Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Пахта толасини сертификатлаш ва оғирлигини тортиб кўриш тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 30.08.2016 й. 286-сон қарорига 3-илова)

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

Вазирлар Маҳкамасининг

2016 йил 30 августдаги

286-сон қарорига

3-ИЛОВА



Пахта толасини сертификатлаш ва оғирлигини

тортиб кўриш тўғрисида

НИЗОМ


I БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Низом пахта толасини экспортга ва республиканинг пахта толасини қайта ишловчи корхоналарига (кейинги ўринларда республика корхоналари деб аталади) етказиб беришда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги "Сифат" Ўзбекистон пахта толасини сертификатлаш маркази томонидан буюртмачининг талабномаларига мувофиқ пахта тозалаш заводларида пахта толаси сифатини тойлари бўйича баҳолаш, уни сертификатлаш ҳамда пахта тозалаш заводларида унинг оғирлигини тортиб кўриш тартибини белгилайди.


2. Пахта толаси мажбурий тартибда сертификатлаштирилади.


3. Ушбу Низомда қуйидаги атамалар ва тушунчалардан фойдаланилади:


буюртмачи - "Ўзпахтаэкспорт" АЖ;


харидор - хорижий харидорлар, республика корхоналари;


етказиб берувчи - "Ўзпахтасаноат" АЖнинг ҳудудий филиаллари - Ўзбекистон Республикасининг пахта тозалаш заводлари;


бажарувчи - Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги "Сифат" Ўзбекистон пахта толасини сертификатлаш маркази (кейинги ўринларда "Сифат" маркази деб аталади);


НVI - иш унуми юқори бўлган, пахта толасини узунлиги, узунлиги бўйича бирхилдалиги, пишиқлиги, узилиш бўйича узунлиги (микронейр), ранги ва ифлосланганлиги кўрсаткичларини ўлчайдиган Нigh Volume Instrument бўйича пахта толаси синовларининг ўлчов тизими номининг қисқача ифодаси;


классер методи - белгиланган тартибда тасдиқланган, ташқи кўриниши намуналари билан таққослаш йўли билан нави ва класси бўйича пахта толасини органолептик баҳолаш, қўлда штапель қўйиш йўли билан штапель узунлигини аниқлаш;


ташқи кўриниши намуналари - белгиланган тартибда тасдиқланган, пахта толасининг ранги, доғлар мавжудлиги, таркиби ва муайян нав ва классдаги пахта толаси учун хос бўлган ифлосланганлиги бўйича сифат тавсифларининг йиғиндисидан иборат бўлган намуналар.


4. O`z DSt 604 "Пахта толаси. Техник шартлар" (кейинги ўринларда O`z DSt 604 деб аталади) мувофиқлик талабларига сертификатлаш бўйича хизматларни Ўзбекистон Республикаси ҳудудидаги бажарувчи унинг томонидан аккредитация соҳасида кўрсатилганга мувофиқ амалга оширади.


5. Бажарувчи қуйидаги ишларни амалга оширади:

пахта тозалаш заводларида унинг прессдан чиқишида ҳар қайси пахта толаси тойидан синаб кўриш учун намуналар олиш;

танлаб олинган намуналарни идентификациялаш;

намуналарни синаб кўриш учун минтақавий лабораторияга етказиб бериш;

намунани синаб кўриб;

пахта терминалларига (кейинги ўринларда терминаллар деб аталади) етказиб бериладиган пахта толаси партиясининг сифати (типи, нави) бўйича бирхилдалиги юзасидан мувофиқлик сертификатини расмийлаштириш, сертификатни пахта толасини етказиб берувчига бериш;

етказиб берувчи билан биргаликда пахта толаси партиясидаги тойнинг оғирлигини тортиб кўриш ва тойнинг оғирлиги юзасидан далолатномани расмийлаштириш;

терминалларда пахта толаси тойининг сифати ва оғирлиги юзасидан харидор, етказиб берувчи ва буюртмачи вакиллари билан келишмовчиликларни ҳал этиш.


