Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 23.01.1997 й. ПФ-1701-сон "Ўзбекистон Бадиий Академиясини ташкил этиш ҳақида"ги Фармони

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ПРЕЗИДЕНТИНИНГ

ФАРМОНИ

23.01.1997 й.

N ПФ-1701



ЎЗБЕКИСТОН БАДИИЙ АКАДЕМИЯСИНИ

ТАШКИЛ ЭТИШ ҲАҚИДА


Ўзбекистон ҳудудида қадимдан шаклланган, жаҳоний шуҳрат қозонган нафис санъатлар мактабининг ноёб анъаналарини авайлаб асраш, ўрганиш, бойитиб бориш, миллий тасвирий, амалий миниатюра санъатимизнинг нодир дурдоналарини дунёга олиб чиқиш ва тарғиб қилиш, улардан халқимиз онгида миллий ғурур ва ифтихор, истиқлол ва Ватанга садоқат туйғуларини кучайтириш йўлида кенг фойдаланиш, замон талабларига мос бадиий таълим тизимини барпо этиш, юқори малакали мутахассислар тайёрлаш, академик илмий-тадқиқот ишларини янада такомиллаштириш мақсадида:


1. Ўзбекистон Республикаси Маданият ишлари вазирлиги, Рассомлар уюшмаси, атоқли санъат намоёндалари ва кенг жамоатчиликнинг таклифларини инобатга олиб, Ўзбекистон Бадиий Академияси ташкил этилсин.

Белгилаб қўйилсинки, Академия Бадиий ижодкорлар уюшмаси ва унинг асосида ўз Бошқарув кенгашига, ҳақиқий ҳамда фахрий аъзоларига эга бўлади. Унинг таркибий тизими иловага* мувофиқ тасдиқлансин.


2. Бадиий Академия фаолиятида ижодий, ўқув ва илмий ҳамда тарғибот-ташвиқот ишлари асосида йўналишлар эканлиги эътиборга олинсин. Қуйидагилар Академиянинг асосий вазифалари этиб белгилансин:

ўзбек халқининг бой бадиий мероси, унинг жаҳон санъати тарихидаги ўрни, тараққиёт босқичлар ва замонавий йўналишларни чуқур ўрганиш ҳамда ривожланиш истиқболларини белгилаш, миллий мустақиллик ғояларига мос тадқиқотлар, дарсликлар, методик қўлланмалар яратиш;

тасвирий ва амалий санъатлар соҳасидаги ижодкорларни, энг аввало, ёш истеъдодларни халқимизнинг бой маънавий дунёси, озод ва обод Ватан келажаги олдидаги масъулият, миллий ўзликни англаш ғояларини тараннум этувчи ёрқин асарлар яратишга йўналтириш ҳамда бу йўлдаги ҳаракатларни рағбатлантириш;

ижодкорларни, иқтидорли ёшларни ижтимоий-иқтисодий муҳофаза қилиш ҳамда соҳа муассасаларининг моддий-техник негизини мустаҳкамлашни давлат йўли билан қўллаб-қувватлаш;

тасвирий ва амалий санъат, дизайн, халқ ҳунармандчилиги соҳалари бўйича юқори малакали мутахассислар тайёрлаш тизимини такомиллаштириш;

халқаро ижодий, илмий алоқаларни мустаҳкамлаш, Ўзбекистонда ва хорижда кенг кўргазма фаолияти орқали ўзбек миллий санъати ютуқларини дунё жамоатчилигига танитиш, симпозиумлар, бошқа анжуманлар ўтказиш;

Бадиий Академия таркибидаги муассасаларнинг ташкилий, моддий-техник масалаларни ҳал қилиш, уларни замонавий техника ҳамда зарур анжомлар билан таъминлаш.


3. Бадиий Академия таркибида:

Маннон Уйғур номидаги Тошкент давлат санъат институтининг рассомлик факультети ва Республика рассомлик билим юрти негизларида Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти,

Республика ўрта махсус санъат мактаб-интернати негизида тасвирий ва амалий санъат лицейи,

Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда мавжуд санъат мактаблари негизида биттадан тасвирий ва амалий санъат лицейлари ташкил этилсин.

Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти қошида ўрта махсус таълим бўғини сақлаб қолинсин.


4. Бадиий Академиянинг моддий-техник негизини мустаҳкамлаш, соҳани ривожлантириш бўйича кенг кўламли дастурларни амалга оширишни таъминлаш мақсадида махсус жамғарма ташкил этилсин.


5. Бадиий Академия таркибига қуйидаги муассасалар кириши белгилаб қўйилсин:

Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти

Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги тасвирий ва амалий санъат лицейлари

Бадиий кўргазмалар дирекцияси

Махсус жамғарма

Академиянинг Қорақалпоғистон Республикаси бўлими


6. Бадиий Академия ташкил этилиши муносабати билан Маданият ишлари вазирлиги қошида амалий санъат рассомлик дизайн соҳаларидаги ташкилотлар ва корхоналар негизида махсус ижодий-ишлаб чиқариш бирлашмаси тузилсин. Бу бирлашманинг Бадиий Академияда яратилган ижодий ғоялари, мукаммал бадиий лойиҳалар, нафис санъатлар соҳасидаги илмий изланишларни ишлаб чиқаришга тадбиқ этиш маркази, таълим тизимининг асосий тажриба-амалиёт таянчи бўлиши белгилаб қўйилсин.


7. Бадиий Академия ва унинг тасарруфидаги ташкилотлар ўз Низомлари доирасида фаолиятлари учун давлат солиқларидан 5 йилга муддатга озод этилсин.

Солиқдан озод этилиши натижасида йиғилган маблағларнинг соҳанинг янада ривожлантиришга, унинг моддий-техник негизини мустаҳкамлашга, шунингдек, ходимларни ижтимоий-иқтисодий муҳофаза қилиш ишларига сарфланиши белгилаб қўйилсин.

9. Бадиий Академиянинг марказий аппарати Тошкент шаҳар Ш. Рашидов кўчаси 40-уйга жойлаштирилсин.


10. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, Истиқболни белгилаш ва статистика давлат қўмитаси Бадиий Академиянинг янги замонавий биносини, экспериментал ҳайкалтарошлик ишлаб чиқариш комбинатини, Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институтининг 500 ўринли ётоқхонасини лойиҳалаштириш ва қуриш, шунингдек, мазкур институт ҳамда Бадиий кўргазмалар дирекциясининг биноларини тўлиқ таъмирлаш учун тегишли маблағ ажратишни 1997-1999 йиллар режасига киритсин.


11. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги мазкур Фармонда белгиланган вазифаларни амалга ошириш учун зарур маблағларни ажратсин.


12. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги бир ҳафта муддатда Ўзбекистон Республикасининг амалдаги қонун ҳужжатларига зарур ўзгартиришлар киритиш тўғрисидаги таклифларни ишлаб чиқсин.


13. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси бир ой муддатда ушбу Фармоннинг бажарилишини таъминлаш юзасидан тегишли қарор қабул қилсин.


Ўзбекистон Республикасинннг Президенти                                  И. Каримов



*) Илова берилмайди.