. Вафотидан сўнг тақдирланган ёки вафот этган лауреатнинг дипломи ва фахрий нишони унинг оиласига ёдгорлик сифатида топширилади, пул мукофоти эса қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда мерос қилиб берилади.

Ҳар бир соҳа бўйича мукофотга номзодлар сони олтитадан кам бўлган ёки Давлат мукофотлари бўйича кенгашлар томонидан экспертиза хулосалари ёки кенг жамоатчилик ўртасидаги муҳокама натижалари асосида Давлат мукофотига тавсия этилган ишлар бундай мукофотга муносиб эмас ёки муносиблиги мунозарали деб топилган тақдирда бериладиган Давлат мукофотлари сони камайтирилиши ёки берилмай қолдирилиши мумкин.

5. Вазирликлар, идоралар, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар, жамоат бирлашмалари Давлат мукофотларига номзодлар кўрсатиш ва тавсияномалар тақдим этиш ҳуқуқига эга.


6. Қуйидагилар белгилаб қўйилсин:

навбатдаги Давлат мукофотларига талабгорлар бўйича тавсияномалар қабул қилиш бошланиши тўғрисидаги билдириш мукофотлар бериладиган муддатдан ўн ой олдин республика марказий газеталарида эълон қилинади;

Давлат мукофотига талабгорларнинг ҳужжатлари уч ой давомида қабул қилинади;

Ҳужжатлар қабул қилиш тўхтатилганидан сўнг бир ой муддатда Давлат мукофотлари бўйича кенгашлар томонидан қабул қилинган ҳужжатларнинг Давлат мукофотлари тўғрисидаги низом талабларига мувофиқлиги кўриб чиқилиб, номзодлар рўйхати шакллантирилади ва республика марказий газеталарида эълон қилинади;

Давлат мукофотига тақдим этилган ишлар уч ой мобайнида кенг жамоатчилик, мутасадди ташкилотлар ва мутахассислар муҳокамасидан ҳамда экспертизадан ўтказилади;

икки ой мобайнида муҳокама натижалари ва экспертиза хулосалари умумлаштирилиб, Давлат мукофотлари бўйича кенгашларнинг соҳаларга оид шўъбаларида кўриб чиқилади, шўъбаларнинг хулосалари асосида тегишли таклифлар тайёрланади ва мукофот бериладиган муддатдан бир ой олдин Ўзбекистон Республикаси Президентига тақдим этилади.

7. Давлат мукофотларига талабгорлар бўйича тавсияномалар ва уларга тегишли материалларни тайёрлаш, Давлат мукофотлари бўйича кенгашларга тақдим этиш, уларни Давлат мукофотлари бўйича кенгашларнинг ишчи органларида расмийлаштириш, экспертизадан ўтказиш, Давлат мукофотлари бўйича кенгашларида кўриб чиқиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.

8. Талабгорларнинг ишлари танлов асосида кўриб чиқилади. Давлат мукофотларига тавсия этиш учун саралаб олинган номзодлар рўйхати, уларнинг мукофотга тавсия этилаётган ишларининг номи ва қисқа мазмуни билан бирга республика марказий матбуотида эълон қилинади. Давлат мукофотлари бўйича кенгашлар манфаатдор томонлар иштирокида Давлат мукофотларига тақдим этилган ишларнинг кенг муҳокамасини ташкил қилади ва экспертизадан ўтказади.

9. Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат мукофотларини бериш тўғрисидаги Фармони Ўзбекистон Республикасининг Мустақиллик байрами арафасида матбуотда эълон қилинади.


10. Давлат мукофотларига сазовор бўлган шахсларга диплом, фахрий нишон ва пул мукофоти топширилади.

"Ўзбекистон Республикаси Давлат мукофоти лауреати" фахрий нишони кўкракнинг ўнг томонига, бошқа давлат мукофотларидан кейин тақилади.


"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2006 йил, 31-32-сон, 308-модда.