Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Тошкент давлат юридик университети магистратурасига қабул қилишда ёзма имтиҳон ўтказиш ва унинг натижаларини аниқлаш тартиби тўғрисидаги Низом (АВ томонидан 26.07.2013 й. 2491-сон билан рўйхатга олинган адлия вазирининг 26.07.2013 й. 223-мҳ-сонли буйруғи билан тасдиқланган)

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

Ўзбекистон Республикаси

Адлия вазирлигида

2013 йил 26 июлда 2491-сон

билан рўйхатга олинган

Ўзбекистон Республикаси

адлия вазирининг

2013 йил 26 июлдаги

223-мҳ-сонли буйруғига

ИЛОВА



Тошкент давлат юридик университети

магистратурасига қабул қилишда ёзма имтиҳон

ўтказиш ва унинг натижаларини аниқлаш

тартиби тўғрисидаги

НИЗОМ


Мазкур Низом АВ 05.10.2018 й. 2491-2-сон билан рўйхатга олинган адлия вазирининг Буйруғига мувофиқ АВ 26.07.2013 й. 2491-сон билан рўйхатга олинган адлия вазирининг Буйруғи ўз кучини йўқотганлиги сабабли ўз кучини йўқотган


Мазкур Низомга АВ 12.08.2016 й. 2491-1-сон билан рўйхатга олинган адлия вазирининг Буйруғига мувофиқ ўзгартиришлар киритилган


Муқаддима

I боб. Умумий қоидалар

II боб. Ёзма имтиҳонларни ўтказишга тайёргарлик кўриш

III боб. Ёзма имтиҳонларни ўтказиш

ва уларнинг натижаларини аниқлаш

IV боб. Апелляцияларни кўриб чиқиш

V боб. Якуний қоида

1-илова. Ёзма имтиҳондан четлаштириш

тўғрисида далолатнома

2-илова. Абитуриентларнинг ёзма имтиҳон саволлари

бўйича ёзган жавобларини баҳолаш мезонлари



Мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2013 йил 28 июндаги ПҚ-1990-сонли "Юридик кадрлар тайёрлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2013 й., 29-сон, 372-модда) ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил 23 июлдаги 206-сонли "Тошкент давлат юридик университети магистратурасига қабул қилиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида"ги қарорига мувофиқ, Тошкент давлат юридик университети (бундан буён матнда ТДЮУ деб юритилади) магистратурасига қабул қилишда ёзма имтиҳон (бундан буён матнда ёзма имтиҳон деб юритилади) ўтказиш ва унинг натижаларини аниқлаш тартибини белгилайди.



I БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ёзма имтиҳон "Мутахассислик фанлари" бўйича ўтказилади ва абитуриентларда таҳлил, тафаккур, ҳуқуқий манбалар билан мустақил ишлаш ҳамда ҳуқуқий масалалар бўйича хулосаларни ифода этиш борасида қобилиятларни аниқлашга қаратилган.

2. Ёзма имтиҳонда ТДЮУ магистратурасига қабул қилишда тест синовлари (бундан буён матнда тест синовлари деб юритилади) ўтказиладиган ҳар бир фан учун белгиланган максимал баллнинг 55 фоизидан кўп балл тўплаган абитуриентлар иштирок этади.


3. Ёзма имтиҳон ТДЮУ ректорининг буйруғи билан ташкил этилган комиссия (бундан буён матнда Комиссия деб юритилади) томонидан ўтказилади. Комиссия таркибига ТДЮУ ходимлари билан бир қаторда бошқа ташкилотлар вакиллари ҳам уларнинг раҳбарлари билан келишилган ҳолда киритилиши мумкин.


4. Ёзма имтиҳонни ташкил этиш ва уни адолатли ўтказиш учун тегишли ўқув йили учун ташкил этилган ТДЮУ қабул комиссияси масъул котиби (бундан буён матнда масъул котиб деб юритилади), унинг ТДЮУ магистратурасига қабул қилиш ишлари бўйича ўринбосари (бундан буён матнда масъул котиб ўринбосари деб юритилади), Комиссия аъзолари, аудитория раҳбарлари, кузатувчилар ва тегишли мутахассисликларга мувофиқ ҳуқуқ соҳалари мутахассисларидан иборат таркибда тузилган махсус комиссия (бундан буён матнда Махсус комиссия деб юритилади) аъзолари масъулдир.


5. Ёзма имтиҳонлар ҳар йили август ойининг 3 - 15-саналари оралиғида, бироқ тест синовлари натижалари эълон қилингандан сўнг 3 кундан кечиктирмай ўтказилади.

6. Ёзма имтиҳон ўтказиладиган кун тест синовлари натижалари эълон қилингандан сўнг 24 соат ичида ТДЮУ ректорининг буйруғи билан белгиланади. Бунда ёзма имтиҳонда иштирок этиш ҳуқуқига эга бўлган абитуриентлар рўйхати мазкур буйруққа илова қилиниши лозим.



