Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари - Ёшлар сиёсати, маданият, ахборот тизимлари ва телекоммуникациялар масалалари комплекси раҳбарининг функционал вазифалари тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 20.10.2016 й. 352-сон қарорига 1-илова)

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

Вазирлар Маҳкамасининг

2016 йил 20 октябрдаги

352-сон қарорига

1-ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг

ўринбосари - Ёшлар сиёсати, маданият, ахборот

тизимлари ва телекоммуникациялар масалалари

комплекси раҳбарининг функционал

вазифалари тўғрисида

НИЗОМ


I БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Низом Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг ижро этувчи тузилмасига қисман ўзгартириш киритиш тўғрисида" 2016 йил 10 сентябрдаги ПҚ-2584-сон қарорига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари - Ёшлар сиёсати, маданият, ахборот тизимлари ва телекоммуникациялар масалалари комплекси раҳбарининг функционал вазифаларини белгилайди.


2. Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари - Ёшлар сиёсати, маданият, ахборот тизимлари ва телекоммуникациялар масалалари комплекси раҳбари Ўзбекистон Республикаси Президентига ва Ўзбекистон Республикасининг Бош вазирига ҳисобот беради.


3. Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари - Ёшлар сиёсати, маданият, ахборот тизимлари ва телекоммуникациялар масалалари комплекси раҳбари (кейинги ўринларда Бош вазир ўринбосари деб аталади) ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларига, Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишларига, шунингдек ушбу Низомга амал қилади.


4. Бош вазир ўринбосарининг фаолияти давлатнинг ёшлар сиёсатини янада такомиллаштириш, жамоат бирлашмалари билан ўзаро ҳамкорлик қилиш, маънавий-маърифий соҳани, кинематография, оммавий ахборот воситалари, матбаа ва ноширлик иши, маданият, санъат, миллий ахборот макони мониторинги, почта, телекоммуникациялар ва телерадиоэшиттиришни ривожлантириш, ахборот фаолияти самарадорлигини ошириш, архив иши, интеллектуал мулк объектларини ҳуқуқий муҳофаза қилиш ва уларга бўлган ҳуқуқларни ҳимоя қилиш масалаларини ҳал этишга йўналтирилган.


5. Бош вазир ўринбосари мақомига кўра Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг аъзоси ҳисобланади ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси Раёсати таркибига киради.

Бош вазир ўринбосари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ва унинг Раёсати мажлисларида бевосита иштирок этади.



II БОБ. БОШ ВАЗИР ЎРИНБОСАРИНИНГ ВАЗИФАЛАРИ

ВА ФУНКЦИОНАЛ МАЖБУРИЯТЛАРИ


6. Қуйидагилар Бош вазир ўринбосарининг асосий вазифалари ҳисобланади:


а) ёшлар сиёсати ва маънавий камолот соҳасида:

оммавий маданиятнинг менталитетимизга ёт бўлган элементларига, диний фанатизмга ва мафкуравий экстремизмнинг бошқа кўринишларига қарши туришга қодир бўлган йигит ва қизларнинг ички иммунитетини шакллантиришнинг муҳим омиллари бўлган, маънавий бой ва баркамол, юқори маълумотли ва жисмонан соғлом, мустақил фикрловчи ва ўз ҳаётий нуқтаи назарига, кенг дунёқарашга, мустаҳкам билимларга, қатъий эътиқодларга, миллий маданият ва маънавий қадриятларга, асрлар бўйи тўпланган ноёб тажрибага ва жаҳон цивилизацияси ютуқларини чуқур ҳурмат қилишга асосланган юксак маънавий ва ахлоқий тамойилларга эга бўлган ўсиб келаётган авлодни вояга етказишга йўналтирилган ёшлар сиёсатини янада такомиллаштириш бўйича тизимли ишларни амалга ошириш;

ёшлар жамоат ташкилотларининг камол топаётган авлодни тарбиялашдаги, ёшларнинг ҳуқуқий маданиятини ва ижтимоий-иқтисодий фаоллигини оширишдаги, "фуқаролик бурчи", "дахлдорлик туйғуси" ва "ёшлар маданияти" каби тушунчаларни ёшлар онгига сингдиришдаги ролини кучайтиришга йўналтирилган чора-тадбирлар комплексини амалга оширишдаги фаолиятини самарали мувофиқлаштиришни таъминлаш;