6. Пахта толасини сертификатлаш ва тойнинг оғирлигини тортиб кўриш бўйича хизматлар учун тўловни буюртмачи мувофиқлик сертификатини (текшириш далолатномасини) ва тойлар оғирлигини тортиб кўриш далолатномасини бериш факти бўйича бажарувчи билан икки томонлама шартномалар асосида, пахта толаси партияларини буюртмачи мулкига расмийлаштирилишига кўра, бажарилган ишлар далолатномалари ва бажарувчи томонидан берилган счётлар асосида амалга оширади.

Пахта толасини сертификатлаш бўйича хизматлар учун тўлов Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги томонидан тасдиқланган нархлар бўйича амалга оширилади.

Пахта толаси тойининг оғирлигини тортиб кўриш бўйича хизматлар учун тўлов Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги билан келишилган нархлар бўйича амалга оширилади.



II БОБ. ТОЙДАГИ ПАХТА ТОЛАСИНИ СИНАБ КЎРИШ

УЧУН ТАНЛАБ ОЛИШ, УЛАРНИ ИДЕНТИФИКАЦИЯ

ҚИЛИШ ВА МИНТАҚАВИЙ ЛАБОРАТОРИЯГА

ЕТКАЗИБ БЕРИШ


7. Пахта толасини пресслаш жараёнида тойнинг қавариқ томонида пресс плитасига ўрнатилган махсус пичоқ билан кертиклар ҳосил қилинади.


8. Тойнинг кертиклар ҳосил қилинган қисмидан синаб кўриш учун намуна олиш бажарувчининг вакили томонидан амалга оширилади.


9. Синаб кўриш учун намуна олиш Oz DSt 614 (кейинги ўринларда Oz DSt 614 деб аталади) мувофиқ амалга оширилади. Ҳар қайси намунага той тартиб рақамининг штрихли коди билан биркадан қирқиб олинадиган купон қўйилади, у минтақа коди, пахта тозалаш заводининг коди, пахта заводидаги тойнинг оралиқ тартиб рақамидан иборат бўлади.

Олинган намуналарни бажарувчининг вакили полиэтилен пакетга жойлайди ёхуд қоғозга ёки плёнкага ўрайди, сўнгра бажарувчининг минтақа лабораториясига ташиш учун ўралган намуналарни тартиб билан ва зич қилиб жойлайди.

Қоп намуналарнинг ташиш жараёнида бир-бири билан аралашиб кетмаслиги учун зич ҳолда жойланган бўлиши керак.

Қопга ёрлиқ қўйилади, унда пахта тозалаш заводининг тартиб рақами, ундан пахта толаси ишлаб чиқарилган, саноат ва селекция нави ва пахта хом ашёси класси, пахта толаси партиясининг тартиб рақами, намуналар олинган тойнинг тартиб рақамлари, намуна олинган сана, бажарувчи вакилининг имзоси қўйилган ҳолдаги фамилияси, исми, отасининг исми кўрсатилади.

Пахта толаси ишлаб чиқарилган пахта хом ашёси партиясининг тартиб рақами, саноат ва селекция нави пахта хом ашёси класси тўғрисидаги маълумотларни бажарувчига етказиб берувчи тақдим этади.

Ушбу Низомга 1-иловага* мувофиқ шакл бўйича бажарувчи вакиллари томонидан расмийлаштирилган пахта толаси намунасини олиш далолатномаси бажарувчининг вакили томонидан имзоланади.


10. Штрихли код қўйилган биркаларни бажарувчи тайёрлайди. Биркалар синаб кўриш учун намуна олинган жойга қўйилади.


11. Олинган намунани синовлар учун минтақавий лабораторияларга етказиб беришни бажарувчи амалга оширади. Намуналар жойланган қопларни минтақавий лабораторияга етказиб бергунгача улар белгиланган тартибда пахта тозалаш заводида сақланиши керак.


12. Пахта толаси намуналари синовлардан кейин бажарувчининг лабораторияларида пахта толасининг партияси харидор томонидан якуний қабул қилиб олинган ва юклаб жўнатилган вақтгача бажарувчининг лабораторияларида сақланади, лекин бу муддат мувофиқлик сертификати амал қиладиган муддатдан кўп бўлмаслиги керак. Мувофиқлик сертификатининг амал қилиш муддати тугагач намуна олиш такроран амалга оширилади. Харидор томонидан пахта толаси партиясини якуний қабул қилиш ва уни юклаб жўнатишдан кейин пахта толаси намуналари бажарувчи томонидан етказиб берувчига қайтарилади.