II БОБ. ЁЗМА ИМТИҲОНЛАРНИ ЎТКАЗИШГА

ТАЙЁРГАРЛИК КЎРИШ


7. Ёзма имтиҳонни ўтказиш билан боғлиқ ишларни амалга ошириш бўйича ТДЮУ қабул комиссиясининг иш режаси ТДЮУ қабул комиссияси раиси томонидан тасдиқланади.


8. Қуйидагилар Комиссиянинг асосий вазифалари ҳисобланади:

ёзма имтиҳон ўтказиш жараёнининг холисона ва адолатли ўтишини таъминлаш;

абитуриентларга уларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятларини тушунтириш;

ёзма имтиҳонни ўтказиш билан боғлиқ барча зарур шароитларни яратиш;

ёзма имтиҳон натижалари бўйича абитуриентларга тўлиқ маълумотлар бериш.


9. Комиссия ёзма имтиҳонларни ўтказиш учун ёзма имтиҳонлар ўтказиладиган бино ва аудиторияларни мазкур Низомнинг III боби 1-параграфида белгиланган тартибда тайёрлайди.


10. Ёзма имтиҳон жараёни видеотасвирга туширилади. Ёзма имтиҳон тугагач, 1 соат ичида видеотасвирлар Комиссия раисига топширилади. Видеотасвирдан нусха кўчириш тақиқланади.


11. Тест синовлари натижалари олингандан сўнг, масъул котиб ўринбосари дарҳол мазкур натижаларни эълонлар тахтасига тест синовларидан муваффақиятли ўтиб, ёзма имтиҳонда иштирок этиш ҳуқуқига эга бўлган абитуриентлар рўйхатини кўрсатган ҳолда жойлаштиради.

Тест синовлари натижалари бир вақтнинг ўзида ТДЮУнинг Интернетдаги расмий веб-сайтига ҳам жойлаштирилади.


12. Тест синовлари натижаларига кўра, ёзма имтиҳонда иштирок этиш ҳуқуқидан маҳрум бўлган абитуриентга аппеляция комиссияси қарорига асосан қўйилган қўшимча балл абитуриентга ёзма имтиҳонга кириш ҳуқуқини тақдим этса, ушбу абитуриентга оид тегишли маълумотлар ҳам масъул котибнинг ёзма кўрсатмасига асосан, эълонлар тахтасига ва ТДЮУнинг Интернетдаги расмий веб-сайтига жойлаштирилиши лозим.


13. Комиссия ёзма имтиҳон ўтказиладиган куни соат 7.00 гача назорат хизмати постларига ТДЮУ ректорининг буйруғи билан тасдиқланган Бино ҳудудига киришга рухсат берилган шахслар рўйхатини топширади.



III БОБ. ЁЗМА ИМТИҲОНЛАРНИ ЎТКАЗИШ

ВА УЛАРНИНГ НАТИЖАЛАРИНИ АНИҚЛАШ


1-§. Бинолар ва аудиторияларни ёзма

имтиҳонлар ўтказиш учун тайёрлаш

2-§. Ёзма имтиҳонлар саволларини шакллантириш

3-§. Ёзма имтиҳонларни ўтказишда аудитория

раҳбарлари ва кузатувчиларининг вазифалари

4-§. Ёзма имтиҳонларни ўтказиш

5-§. Ёзма имтиҳон натижаларини аниқлаш

6-§. Абитуриентларнинг тест синовлари ва ёзма имтиҳонда

тўплаган умумий балларини аниқлаш ва эълон қилиш



1-§. Бинолар ва аудиторияларни ёзма имтиҳонлар

ўтказиш учун тайёрлаш


14. Ёзма имтиҳон, қоида тариқасида, ТДЮУга тегишли биноларда ўтказилади.

Ёзма имтиҳон ўтказиладиган бинолар ва аудиторияларни тайёрлаш бўйича жавобгарлик масъул котиб ўринбосари зиммасига юклатилади.


15. Ҳар бир бинода абитуриентларни тартибли ва ўз вақтида киритиш учун кириш эшиги олдида назорат хизмати постлари ташкил этилади.


16. Ёзма имтиҳонлар ўтказиладиган бинолар ва аудиториялар ёзма имтиҳонлар ўтказиш жараёнини ваколатли шахслар томонидан назорат қилиш учун бир-бирига яқин жойлашган бўлиши керак.


17. Ёзма имтиҳонлар ўтказиладиган бинода саволларни тарқатиш ва уларнинг натижаларини йиғиб олиш учун мўлжалланган махсус хона (бундан буён матнда Штаб деб юритилади) тайёрланиши ва у ҳужжатларни имтиҳон жараёнида сақлаш учун сейфлар билан таъминланган бўлиши керак.


18. Ёзма имтиҳонлар ўтказиладиган бино ва аудиториялар санитария ва ёнғин хавфсизлиги қоидаларига тўлиқ жавоб бериши шарт.


