Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 18.07.2016 й. ПҚ-2562-сон "Ўзбекистон тарихи соҳасидаги тадқиқотларни ташкил этиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Қарори

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ПРЕЗИДЕНТИНИНГ

ҚАРОРИ

18.07.2016 й.

N ПҚ-2562



ЎЗБЕКИСТОН ТАРИХИ

СОҲАСИДАГИ ТАДҚИҚОТЛАРНИ

ТАШКИЛ ЭТИШ ТИЗИМИНИ ЯНАДА

ТАКОМИЛЛАШТИРИШ ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ

ТЎҒРИСИДА


Ўзбекистон тарихи соҳасидаги илмий тадқиқотлар самарадорлигини ошириш, илмий-тадқиқот фаолиятининг ўқув жараёни билан ўзаро алоқасини кучайтириш, ўзбек халқи ҳамда миллий давлатчилик тарихи соҳасидаги фундаментал ва амалий тадқиқотларни олиб боришга профессор-ўқитувчиларни, катта илмий ходим-изланувчилар ва талабаларни кенг жалб этиш мақсадида:


1. Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Иқтисодиёт вазирлиги ва Молия вазирлигининг Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Тарих институтини Мирзо Улуғбек номли Ўзбекистон Миллий университети ҳузуридаги Тарих институти этиб қайта ташкил қилиш тўғрисидаги таклифларига розилик берилсин.


2. Қуйидагилар Миллий университет ҳузуридаги Тарих институтининг асосий вазифалари этиб белгилансин:

замонавий ёндашувлар, тарихийлик ва холислик тамойиллари асосида, умумжаҳон ва минтақавий тарихий жараёнлар билан ўзаро чамбарчас боғлиқ ҳолда минтақа тарихини, минтақанинг жаҳон цивилизацияси ривожига қўшган кўп томонлама ҳиссасини энг қадимги даврлардан то ҳозирги давргача чуқур ўрганиш;

республиканинг бутун ҳудуди бўйлаб этнологик ва манбашунослик тадқиқотларини тизимли равишда олиб бориш, Ўзбекистон халқларининг қадимий ва ўрта асрлар тарихини, бой археологик ва маданий-тарихий меросини ўрганиш;

ўзбек халқи давлатчилиги тарихи, уни шакллантиришнинг тарихий босқичлари ва омиллари бўйича тадқиқотларни амалга ошириш, мустақил Ўзбекистоннинг ташкил топиш тарихини тизимли ва комплекс тарзда ўрганиш;

Ўзбекистоннинг энг янги тарихини, демократик давлат ва фуқаролик жамиятини шакллантириш, замонавий рақобатдош бозор иқтисодиётини барпо этиш, шунингдек, мустақиллик йилларидаги ижтимоий ривожланиш жараёнларини ҳар томонлама ўрганиш ва илмий таҳлил қилиш;

тарихий тадқиқотларнинг назарий ва методологик жиҳатларини, историография ва манбашунослик масалаларини ишлаб чиқиш, тарихга оид янги ҳужжатлар ва бошқа манбаларни муттасил излаш, илмий, илмий- оммабоп асарлар, янги авлод дарсликларини яратиш, улардан ўқув жараёнида кенг фойдаланиш;

тарих фанининг турли йўналишлари бўйича илмий ва илмий-педагог кадрлар тайёрлаш тизимини такомиллаштириш, институт томонидан ўтказиладиган тадқиқотларга ўқитувчиларни, катта илмий ходим- изланувчилар, магистрант ва талабаларни кенг кўламда жалб этиш;

чет эллардаги илмий муассасалар билан ҳамкорликни ривожлантириш, илмий конференциялар ва семинарлар, биргаликдаги тадқиқотлар, лойиҳалар, ходимларнинг малака ошириши ва ўқишини ташкил қилиш.


3. Ўзбекистон Миллий университети ҳузуридаги Тарих институтининг умумий ходимлари чекланган сони 51 нафаргача бўлган тузилмаси иловага* мувофиқ тасдиқлансин.

Ўзбекистон Республикаси олий ва ўрта махсус таълим вазирига, зарур ҳолларда, Институт тузилмасига ходимларнинг тасдиқланган умумий чекланган сони доирасида ўзгартишлар киритиш ҳуқуқи берилсин.


4. Белгилаб қўйилсинки, Миллий университет ҳузуридаги Тарих институти:

давлат муассасаси шаклидаги юридик шахс ҳисобланади, ўзининг муҳрига, Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг ўазначилигида шахсий ғазначилик ҳисобварақларига эга бўлади;

Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Тарих институтининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари бўйича ҳуқуқий ворис ҳисобланади.


5. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда Ўзбекистон Миллий университети:

бир ой муддатда Миллий университет Тарих институтининг Уставини белгиланган тартибда тасдиқласин ва унинг давлат рўйхатидан ўтказилишини таъминласин;

Институт Ўзбекистон Миллий университети Тарих факультетининг Тошкент шаҳар, Олмазор тумани, Мирзо Ғолиб кўчасидаги биносида жойлаштирилсин.


6. Белгилансинки:

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Фан ва технологияларни ривожлантиришни мувофиқлаштириш қўмитаси ҳамда Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан ўтказиладиган танловларнинг натижалари бўйича ажратиладиган грантлар, шунингдек, хўжалик фаолиятидан тушадиган маблағлар, халқаро молия институтлари ва бошқа институтларнинг, хорижий ҳукумат ташкилотларининг грантлари, шунингдек, қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар Миллий университет ҳузуридаги Тарих институти фаолиятини молиялаштириш манбаларидир;

Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси илмий-тадқиқот муассасаларининг тегишли лавозимлари учун назарда тутилган меҳнатга ҳақ тўлаш ва моддий рағбатлантириш шартлари Миллий университет ҳузуридаги Тарих институтининг ходимларига жорий этилади.


7. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги мазкур қарорнинг қоидаларидан келиб чиққан ҳолда, Ўзбекистон Республикасининг 2016 йилга мўлжалланган республика бюджети харажатларининг тасдиқланган қисмига тегишли ўзгартишлар киритсин.


8. Ушбу қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири Ш. Мирзиёев зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикаси Президенти                                И. Каримов



*) Илова рус тилидаги матнда берилган.



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2016 йил 25 июль, 29-сон, 349-модда