III БОБ. ПАХТА ТОЗАЛАШ ЗАВОДЛАРИДА ПАХТА

ТОЛАСИ ТОЙИНИНГ ОҒИРЛИГИНИ ТОРТИБ КЎРИШ


13. Пахта толасининг ҳар бир тойи оғирлигини тортиб кўриш пахта тозалаш заводининг пресслаш цехида етказиб берувчининг тарозиларида бажарувчи ва етказиб берувчининг вакиллари томонидан амалга оширилади.

Тойлар бўйича тортиб кўриш натижалари бўйича ушбу Низомга 2-иловадаги* шаклга мувофиқ пахта толасининг тойлар бўйича оғирлиги тўғрисида далолатнома расмийлаштирилади, у бажарувчи ва етказиб берувчининг ҳақиқий муҳри билан тасдиқланади. Унинг бир нусхаси буюртмачининг вакилига берилади, етказиб берувчи тойлар бўйича тортиб кўриш далолатномаси асосида счёт-сертификатни расмийлаштиради. Тойлар бўйича тортиб кўриш далолатномасининг амал қилиш муддати мувофиқлик сертификатининг амал қилиш муддати тугагач тамом бўлади.


14. O`z DSt 841 "Пахта толаси, пахта линти, пахта тозалаш заводларининг таркибида ўлик пахта ва момиқ мавжуд бўлган чиқитлари. Жойлаш, маркировкалаш, ташиш ва сақлаш"га (кейинги ўринларда O`z DSt 841 деб аталади) мувофиқ етказиб берувчининг пресслаш цехида фойдаланиладиган тарозилари тортиб кўришда йўл қўйиладиган кўпи билан ±0,5 кг нуқсонли бўлиш керак (синаш шкаласининг - кўпи билан 0,2 кг). Тортиб кўриш натижаси вергулдан кейин биринчи белгигача бўлган аниқлик билан ёзиб қўйилиши керак.


15. Терминалда тола партиясини назорат бўйича тортиб кўришда тойнинг ўртача массаси ±1,0 кг дан ортиқ миқдор юзасидан той бўйича тортиб кўриш далолатномасида кўрсатилган тойнинг ўртача массасидан тойлар бўйича тортиб кўриш далолатномаси маълумотлари тўғри деб ҳисобланади. Бунда бажарувчи ва етказиб берувчининг тойлар бўйича тортиб кўриш натижалари ўзгартирилмайди.


16. Бажарувчи ва етказиб берувчининг тойлар бўйича тортиб кўриш далолатномасида кўрсатилган маълумотлар билан тойнинг ўртача массаси бўйича ±1,0 кг дан ортиқлиги аниқланган тақдирда буюртмачи бу ҳақда маълум қилади, шундан сўнг бажарувчи ва етказиб берувчининг вакиллари харидор ёки буюртмачи вакили билан биргаликда қайта тортиб кўриш учун уч кун муддатда етиб келиши керак. Етказиб берувчи қайта тортиб кўриш далолатномалари асосида счёт-сертификатга ўзгартиришлар киритади.

Масса бўйича тафовут тасдиқланган тақдирда бажарувчи ўз ҳисобидан такрорий тортиб кўришни амалга оширади. Етказиб берувчи ва буюртмачи бажарувчининг пахта толасининг 100 фоиз баҳоли ҳажмини такрорий тортиб кўриш асосида тузилган далолатномалари асосида ҳақиқий массани ҳисобга олган ҳолда ўзаро ҳисоб-китобларни амалга оширади.

Масса бўйича тафовутлар тасдиқланмаган тақдирда тойлар бўйича тортиб кўриш далолатномаларининг маълумотлари ўзгаришсиз қолади, қўшимча харажатлар эса буюртмачи ҳисобига киритилади, кейинчалик харидорнинг харажатларига ўтказилади.


