Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Молиявий ва солиқ ҳисоботларини алоқанинг телекоммуникация каналлари воситасида давлат солиқ хизмати органларига тақдим этиш тартиби тўғрисидаги Низом (АВ томонидан 12.07.2016 й. 2808-сон билан рўйхатга олинган Давлат солиқ қўмитасининг 10.06.2016 й. 2016-21-сон қарори билан тасдиқланган)

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

Ўзбекистон Республикаси

Адлия вазирлигида

2016 йил 12 июлда 2808-сон

билан рўйхатга олинган

Ўзбекистон Республикаси

Давлат солиқ қўмитасининг

2016 йил 10 июндаги

2016-21-сон қарорига

ИЛОВА



Молиявий ва солиқ ҳисоботларини алоқанинг

телекоммуникация каналлари воситасида давлат солиқ

хизмати органларига тақдим этиш тартиби тўғрисидаги

НИЗОМ


Ушбу Низом Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодекси, Ўзбекистон Республикасининг "Электрон рақамли имзо тўғрисида"ги, "Электрон ҳужжат айланиши тўғрисида"ги қонунлари ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2006 йил 4 августдаги 157-сон "Солиқ тўловчиларга ахборот хизмати кўрсатиш ва давлат солиқ хизмати органларининг ахборот тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида"ги қарорига мувофиқ молиявий ва солиқ ҳисоботларини (бундан буён матнда ҳисобот деб юритилади) алоқанинг телекоммуникация каналлари воситасида давлат солиқ хизмати органларига тақдим этиш тартибини белгилайди.



1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Низомни амалда қўллаш мақсадида қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:


электрон рақамли имзо - электрон ҳужжатдаги мазкур электрон ҳужжат ахборотини электрон рақамли имзонинг ёпиқ калитидан фойдаланган ҳолда махсус ўзгартириш натижасида ҳосил қилинган ҳамда электрон рақамли имзонинг очиқ калити ёрдамида электрон ҳужжатдаги ахборотда хатолик йўқлигини аниқлаш ва электрон рақамли имзо ёпиқ калитининг эгасини идентификация қилиш имкониятини берадиган имзо;


электрон ҳужжат - электрон шаклда қайд этилган, электрон рақамли имзо билан тасдиқланган ҳамда электрон ҳужжатнинг уни идентификация қилиш имконини берадиган бошқа реквизитларига эга бўлган ахборот;


ахборот воситачиси - электрон ҳужжат айланиши билан боғлиқ хизматларни шартнома асосида кўрсатувчи юридик ёки жисмоний шахс;


солиқ тўловчининг шахсий кабинети - Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Солиқ қўмитасининг расмий веб-сайтига жойлаштирилган, солиқ тўловчилар ва давлат солиқ хизмати органларининг солиқ тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатларида назарда тутилган ҳуқуқ ва мажбуриятлари амалга оширилиши билан боғлиқ бўлган ўзаро муносабатларни электрон тарзда амалга оширишни таъминлайдиган ахборот ресурси.

2. Ҳисоботни электрон ҳужжат тарзида тақдим этишда электрон ҳужжат айланишининг иштирокчилари бўлиб қуйидагилар ҳисобланади:

солиқ тўловчи - ҳисоботни электрон ҳужжат тарзида жўнатувчи;

ҳисоботни электрон ҳужжат тарзида қабул қилувчи ва уларга ишлов берувчи давлат солиқ хизмати органлари - ҳисоботни қабул қилувчи.

Электрон ҳужжат айланишида ахборот воситачилари ҳам иштирок этишлари мумкин.


3. Ҳисоботни электрон ҳужжат тарзида тақдим этиш солиқ тўловчининг хоҳишига кўра тегишли дастурий таъминотдан фойдаланган ҳолда амалга оширилади.

Бунда, тадбиркорлик субъектлари ҳисоботни телекоммуникация каналлари орқали электрон ҳужжат тарзида тақдим этади.


4. Ҳисоботни электрон ҳужжат тарзида тақдим этмайдиган солиқ тўловчилар учун ҳисоботни қоғозда тақдим этиш тартиби сақланиб қолади.

Электрон ҳужжат тарзидаги тақдим этилган ҳисобот, солиқ тўловчининг электрон рақамли имзоси билан тасдиқланади.


5. Ҳисоботни электрон ҳужжат тарзида тақдим этишда тегишли дастурий таъминот:

давлат солиқ хизмати органига жўнатиш учун ҳисоботни электрон ҳужжат тарзида шакллантириш;

ҳисоботни электрон ҳужжат тарзида жўнатишда шифрлаш ва қабул қилиб олишда шифрдан ечиш;

электрон рақамли имзони шакллантириш ва уни қабул қилиб олишда электрон рақамли имзо воситалари ёрдамида текшириш;

ҳисоботни электрон ҳужжат тарзида телекоммуникация каналлари орқали жўнатиш имкониятига эга бўлиши керак.


