Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

"Соғлом авлод учун" ҳукуматга қарашли бўлмаган халқаро хайрия фонди тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 30.01.2014 й. 20-сон қарорига 5-илова)

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

Вазирлар Маҳкамасининг

2014 йил 30 январдаги

20-сон қарорига

5-ИЛОВА



"Соғлом авлод учун" ҳукуматга қарашли

бўлмаган халқаро хайрия фонди тўғрисида

НИЗОМ


I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. "Соғлом авлод учун" ҳукуматга қарашли бўлмаган халқаро хайрия фонди (кейинги ўринларда Фонд деб аталади) Ўзбекистон Республикаси Президентининг 1993 йил 23 апрелдаги ПФ-596-сон Фармони билан ташкил этилган.


2. Фонд жамоат фонди сифатида давлат рўйхатидан ўтказилган пайтдан бошлаб юридик шахс ҳуқуқига эга бўлади. Фонд хўжалик мустақиллиги асосида иш кўради, ўз мол-мулкига, мустақил балансга, банкларда ҳисоб рақамларига, шу жумладан, хорижий валютадаги ҳисоб рақамларига эга бўлади. Ўз номидан мулкий ва мулкий бўлмаган ҳуқуқларни сотиб олади, тегишли мажбуриятларни бажаради.


3. Фонд ўз фаолиятини Ўзбекистон Республикаси Конституциясига, Ўзбекистон Республикаси қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларига, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишларига, ушбу Низомга ва Фонд уставига мувофиқ амалга оширади.


4. Фонд юридик ва жисмоний шахслар - Ўзбекистон Республикаси резидентлари ва норезидентлари, халқаро ташкилотлар томонидан унга исталган шаклда маблағ қўшиш учун очиқдир.


5. Фонд фаолияти хайрия тусига эга. Унинг маблағлари, тушиш манбаларидан қатъи назар, устав вазифалари ва мақсадларига эришиш учун сарфланади.


6. Фонднинг жойлашган жойи (почта манзили): Ўзбекистон Республикаси, Тошкент шаҳри, Истиқбол кўчаси, 15.



II. ФОНДНИНГ МАҚСАДИ, АСОСИЙ ВАЗИФАЛАРИ

ВА ФАОЛИЯТИ ЙЎНАЛИШЛАРИ


7. Давлатнинг ижтимоий дастурларини амалга оширишда фаол иштирок этиш, соғлом авлодни тарбиялашга, юксак умуминсоний қадриятларга асосланган ҳаётий нуқтаи назарга эга бўлган маънавий бой, ахлоқий етук, интеллектуал ривожланган, юқори маълумотли, жисмоний соғлом, баркамол шахсни шакллантириш, она ва бола соғлиғини муҳофаза қилиш Фонд фаолиятининг мақсади ҳисобланади.


8. Қуйидагилар Фонднинг асосий вазифалари ҳисобланади:

жамоатчилик ва давлат тузилмаларининг жаҳон тажрибасини ҳисобга олган ҳолда соғлом, баркамол ёш авлодни шакллантиришга йўналтирилган саъй-ҳаракатларни мувофиқлаштириш;

давлатнинг ижтимоий дастурларини амалга ошириш доирасида юридик ва жисмоний шахсларнинг хайрия эҳсонларини жалб этиш ва жамлаш бўйича фаол иш олиб бориш;

давлатнинг она ва бола соғлиғини мустаҳкамлашга, соғлом авлодни вояга етказиш ва тарбиялашда оиланинг ролини кучайтиришга йўналтирилган ижтимоий дастурлари мақсадлари ва мазмун-моҳиятини аҳоли орасида кенг тарғиб этишни ташкил қилиш;

