Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Адлия вазирининг 29.10.2012 й. 235-мҳ-сон "Вазирликлар, давлат қўмиталари ва идораларнинг норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини тайёрлаш ва қабул қилиш қоидаларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида"ги Буйруғи (АВ томонидан 29.10.2012 й. 1905-3-сон билан рўйхатга олинган)

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

АДЛИЯ ВАЗИРЛИГИ ТОМОНИДАН

РЎЙХАТГА ОЛИНГАН

29.10.2012 й.

N 1905-3




ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

АДЛИЯ ВАЗИРИНИНГ

29.10.2012 й.

N 235-мҳ


БУЙРУҒИ



Вазирликлар, давлат қўмиталари ва идораларнинг

норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини тайёрлаш ва қабул

қилиш қоидаларига ўзгартириш ва қўшимчалар

киритиш ҳақида


(2012 йил 8 ноябрдан кучга киради)


Ўзбекистон Республикасининг "Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида"ги Қонуни (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 2001 й., 1-2-сон, 8-модда), Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2011 йил 23 августдаги ПҚ-1602-сон қарори (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2012 й., 29-сон, 329-модда) билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги тўғрисидаги низом ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 13 сентябрдаги 268-сон "Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш, шунингдек баъзиларини ўз кучини йўқотган деб ҳисоблаш тўғрисида (Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида" 2011 йил 23 августдаги ПҚ-1602-сон қарори)"ги қарорига (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2012 й., 37-сон, 429-модда) мувофиқ, шунингдек вазирликлар, давлат қўмиталари ва идоралар томонидан идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тайёрлаш тартибини янада такомиллаштириш мақсадида БУЮРАМАН:


1. Ўзбекистон Республикаси адлия вазирининг 2009 йил 14 февралдаги 42-мҳ-сон буйруғи (рўйхат рақами 1905, 2009 йил 14 февраль) (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2009 й., 8-сон, 84-модда) билан тасдиқланган Вазирликлар, давлат қўмиталари ва идораларнинг норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини тайёрлаш ва қабул қилиш қоидаларига иловага мувофиқ ўзгартириш ва қўшимчалар киритилсин.


2. Мазкур буйруқ давлат рўйхатига олинсин ва бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси вазирликлари, давлат қўмиталари ва идоралари норматив-ҳуқуқий ҳужжатларининг Давлат реестрига тегишли ёзув киритилсин.


3. Идоравий меъёрий ҳужжатларни давлат рўйхатидан ўтказиш бошқармаси (Б. Болиев) ва Қонун ҳужжатларини туркумлаш ва ҳуқуқий ахборот бошқармаси (С. Нуриев) ушбу норматив-ҳуқуқий ҳужжатнинг ўн кун муддат ичида барча манфаатдор шахслар эътиборига етказилиши ва "Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами" - "Собрание законодательства Республики Узбекистан"да нашр этилишини таъминласин.


4. Мазкур буйруқ давлат рўйхатидан ўтказилган кундан бошлаб ўн кун ўтгандан кейин кучга киради.


5. Мазкур буйруқнинг ижросини назорат қилиш вазирнинг биринчи ўринбосари Е. Каньязов зиммасига юклансин.



Вазир                                                                                               Н. Йўлдошев






Буйруққа

ИЛОВА



Вазирликлар, давлат қўмиталари ва идораларнинг

норматив-ҳуқуқий   ҳужжатларини   тайёрлаш

ва қабул қилиш қоидаларига киритилаётган

ўзгартириш ва қўшимчалар


1. 18-банднинг иккинчи хатбошиси қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар Ўзбекистон Республикаси Конституциясига, қонунчилигига, мамлакатда ўтказилаётган ислоҳотлар мақсадлари ва вазифаларига, шунингдек қонунчилик техникасига мувофиқ бўлиши шарт.".


2. Қуйидаги мазмундаги 18-1-банд билан тўлдирилсин:

"18-1. Норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга:

коррупциянинг юзага келиши, давлат ҳокимияти ва бошқаруви тизимида бошқа ҳуқуқ бузилишларининг содир этилиши учун шарт-шароитлар яратувчи;

тадбиркорлик субъектлари учун ортиқча маъмурий ва бошқа чеклашларни киритувчи ва тадбиркорлик субъектларининг асосланмаган харажатлари юзага келишига олиб келувчи қоидалар ва нормалар киритилиши тақиқланади.".


3. 31-банддаги "графиклар, хариталар" деган сўзлар "графиклар, формулалар, хариталар" деган сўзлар билан алмаштирилсин.


4. 71-банднинг "а" кичик банди қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"а) норматив-ҳуқуқий ҳужжатнинг Ўзбекистон Республикаси Конституциясига, қонунчилигига, мамлакатда ўтказилаётган ислоҳотлар мақсадлари ва вазифаларига, шунингдек қонунчилик техникасига мувофиқлигини текшириш юзасидан ҳуқуқий экспертиза;".


5. 73-банднинг "а" кичик банди қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"а) ҳужжат Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунчилигига, шунингдек мамлакатда ўтказилаётган ислоҳотлар мақсадлари ва вазифаларига зид бўлса;".


6. 90-банд қуйидаги мазмундаги учинчи хатбоши билан тўлдирилсин:

"Адлия вазирининг норматив-ҳуқуқий ҳужжатни Давлат реестридан чиқариш тўғрисидаги буйруғи давлат рўйхатидан ўтказилган кундан бошлаб ўн кун ўтгандан кейин кучга киради.".


7. 96-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"96. Норматив-ҳуқуқий ҳужжатнинг ёки унинг тузилмавий бирлигининг амал қилиши адлия вазирининг буйруғи билан тўхтатиб турилади ёки қайта тикланади, буйруқнинг нусхаси ушбу норматив-ҳуқуқий ҳужжатни қабул қилган органга юборилади.

Адлия вазирининг норматив-ҳуқуқий ҳужжатнинг ёки унинг тузилмавий бирлигининг амал қилишини тўхтатиб туриш ёки қайта тиклаш тўғрисидаги буйруғи давлат рўйхатидан ўтказилган кундан бошлаб ўн кун ўтгандан кейин кучга киради.".



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2012 йил, 44-сон, 508-модда