17. Бажарувчининг вакили 100 фоиз қайта тортиб кўришни ўтказиш учун уч кун муддатда терминалга келмаган тақдирда бажарувчи ушбу Низомнинг 6-бобига мувофиқ жавобгар бўлади, харидор томонидан жалб этилган нейтрал назорат қилувчи ташкилотнинг пахта толаси тойи массаси бўйича маълумотлари эса етказиб берувчи ва буюртмачи ўртасидаги ўзаро ҳисоб-китоблар учун якуний ҳисобланади.


18. Бажарувчи пахта тозалаш заводида ва терминалда пахта толаси тойнинг сифати ва массасини танлаб назорат қилиш ҳамда натижалар қониқарсиз бўлган тақдирда синовлар протоколининг дастлабки ҳужжатларини ёки бажарувчи ва етказиб берувчи томонидан тузилган тойлар бўйича тортиб кўриш далолатномани бекор қилиш ҳуқуқига эга.



IV БОБ. ПАХТА ТОЛАСИНИ СИНАШ


19. Пахта толасининг ҳар бир тойидан олинган намуналарни синаб кўришни бажарувчининг мутахассислари O`z DSt 604 га мувофиқ НVI методи ва классер методи билан амалга оширадилар. Синашлар натижасида пахта толасининг узунлиги (типи), сорти ва класси, "микронейр" кўрсаткичи, шунингдек пахта толаси намуналаридаги сифат нуқсонлари (чигит, линт, ёғ, ҳид ва шу кабилар) ва чет аралашмалар мавжудлиги аниқланади.

НVI методи ва классер методи бўйича барча маълумотлар белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказилади ва "Сифат" маркази маълумотлари миллий базасида сақланади.

Лабораторияда пахта толасининг нави ва классини баҳолашнинг классер методида етказиб берувчининг вакиллари иштирок этиши мумкин.


20. Пахта толаси сифатини тойлар бўйича синов натижалари ушбу Низомга 3-иловага* мувофиқ шакл бўйича синашлар далолатномаси билан расмийлаштирилади. Синовлар далолатномасида, шунингдек пахта толасининг O`z DSt 604 талабларига мувофиқлиги ёки номувофиқлиги ҳақидаги маълумотлар ҳам кўрсатилади. Синовлар далолатномасида номувофиқлик бўлган тақдирда ушбу Низомга 4-илова* бўйича пахта толаси сифати нуқсонлари кодлари кўрсатилади.

Бажарувчи буюртмачининг буюртманомаси бўйича унга НVI тизими бўйича синалган тола партияси натижаларининг электрон кўчирмасини бериш мумкин.

Синовлар далолатномасини НVI, классер тизимида сифат назорати бўйича бўлим бошлиғи имзолайди.

Бажарувчи далолатномасининг бир нусхасини етказиб берувчи вакилига беради.



V БОБ. МУВОФИҚЛИК СЕРТИФИКАТИНИ

РАСМИЙЛАШТИРИШ ВА БЕРИШ


21. Синовлар далолатномасида келтирилган тойлар бўйича синовлар натижалари асосида, етказиб берувчи пахта толаси партиясининг учта классигача қатнашишга қўйилган саноат ва селекция нави типи бўйича бир хил толаларни комплектлайди, комплектланган партиянинг брутто массасини ва кондицион массасини аниқлайди.

Минтақавий лаборатория комплектланган партия учун ушбу Низомга 5-иловага* мувофиқ шакл бўйича пахта толаси синовлари протоколини расмийлаштиради. Синовлар протоколини бажарувчининг вакиллари имзолайдилар.

Бажарувчининг минтақавий лабораториясидаги ваколатли вакили синовлар протоколи асосида пахта толасининг синалган партиясига учта дубликат нусхаси билан бирга мувофиқлик сертификатларини расмийлаштиради, уни рўйхатдан ўтказади ва минтақавий лаборатория муҳри (хизмат кўрсатиш белгиси) билан тасдиқлайди. Дубликат нусхаларининг биттаси буюртмачига юборилади, биттаси минтақавий лабораторияда қолади.

Мувофиқлик сертификати давлат, рус ёхуд инглиз тилларида тўлдирилади.

Сертификат рўйхатдан ўтказилган вақтдан бошлаб кучга киради. Сертификатнинг амал қилиш муддати O`z DSt 841 бўйича пахта толасини ташиш ва сақлаш шартларига риоя қилинган тақдирда 6 ой этиб белгиланади.