19. Ҳар бир аудиториядаги ўтириш ўринлари бир-биридан камида 80 см оралиқ масофада абитуриент учун мўлжалланган бўлиши ҳамда аудиториялар етарли миқдорда стол-стуллар ҳамда саволларни тарқатиш ва қабул қилиш учун алоҳида стол билан жиҳозланган бўлиши лозим.


20. Ҳар бир аудитория камида 15 та кўпи билан 30 та абитуриентни жойлаштириш имконига эга бўлиши керак.


21. Аудиторияларни тайёрлашда ёруғлик тушиш, шамоллатиш, абитуриентни тикка тушувчи қуёш нуридан ҳимоялаш имкониятлари ҳисобга олиниши лозим.


22. Аудиториялар хонадан-хонага ўтиладиган бўлмаслиги ва бир нечта шартли аудиторияларга бўлинмаслиги лозим.


23. Барча аудиториялардаги абитуриентларнинг ўтириш ўринлари рақамланган бўлиши лозим.


24. Аудиторияларнинг эшикларига гуруҳ мутахассислиги шифри ва мутахассислик номи ёзилган кўрсаткичлар илиб қўйилган бўлиши лозим.


25. Ёзма имтиҳонлар ўтказиладиган ҳар бир бинода имтиҳон жараёни учун зарур бўлган ахборот, техник, тиббий ва маиший шароитлар яратилган бўлиши шарт.


26. Ҳар бир аудитория соат, бўр ёки маркер, ёзув тахтаси (доска) ва елим билан таъминланган бўлиши шарт.


27. Аудиторияларда ёзма имтиҳонлар ўтказиладиган фанларга тааллуқли бўлган кўргазмали воситалар бўлмаслиги лозим.


28. Ёзма имтиҳонлар ўтказиладиган барча биноларда нусха кўчириш воситалари сақланадиган ва ёзма имтиҳон ўтказилмайдиган аудиториялар ҳамда қаватларнинг кириш-чиқиш эшиклари 1 кун олдин масъул котиб ўринбосари иштирокида ёпиб чиқилиши ва муҳрланиши лозим.


29. Ёзма имтиҳонлар ўтказиладиган аудиториялар сифатида ошхона, йўлак (коридор) ва шунга ўхшаган хоналардан фойдаланиш тақиқланади.


30. Аудиторияга 1 нафар аудитория раҳбари ва 15 нафар абитуриент учун 1 нафар ҳисобида кузатувчи бириктирилади.



2-§. Ёзма имтиҳонлар саволларини шакллантириш


31. Ёзма имтиҳонларнинг саволларини тузиш учун эксперт гуруҳи тузилади.


32. Эксперт гуруҳи аъзолари юриспруденция соҳасининг тегишли фанлари бўйича малакали мутахассислар орасидан шакллантирилади. Эксперт гуруҳи ишига ТДЮУ ректори раҳбарлик қилади.


33. Ёзма имтиҳон саволлари ТДЮУнинг тегишли магистратура мутахассисликлари бўйича тузилади.


34. Саволлар ҳар бир мутахассислик бўйича назарий саволлар ва муаммоли масалалар кўринишида тузилади.


35. Саволларни тузишда:

саволларнинг абитуриентларда таҳлил, тафаккур, ҳуқуқий манбалар билан мустақил ишлаш ҳамда ҳуқуқий масалалар бўйича хулосаларни ифода этиш қобилиятини аниқлашга қаратилганлигига;

саволларнинг тегишли фан соҳаси бўйича ўқув дастурларига мувофиқ тарзда тузилишига;

тегишли соҳа бўйича қабул қилинган қонун ҳужжатлари ва уларга киритилган охирги ўзгартириш ва қўшимчаларга;

саволларнинг мамлакатда ўтказилаётган ислоҳотларнинг мақсадлари ва вазифаларини акс эттиришига;

саволларнинг лўнда, оддий ва равон тилда баён этилишига;

саволларда фойдаланилган тушунчалар ва атамалар турлича изоҳлаш имкониятини истисно этадиган, уларнинг қонун ҳужжатларида ва тегишли фан соҳасида қабул қилинган маъносига мувофиқ ягона шаклда қўлланилишига;

саволларнинг орфографик, стилистик ва грамматик жиҳатдан тўғри баён этилишига ҳамда бошқа муҳим масалаларга алоҳида эътибор берилиши лозим.


36. Тузиладиган саволларнинг сифати ва мазмуни бўйича эксперт гуруҳи аъзолари масъул ҳисобланади.

Ёзма имтиҳонларнинг саволлари ёзма имтиҳонлар ўтказилишидан 10 кун олдин тўлиқ ишлаб чиқилади ва тест синовлари натижалари эълон қилиниб, ёзма имтиҳон билетлари шакллантирилгунга қадар ТДЮУ ректорида сақланади.


37. Саволлар тузилиб, сақлаш учун ТДЮУ ректорига топширилган вақтдан бошлаб эксперт гуруҳи ўз ишини якунлаган ҳисобланади.