ёш авлоднинг ижодий ва интеллектуал салоҳиятини аниқлаш, ривожлантириш ва рўёбга чиқариш, ёшларни ва ёш оилаларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш, давлат ва жамоат ташкилотларини жалб этган ҳолда улар учун муносиб шарт-шароитлар яратиш соҳасидаги чора-тадбирлар комплексини амалга ошириш бўйича тизимли ишларни ташкил этиш;

мамлакат фуқаролари, айниқса ўсиб келаётган авлод онгида миллий ғояга, миллий мафкурага, умуминсоний қадриятлар ва демократик тамойилларга асосланган дунёқарашни шакллантиришга, жамоатчилик онгига мустақиллик ғояларига чексиз содиқлик тамойилларини, Ватанга муҳаббатни, эркин ва равнақ топаётган давлат қуришдек буюк ва эзгу мақсадларга эришишга ишончни, фидойиликни сингдиришга йўналтирилган комплекс чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ва амалда рўёбга чиқариш;

мамлакатда юз бераётган кенг кўламли қайта ўзгартиришлар ва ўзгаришларнинг моҳиятини очиб бериш, миллий манфаатларни амалий ва фаол ташвиқ ва тарғиб қилиш, мамлакат мустақиллигининг маънавий асосини мустаҳкамлаш, миллий анъаналар ва урф-одатларни сақлаш бўйича аҳоли ўртасида олиб борилаётган маънавий-маърифий ва ташвиқот-тарғибот ишларининг таъсирчанлиги ва самарадорлигини оширишга йўналтирилган чора-тадбирларни амалга оширишда жамоат бирлашмаларига, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларига, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларига кўмаклашиш;

демократик қадриятларни, одамларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, фуқароларнинг ўз салоҳиятини рўёбга чиқаришлари учун шарт-шароитлар яратиш, уларнинг ижтимоий, ижтимоий-иқтисодий фаоллигини ва ҳуқуқий маданиятини ошириш, ижтимоий ҳаётнинг турли соҳаларида муҳим давлат дастурларини амалга оширишда ва катта ижтимоий аҳамиятга молик бошқа муаммоларни ҳал этишда нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари билан ўзаро ҳамкорлик қилиш шакллари ва усулларини такомиллаштириш мақсадида нодавлат нотижорат ташкилотлари билан ўзаро ҳамкорликда ижтимоий шериклик ва жамоатчилик назорати тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирларини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш;

аҳолининг таълим ва маданий савиясини оширишга, миллий анъаналарни, тарихий ва маънавий меросни эҳтиётлаб сақлашга, ёшлар ва ўсиб келаётган авлодни ватанпарварлик, Ватанга муҳаббат, миллий ва умуминсоний қадриятларни ҳурмат қилиш руҳида тарбиялашга йўналтирилган телерадио дастурларнинг юқори сифатли, профессионал, бадиий юксак даражасини таъминлаш;

Ўзбекистоннинг сиёсий, иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳаётида юз бераётган ҳуқуқий демократик давлатни, очиқ фуқаролик жамиятини шакллантиришга, мустақил оммавий ахборот воситаларини ривожлантиришга, инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишга йўналтирилган демократик қайта ўзгаришлар тўғрисида аҳолини, шунингдек хорижий жамоатчиликни кенг хабардор қилиш;

жамиятнинг маданий ва маънавий ҳаёти даражаси юксалишида миллий кино санъатининг ўрни ва аҳамиятини ҳисобга олган ҳолда умуминсоний ва миллий қадриятлар бирлиги тамойиллари асосида уни ривожлантиришнинг устувор йўналишларини ишлаб чиқиш, мамлакатда эркин демократик жамият қуриш йўлида юз бераётган ўзгаришлар ва реал ютуқларни, миллий мустақиллик ғоясининг моҳиятини кино воситалари орқали акс эттириш, жамият ҳаётида, айниқса ёшлар тарбиясида кинематографиянинг ўрни ва иштирокини кучайтириш, кино маҳсулотларининг ғоявий-бадиий савиясини ошириш ва уни янада такомиллаштириш;

