Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 16.09.2016 й. ПҚ-2597-сон "Алкоголли маҳсулотлар билан чакана савдо қилиш қоидаларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида"ги Қарори

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ПРЕЗИДЕНТИНИНГ

ҚАРОРИ

16.09.2016 й.

N ПҚ-2597



АЛКОГОЛЛИ МАҲСУЛОТЛАР БИЛАН ЧАКАНА

САВДО ҚИЛИШ ҚОИДАЛАРИГА ЎЗГАРТИШ

ВА ҚЎШИМЧАЛАР КИРИТИШ ТЎҒРИСИДА


"Алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг тарқатилиши ҳамда истеъмол қилинишини чеклаш тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ, шунингдек, фуқароларнинг соғлиғини, аввало йигирма ёшга тўлмаган шахсларнинг соғлиғини алкоголь маҳсулотлари истеъмол қилишнинг зарарли таъсиридан ҳимоя қилишни таъминлаш ҳамда алкоголли маҳсулотлар билан чакана савдо қилишни янада тартибга солиш мақсадида:


1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2007 йил 16 мартдаги ПҚ-605-сонли қарори билан тасдиқланган алкоголли маҳсулотлар билан чакана савдо қилиш қоидаларига иловага мувофиқ ўзгартиш ва қўшимчалар киритилсин.


2. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари Р. Азимов зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикаси

Президенти вазифасини бажарувчи                          Ш. Мирзиёев






Ўзбекистон Республикаси

Президентининг

2016 йил 16 сентябрдаги

ПҚ-2597-сонли қарорига

ИЛОВА



Алкоголли маҳсулотлар билан чакана савдо

қилиш қоидаларига киритиладиган

ўзгартиш ва қўшимчалар


1. 15-бандида:

биринчи хатбоши қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"Алкоголли маҳсулотларни сотиш тақиқланади:";

қуйидаги мазмундаги иккинчи - бешинчи хатбошилар қўшилсин:

"савдо автоматлари орқали;

болалар ўйинчоқлари, конфетлар ёки болалар ассортиментига кирувчи бошқа товарларни имитация қилувчи (шуларга ўхшатиб ишланган бўлса);

савдо қилинаётган жойларда йигирма ёшга тўлмаган шахсларга уни сотишга йўл қўйилмаслиги, шунингдек алкоголли маҳсулотларнинг инсон соғлиғига зарарли таъсири тўғрисидаги огоҳлантирувчи ёзувлар бўлмаган ҳолларда;

алкоголли маҳсулотларнинг тарасида алкоголли маҳсулотларни истеъмол қилиш инсон соғлиғига зарарли таъсир қилиши тўғрисида матн ва (ёки) расм шаклидаги тиббий огоҳлантириш мавжуд бўлмаган ҳолларда".

Иккинчи - ўн учинчи хатбошилар тегишли равишда олтинчи - ўн еттинчи хатбошилар деб ҳисоблансин.


2. Қуйидаги мазмундаги 15-1-банди билан тўлдирилсин:

"15-1. Алкоголли маҳсулотлар билан савдо қилаётган сотувчи йигирма ёшдан кичикроқ кўринган харидордан унинг ёшини тасдиқловчи ҳужжатни кўрсатишни талаб қилиши, ҳужжат мавжуд бўлмаган тақдирда эса алкоголли маҳсулот сотишни рад этиши шарт".



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2016 йил 26 сентябрь, 38-сон, 444-модда