республиканинг бутун ҳудудида бола туғиш, она ва бола соғлиғини муҳофаза қилиш, аҳолининг тиббий маданиятини ошириш масалалари бўйича аҳолини ўқитишга йўналтирилган комплекс ижтимоий ва ташвиқот-тарғибот дастурларини ишлаб чиқиш ва амалга оширишни ташкил этиш йўли билан жамоатчилик онгида тўлақонли, баркамол ва соғлом авлод туғилиши ва уни тарбиялаш учун юксак масъулиятни шакллантиришга кўмаклашиш;

аҳолининг эҳтиёжманд қатламларига, энг аввало, кўп болали оилалар, аёллар, ногиронлар, ногирон болалар ва болалар уйлари, "Меҳрибонлик" уйлари тарбияланувчиларига, "Саховат" ва "Мурувват" интернат уйларида, ихтисослаштирилган таълим муассасаларида яшовчи шахсларга мурувват ёрдами кўрсатиш;

ёлғиз кексалар, пенсионерлар ва ногиронларни, шунингдек аҳолининг кам таъминланган тоифаларини ижтимоий қўллаб-қувватлаш, шу жумладан, уларнинг моддий аҳволини яхшилаш;

перинатал марказлар, скрининг-марказлар, реабилитация марказлари, туғруққа кўмаклашувчи, педиатрия даволаш-профилактика муассасалари ва бошқа муассасаларнинг моддий-техника базасини янада ривожлантириш ва мустаҳкамлашга ҳар томонлама кўмаклашиш;

профилактика чора-тадбирларини кучайтириш ҳамда аҳолини вирусли ва юқумли касалликлардан ҳимоя қилишнинг ишончлилигини ошириш, ногиронликни реабилитация қилиш, олдини олиш ва унинг профилактикаси ишлари, онкология муассасалари, силга қарши хизматлар ва бошқа хизматларнинг моддий-техника базасини мустаҳкамлашга кўмаклашиш, профилактика ишларининг самарали тизимини шакллантириш, ижтимоий аҳамиятли касалликларни барвақт аниқлаш ва даволаш;

касалликлар, ногиронлик профилактикаси ва фуқароларнинг соғлиғини муҳофаза қилиш, шунингдек соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш соҳасидаги фаолиятга кўмаклашиш, фуқароларга маънавий-психологик ёрдам кўрсатиш;

таълим, фан, маданият, санъат, маърифат, шунингдек шахснинг маънавий камол топиши соҳасидаги фаолиятга кўмаклашиш;

жисмоний тарбия ва оммавий спортни оммалаштириш ва ривожлантириш соҳасидаги фаолиятга кўмаклашиш;

она ва бола соғлиғини муҳофаза қилиш, соғлом авлодни тайёрлаш ишида халқаро ҳамкорликни ривожлантириш ва чуқурлаштириш.


9. Фонд ўзига юкланган вазифалардан келиб чиқиб, ўз фаолиятини қуйидаги йўналишларда амалга оширади:

тиббиёт, овқатланиш, экология ҳамда она ва боланинг ҳаётий эҳтиёжларини қондириш бўйича бошқа йўналишлар соҳасида янги технологиялар, техника ва асбоб-ускуналарни яратиш ва жорий этиш;

она ва бола соғлиғи ҳаёт фаолиятининг ҳуқуқий, маънавий-одоб-ахлоқ, ижтимоий-психологик шарт-шароитларини такомиллаштиришга кўмаклашиш.



III. ФОНДНИНГ ҲУҚУҚ ВА МАЖБУРИЯТЛАРИ


10. Фаолиятнинг кўрсатиб ўтилган вазифалари ва йўналишларини таъминлаш учун Фонд қонун ҳужжатларига мувофиқ қуйидаги ҳуқуқларга эга:

фуқаролик-ҳуқуқий битимлар тузиш;

кенг тушунтириш ишлари олиб бориш йўли билан Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, хорижий фуқаролар, нодавлат нотижорат ташкилотлар ва бошқа ташкилотларнинг ҳам пул маблағлари шаклидаги, ҳам адабиёт ва санъат асарлари, илмий ва амалий ишланмалар, машиналар, асбоб-ускуналар, иншоотлар ва бошқа моддий бойликлар шаклидаги хайрия эҳсонларини жалб этиш;