Мувофиқлик сертификатининг ушбу амал қилиш муддати ўтгач бажарувчи сертификатлаш тартибини белгиланган тартибда амалга оширади.


22. Мувофиқлик сертификати ҳар бир пахта толаси партиясига алоҳида берилади. Бунда пахта толаси партиясининг сифати ва миқдори тўғрисидаги маълумотлар ушбу Низомга 6-иловага* мувофиқ шакл бўйича мувофиқлик сертификатига иловада келтирилади. Буюртмачи билан келишув бўйича мувофиқлик сертификати бир неча партия учун берилиши мумкин.


23. Пахта толаси терминалга юклаб жўнатилаётганда етказиб берувчи юклаб жўнатиш ҳужжатлари орасига мувофиқлик сертификатининг асл нусхасини ва унга иловани жойлаши шарт.


24. Пахта толасининг бир нечта класси (кўпи билан учта) мавжуд бўлган партиясига мувофиқлик сертификатлари нусхалари ҳар қайси класс учун алоҳида берилиши мумкин.


25. Мувофиқлик сертификати қуйидаги ҳолатларда берилмайди:

пахта толаси намуналарида чигит, линт, пахтани қайта ишлаш чиқитлари, ёғли тола, ортиқча нам тола, чиринди ҳиди ёки толанинг нави ва классини баҳолаш классер методи бўйича ўтказилаётган пахта толаси расмий намуналарида мавжуд бўлмаган бошқа аралашмалар бор бўлганда;

пахта толаси тегишли саноат навининг чекланган "Ифлос" классидагидан ортиқча ифлос бўлган тақдирда;

тола ёки унинг ташқи кўриниши пахта толасининг эталон намунасига мувофиқ бўлмаган рангда бўлганда;

ўртача ва узун толали пахта толаси аралаш бўлганда;

тола партиясида турли саноат навларидаги мансуб тойлар мавжуд бўлганда;

той зарур даражада маркировка, упаковка қилинмаганда, ифлос бўлганда, той сиртига сув текканда, шунингдек ушбу пахта толаси партияси учун ҳужжатлар мавжуд бўлмаганда.


26. Пахта толасининг Oz DSt 604 талабларига жавоб бермаслиги, ушбу Низомнинг 25-бандида санаб ўтилган белгилар бўйича мувофиқлик сертификати берилиши мумкин бўлмаганда бажарувчи ушбу Низомнинг 7-иловасига* мувофиқ шакл бўйича номувофиқлик ҳақидаги билдиришномани икки нусхада расмийлаштиради.

Билдиришномани бажарувчининг вакили имзолайди, минтақавий лаборатория муҳри (хизмат кўрсатиш белгиси) билан тасдиқлайди.

Билдиришноманинг бир нусхаси пахта тозалаш заводи вакилига берилади, иккинчи нусхаси минтақавий лабораторияда қолади.

Минтақавий лаборатория O`z DSt 604 талабларига жавоб бермайдиган пахта толаси мавжудлиги бўйича ахборотларни тизимлаштиради ва умумлаштиради ҳамда маълумотларни Тошкент шаҳридаги бажарувчининг ва "Ўзпахтасаноат" АЖнинг Сертификатлаш бошқармасига беради.


27. O`z DSt 604 талабларига жавоб бермайдиган ҳар қайси пахта толаси партияси синовлари натижалари юзасидан ушбу Низомнинг 8-иловасидаги* шакл бўйича пахта толаси текширувларининг далолатномаси расмийлаштирилади. Уни бажарувчининг вакиллари имзолайдилар, минтақавий лаборатория бошлиғи тасдиқлайди, унга бажарувчининг минтақавий лабораторияси муҳри (хизмат кўрсатиш белгиси) қўйилади.

Ташқи кўриниши (ранги ва ифлосланганлиги) бўйича тасдиқланган стандарт намуналарга мувофиқ бўлмаган пахта толаси партиясига текширув далолатномасини расмийлаштиришда ушбу партиянинг сорти ва класси бажарувчи ва етказиб берувчи томонидан, уни қабул қилиб олишда харидор билан келишган ҳолда аниқланади.