38. Тузилган саволлар ёзма имтиҳон ўтказиладиган кундан бир кун олдин ёзма имтиҳон билетларини шакллантириш учун Комиссия раиси томонидан қабул қилиб олинади.

Ҳар бир билет тегишли мутахассислик бўйича 1 та назарий савол ва 2 та муаммоли масалани, жами 3 та саволни ўз ичига олиши лозим.

Тайёрланган билетлар тегишли мутахассисликлар бўйича аудиториялар сонини ҳисобга олган ҳолда алоҳида пакетларга солиниб муҳрланади ва Штабда сақланади.



3-§. Ёзма имтиҳонларни ўтказишда аудитория

раҳбарлари ва кузатувчиларининг вазифалари


39. Ёзма имтиҳонлар ўтказиладиган аудиторияда имтиҳоннинг мазкур Низом талабларига қатъий риоя этган ҳолда тўғри ва адолатли ўтказилишини таъминлаш бўйича шахсий жавобгарлик аудитория раҳбари зиммасига юкланади.

Кузатувчиларнинг фаолияти аудитория раҳбари томонидан назорат қилинади.


40. Ёзма имтиҳонлар ўтказиладиган куни аудитория раҳбарлари ва кузатувчилар ўзлари бириктирилган ТДЮУ биносига соат 7.30 дан кечикмасдан паспорти билан етиб келишлари шарт.


41. Аудитория раҳбари ва кузатувчилар томонидан ёзма имтиҳон ўтказиладиган бинога алоқа воситалари, китоб, шпаргалка ва бошқа ортиқча буюмларни олиб кириш тақиқланади.


42. Аудитория раҳбарлари ва кузатувчилар ёзма имтиҳонлар ўтказиладиган куни соат 7.30 дан 7.50 гача Штабдан тегишли рухсатномаларни олиб, бириктирилган аудиторияга боради ҳамда ўзларининг исми, отасининг исми ва фамилияларини ёзув тахтаси (доска)га ёзиб қўяди.

Кузатувчилар соат 7.50 дан 8.00 гача аудиториянинг имтиҳонларга тайёрлигини текширади, имтиҳон жараёнига салбий таъсир этувчи омиллар аниқланганда, зудлик билан уларни бартараф этиш чораларини кўради. Аудиториядаги ўтириш ўринлари рақамланганлигини текширади.


43. Аудитория раҳбари соат 8.00 дан 8.15 гача Штабда Комиссия раисидан абитуриентларнинг гуруҳлар бўйича рўйхати, муҳрланган пакетда гуруҳ абитуриентлари учун имтиҳон билетлари жойлаштирилган конвертларнинг муҳри бузилмаганлигини текшириб, қабул қилади ҳамда Комиссия аъзоларидан бирининг иштирокида аудиторияга олиб келади.


44. Кузатувчилар соат 8.30 гача аудитория раҳбаридан абитуриентларнинг гуруҳ бўйича рўйхатини олади ҳамда абитуриентларни паспорт билан абитуриентларнинг гуруҳлар бўйича рўйхати асосида текшириб, аудиторияга киритади. Абитуриент абитуриентларнинг гуруҳлар бўйича рўйхатида кўрсатилган жойга бориб ўтиради.

Ёзма имтиҳонга келмаган абитуриентларнинг ўрни ёзма имтиҳон ўтказиш жараёнида бўш қолдирилади.


45. Кузатувчилар имтиҳон билетлари солиб муҳрланган конвертларни ҳамда саволларга жавоб ёзиш учун мўлжалланган қатъий ҳисобда турувчи рақамланиб муҳрланган дафтарларни абитуриентларга тартиб билан тарқатади. Бунда дафтарларнинг варақлари алмаштириш имконини истисно қиладиган тарзда ТДЮУ ректорида сақланадиган муҳр ва Комиссия раисининг имзоси билан тасдиқланган бўлиши лозим.

Аудитория раҳбари абитуриентларга дафтарнинг муқовасига ўзининг фамилияси, исми ва отасининг исмини ёзиш, шунингдек дафтар варақларини букмаслик, унга ҳар хил белгилар қўймаслик, ёзувларнинг тагига чизмаслик, кўк ҳаворанг шарикли ручкадан бошқа рангдаги ручкада ёзмаслик кераклигини тушунтиради ҳамда ушбу талабларга риоя қилмаслик ёзма имтиҳон ўтказиш тартибини бузиш деб ҳисобланиши ҳақида огоҳлантиради.


46. Кузатувчилар соат 9.00 гача абитуриентларга дафтар олганлигини тасдиқловчи имзо қўйдиради ва унинг ёнига абитуриент олган дафтарнинг тартиб рақамини ёзиб қўяди.

