Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Ўзбекистон Республикаси Банк-молия академияси Устави (ЎзР ВМ 17.05.1996 й. 180-сон қарорига 2-илова)

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

Вазирлар Маҳкамасининг

1996 йил 17 майдаги

180-сон қарорига

2-ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси

Банк-молия академияси

УСТАВИ



I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ўзбекистон Республикаси Банк-молия академияси (кейинги ўринларда "Академия" деб аталади) Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўзбекистон Республикасининг Банк-молия академиясини ташкил этиш тўғрисида" 1996 йил 2 майдаги ПФ-1460-сон Фармони билан ташкил этилган ҳамда ўз фаолиятини Ўзбекистон Республикаси Конституциясига, Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларига ва мазкур Уставга мувофиқ амалга оширувчи олий таълим муассасаси мақомига эга бўлган иккинчи босқич (магистратура) республика олий таълим муассасаси ва илмий-тадқиқот маркази ҳисобланади.


2. Академия Ўзбекистон Республикасининг банк-молия соҳасида ҳамда банк ва молия ходимларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш бошқаруви тизимида етакчи ўқув-услубий, илмий ва ахборот-таҳлилий марказ ҳисобланади.


3. Қуйидагилар Академиянинг асосий вазифалари ва фаолияти йўналишлари ҳисобланади:

а) қуйидаги йўналишлар бўйича юқори малакали банк иши мутахассислари тайёрлаш:

монетар сиёсат ва пул муомаласи;

молия менежменти, активлар ва пассивларни бошқариш;

инвестиция лойиҳаларини ҳар томонлама экспертиза қилиш ва маблағ билан таъминлаш;

халқаро молия бозорларидаги операциялар;

банк аудити;

б) халқаро банк ишидаги энг янги ютуқларга мунтазам равишда ўқитиш йўли билан банк раҳбар ходимларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш;

в) мамлакатда молия-пул тизимини ва банк ишини босқичма-босқич ривожлантириш стратегияси соҳасида фундаментал ва амалий тадқиқотларни ташкил этиш.


4. Академия юридик ва жисмоний шахслар билан тузиладиган шартномалар асосида банк ва молия соҳаси мутахассисларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини оширишни, шунингдек шартномалар ва давлат буюртмаси асосида илмий тадқиқотларни ва ахборот-таҳлилий ишларни амалга оширади.


5. Академия юридик шахс ҳисобланади, мустақил балансга, банк муассасаларида миллий ва хорижий валютадаги ҳисоб-китоб счётларига, ўз номи давлат тилида ёзилган гербли муҳрга, думалоқ муҳрлар ва штампларга ҳамда унинг фаолияти учун зарур бўлган бошқа белгилар ва реквизитларга эга бўлади.



II. ЎҚУВ ЖАРАЁНИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ


6. Академия ўқув ва таълим фаолиятини Ўзбекистон Республикаси иқтисодий ва ижтимоий-сиёсий ҳаётини ривожлантиришнинг замонавий талаблари ҳисобга олинган ҳолда ишлаб чиқилган ўқув режалари ва дастурлар, шунингдек молия ва банк иши соҳасидаги халқаро таълим стандартлари талаблари асосида амалга оширади.

Ўқитиш дастурлар бўйича олиб борилади, уларнинг хусусияти ўқитишнинг мақсадлари ва ихтисослашувига боғлиқ бўлади.

Ўқитиш муддатлари ва ҳажми турлича бўлган аниқ йўналишлар бўйича махсус ва факультатив курслар ташкил этилиши мумкин.

Ўқув, таълим ва касбга ўқитиш дастурлари буюртмачининг эҳтиёжларини, шунингдек, тегишли мутахассислик бўйича тайёрлаш даражасига давлат талабларини ҳисобга олган ҳолда Академия томонидан мустақил равишда ишлаб чиқилади, тасдиқланади ва амалга оширилади. Дастурларнинг бўлиши мажбурий ҳисобланади.


7. Мутахассислар тайёрлаш, кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш кундузги ўқиш шаклида олиб борилади. Талабалар қабул қилиш тартиби, ўқитиш муддатлари ва шакллари Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларига, Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг низомларига мувофиқ белгиланади; кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш Академия томонидан ўқитиш мақсадларига боғлиқ равишда белгиланади.


8. Банк-молия соҳаси ходимларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш манфаатдор банклар ва молия муассасалари ҳамда алоҳида шахслар билан тузиладиган шартномалар асосида амалга оширилади.

