Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 10.06.2016 й. 197-сон "Ўзбекистон бунёдкори" нашриёт уйини ташкил қилиш ва "Ўзбекистон бунёдкори" газетасини таъсис этиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Қарори

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ

ҚАРОРИ

10.06.2016 й.

N 197



"ЎЗБЕКИСТОН БУНЁДКОРИ" НАШРИЁТ

УЙИНИ ТАШКИЛ ҚИЛИШ ВА "ЎЗБЕКИСТОН

БУНЁДКОРИ" ГАЗЕТАСИНИ ТАЪСИС ЭТИШ

ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА


Мамлакатимизда шаҳарсозлик фаолияти соҳасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ва бунёдкорлик ишларининг мазмун-моҳияти ва аҳамиятини халқимизга етказиш, қурилиш материаллари саноатидаги чуқур таркибий ўзгартиришларни мунтазам равишда ёритиб бориш ва соҳани ривожлантиришнинг устувор йўналишларини кенг тарғиб қилиш, шунингдек уй-жой ва коммунал хўжалик соҳасидаги қонунчилик нормаларини аҳолининг барча қатламларига тушунтириб бориш орқали унинг ҳуқуқий онги ва савиясини ошириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси ҚАРОР ҚИЛАДИ:


1. Ўзбекистон Республикаси Давлат архитектура ва қурилиш қўмитаси, "Ўзқурилишматериаллари" АК, "Қишлоқ қурилиш инвест" ИК МЧЖ ҳамда бошқа манфаатдор ташкилотларнинг масъулияти чекланган жамият шаклидаги "Ўзбекистон бунёдкори" нашриёт уйини (кейинги ўринларда Нашриёт уйи деб аталади) ташкил қилиш ва "Ўзбекистон бунёдкори" газетасини таъсис этиш тўғрисидаги таклифларига розилик берилсин.

Муассисларнинг Нашриёт уйи устав капиталидаги улушлари иловага мувофиқ белгиланиши маълумот учун қабул қилинсин.


2. Нашриёт уйининг асосий мақсад ва вазифалари этиб қуйидагилар белгилансин:

мамлакатимизда амалга оширилаётган шаҳарсозлик фаолияти соҳасидаги кенг кўламли ислоҳотларнинг мазмун-моҳиятидан ва давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан аҳолини бохабар қилиб бориш, республикамиз ҳудудларида олиб борилаётган бунёдкорлик ишларининг аҳамиятини изчил тарғиб қилиш, шаҳарсозлик фаолиятини тартибга солувчи қонун ҳужжатларини шарҳлаб бориш ва уларни амалиётга жорий этиш билан боғлиқ масалаларни батафсил тушунтириш;

қурилиш материаллари ишлаб чиқариш соҳасидаги чуқур таркибий ўзгартиришларнинг, маҳаллий хом ашёдан фойдаланган ҳолда замонавий, инновацион ва юқори сифатли қурилиш материаллари ишлаб чиқариш борасида амалга оширилаётган инвестиция лойиҳаларининг ва соҳа ривожига оид қабул қилинган давлат дастурларининг аҳамиятини кенг тарғиб қилиш, соҳадаги мавжуд имтиёзларни ривожлантириш мақсадида берилган имтиёзлар ва имкониятлардан тадбиркорлик субъектларини кенг хабардор қилиш;

уй-жой ва коммунал хўжалик соҳасидаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар талабларини аҳолининг барча қатламларига тушунтириб бориш орқали унинг ҳуқуқий онги ва савиясини ошириш, соҳа фаолиятига оид мақолалар ва таҳлилий материаллар тайёрлаш, аҳоли ва мутасадди маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ўртасида самарали мулоқот тизимини ташкил этиш ва шу орқали республика ҳудудларида аҳоли эътиборидаги долзарб мавзуларни изчил ёритиб боришни таъминлаш;

шаҳарсозлик ва архитектура фаолияти, қурилиш материаллари саноати, уй-жой ва коммунал хўжалик соҳаларида кадрлар тайёрлаш тизими ҳақида маълумотлар бериб бориш, мазкур соҳалардаги юқори технологиялар, конструкторлик ишланмалари ва илмий-амалий изланишларнинг натижалари, уларни ривожлантиришнинг асосий йўналишлари ва истиқболлари тўғрисидаги маълумотларни олий ва ўрта махсус таълим муассасалари, мутахассислар, айниқса ёш авлод вакиллари ўртасида оммабоп тарзда тарғиб қилиш, шунингдек мазкур йўналишларда меҳнат қилаётган замонавий билим ва кўникмаларга эга ёш кадрлар фаолиятини ёритиб бориш;