бадиий жиҳатдан юксак бўлган, камол топаётган авлод муносиб даражада ибрат оладиган замонавий қаҳрамон образини шакллантирадиган кино асарлари яратишга қодир бўлган энг янги технологияларни жорий этишни ҳамда маҳаллий кино мактабини, энг иқтидорли кинематографчиларни қўллаб-қувватлашни ҳисобга олган ҳолда, умум томонидан қабул қилинган жаҳон стандартларига мувофиқ бўлган кино асарлари яратадиган замонавий инфратузилмани ривожлантириш;

ижодий жамоаларнинг киностудияларини қўллаб-қувватлаш, уларнинг манфаатларини ҳимоя қилиш, кинематография соҳасида тадбиркорлик ва рақобат муҳитини ривожлантириш учун қулай шарт-шароитлар яратиш;

демократик ислоҳотларни, давлатнинг ёшлар сиёсатини, ёшларнинг билими ва дунёқарашини кенгайтиришни, турли ахборот хуружларининг олдини олишни, оммавий ахборот воситаларида ахборотлар ва бошқа материаллар бериш шакллари ва усулларини мунтазам равишда такомиллаштириш, маҳаллий, айниқса ёшларнинг оммавий ахборот воситаларини янада кенг оммалаштириш орқали ёшларнинг онги ва тафаккурини оммавий маданиятнинг салбий таъсиридан сақлашни амалга оширишда оммавий ахборот воситаларининг роли ва таъсирини янада кучайтириш чора-тадбирлари комплексини амалга ошириш;

оммавий ахборот воситаларини, ноширлик ва матбаа фаолиятини, китоб маҳсулотлари ва бошқа босма маҳсулотларни тарқатишни ривожлантириш соҳаларида ягона давлат сиёсатини амалга ошириши, ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш, ушбу соҳаларда сифат ўзгаришлари ва тенденцияларни баҳолаш;

оммавий ахборот воситаларининг мустақиллигини, журналист касбининг ижтимоий мақоми ва нуфузини, оммавий ахборот воситалари ходимлари малакаси ва маҳоратини ошириш, журналист кадрларнинг янги формациясини тайёрлашни такомиллаштириш чора-тадбирларини амалга ошириш;


б) маданият ва санъат соҳасида:

Ўзбекистон халқининг миллий маданий ва маънавий меросини асраш ва кўпайтириш, аҳолининг маданий даражасини ошириш, жамиятнинг тобора ўсиб бораётган интеллектуал, эстетик ва маданий эҳтиёжларини ҳисобга олган ҳолда аҳолининг кенг қатламларини, айниқса ёшларни маданий-оммавий тадбирлар билан тўлиқ қамраб олишни таъминлаш, ёшларнинг ижодий салоҳиятини намоён қилиш ва қўллаб-қувватлаш, шунингдек маданият муассасалари, болалар мусиқа ва санъат мактабларининг моддий-техника базасини янада мустаҳкамлаш, улар фаолияти самарадорлигини ошириш чора-тадбирларини рўёбга чиқариш;

эстрада санъатини ривожлантириш, оммавий байрамлар, фестиваллар, кўриклар ва танловлар, халқ сайилларини ва бошқа маданий-маърифий тадбирларни ташкил этиш чора-тадбирларини амалга ошириш;

театрларни оммавийлаштириш орқали халқнинг бадиий диди ва маданий даражасини ошириш, давримизнинг қаҳрамони образини замонавий талқин қилишда жаҳон ва миллий театрни ривожлантириш тенденцияларини ҳисобга олган ҳолда театрларнинг репертуарларини шакллантиришга кўмаклашиш, театр арбоблари - драматурглар, режиссёрлар ва актёрларнинг ёш авлодини тайёрлашни такомиллаштириш, театр санъатининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш бўйича комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш;


в) ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш соҳасида:

ахборот-коммуникация технологиялари соҳасида, шу жумладан "Электрон ҳукумат" тизимини жорий этиш, давлат интерактив хизматларини ривожлантириш ва сифатини ошириш, маъмурий тартиб-таомилларнинг ахборотлаштирилиши даражасини ошириш, ахборот технологиялари ва дастурий маҳсулотларнинг замонавий бозорини шакллантириш, шунингдек соҳавий турдош хизматлар сифатини оширишга оид ягона давлат сиёсатини шакллантириш;

мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш стратегиясига ва замонавий халқаро тенденцияларга мувофиқ давлат бошқаруви ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари тизимида ахборот-коммуникация технологияларини янада ривожлантиришнинг устувор йўналишларини белгилаш;

ахборот-коммуникация технологиялари соҳасида кадрлар тайёрлаш, уларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш чора-тадбирларини амалга ошириш;

давлат бошқаруви ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари тизимида ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланиш соҳасида халқаро ҳамкорликни ташкил этиш, халқаро ташкилотлар ва хорижий мамлакатлар билан ўзаро фойдали ҳамкорликни кенгайтириш юзасидан таклифлар ишлаб чиқиш;


г) миллий ахборот макони мониторинги ва ахборот хавфсизлигини таъминлаш соҳасида:

миллий ахборот маконининг яхлитлигини сақлаш, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, шунингдек хўжалик юритувчи субъектларнинг ахборот ресурслари ва тизимларининг ахборот хавфсизлигини таъминлаш бўйича ягона давлат сиёсати амалга оширилишини ташкил этиш;

миллий ахборот макони ва оммавий ахборот воситалари фаолиятининг, шу жумладан замонавий ахборот-коммуникация технологиялари, йўлдош тизимлар, Интернет тармоғи, ахборотларни, шунингдек босма маҳсулотларни етказиб бериш ва тарқатишнинг бошқа электрон воситаларининг, шунингдек босма маҳсулотларнинг тизимли мониторинги олиб борилишини шакллантириш;

норматив-ҳуқуқий ва ташкилий-техник базани такомиллаштириш, ахборот хавфсизлигини таъминлаш талаблари бўйича мажбурий тартибда аттестациядан ўтказиш тизимини ривожлантириш, ахборот айирбошлашнинг ҳимояланган электрон шаклларига босқичма-босқич ўтиш, ахборот хавфсизлигига таҳдидларни прогноз қилиш, ушбу таҳдидларга қарши ҳаракат тизимларини шакллантириш;


д) почта ва телекоммуникацияларни ривожлантириш, архив иши, интеллектуал мулк ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасида:

почта, телекоммуникациялар ва телерадиоэшиттириш тармоқларининг фаолият кўрсатиши ва уларни ривожлантириш, архив иши ва иш юритиш, интеллектуал мулк объектларини ҳуқуқий муҳофаза қилиш ва уларга бўлган ҳуқуқларни ҳимоя қилиш масалаларида давлат сиёсатини шакллантириш ва таъминлаш;

телекоммуникациялар соҳасида ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш даражасини янада чуқурлаштиришни, тармоқлараро саноат кооперациясини кенгайтиришни таъминлаш, импортнинг ўрнини босишни ва маҳаллий хом ашё ресурслари базасида ички бозорни зарур истеъмол товарлари ва бутловчи буюмлар билан таъминлайдиган замонавий, юқори технологияли рақобатбардошли ишлаб чиқаришларни ташкил этиш;

почта ва телекоммуникациялар соҳасидаги ташкилотларда корпоратив бошқарувнинг замонавий усулларини жорий этишни ташкил этиш, ишлаб чиқариш, инвестиция, моддий-техник, молиявий ва меҳнат ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш;

умумий қабул қилинган халқаро нормалар ва стандартларга мувофиқ почта, телекоммуникациялар, телерадиоэшиттириш, архив иши ва иш юритиш, интеллектуал мулк объектларини ҳуқуқий муҳофаза қилиш ва уларга бўлган ҳуқуқларни ҳимоя қилиш соҳаларида қонунчиликни янада такомиллаштириш чора-тадбирларини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш;

телекоммуникация инфратузилмасини янада ривожлантириш ва модернизациялаш, шу жумладан Интернет тармоғининг ахборот тизимлари ва ресурсларидан, мобил ва йўлдош алоқа тармоқларидан кенг полосали фойдаланишни кенгайтириш, телерадиоэшиттиришнинг рақамли тизимларига тўлиқ ўтишни таъминлаш;

