Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Шаҳрисабз шаҳрининг тарихий қисмини ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш ва сақлаш департаменти тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 25.03.2016 й. 87-сон қарорига 2-илова)

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

Вазирлар Маҳкамасининг

2016 йил 25 мартдаги

87-сон қарорига

2-ИЛОВА



Шаҳрисабз шаҳрининг тарихий қисмини

ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш

ва сақлаш департаменти тўғрисида

НИЗОМ


I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Низом Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўзбекистон Республикаси аҳоли пунктларини ободонлаштиришни яхшилаш юзасидан қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида" 2009 йил 22 январдаги ПҚ-1045-сон қарорига, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг "Бюджет ташкилотларини маблағ билан таъминлаш тартибини такомиллаштириш тўғрисида" 1999 йил 3 сентябрдаги 414-сон, "Ободонлаштириш ходимларини моддий рағбатлантиришни кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида" 2009 йил 1 апрелдаги 91-сон ва "Қашқадарё вилоятининг Шаҳрисабз шаҳрида объектларни қуриш ва реконструкция қилишга доир комплекс чора-тадбирлар дастури тўғрисида" 2014 йил 20 февралдаги 31-сон қарорлари асосида Шахрисабз шаҳрининг тарихий қисмини ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш ва сақлаш департаментининг (кейинги ўринларда Департамент деб аталади) мақоми, асосий вазифалари, функциялари, ҳуқуқ ва мажбуриятларини белгилайди.


2. Шаҳрисабз шаҳрининг тарихий қисми ҳудудида ободонлаштириш объектларини (йўллар, йўлкалар, яшил майдонлар, ирригация тармоқлари, ташқи ёритиш тизими, яшил майсалар ва дов-дарахтларни сунъий суғориш тизими, истироҳат боғлари, фавворалар, архитектура иншоотлари ва ёдгорликларни) сақлаш ва улардан фойдаланиш Департамент фаолиятининг асосий йўналишлари ҳисобланади.


3. Департамент ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Конституциясига, Ўзбекистон Республикаси қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларига, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишларига, ушбу Низомга, шунингдек бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга амал қилади.


4. Департамент давлат муассасаси шаклидаги юридик шахс ҳисобланади, ўзининг мустақил балансига, Ўзбекистон Республикаси Давлат герби тасвири туширилган, ўз номи давлат тилида ёзилган муҳрга ва бланкаларга, банкда ҳисоб рақамига эга.


5. Департаментнинг номи:

давлат тилида:

лотин ёзувида: Shahrisabz shahrining tarixiy qismini obodonlashtirish, ko`kalamzorlashtirish va saqlash departamenti. Қисқача номи - Departament;

кирилл ёзувида: Шаҳрисабз шаҳрининг тарихий қисмини ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш ва сақлаш департаменти. Қисқача номи - Департамент;

рус тилида: Департамент по благоустройству, озеленению и содержанию исторической части города Шахрисабза. Қисқача номи - Департамент.



II. ДЕПАРТАМЕНТНИНГ МУАССИСИ

ВА УНИНГ ВАКОЛАТЛАРИ


6. Шаҳрисабз тумани ҳокимлиги Департаментнинг муассиси функцияларини бажаради, унга қонун ҳужжатларига мувофиқ қуйидаги ваколатлар юкланади:

Департаментнинг мол-мулки билан боғлиқ шартномалар бўйича ноқонуний хатти-ҳаракатлар тўғрисида судга даъво билан мурожаат қилиш;

Департаментнинг ортиқча, фойдаланилмаётган ёки белгиланган мақсадда фойдаланилмаётган мол-мулкини олиб қўйиш;

Департаментга етказилган зарар юзасидан ташкилотларга нисбатан даъво қўзғаш;

Департаментнинг йиллик ишлаб чиқариш режасини тасдиқлаш ва амалга оширилган ишлари тўғрисидаги ҳисоботини эшитиш;

Департаментга фойдаланиш учун берилган давлат мол-мулкининг ҳолатини назорат қилиш ва унинг ўзгага берилишига йўл қўймаслик.



III. ДЕПАРТАМЕНТНИНГ МОЛ-МУЛКИ


7. Департаментнинг мол-мулки:

тезкор бошқариш ҳуқуқи билан муассис томонидан Департаментга бириктирилган мол-мулк;

қонун ҳужжатларига зид бўлмаган манбалар ҳисобига шакллантирилади.


8. Департаментнинг мол-мулки қиймати унинг балансида акс эттирилади.


9. Департаментнинг мол-мулки бўлинмайди ва Департамент ходимлари ўртасида тақсимланиши мумкин эмас.