"Ўзбекистон бунёдкори" газетаси фаолиятини юқори даражада ташкил этиш мақсадида давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари матбуот хизматлари, шунингдек олий ва ўрта махсус таълим муассасалари, ишлаб чиқариш ташкилотлари ва оммавий ахборот воситалари билан ўзаро самарали ҳамкорлик тизимини шакллантириш.


3. Ўзбекистон Республикаси Давлат архитектура ва қурилиш қўмитаси:

бир ой муддатда Нашриёт уйини ташкил этиш ва унинг моддий-техника базасини шакллантириш, "Ўзбекистон бунёдкори" газетасининг мунтазам нашр этилишини таъминлаш бўйича комплекс чора-тадбирлар ишлаб чиқилишини;

Нашриёт уйи устави ва "Ўзбекистон бунёдкори" газетаси низомининг ишлаб чиқилиши ва белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтказилишини;

"Ўзбекистон бунёдкори" газетаси даврийлиги, унинг таҳририят ҳайъати ҳамда штат жадвали белгиланишини;

чоп этиладиган мақолалар учун муаллифлик ҳақи тўлашни тартибга солувчи тегишли ҳужжат ишлаб чиқилишини;

Нашриёт уйи фаолияти учун бошқа зарур шарт-шароитлар яратилишини таъминласин.


4. Нашриёт уйи Ўзбекистон Республикаси Давлат архитектура ва қурилиш қўмитасининг Тошкент шаҳар, Абай кўчаси, 6-уйда жойлашган биносига текин фойдаланиш шартномаси асосида жойлаштирилсин.


5. Нашриёт уйининг даромадлари қуйидагилар ҳисобига шакллантирилиши инобатга олинсин:

"Ўзбекистон бунёдкори" газетасини сотишдан тушадиган маблағлар;

юридик ва жисмоний шахсларнинг ҳомийлик хайриялари, хорижий ва халқаро ташкилотлар, хорижий давлатларнинг грантлари;

қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа тушумлар.


6. Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги Нашриёт уйи муассислигидаги "Ўзбекистон бунёдкори" газетаси оммавий ахборот воситаси сифатида белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтказилишини таъминласин.


7. Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари, Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги, Ўзбекистон журналистлари ижодий уюшмаси ҳамда бошқа манфаатдор вазирликлар ва идоралар "Ўзбекистон бунёдкори" газетасининг бўлимлари ва рукнларини шакллантиришда, унинг ҳар бир сонини нашрга тайёрлашда, мақола ва таҳлилий материаллар билан таъминлашда доимий равишда таҳририятга амалий ёрдам берсинлар.

8. "Ўзбекистон почтаси" акциядорлик жамияти ва "Матбуот тарқатувчи" акциядорлик компанияси Нашриёт уйи билан биргаликда 2016 йилдан бошлаб "Ўзбекистон бунёдкори" газетасига обуна бўлишни ташкил этиш, тарқатиш ва сотиш масалаларини белгиланган тартибда ҳал этиш чораларини кўрсин.


9. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Б.И. Закиров зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири                        Ш. Мирзиёев






Вазирлар Маҳкамасининг

2016 йил 10 июндаги

197-сон қарорига

ИЛОВА



Муассисларнинг "Ўзбекистон бунёдкори"

нашриёт уйи" МЧЖ устав капиталидаги

УЛУШЛАРИ

Муассислар


Улуш ҳиссаси

(фоизларда)


Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлиги*

55

"Ўзқурилишматериаллари" АК


9

"ЎзГАШКЛИТИ" ДУК


9

"ЎзшаҳарсозликЛИТИ" ДУК


9

"ЎзгеорангметЛИТИ" ДУК


9

"Қишлоқ қурилиш инвест" ИК МЧЖ


9

*) Устав фондига улуш бюджетдан ташқари маблағлар ҳисобига қопланади.



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2016 йил 20 июнь, 24-сон, 285-модда