почта ва телекоммуникациялар ва телерадиоэшиттириш тармоқлари ва воситаларини модернизация қилиш ва техника билан қайта жиҳозлаш ҳамда архив иши, ушбу соҳага хорижий инвестициялар ва технологияларни жалб этиш масалалари бўйича ишларни мувофиқлаштириш;

халқаро стандартларга мувофиқ интеллектуал мулк объектларини ҳуқуқий муҳофаза қилиш ва уларга бўлган ҳуқуқларни ҳимоя қилиш ишлари самарадорлигини ошириш ва янада такомиллаштириш юзасидан таклифлар ишлаб чиқиш ва чора-тадбирларни амалга ошириш;

почта, телекоммуникациялар, архив иши ва иш юритиш, интеллектуал мулк объектларини ҳуқуқий муҳофаза қилиш ва уларга бўлган ҳуқуқларни ҳимоя қилиш соҳалари учун юқори малакали кадрларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш методларини такомиллаштириш бўйича тизимли ишларни таъминлаш;

давлат ва хўжалик бошқаруви органларида, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларида ва давлатнинг бошқа ташкилотларида, шу жумладан электрон ҳужжатлар айланиши тизимларини қўллаган ҳолда архив иши ва иш юритиш самарадорлигини ошириш, Миллий архив фонди ҳужжатлари сақланиши чора-тадбирларини амалга ошириш;

почта, телекоммуникациялар ва телерадиоэшиттириш соҳаларида, ахборот бозорини тартибга солиш, архив иши ва иш юритиш, интеллектуал мулк объектларини ҳуқуқий муҳофаза қилиш ва уларга бўлган ҳуқуқларни ҳимоя қилиш соҳасида халқаро ташкилотлар ва хорижий мамлакатлар билан ҳамкорлик самарадорлигини таъминлаш.


7. Бош вазир ўринбосари ўз зиммасига юкланган вазифаларга мувофиқ:

ёшлар сиёсати, маданият, ахборот тизимлари ва телекоммуникациялар масалалари бўйича Ўзбекистон Республикаси Президенти Девонининг тегишли хизматлари билан ўзаро ҳамкорлик қилади;

Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг топшириқларига биноан республиканинг тегишли ҳудудларида ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, иқтисодий ислоҳотларнинг устувор вазифалари ва дастурлари бажарилишини мувофиқлаштириб боради;

Ёшлар сиёсати, маданият, ахборот тизимлари ва телекоммуникациялар масалалари ахборот-таҳлил департаментига бевосита раҳбарлик қилади, ёшлар сиёсати, маданият, ахборот-коммуникация технологияларини, телекоммуникацияларни ривожлантириш, ахборот хавфсизлигини таъминлаш масалалари бўйича - Маданият ва спорт ишлари вазирлиги (маданият масалалари бўйича), Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги, "Ўзбеккино" миллий агентлиги, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги (ЎзА), Интеллектуал мулк агентлиги, "Ўзархив" агентлиги, Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита, Республика маънавият тарғибот маркази, "Камолот" ёшлар ижтимоий ҳаракати, Бадиий академия, Миллий ғоя ва мафкура илмий-амалиёт маркази, "Шарқ" нашриёт-матбаа акциядорлик компанияси, Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси, "Маҳалла" фонди, "Ўзбекнаво" эстрада бирлашмаси, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси, Ўзбекистон Журналистлар ижодий уюшмаси, "Алоқа-банк" АТБ, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг, шунингдек ўз фаолиятини ахборот тизимлари ва телекоммуникациялар соҳасида лицензия битимларига мувофиқ амалга оширувчи хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятини мувофиқлаштиради ва назорат қилади;

мутасаддилик қилинадиган давлат ва хўжалик бошқаруви органларидаги, жамоат ташкилотларидаги Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат маслаҳатчилари номенклатурасига кирадиган лавозимларга номзодлар бўйича таклифларни Ўзбекистон Республикаси Бош вазири билан келишган ҳолда, белгиланган тартибда киритади;