Ёзма имтиҳонларга келмаган абитуриентлар ҳақида абитуриентларнинг аудиториялар бўйича рўйхатига "қатнашмади" деган ёзув киритилади. Кузатувчилар икки нафар абитуриент гувоҳлигида имтиҳон саволлари жойлаштирилган конвертларнинг муҳрланганлигига ишонч ҳосил қилиб, конвертни очади.


47. Аудитория раҳбари соат 9.00 да ёзма имтиҳон бошланганлигини эълон қилади ҳамда ёзма имтиҳоннинг бошланиш ва тугаш вақтини доскага ёзиб қўяди.


48. Аудитория раҳбари соат 11.00 да ёзма имтиҳон саволларига жавоб ёзиш учун ажратилган вақт тугаганлигини эълон қилади ва абитуриентларни ўринларидан туришларини талаб қилади ҳамда кузатувчиларга абитуриентлардан дафтарларни йиғиб олиш бўйича кўрсатма беради.

Дафтарлар йиғиб олингандан сўнг, аудитория раҳбари уларнинг варақлари букилмаганлигини, ҳар хил белгилар қўйилмаганлигини, ёзувларнинг тагига чизилмаганлигини, кўк ҳаворанг шарикли ручкадан бошқа рангдаги ручкада ёзилмаганлигини текшириб, абитуриентларга аудиториядан чиқишга рухсат беради.


49. Барча дафтарлар, имтиҳон ўтказиш вақтида фойдаланилмай қолган дафтарлар, ёзма имтиҳондан четлаштириш бўйича тузилган далолатномалар тегишли дафтарларга елимланган ҳолда алоҳида-алоҳида қутига солинади.


50. Аудитория раҳбари соат 11.15 дан кечикмай барча қутиларни Комиссия раисига топширади ҳамда ушбу материалларни топширган вақтини тасдиқлатиб, рухсатномасининг тегишли жойига имзо қўйдиради.



4-§. Ёзма имтиҳонларни ўтказиш


51. Абитуриентлар ёзма имтиҳон ўтказиладиган бинога паспорти билан видеокузатув орқали тартибли равишда киритилади. Абитуриентлар аудиторияларга мутахассисликлар турига қараб киритилади.


52. Ёзма имтиҳонлар эрталаб соат 9.00 да бошланади ва 2 соат давом этади.


53. Абитуриентлар ёзма имтиҳон ўтказиладиган куни бино ҳудудига соат 8.00 гача, аудиторияга соат 8.30 гача паспорти билан киритилади. Соат 8.30 дан кейин абитуриент аудиторияга киритилмайди.


54. Ёзма имтиҳонларга келмаган абитуриентлар учун қўшимча имтиҳон ўтказилмайди.


55. Ёзма имтиҳонлар бошлангандан кейин ҳеч ким аудиторияга киритилмайди ва имтиҳон билетлари бўйича абитуриентлар билан савол-жавоб қилинмайди.


56. Жавоблар дафтарга ҳаво ранг пастали шарикли ручкада тушунарли ҳуснихат билан ёзилиши лозим. Ёзишда қисқартма сўзлардан фойдаланиш, сўзларнинг ости ёки устига чизиш, дафтарнинг турли нуқталарига, хусусан, ҳошия қисмига тушунарсиз белгилар қўйиш, шунингдек берилган саволларнинг жавоби билан боғлиқ бўлмаган сўзларни ёзиш, ёзма имтиҳон материалларини бошқа абитуриентга узатиш, бошқа абитуриентларга ёрдам бериш тақиқланади.


57. Абитуриент томонидан ёзма имтиҳон ўтказиладиган аудиторияга уяли телефон ёки бошқа алоқа воситаларини олиб кириш ва фойдаланиш тақиқланади.


58. Ёзма имтиҳонлар ўтказиладиган бинога киришда жадвал, китоб, уяли телефон, компьютер, телекоммуникация воситалари ва шпаргалкалар олиб киришга ҳаракат қилган ёки олиб кирган, имтиҳон жараёнида имтиҳон материалларини бошқа абитуриентга узатган, бошқа абитуриентларга ёрдам берган, имтиҳон материалларини топширмаган абитуриент ёзма имтиҳон ўтказиш тартибини бузган ҳисобланади.


59. Ёзма имтиҳон ўтказилаётган вақтда абитуриентнинг аудиториядан чиқиши тақиқланади, ўзбошимчалик билан аудиториядан чиққан абитуриентлар ёзма имтиҳон ўтказиш тартибини бузган ҳисобланади, соғлиғининг ёмонлашиши ва бошқа шу каби узрли ҳолатларда имтиҳон материалларисиз кузатув остида аудиториядан чиқиш ҳоллари бундан мустасно.


60. Ёзма имтиҳон ўтказишнинг мазкур Низомда белгиланган тартибини бузган абитуриентлар ёзма имтиҳоннинг қайси босқичи эканлигидан қатъи назар, ёзма имтиҳондан четлаштирилади. Ёзма имтиҳондан четлаштириш бўйича мазкур Низомнинг 1-иловасига мувофиқ далолатнома расмийлаштирилади.