Инспекция далолатномаси, мувофиқлик сертификати ўрнига, пахта толаси сифати тўғрисидаги ҳужжат ҳисобланади.

O`z DSt 604 талабларига мувофиқ бўлмаган тола учун берилган далолатномалар бажарувчи томонидан белгиланган тартибда ҳисобга олинади ва рўйхатдан ўтказилади.


28. Ўтказилган текширишлар натижаларига кўра харидор томонидан терминалда сифати ва миқдори бўйича қабул қилиб олиш далолатномаси имзоланади. Сифати ва миқдори бўйича қабул қилиб олишнинг харидорлар томонидан имзоланган далолатнома нусхалари буюртмачилар томонидан ҳар куни бажарувчи ва етказиб берувчининг минтақавий лабораториясига берилади.


29. Буюртмачи, етказиб берувчи ёки харидор пахта толасини сертификатлаш ва тортиб кўриш натижаларидан норози бўлишган тақдирда уларнинг аппеляциялари амалдаги қонунчиликка мувофиқ кўриб чиқилади.



VI БОБ. БАЖАРУВЧИНИНГ ЖАВОБГАРЛИГИ


30. Бажарувчи пахта толасининг ўзи синаб кўрган ҳажми бўйича унинг сорти, класси, узунлиги ва "микронейр"ини аниқлаш юзасидан хизматлар кўрсатишда шартномавий мажбуриятларнинг зарур даражада бажарилиши учун мулкий жавобгар бўлади, қуйидагилар:

тойлар ичидаги брак, пахта толасини сақлаш, етказиб бериш, терминалдан пахта заводига қайтариш;

рекламацияларни, даъволарни иқтисодий судда Ўзбекистон Республикаси қонунчилигига мувофиқ кўриб чиқиш билан боғлиқ харажатлар бундан мустасно.

31. Харидорларнинг терминалларда тойнинг ўртача массасининг ҳақиқий тафовути ±1,0 кг дан ортиқлиги юзасидан эътирозлари тасдиқланган тақдирда бажарувчи буюртмачига унинг тойни қайтадан тортиб кўриш бўйича хизматлари ва уларнинг нормативдан ортиқча сақлангани учун, той массасидаги тафовут қийматидан ташқари харажатларини тўлайди, шунингдек айбдор шахсларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси қонунчилигига мувофиқ зарур чоралар кўради.

Бажарувчи қуйидагиларни исботлаб берган тақдирда той массаси бўйича эътирозлар қондирилмайди:

Ўзбекистон Республикаси терминалларида қайтадан тортиб кўришда тортиб кўришдаги хатолик йўл қўйиладиган ±0,5 кг миқдоридаги нормадан ортиқча бўлган тарозилардан фойдаланилганда ёки той массаси, вергулдан кейинги дастлабки ўнинчи белгини ҳисобга олмасдан, килограммлардаги бутун миқдоргача яхлитлаб ёзилганда;

тарозилар ваколатли органларнинг текшириш тўғрисидаги гувоҳномаларига эга бўлмаганда;

тойлар O`z DSt 841 стандарти бузилган ҳолда тортиб кўрилганда, ташилганда ва сақланганда.


32. Харидорнинг сертификатлаш ва тортиб кўришлар натижалари юзасидан эътирозлари тасдиқланмаган тақдирда эътирозларни кўриб чиқиш бўйича барча харажатларни буюртмачи тўлайди, кейинчалик улар харидорларнинг ҳисоб рақамига ўтказилади.


33. Харажатларни тўлаш бўйича буюртмачи ва бажарувчи ўртасидаги ўзаро ҳисоб-китоблар қонунчиликда ўрнатилган тартибда амалга оширилади.


VII БОБ. БУЮРТМАЧИНИНГ ЖАВОБГАРЛИГИ


34. Буюртмачи пахта толасини терминаллардан белгиланган тартибда расмийлаштирилган мувофиқлик сертификатисиз (текшириш далолатномасисиз) терминалда тойлар бўйича тортиб кўриб далолатномасисиз ҳамда сифати ва массаси бўйича қабул қилиб олиш далолатномасисиз юклаб жўнатишга ҳақли эмас.