10. Департамент ўз мажбуриятлари бўйича ўзига тегишли мол-мулк билан жавоб беради.


11. Департамент муассиснинг мажбуриятлари бўйича жавоб бермайди.



IV. ДЕПАРТАМЕНТНИНГ ВАЗИФАЛАРИ ВА ФУНКЦИЯЛАРИ


12. Қуйидагилар Департаментнинг асосий вазифалари ҳисобланади:

шаҳарсозлик ва санитария нормалари ва қоидаларига мувофиқ Шаҳрисабз шаҳрининг тарихий қисмидаги майдонлар, кўчалар, парклар, фаввораларнинг ободонлаштириш объектларини ҳамда бошқа ташқи ободонлаштириш объектларини сақлаш ва улардан фойдаланиш ишларини ўз вақтида ва сифатли ташкил этиш;

кўкаламзорлаштириш объектларини сақлаш ва улардан фойдаланиш, дарахтларни, буталарни, гулларни парвариш қилиш ва кўкаламзорлаштирилган майдончаларни таъмирлаш учун зарур агротехника ишларини амалга ошириш;

ободонлаштириш объектларини сақлаш, улардан фойдаланиш ишларининг ўз вақтида ва сифатли бажарилишини ташкил этиш, мукаммал ва жорий таъмирлашга доир пудрат шартномалари тузиш ҳамда сунъий суғориш тизимлари, насос станциялари, қудуқлар, йўл ва йўлкалар қаттиқ қопламаларининг зарур санитария ва техник ҳолатда бўлишини таъминлаш;

архитектура иншоотларидан фойдаланиш, уларни жорий ва мукаммал таъмирлаш, шунингдек тегишли санитария ва техник ҳолатда сақлаш;

игнабаргли ва манзарали ўсимликларнинг қимматли турларини сақлаш, улардан фойдаланиш ҳамда уларни сақлаб қолиш ишларининг ўз вақтида ва сифатли бажарилишини ташкил этиш, яшил майсаларни сақлаш, уларнинг зараркунандаларига ва касалликларига қарши курашишга доир комплекс агротехника тадбирларини, хизмат кўрсатиладиган ҳудудни янада кўкаламзорлаштириш ва обод қилиш чора-тадбирларини амалга ошириш;

замонавий асбоб-ускуналар ва технологияларни жорий этган ҳолда ташқи ёритиш тармоқларини, сунъий суғориш ва фавворалар тизимларини сақлаш ва улардан фойдаланиш.


13. Департамент ўзига юкланган вазифаларни амалга ошириш доирасида қуйидаги функцияларни амалга оширади:

Шаҳрисабз шаҳрининг тарихий қисмини ободонлаштириш бўйича тасдиқланган шаҳарсозлик ҳужжатлари асосида ободонлаштириш ишларини олиб бориш;

мавсумий талабларни ҳисобга олган ҳолда ободонлаштириш объектларини санитария жиҳатидан тозалаш (супуриш, суғориш, ювиш, чангга қарши курашиш, қорни кураш, сирпанчиққа қарши курашиш, ирригация хўжалиги объектларини механик тозалаш, қаттиқ қопламани ювиш);

байрамларга, маданий ва сиёсий тадбирларга тайёргарлик кўришда, хорижий меҳмонлар ва делегациялар келишига шаҳарнинг тарихий майдонларини безаш;

лойиҳа-смета ҳужжатларига ва белгиланган тартибда тасдиқланган манзилли рўйхатларга мувофиқ ободонлаштириш объектларини жорий ва мукаммал таъмирлаш юзасидан пудрат шартномалари тузиш;

ободонлаштириш объектларининг муддатидан олдин эскириши ва емирилишининг олдини олиш, уларни иш ҳолатида сақлаш бўйича профилактика тадбирларини ташкил этиш;

ободонлаштириш объектларининг физик ҳолатини ҳар йили техник баҳолашни ташкил этиш;

ходимларнинг меҳнат унумдорлигини ошириш мақсадида янги замонавий технологияларни, автоматлаштириш ва кичик механизация воситаларини жорий этиш тадбирларини ишлаб чиқиш;

бюджет маблағларини сарфлашнинг самарадорлиги ва очиқ-ошкоралигини таъминлаш, товар-моддий бойликлар, ёнилғи-мойлаш материаллари, электр энергияси ва пул маблағларидан оқилона фойдаланишни, уларнинг ҳисобга олинишини, шунингдек қонун ҳужжатларига мувофиқ молиявий ҳисоботларни ташкил этиш.



V. ДЕПАРТАМЕНТ ФАОЛИЯТИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ


14. Департаментга Шаҳрисабз тумани ҳокимининг қарори билан лавозимга тайинланадиган ва лавозимдан озод этиладиган бошлиқ раҳбарлик қилади.