61. Ёзма имтиҳондан четлаштирилган абитуриентларнинг ишлари баҳоланмайди ва улар ёзма имтиҳонда иштирок этмаган ҳисобланади.


62. Аудитория раҳбари томонидан ёзма имтиҳон учун ажратилган вақт тугаганлиги эълон қилинганда абитуриентлар саволларга жавоб ёзишни тўхтатиши шарт.


63. Абитуриентлар ёзма имтиҳон саволларига жавоблар ёзишни белгиланган муддатдан олдин тугатгач ёки ёзма имтиҳон учун ажратилган вақт тугагач, мазкур Низомнинг 48-бандида назарда тутилган тартибда имтиҳон материалларини топширадилар.


64. Комиссия раиси абитуриентларнинг ёзма имтиҳон саволларига жавоблари ёзилган дафтарлар солинган қутиларни аудитория раҳбарларидан қабул қилиб олгач, дафтарларнинг муқоваси ва биринчи варағига махсус шифрлар қўйиб, дафтар муқовасини унинг бошқа варақларига шикаст етказмаган ҳолда йиртиб олади.

Қўйилган шифрларнинг сир сақланиши учун Комиссия раиси шахсан жавобгар ҳисобланади.



5-§. Ёзма имтиҳон натижаларини аниқлаш


65. Абитуриентларнинг ёзма имтиҳон жавоблари адолатли текширилиши ва баҳоланиши учун тегишли Махсус комиссия жавобгардир.


66. Махсус комиссия ёзма имтиҳонлар ўтказилишидан бир кун олдин тузилади. Махсус комиссия раиси ТДЮУ ректорининг тавсиясига кўра адлия вазири томонидан, махсус комиссиянинг бошқа аъзолари ТДЮУ ректорининг буйруғи билан тайинланади. Махсус комиссия аъзоларининг сони ҳар бир мутахассислик бўйича ёзма имтиҳонда иштирок этиши режалаштирилаётган абитуриентларнинг умумий сонидан келиб чиққан ҳолда ТДЮУ ректори томонидан белгиланади.


67. Махсус комиссия аъзолари ёзма имтиҳон ўтказиладиган куни соат 10.00 дан кечикмай тегишли мутахассислик бўйича ёзма имтиҳон натижаларини текшириш ва баҳолаш учун ажратилган ва видео кузатиш тизими билан жиҳозланган хонага ўз паспортлари билан етиб келишлари шарт.


68. Махсус комиссия аъзолари томонидан имтиҳон натижаларини текшириш ва баҳолаш учун ажратилган хонага уяли телефонлар ва бошқа алоқа воситаларини олиб кириш тақиқланади.


69. Махсус комиссия раиси имтиҳон жавоблари ёзилган дафтарлар солинган қутиларни Комиссия раисидан қабул қилиб олади.


70. Махсус комиссия раиси абитуриентларнинг жавоблари ёзилган дафтарлар солинган қутиларни Махсус комиссия аъзолари иштирокида очиб, барча дафтарларнинг муқовалари ажратилганлиги ва шифрланганлигини текширади.

Муқоваси ажратилмаган, шифрланмаган ёки абитуриентнинг исми, отасининг исми, фамилияси ёки унинг шахсини аниқлаш имконини берувчи бошқа белгилари мавжуд бўлган дафтарлар аниқланган тақдирда, далолатнома тузилади ва бундай ишлар текширилмайди.


71. Махсус комиссия раиси имтиҳон натижалари ёзилган дафтарларни тегишли магистратура мутахассисликлари бўйича комиссия аъзоларига тақсимлаб беради. Ҳар бир савол тегишли фан бўйича мутахассис томонидан текширилади.


72. Ёзма имтиҳон жавоблари Махсус комиссия аъзолари томонидан мазкур Низомнинг 2-иловасида назарда тутилган баҳолаш мезонларига мувофиқ текширилиб, баҳоланади ва хулоса ёзилади.

Ҳар бир савол бўйича қўйилган баллар қўшилиб, 3 га бўлинади ва ҳосил бўлган қиймат абитуриентнинг ёзма имтиҳондан олган якуний бали ҳисобланади.


73. Махсус комиссия томонидан ёзма имтиҳон баллари тегишли шифр рақамларидан иборат бўлган қайдномага киритилади.

Ёзма имтиҳон жавоблари ёзилган дафтарлар ва қайднома қутиларга солинади ҳамда Махсус комиссия раиси томонидан Комиссия раисига топширилади.



6-§. Абитуриентларнинг тест синовлари ва ёзма имтиҳонда

тўплаган умумий балларини аниқлаш ва эълон қилиш


74. Комиссия томонидан абитуриентларнинг исми, отасининг исми ва фамилияси ҳамда дафтарлари муқовасидаги шифр рақамлари кўрсатилган қайдномага ёзма имтиҳон баллари киритилади. Ёзма имтиҳон натижаларига кўра 55 балл ёки ундан кам балл тўплаган абитуриентлар ёзма имтиҳондан ўтмаган ҳисобланади ва ТДЮУ магистратурасига қабул қилинмайди.