35. Буюртмачи харидорлар билан ўзи тузадиган контрактларда фақат Ўзбекистон Республикаси ҳудудидаги терминалларда пахта толасининг Ўзбекистон Республикаси ҳудудида харидорнинг вакиллар томонидан қабул қилиб олинган пахта толаси партиялари бўйича, той ичидаги бракдан ташқари, сифат ва массаси юзасидан эътироз билдиришга ҳақли эмаслиги шарти билан сифати ва массаси бўйича қабул қилиб олинишини назарда тутади.


36. Пахта толасининг той ичидаги браки бўйича бирон-бир баҳоли масалани республика ҳудудидан ташқарида кўриб чиқиш зарурати пайдо бўлган тақдирда буюртмачи етказиб берувчининг мутахассисларига виза олишда кўмаклашиши керак.


37. Буюртмачи бажарувчига терминалларда доимий ваколатхона учун бино бериши керак. Пахта толасини экспорт қилиш билан боғлиқ масалаларни ўз вақтида ва дарҳол ҳал этиш мақсадида буюртмачи терминалларда бажарувчининг вакилларига терминалларга тушадиган, харидорлар қабул қилиб оладиган, терминаллардан юклаб жўнатиладиган пахта толаси партиялари ҳақида ахборот тақдим этиши керак.


38. Буюртмачи той массасини бажарувчи ва етказиб берувчи тортиб кўришгандан кейин той массасини қайта текшириш учун буюртмачи томонидан жалб этиладиган текширувчи компаниялардан улар қўллайдиган тарозилардаги нуқсонлар ва ваколатли органлар томонидан тарозиларнинг текширилгани тўғрисидаги гувоҳноманинг мавжудлиги ҳақидаги маълумотларни талаб қилиши зарур.



VIII БОБ. ЕТКАЗИБ БЕРУВЧИНИНГ ЖАВОБГАРЛИГИ


39. Етказиб берувчи қуйидагиларни таъминлаши керак:

пахта толаси тойни тортиб кўриш учун пресслаш цехида, шунингдек O`z DSt 841 стандарти талабларига мувофиқ бўлган пахта толаси тойни назорат тартибида тортиб кўриш учун пахта тозалаш заводининг тайёр маҳсулотларини сақлаш майдончаларида тарозилар ўрнатиш;

тарозиларнинг тўғри ишлашини назорат қилиш учун стандарт тарози тошлари билан таъминлаш;

терминалларга типи ва нави бўйича бир хил, чет аралашмаларсиз, нохуш ҳидсиз, ортиқча намсиз ва шу каби пахта толаси етказиб берилишини таъминлашга доир барча чора-тадбирларни кўриш;

пичоқли қурилмалар билан намуналар қирқилган жойларда тойлар идишларини қайта тиклаш;

пахта тозалаш заводлари прессларидаги пичоқ қурилмаларининг мақбул ҳолатда бўлишини ва уларнинг ўз вақтида алмаштириб турилишини таъминлаш;

пахта заводидаги пахта толаси намуналарини сақлаш ва зарур ҳужжатлар расмийлаштириш ишларини бажарувчини жойлар билан таъминлаш;

O`z DSt 841 стандартига мувофиқ бўлган пахта толасини идишга жойлаш, тойларни маркировка қилиш, ташиш ва сақлаш.


40. Етказиб берувчи пахта толасини терминалларга белгиланган тартибда расмийлаштирилган мувофиқлик сертификатисиз (текшириш далолатномасисиз) ва тойлар бўйича тортиб кўриш далолатномасисиз юклаб жўнатишга ҳақли эмас.


41. Тойлар ичида брак аниқланган тақдирда етказиб берувчи ушбу ҳажмларни сотиш ва қайтариш билан боғлиқ барча харажатлар бўйича мулкий жавобгар бўлади.


42. Тойнинг ўртача массасидаги тафовутнинг ±1,0 кг дан ортиқчалиги юзасидан харидорнинг буюртмачига эътирозлари тасдиқланган тақдирда етказиб берувчи ва буюртмачи ўртасидаги ўзаро ҳисоб-китоблар пахта толаси партиясининг ҳақиқий массаси бўйича амалга оширилади.



*) Иловалар рус тилидаги матнда берилган.



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2016 йил 13 сентябрь, 36-сон, 413-модда