15. Департамент бошлиғи:

Департамент фаолиятига якка бошчилик асосида умумий раҳбарлик қилади;

Департамент ваколатларига кирувчи масалалар бўйича қарорлар қабул қилади ва Департаментга юкланган вазифалар ва функцияларнинг бажарилиши учун шахсан жавоб беради;

ўз ўринбосарларининг, бошқа мансабдор шахсларнинг ваколатларини ва Департамент фаолиятининг алоҳида участкаларига раҳбарлик қилиш учун уларнинг жавобгарлиги даражасини белгилайди;

қонун ҳужжатлари, Қашқадарё вилояти ва Шаҳрисабз тумани ҳокимларининг қарорлари ва фармойишлари асосида ўз фаолияти доирасида Департамент ходимлари бажариши мажбурий бўлган буйруқлар чиқаради, уларнинг бажарилишини таъминлайди ва зарур тарзда назорат қилади;

қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда штат жадвалини ва ходимлар сонини, уларнинг иш ҳақи миқдорларини тасдиқлайди, зарурият бўлганда, ходимларнинг белгиланган умумий сони доирасида Департамент тузилмасига, шунингдек Департаментнинг харажатлари сметасига ўзгартиришлар киритади, кейинчалик уларни молия органида рўйхатдан ўтказади;

Департамент ходимларини белгиланган тартибда лавозимга тайинлайди ва лавозимдан озод этади, Департаментга ходимларни ишга қабул қилади ва улар билан меҳнат шартномаси тузади, меҳнат шартномаларига ўзгартиришлар киритади ва уларни бекор қилади;

Департамент номидан ишончномасиз иш кўради ва унинг манфаатларини ҳимоя қилади, ўз ваколатлари доирасида шартномалар тузади, қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ишончномалар беради;

қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда Департаментга юкланган вазифаларнинг самарали бажарилиши учун жавоб беради;

ушбу Низомда назарда тутилган тартибда Департамент фаолияти тўғрисида Қашқадарё вилояти ва Шаҳрисабз тумани ҳокимликларига ҳисобот беради;

Шаҳрисабз шаҳрининг тарихий қисми объектларини (йўллар, йўлкалар, яшил майдонлар, ирригация тармоқлари, яшил майсалар ва дов-дарахтларни сунъий суғориш тизимини), ободонлаштириш объектларини сақлаш ва улардан фойдаланишни яхшилаш бўйича лойиҳаларни Шаҳрисабз тумани ҳокимлигига тақдим этади;

қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларни амалга оширади.


16. Департамент бошлиғи ўз ҳуқуқларини амалга оширишда ва мажбуриятларини бажаришда ташкилотларнинг манфаатларини кўзлаб иш юритади ҳамда иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловларнинг ўз вақтида тўланишини таъминлаш, меҳнатга доир ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган барча талабларни қондириш, бевосита ишлаб чиқариш фаолияти билан боғлиқ эҳтиёжлар учун пул маблағлари ўтказиш, ўзининг ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) билан Департаментга етказилган зарарлар учун, шу жумладан Департаментга берилган мол-мулк йўқолган ҳолларда қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб беради.



VI. ДЕПАРТАМЕНТНИНГ МОЛИЯ-ХЎЖАЛИК ФАОЛИЯТИ


17. Департамент ўз фаолиятини Шаҳрисабз шаҳрининг тарихий қисмини ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишларини бажариш учун тасдиқланган бюджетдан ажратиладиган маблағлар доирасида амалга оширади.



VII. НАЗОРАТ ВА ҲИСОБОТ


18. Департамент ҳисобот даври тамом бўлгандан кейин ваколатли органларга қонун ҳужжатларига мувофиқ молиявий ҳисоботни ва бошқа ҳужжатларни тақдим этади ҳамда ҳужжатларнинг сақланиши ва уларнинг белгиланган тартибда давлат томонидан сақлашга берилиши учун жавоб беради.


19. Пул маблағлари, моддий бойликлар, бухгалтерия ҳисоб-китоблари ва кредитларга тегишли барча ҳужжатлар бошлиқ ёки унинг ўринбосари ва бош бухгалтер томонидан имзоланади.


20. Департамент фаолиятини назорат қилиш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда муассис ва бошқа ваколатли органлар томонидан амалга оширилади.



VIII. ДЕПАРТАМЕНТНИ ҚАЙТА

ТАШКИЛ ЭТИШ ВА ТУГАТИШ


21. Департаментни қайта ташкил этиш ва тугатиш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2016 йил 4 апрель, 13-сон, 117-модда