75. Абитуриентларнинг тест синовлари бўйича олган баллари рўйхатининг кейинги устунига қайднома асосида уларнинг ёзма имтиҳон саволларига ёзган жавоблари бўйича олган баллари киритилади ҳамда якуний баллари чиқарилади.


76. Барча маълумотлар компьютерга киритилгандан сўнг, абитуриентлар рўйхати ҳар бир мутахассислик бўйича тўпланган энг юқори баллдан бошлаб камайиб бориш тартибида жойлаштирилади. Бунда давлат гранти ва тўлов-контракт асосида қабул қилиш учун тавсия этилган абитуриентлар рўйхати алоҳида-алоҳида ажратиб кўрсатилган ҳолда чоп этилади.


77. Абитуриентларнинг тест синовлари ва ёзма имтиҳонда тўплаган умумий баллари ёзма имтиҳонлар ўтказилган куннинг эртаси куни соат 9.00 гача Қабул комиссияси томонидан эълонлар тахтасига, шунингдек ТДЮУнинг Интернетдаги расмий веб-сайтига жойлаштирилади.


78. Қабул натижаларини акс эттирувчи рўйхат эълон қилингандан сўнг, ёзма имтиҳон жараёни ниҳоясига етган ҳисобланади.



IV БОБ. АПЕЛЛЯЦИЯЛАРНИ КЎРИБ ЧИҚИШ


79. Ёзма имтиҳон натижасидан норози бўлган абитуриент ёзма имтиҳон натижаси эълон қилинган кундан бошлаб 2 иш куни ичида ТДЮУда ташкил этиладиган апелляция комиссиясига ёзма тартибда апелляция шикояти бериш ҳуқуқига эга. Апелляция қабул қилинганлиги тўғрисида абитуриентга хабарнома берилади.


80. Ёзма имтиҳон натижасидан норози бўлган абитуриентларнинг шикоятларини кўриб чиқиш учун ТДЮУда апелляция комиссияси тузилади. Апелляция комиссияси ТДЮУ ректорининг буйруғи билан ташкил этилади.


81. Апелляция комиссияси таркибига ТДЮУнинг профессор-ўқитувчилари ва фанлар бўйича экспертлар киритилади.

Зарур ҳолларда, апелляцияни кўриб чиқиш жараёнига Махсус комиссия аъзолари ҳамда аудитория раҳбари ва кузатувчилари уларга тегишли масалалар бўйича жалб қилиниши мумкин.


82. Апелляция шикояти тушган куни масъул котиб ўринбосари томонидан апелляция шикояти ёзган абитуриентнинг ёзма имтиҳон материаллари апелляция комиссиясига топширилади.


83. Апелляция берган шахс хабарномада назарда тутилган вақтда апелляция комиссиясига паспорти билан келиши шарт.


84. Апелляцияни кўриб чиқиш жараёнида апелляция берувчига ёзма имтиҳон саволларига жавоблар ёзган дафтари унинг сўровига асосан берилиши мумкин.


85. Абитуриент ўз эътирозларини ёзиб, унга берилган материаллар билан бирга апелляция комиссиясига топширади.


86. Абитуриентнинг шикояти апелляция комиссияси томонидан 2 кун ичида кўриб чиқилиши ва натижаси бўйича қарор қабул қилиниши шарт.


87. Апелляция комиссияси томонидан қабул қилинган қарор тўғрисида апелляция шикояти муаллифига маълумот тақдим этилади.


88. Апелляцияда кўрсатилган важлар ўз тасдиғини топмаган бўлса, апелляция комиссияси ёзма имтиҳон натижаларини ўзгаришсиз қолдириш ва апелляцияни қаноатлантиришни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилади.


89. Апелляцияда кўрсатилган важлар ўз тасдиғини топган тақдирда, абитуриентнинг ёзма имтиҳон ишига апелляция комиссияси томонидан узил-кесил балл қўйилади.


90. Апелляция комиссиясининг апелляцияни кўриб чиқиш натижалари бўйича қабул қилган қарори юзасидан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда судга шикоят қилиниши мумкин.



V БОБ. ЯКУНИЙ ҚОИДА


91. Мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда Тошкент давлат юридик университети билан келишилган.






Низомга

1-ИЛОВА



Ёзма имтиҳондан четлаштириш тўғрисида

ДАЛОЛАТНОМА


20___ йил "____" ____________


Биз, қуйида имзо чекувчилар шуни тасдиқлаймизки, абитуриент

            

(Ф.И.О.)