Қайта тайёрлаш ва малака оширишга жалб қилинадиган банкларнинг раҳбар ходимлари учун ўқиш даврида асосий иш жойи бўйича ўртача иш ҳақи сақлаб қолинади. Бошқа шаҳарлик тингловчиларга шунингдек ўқиш даврида амалдаги қонун ҳужжатларига мувофиқ асосий иш жойи бўйича суткалик харажатлар тўланади ҳамда йўлловчи банк ёки молия органи ҳисобидан ўқиш жойига бориш-келиш йўл ҳақи тўланади. Бошқа шаҳарлик талабалар ва тингловчилар ўқиш даврида ётоқхона билан таъминланадилар.


9. Ўқитувчиликка республика илмий-тадқиқот институтлари, олий ўкув юртлари, вазирликлари ва идораларининг, банкларнинг етакчи мутахассислари, шунингдек, хорижий мамлакатларнинг олимлари ва мутахассислари ўриндошлик тарзида ишлаш ва соатбай ҳақ тўлаш шартлари билан жалб қилинади.

Хорижий мамлакатларнинг олимлари ва мутахассислари Академияда ишлаш учун контракт асосида жалб қилинади.


10. Академия талабалар ва тингловчиларни ўқитиш воситалари (ўқув адабиёти ва бошқа адабиётлар, аудиовизуал ва техник воситалар) билан таъминлайди. Ўзбекистонлик ва бошқа давлатларнинг талабалари ва тингловчилари контракт асосида ўқийдилар.


11. Академия талабалар ва тингловчилар билимларини текширишни, ўқиш натижаларини комплекс баҳолашни энг аввало тест синовлари асосида, шунингдек диплом ишлари, рефератлар ҳимоя қилиш, махсус ташкил этиладиган комиссиялар томонидан суҳбатлар ўтказиш асосида амалга оширади. Академияда таълим дастурларини ўзлаштириш мажбурий давлат якуний аттестацияси ўтказиш ва диплом лойиҳаларини тайёрлаш билан ниҳоясига етказилади.


12. Ўқув курсини тугатган тингловчиларга белгиланган намунадаги ҳужжатлар берилади.


13. Аспирантурага, докторантурага қабул қилиш ва тадқиқотчиларни бириктириб қўйиш қоидалари Академия Илмий кенгаши томонидан белгиланади.



III. ИЛМИЙ-ТАДҚИҚОТ ИШЛАРИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ


14. Академия:

Ўзбекистон Республикасида пул-молия тизимини ва банк ишини ривожлантириш стратегиясини;

Ўзбекистон Республикаси ягона ва минтақавий бозорларини комплекс ва уйғун ривожлантириш ҳамда уларнинг халқаро молиявий бозорлар тизимига босқичма-босқич интеграқиялашуви дастурларини;

банкларни ва молиявий механизмни бошқаришнинг ҳуқуқий ва норматив базасини такомиллаштиришга оид тавсияларни ишлаб чиқиш бўйича фундаментал ва амалий тадқиқотларни ташкил этиш ишларини мақсадли ва мунтазам амалга оширади.


15. Кўрсатиб ўтилган мақсадларни амалга ошириш учун Академия тузилмасида Банк-молия тизимини ривожлантириш тадқиқотлари маркази ташкил этилади. Марказ банк-молия тизимининг турли жиҳатларини ривожлантириш муаммолари ва истиқболларини ўрганиш учун шартномалар ёки давлат буюртмаси асосида вақтинчалик илмий жамоалар ташкил этади.


16. Марказ қўйилган вазифаларни амалга ошириш учун Ўзбекистон Республикаси, шунингдек хорижий мамлакатларнинг олимлари ва амалиётчи ходимларини шартнома асосида жалб этади.


17. Тадқиқ этиладиган муаммолар тузилмаси, мавзуси ва олиб борилаётган фаолият тўғрисидаги ҳисоботлар Академия Илмий кенгаши томонидан эшитилади ва тасдиқланади.



IV. АКАДЕМИЯНИНГ ПРОФЕССОР-ЎҚИТУВЧИЛАР

ТАРКИБИ ВА БОШҚА ХОДИМЛАРИ


18. Академияда профессор-ўқитувчилар ва илмий таркиб, муҳандис-техник, маъмурий, ишлаб чиқариш, ёрдамчи ва бошқа ходимлар лавозимлари назарда тутилади. Барча лавозимлар меҳнат шартномаси (контракт) бўйича эгалланади.


19. Академиянинг профессор-ўқитувчилар ва илмий таркиби қуйидагиларга мажбурдир:

ўқув жараёнининг юқори самарали бўлишини таъминлаш, талабалар ва тингловчиларда ташаббускорликни ва ижодий қобилиятни, илмий изланишга интилишни ривожлантириш;

таълим мазмунининг юқори савияда бўлишини таъминлайдиган илмий тадқиқотларни олиб бориш;

ички тартиб қоидаларига риоя қилиш.