6. Ҳисоботни электрон ҳужжат тарзида тақдим этишга:

молиявий ва солиқ ҳисоботининг мажбурий реквизитлари мавжуд бўлганда;

электрон ҳужжат тарзидаги ҳисоботларда электрон рақамли имзо мавжуд бўлганда;

электрон ҳужжат тарзидаги ҳисоботлар белгиланган шаклда тақдим этилганда рухсат берилади.


7. Электрон ҳужжат тарзидаги ҳисоботдаги ахборотларни муҳофаза қилиш мақсадида ахборотни узатишда электрон ҳужжат айланишининг иштирокчилари ахборотни криптографик муҳофаза қилиш воситаларини қўллайдилар.


8. Ҳисобот электрон ҳужжат тарзида қабул қилиб олинганда, давлат солиқ хизмати органларининг дастурий-аппарат воситалари ҳисоботни автоматик тарзда қабул қилинишини, шунингдек солиқ тўловчига электрон тарзидаги ҳисобот қабул қилиб олинганлиги тўғрисида тасдиқномани юборилишини таъминлайди.

Ҳисобот дастлабки тарзда камерал назорат қилинмасдан ва унинг мазмуни муҳокама этилмасдан қабул қилинади.

9. Ҳисобот электрон ҳужжат тарзида тақдим этилганда, солиқ тўловчи ва давлат солиқ хизмати органлари уни қонунчиликда белгиланган тартиб ва муддатларда электрон кўринишда сақланишини таъминлайдилар.


10. Ҳисоботни электрон ҳужжат тарзида сақлашда электрон ҳужжат айланишининг иштирокчилари томонидан ҳисоботнинг қоғоз нусхаларини бериш ва улардан фойдалана олиш имкониятлари кўзда тутилган бўлиши лозим.


11. Ҳисоботнинг электрон ҳужжат тарзида сақланиш муддатлари қоғоздаги ҳисоботлар учун ўрнатилган муддатлардан кам бўлмаслиги лозим.



2-БОБ. ЭЛЕКТРОН ҲУЖЖАТ АЙЛАНИШИ

ИШТИРОКЧИЛАРИНИНГ ЭЛЕКТРОН ҲУЖЖАТ

ТАРЗИДАГИ ҲИСОБОТНИ ТАҚДИМ ЭТИШДАГИ

ЎЗАРО МУНОСАБАТЛАРИ


12. Солиқ тўловчи электрон ҳужжат тарзидаги ҳисоботни қонунчиликда белгиланган муддатларда тақдим этади.


13. Электрон ҳужжат тарзидаги ҳисоботни қабул қилиб олишда, Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Солиқ қўмитасининг дастурий-аппарат воситалари мазкур ҳисоботни қабул қилиб олганлиги тўғрисида, қабул қилиб олинган санаси кўрсатилган ҳолда, автоматик тарзда тасдиқланишни таъминлайди.

14. Электрон ҳужжат тарзидаги ҳисобот, агар у бевосита солиқ тўловчи томонидан ёки унинг ахборот воситачиси орқали жўнатилган бўлса, жўнатилган деб ҳисобланади.


15. Электрон ҳужжат тарзидаги ҳисоботни тақдим этиш санаси электрон ҳужжатнинг давлат солиқ хизмати органининг электрон манзилига келиб тушган санаси ҳисобланади.

17. Ҳисоботни электрон ҳужжат тарзида жўнатишда электрон рақамли имзодан фойдаланиш тартиби Давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ҳамда тижорат банклари томонидан кўрсатиладиган барча турдаги хизматларда электрон рақамли имзодан фойдаланиш қоидалари (рўйхат рақами 2727, 2015 йил 13 ноябрь) билан тартибга солинади.



3-БОБ. ЭЛЕКТРОН ҲУЖЖАТ АЙЛАНИШИ

ИШТИРОКЧИЛАРИНИНГ ЖАВОБГАРЛИГИ


18. Ҳисоботни электрон ҳужжат тарзида тақдим этувчи солиқ тўловчи ҳисоботдаги маълумотларнинг ўз вақтида ва тўла тақдим этилишига жавобгар ҳисобланади.


19. Электрон ҳужжат тарзидаги ҳисоботни қабул қилувчи ва унга ишлов берувчи давлат солиқ хизмати органларининг мансабдор шахслари кейинги фойдаланиш учун қабул қилиниб олинаётган ахборотга ўз вақтида ишлов берилишига шахсан жавобгардирлар.



4-БОБ. ЯКУНИЙ ҚОИДА


20. Мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ва Молия вазирлиги билан келишилган.



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2016 йил 18 июль, 28-сон, 340-модда