давлат ташкилотлари ва бошқа ташкилотлар билан биргаликда лойиҳалар ва дастурларни амалга ошириш;

кредитлар олиш;

ўз устав вазифаларини бажариш учун ташкилотлар ташкил этиш;

инновацион лойиҳаларни ишлаб чиқиш ва жорий этиш;

юридик ва жисмоний шахсларга инжиниринг, маслаҳат, ахборот хизматлари ва хизматларнинг бошқа турларини кўрсатиш;

ноширлик, ахборот, маданий-маърифий фаолиятни амалга ошириш;

кўргазмалар, ярмарка-сотувлар, телемарафонлар, концертлар ва бошқа томоша тадбирлари ўтказиш;

Фонднинг мақсад ва вазифаларига мувофиқ танловлар ўтказиш ва мукофотлар таъсис этиш;

Фонднинг мақсадлари ва вазифаларига мувофиқ ташқи иқтисодий фаолиятни амалга ошириш;

Фонд мақсадларини таъминлаш учун тиббиёт ускуналари ва анжомлари, дори-дармонлар ва бошқа маҳсулотларни ишлаб чиқариш бўйича ишлаб чиқаришни молиялаштириш;

белгиланган тартибда халқаро ташкилотларга кириш ҳамда амалий алоқалар ўрнатиш.

Фонд қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.


11. Фонд қуйидагиларга мажбур:

давлатнинг ижтимоий дастурларини амалга оширишда фаол иштирок этиш;

Фонд томонидан сафарбар этиладиган молиявий маблағлардан қатъий мақсадли фойдаланилишини таъминлаш;

Фонднинг ҳудудий филиаллари, Фонд ҳузурида ташкил этилган ташкилотлар фаолияти ва ўтказиладиган барча тадбирларга аниқ мақсадни кўзлаб раҳбарлик қилиш ва уларни мунтазам назорат қилишни таъминлаш.

Фонд қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа мажбуриятларни ҳам бажариши мумкин.



IV. ФОНДНИНГ БОШҚАРУВ ОРГАНЛАРИ


12. Васийлик кенгаши Фонднинг юқори бошқарув органи ҳисобланади.

Фонднинг Васийлик кенгаши мажлиси бир йилда камида бир марта ўтказилади. Зарурият бўлганда навбатдан ташқари мажлислар чақирилиши мумкин.

Фонд Васийлик кенгашининг мажлисини ўтказиш учун кворум кенгаш аъзолари сонининг камида саксон фоизини ташкил этиши керак.

Фонд Васийлик кенгашининг мажлисида қарорлар унда қатнашганларнинг кўпчилик овози билан қабул қилинади.


13. Фонд Васийлик кенгашининг ваколатларига қуйидагилар киради:

Фонд фаолияти ва унинг қонун ҳужжатларига ва Фонд уставига, Фонд Васийлик кенгашининг қарорларига мувофиқлигини назорат қилиш;

Фонд уставига киритиладиган ўзгартириш ва қўшимчаларни тасдиқлаш;

Фонд Бошқарувини ва Тафтиш комиссиясини шакллантириш;

Фонднинг пул маблағлари ва бошқа мол-мулкидан фойдаланишни назорат қилиш;

Фонд бюджетини тасдиқлаш;

Фонднинг йиллик балансини, йиллик молиявий ҳисоботини, шу жумладан, унинг фаолияти тўғрисида Фонд Бошқарувининг ҳисоботини тасдиқлаш;

Фонд фаолиятини текшириш учун аудиторлик ташкилотини навбатдан ташқари жалб этиш тўғрисида қарор қабул қилиш;

Фонд Бошқарувининг Фонднинг устав мақсадлари ва вазифаларига зид бўлган қарорлари бажарилишини тўхтатиб қўйиш ёки бекор қилиш;

Фондни қайта ташкил этиш тўғрисида қарор қабул қилиш.