20. Академияда сиёсий партиялар, ижтимоий-сиёсий ва диний ҳаракатлар ташкил этилишига ва уларнинг фаолият кўрсатишига йўл қўйилмайди.


21. Ўқув-ёрдамчи ва маъмурий-хўжалик ходимларининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари ички тартиб қоидалари ҳамда лавозим йўриқномалари билан белгиланади.



V. АКАДЕМИЯНИ БОШҚАРИШ


22. Академия фаолиятига раҳбарликни ректор, у бўлмаган ҳолларда - ўқув ишлари бўйича проректор амалга оширади.


23. Академия ректори Ўзбекистон банклар уюшмаси Кенгашининг тақдимномасига биноан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимдан озод этилади.

Академия проректорлари Академия ректорининг тақдимномасига биноан Ўзбекистон банклар уюшмаси Кенгаши томонидан тайинланадилар ва озод этиладилар.


24. Академия фаолиятининг асосий масалаларини кўриб чиқиш учун ректор бошчилик қиладиган ва тасдиқлайдиган Академия Илмий кенгаши ташкил этилади.

Академия Илмий кенгаши таркибига Академиянинг проректорлари, илмий котиби, кафедра мудирлари, илмий-тадқиқот ва ахборот-таҳлилий бўлинмалари раҳбарлари, Академиянинг етакчи олимлари ва ходимлари, шунингдек бошқа ўқув ва илмий муассасаларнинг етакчи олимлари, республиканинг етакчи молия ва банк муассасалари вакиллари кирадилар.

Академия Илмий кенгаши:

ўқув, илмий-тадқиқот ва ахборот-таҳлилий ишлар, кадрлар тайёрлаш, халқаро алоқаларни амалга ошириш масалаларини, шунингдек Академияга қарашли филиаллар, институтлар ва бошқ ташкилотларнинг фаолияти масалаларини ҳал қилади;

ўқув дастурларини, ўқув режаларини ва манфаатдор ташкилотлар иштирокида ишлаб чиқилган алоҳида курслар дастурларини тасдиқлайди;

Банк-молия тизимини ривожлантириш тадқиқотлари марказининг тузилмасини, тадқиқ этилаётган муаммолар мавзуларини ҳамда олиб борилаётган фаолият тўғрисидаги ҳисоботларни эшитади ва тасдиқлайди;

Академия, унинг бўлинмалари раҳбарларининг ҳисоботларини тинглайди;

ўқитувчилар таркибидаги Академия ходимларига доцент ва профессор илмий унвонлари бериш масалаларини белгиланган тартибда ҳал қилади;

Академиянинг фахрий доктори даражасини беради.

Илмий кенгаш қарори Академия ректори томонидан тасдиқлангандан кейин кучга киради.


25. Академия ректори:

давлат ҳокимияти ва бошқаруви барча органларида, муассасалар ва ташкилотларда Академия номидан вакиллик қилади;

Академия Илмий кенгаши тўғрисидаги низомни ва унинг таркибини, Академия бўлинмалари, унинг филиаллари, унга қарашли муассасалар ва ташкилотлар тўғрисидаги уставлар ва низомларни тасдиқлайди;

ўқув-илмий, илмий-тадқиқот, ахборот-таҳлилий бўлинмалар раҳбарларини, факультетларнинг деканларини ва кафедра мудирларини тасдиқлайди;

Академиянинг кафедралари, ўқув-илмий, илмий-тадқиқот, ахборот-таҳлилий ва бошқа бўлинмаларини ташкил этиш, қайта ташкил этиш ва тугатиш ҳақида қарорлар қабул қилади;

тингловчилар, аспирантлар, докторантларни қабул қилиш қоидаларини ва тадқиқотчилар билан ишлаш тартибини белгилайди;

Академиянинг молиявий фаолияти масалаларини ҳал қилади;

Академиянинг мулки ва маблағларини белгиланган тартибда тасарруф этади;

барча ходимлар ва Академияда ўқиётганлар бажаришлари мажбурий бўлган буйруқлар, йўриқномалар ва фармойишлар чиқаради;

Академия ва унинг бўлинмалари ходимларини ишга қабул қилади ва ишдан бўшатади, Академияда ёлланиб ишлаш бўйича контрактлар тузади;

Академияни маблағ билан таъминлаш харажатлари сметасини тасдиқлайди;

бўлинмалар учун лавозимлар рўйхатини белгилайди, лавозим маошлари схемаларини, ойлик тариф ставкалари ва меҳнатга соатбай ҳақ тўлаш миқдорларини мавжуд маблағлар доирасида тасдиқлайди;

профессор-ўқитувчилар таркибининг ўқув иш нормаларини, ўқитиш ва Академия кўрсатадиган бошқа хизмат турлари учун ҳақ тўлаш миқдорларини тасдиқлайди;

Академия ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш ва уларни мукофотлаш шаклларини белгилайди;

Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатларига ва мазкур Уставга мувофиқ бошқа фаолиятни амалга оширади.