Қуйидаги сабаб билан соат ___:___ да ёзма имтиҳондан четлаштирилди:

q тақиқланган воситалардан (жадвал, китоб, уяли телефон ва шпаргалкалардан) фойдаланди;

q ёзма имтиҳон материалларини бошқа абитуриентга узатди;

q абитуриентларга ёрдам берди;

q



(Низомда назарда тутилган бошқа ҳолатлар)

         

Абитуриент томонидан Тошкент давлат юридик университети магистратурасига қабул қилишда ёзма имтиҳон ўтказиш ва унинг натижаларини аниқлаш тартиби тўғрисидаги низомнинг __-бандлари талаблари бузилди.

1. Аудитория раҳбари





(Ф.И.О.)


(имзо)

         

2. Кузатувчи





(Ф.И.О.)


(имзо)

         

3. Кузатувчи





(Ф.И.О.)


(имзо)

         

          

Изоҳ: ушбу далолатнома абитуриентга берилган дафтарга елимланади.






Низомга

2-ИЛОВА



Абитуриентларнинг ёзма имтиҳон

саволлари бўйича ёзган жавобларини

БАҲОЛАШ МЕЗОНЛАРИ


Ҳар бир саволга берилган жавоблар қуйидаги мезонлар асосида

100 баллгача баҳоланади:

     

Балл


Жавоб тавсифи


Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлардан

фойдаланилганлик даражаси


86 баллдан

100 баллгача

мазмунан аниқ ёритилган, моҳияти тўлиқ очиб берилган, мантиқий изчил ифодаланган;

қонун ҳужжатларига ва назарий билимларга асосланган ҳолда тўғри жавоб берилган;

мамлакатда амалга оширилаётган ислоҳотлар таҳлил қилинган ҳамда уларнинг самаралари ва натижалари бўйича мустақил ижодий фикр юритилган;

тегишли масалалар бўйича ривожланган хорижий мамлакатлар тажрибаси эътиборга олинган;

фикр мантиқий кетма-кет баён этилган, савол бўйича тегишли хулосалар чиқарилган;

ҳуқуқий атамалардан тўғри фойдаланилган.


зарур бўлган барча норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга мурожаат қилинган;

норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни қабул қилган орган ёки мансабдор шахс, норматив-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилинган сана ва унинг ҳавола қилинган нормаси аниқ кўрсатилган;

қонун ҳужжатларига киритилган охирги ўзгартириш ва қўшимчалар уларнинг мазмуни ва амалий аҳамиятидан келиб чиқиб таҳлил қилинган;

мазкур соҳада қабул қилиниши кўзда тутилаётган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари хусусида етарлича маълумотга эга.


71 баллдан

86 баллгача

мазмунан ёритилган, моҳияти очиб берилган, изчил ифодаланган;

қонун ҳужжатларига ва назарий билимларга асосланган ҳолда яхши жавоб берилган;

мамлакатда амалга оширилаётган ислоҳотлар таҳлил қилинган;

тегишли масалалар бўйича хорижий мамлакатлар тажрибасига мурожаат қилинган;

фикр кетма-кет баён этилган, савол бўйича хулосалар чиқарилган;

ҳуқуқий атамалардан тўғри фойдаланилган.


зарур бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга мурожаат қилинган;

норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни қабул қилган орган ёки мансабдор шахс, норматив-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилинган сана кўрсатилган;

қонун ҳужжатларига киритилган охирги ўзгартириш ва қўшимчалар эътиборга олинган;

мазкур соҳада қабул қилиниши кўзда тутилаётган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари хусусида қисман маълумотга эга.


55 баллдан

71 баллгача

мазмунан қониқарли даражада ёритилган;

қонун ҳужжатларига ва назарий билимларга етарлича асосланмаган ҳолда жавоб берилган;

мамлакатда амалга оширилаётган ислоҳотлар эътиборга олинмаган;

савол бўйича тўлиқ бўлмаган хулосалар чиқарилган;

айрим ҳуқуқий атамалар нотўғри қўлланилган.


айрим норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга мурожаат қилинган;

норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни қабул қилган орган ёки мансабдор шахс, норматив-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилинган сана кўрсатилмаган ёки нотўғри кўрсатилган;

қонун ҳужжатларига киритилган охирги ўзгартириш ва қўшимчалар эътиборга олинмаган;

мазкур соҳада қабул қилиниши кўзда тутилаётган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари хусусида маълумотга эга эмас.


0 баллдан

55 баллгача

26 баллдан 55 баллгача:

қонун ҳужжатларига ва назарий билимларга асосланмаган ҳолда жавоб берилган;

мамлакатда амалга оширилаётган ислоҳотларга умуман эътибор қаратилмаган.


норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга ҳаволалар мавжуд эмас ёки мавжуд ҳаволалар ҳам ноўрин қўлланилган.


1 баллдан 25 баллгача:

ҳуқуқий атамалар нотўғри қўлланилган;

савол бўйича аниқ тасаввурга эга эмас.


0 балл:

нотўғри жавоб берилган ёки умуман жавоб ёзилмаган;

ўқув адабиётларидан ва қонун ҳужжатларидан сўзма-сўз кўчирилган.


"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2013 йил 29 июль, 30-сон, 406-модда