Фонд Васийлик кенгашининг ваколатларига тегишли бўлган масалалар Фонднинг Бошқаруви ва Тафтиш комиссиясининг ҳал этиши учун берилиши мумкин эмас.

Фонднинг Васийлик кенгаши Фонднинг бошқа органларидан Фонд фаолиятига тегишли ҳужжатларни талаб қилиш ва олишга ҳақлидир.

Фонд Васийлик кенгашининг қарорлари Бошқарув ва Фонднинг бошқа органлари, унинг ходимлари учун мажбурий ҳисобланади.

Фонд Васийлик кенгашининг аъзолари бир вақтнинг ўзида Фонд Бошқаруви ва Тафтиш комиссиялари аъзоси бўла олмайдилар.


14. Фонд фаолиятига умумий раҳбарлик қилиш ва Фонд Васийлик кенгаши қарорларини бажариш Фонднинг Васийлик кенгаши томонидан сайланадиган ва лавозимдан озод қилинадиган раис бошчилик қиладиган Бошқарув томонидан амалга оширилади. Фонд Бошқаруви таркиби Фонднинг Васийлик кенгаши томонидан шакллантирилади.


15. Васийлик кенгаши бир йилда бир марта жорий йилнинг 20 мартигача олдинги йил учун Фонд фаолияти тўғрисида Фонд Бошқарувининг ҳисоботини эшитиши ва тасдиқлаши шарт.


16. Фонд Бошқаруви раиси:

Фонд ва унинг ҳудудий органларининг жорий фаолиятига умумий раҳбарлик қилади;

Фонд томонидан таъсис этилган ташкилотлар фаолиятини назорат қилади;

Фонд Васийлик кенгаши билан келишган ҳолда Фонд ходимларининг штат жадвалини ва уларнинг иш ҳақи миқдорини белгилайди;

давлат органлари, халқаро ва хорижий ташкилотлар, шунингдек бошқа юридик ва жисмоний шахслар билан муносабатларда Фонд манфаатларини ифодалайди;

Фонд ва унинг ҳудудий филиаллари ходимларининг функционал вазифаларини ҳамда улар меҳнатига ҳақ тўлаш қоидаларини тасдиқлайди;

Фонднинг Васийлик кенгаши билан келишган ҳолда чет элда ваколатхоналар очади ва филиаллар ташкил этади ҳамда уларнинг фаолиятини назорат қилади;

мақсадли дастурлар ишлаб чиқилишини ва амалга оширилишини ташкил этади.


17. Фонднинг ҳудудий филиаллари раҳбарлари Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раисининг, вилоятлар ҳокимларининг тавсиялари бўйича Фонд Бошқарувининг раиси томонидан тайинланадилар.


18. Фонд Бошқаруви ва унинг ҳудудий филиаллари таъминоти Фонднинг ўз маблағлари ҳисобига амалга оширилади.

Лавозим маошларини белгилашда Фонд ходимларига Ягона тариф сеткаси бўйича қуйидаги тариф разрядлари қўлланилади:

Лавозимнинг номи

Фонд

Бошқаруви


Ҳудудий

филиаллар


Фонд Бошқаруви раиси


17

х

Фонд Бошқаруви раисининг ўринбосари (Фонднинг ҳудудий филиали директори)


16

15

Бўлим бошлиғи (бош бухгалтер, Тиббий-ижтимоий марказ бошлиғи, шўъба мудири)


14

13

Бош мутахассис (бухгалтер)


12

11

Етакчи мутахассис


11

10

1-тоифали иш юритувчи-котиба


8

х

2-тоифали иш юритувчи-котиба, кассир


7

7

19. Фонднинг молия-хўжалик фаолиятини, пул маблағларининг мақсадли сарфланишини ва бошқа мол-мулкидан фойдаланилишини назорат қилиш учун Фонднинг Васийлик кенгаши томонидан уч аъзодан иборат таркибда 5 йилга сайланадиган Тафтиш комиссияси ташкил этилади.