26. Академия ректори ўзининг айрим ваколатларини Академиянинг проректорига ва бошқа мансабдор шахсларига бериш ҳуқуқига эгадир.



VI. АКАДЕМИЯНИНГ МОЛИЯ-ХЎЖАЛИК ФАОЛИЯТИ


27. Ўзбекистон банклар уюшмаси ажратган маблағлар, бюджетдан ажратилган маблағлар, турли давлат ва хусусий банклар, корхоналар, шу жумладан хорижий корхоналар билан тузилган шартномалар, шунингдек грантлар, техник ёрдам ва халқаро молия институтлари за хорижий банкларнинг ҳомийлик бадаллари Академия молия-хўжалик фаолиятининг асоси ҳисобланади.


28. Академияга қуйидаги ҳуқуқлар берилади:

белгиланган тартибда ноширлик фаолиятини амалга ошириш, йилига 4 марта чиқадиган банк-молия журналини нашр этади;

Академияга ажратилган маблағлар ёки ўз даромади ҳисобига давлат ёки тижорат корхоналаридан зарур асбоб-ускуналарни ва бошқа моддий ресурсларни сотиб олиш, ижарага олиш, уларга буюртма бериш;

Академияга тегишли бўлган мулкка, хўжалик ва бошқа хил фаолиятдан олинган маҳсулотга, даромадларга, шунингдек амалдаги қонунчилик йўл қўядиган бошқа асослар бўйича сотиб олинган мол-мулкка эгалик қилиш, ундан фойдаланиш ва уни тасарруф этиш;

илмий, ахборот-таҳлилий маҳсулотларни ишлаб чиқариш ва сотиш;

Академия томонидан ишлаб чиқариладиган маҳсулотларга ва кўрсатиладиган хизматларга тарифлар, нархлар ва баҳоларни мустақил равишда белгилаш;

моддий-техник базани ривожлантириш, Академия ходимларига ва таклиф этилган мутахассисларга меҳнат ҳақи тўлаш, уларни моддий рағбатлантириш, уй-жой-турмуш шароитларини яхшилаш, шунингдек мазкур Уставда назарда тутилган ижтимоий ва бошқа вазифаларни ҳал қилиш учун бюджетдан ажратиладиган маблағлар билан бир қаторда ишлаб топилган ва бошқа шахслар ҳамда ташкилотлардан олинган маблағларни ўз ихтиёрига кўра сарфлаш.

Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари билан тақиқланмаган ва мазкур Уставга зид бўлмаган бошқа фаолиятни амалга ошириш.


29. Академия банк кредитидан фойдаланади ва кредит шартномаларининг бажарилиши ва ҳисоб-китоб интизомига риоя қилиниши учун жавоб беради. Пул маблағларини сақлаш ва ҳисоб-китоб, кредит ҳамда касса операцияларининг барча турларини амалга ошириш учун банк муассасаларида ўзининг счётлари (шу жумладан, валюта счётлари)га эга бўлади.


30. Академияда ўз маблағлари ва ўзига қарашли муассасаларнинг хўжалик фаолиятидан олинган даромадлар, шунингдек жалб қилинган бошқа маблағлар ҳисобига Академияни ривожлантириш жамғармаси ташкил этилади.



VII. ХАЛҚАРО ФАОЛИЯТ


31. Академия талабалар (тингловчилар)ни тайёрлаш, қайта тайёрлаш, уларнинг малакасини ошириш ва уларни аттестациядан ўтказиш соҳасида халқаро ҳамкорлик қилиш, кадрлар тайёрлаш соҳасида хорижий ташкилотлар билан контрактлар тузиш, шунингдек Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларига мувофиқ ташқи иқтисодий фаолиятни амалга ошириш ҳуқуқига эгадир.

Академия талабалар (тингловчилар) учун ўқув жараёнининг зарур қисмини ва ходимларнинг тажриба орттиришини етакчи хорижий илмий ва ўқув марказларида, банкларда, халқаро молия ташкилотларида ва шу кабиларда мустақил равишда ташкил этади.


32. Академияда хорижий давлатлар фуқаролари малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш, Академия профессор-ўқитувчилар таркиби ва талаба (тингловчи)ларининг чет эллардаги педагогик, илмий-тадқиқот ишлари ва тажриба орттириши тегишли битимлар ва контрактлар асосида амалга оширилади.



VIII. АКАДЕМИЯ ФАОЛИЯТИНИ ТЎХТАТИШ


33. Академияни тугатиш ёки қайта ташкил этиш Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармонига мувофиқ ёки Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорига биноан амалга оширилади.