Фонд Тафтиш комиссиясининг аъзолари бир вақтнинг ўзида Фонд Васийлик кенгаши ва Бошқаруви аъзолари бўлиши мумкин эмас.


20. Фонднинг молиявий фаолияти ва пул маблағлари сарфланишининг тўғрилигини ва бошқа мол-мулкидан фойдаланишни текшириш Фонд Тафтиш комиссияси томонидан бир йилдаги фаолият якунлари бўйича амалга оширилади.

Фонд Тафтиш комиссиясининг талаби билан Фонднинг мансабдор шахслари Фонднинг молиявий фаолияти тўғрисидаги ҳужжатларни унга тақдим этишга мажбур.


21. Фонднинг молиявий фаолиятини текшириш натижалари бўйича Фонднинг Тафтиш комиссияси хулоса тайёрлайди, унда қуйидагилар бўлиши керак:

ҳисоботлардаги ва бошқа молиявий ҳужжатлардаги маълумотларнинг ишончлилигини баҳолаш;

бухгалтерия ҳисобини юритиш ва молиявий ҳисоботни тақдим этиш тартиби бузилиши ҳолатлари тўғрисидаги маълумотлар;

аниқланган қоида бузишларни бартараф этишга доир тавсиялар, шунингдек Фонднинг молиявий фаолияти самарадорлигини ошириш бўйича таклифлар.



V. ФОНДНИНГ МОЛ-МУЛКИ


22. Фонд ва унинг ҳудудий филиаллари томонидан ўз маблағлари ва бошқа тушумлар ҳисобига сотиб олинган асосий воситалар ва бошқа активлар Фонд ва унинг ҳудудий филиаллари мол-мулкини ташкил этади.


23. Фонд ва унинг ҳудудий филиалларининг пул маблағлари қуйидагилар ҳисобига шакллантирилади:

юридик ва жисмоний шахсларнинг хайрия эҳсонлари;

хорижий ва халқаро ташкилотлар, хорижий давлатларнинг грантлари;

Фонд, шунингдек унинг томонидан Фонд олдига қўйилган вазифаларни ҳал этиш учун таъсис этилган ташкилотларнинг тадбиркорлик фаолиятидан олинган даромадлар;

қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа тушумлар.


24. Фонднинг ҳар йилги бюджети Фонд Бошқаруви раисининг тақдимномаси бўйича Васийлик кенгаши томонидан тасдиқланади.


25. Фонд ва унинг ҳудудий филиалларининг маблағлари биринчи навбатда тегишли давлат дастурлари ва Ҳукумат қарорларида назарда тутилган тадбирлар учун сарфланади.


26. Давлат Фонд ва унинг ҳудудий филиаллари мажбуриятлари бўйича жавоб бермайди, Фонд ва унинг ҳудудий филиаллари давлат мажбуриятлари бўйича жавоб бермайди.


27. Фонднинг мулкий ҳуқуқлари қонун ҳужжатларига мувофиқ ҳимоя қилинади.



VI. ФОНДНИ ТУГАТИШ ВА ҚАЙТА ТАШКИЛ ЭТИШ


28. Фондни тугатиш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.


29. Фондни қайта ташкил этишга Фонд Васийлик кенгашининг қарорига биноан йўл қўйилади. Фондни қайта ташкил этишга фақат бошқа фондга қўшиб юборилган, бошқа фондни қўшиб олган ёки бошқа фондга қўшилган ҳолларда йўл қўйилади.


30. Кредиторларнинг талаблари қондирилгандан кейин тугатилган Фонднинг қолган мол-мулки давлат тасарруфига ўтади.



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2014 йил 3 февраль, 5-сон, 60-модда