Комплекс бошқарадиган соҳага кирувчи масалалар бўйича Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритилган таклифларни ва ҳужжатлар лойиҳаларини кўриб чиқишда давлат манфаатларига қатъий риоя этилишини таъминлайди, тайёрланган ҳужжатлар лойиҳаларига рухсат белгиси (виза) қўяди. Тегишли ҳужжатлар қабул қилингандан кейин уларнинг амалга оширилиши юзасидан тизимли назорат ташкил этилишини таъминлайди;

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси Регламентига мувофиқ қонун ҳужжатлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишлари, Ҳукумат қарорлари лойиҳаларининг экспертизадан ўтказилишини ва сифатли тайёрланишини ташкил этиш масалаларида Вазирлар Маҳкамаси аппарати бошқарувчиси билан ҳамкорлик қилади;

Ўзбекистон Республикаси қонунларининг, Ўзбекистон Республикаси Президенти фармонлари, қарорлари, фармойишлари ва топшириқларининг, Ҳукумат қарорларининг давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, ижро этувчи ҳокимият органлари томонидан бажарилиши юзасидан назоратни таъминлайди;

Ёшлар сиёсати, маданият, ахборот тизимлари ва телекоммуникациялар масалалари ахборот-таҳлил департаментининг департамент мудири, шўъбалари мудирлари, бош ва етакчи мутахассислари лавозимларига кадрлар танлашни Вазирлар Маҳкамаси аппарати бошқарувчиси билан биргаликда амалга оширади;

Ёшлар сиёсати, маданият, ахборот тизимлари ва телекоммуникациялар масалалари ахборот-таҳлил департаменти мудирини, шуъбалари мудирларини ва мутахассисларини қайта тайёрлаш, уларнинг малакасини ошириш, уларни рағбатлантириш ҳамда уларга нисбатан интизомий жазо чораларини қўлланиш тўғрисида таклифлар киритади;

Ёшлар сиёсати, маданият, ахборот тизимлари ва телекоммуникациялар масалалари ахборот-таҳлил департаментида, тегишли давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг марказий аппаратларида кадрлар захирасини шакллантириш ишларини тизимли асосда ташкил қилади.


8. Бош вазир ўринбосари ушбу Низомга 1-иловага мувофиқ Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири бошчилик қиладиган комиссиялар (кенгашлар) фаолиятини, шунингдек уларнинг қарорлари бажарилишини ташкил этиш юзасидан назоратни таъминлайди.


9. Бош вазир ўринбосари ушбу Низомга 2-иловага мувофиқ комиссиялар ва кенгашларга раҳбарлик қилади.



III БОБ. БОШ ВАЗИР ЎРИНБОСАРИНИНГ

ҲУҚУҚЛАРИ ВА ЖАВОБГАРЛИГИ


10. Бош вазир ўринбосари ўзига юкланган вазифалар ва функцияларни бажариш учун қуйидаги ҳуқуқларга эга:

Вазирлар Маҳкамасида кўриб чиқиладиган масалаларни таҳлил қилиш ва тайёрлаш учун зарур бўлган материаллар ва маълумотларни давлат ва хўжалик бошқаруви органларидан, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларидан ва ташкилотлардан белгиланган тартибда сўраш ва олиш;

давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, бошқа ташкилотлар раҳбарлари ва вакиллари иштирокида йиғилишлар ўтказиш;

мутасаддилик қилинадиган вазирликлар, идоралар, хўжалик бошқаруви органлари коллегиал органларининг мажлисларида, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг топшириқлари бўйича - давлатнинг бошқа органларининг, нодавлат нотижорат ташкилотларининг Комплекс бошқарадиган соҳага кирувчи масалалар бўйича ўтказиладиган мажлислари ва йиғилишларида қатнашиш;

давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, илмий муассасалар ва бошқа ташкилотлар раҳбарлари ва вакилларини Вазирлар Маҳкамасида кўриб чиқиладиган масалаларни ишлаб чиқиш учун белгиланган тартибда жалб этиш, тегишли масалалар бўйича вақтинчалик ишчи гуруҳлар тузиш;

"Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни ва Вазирлар Маҳкамаси Регламенти талаблари бузилган ҳолда тушадиган ҳужжатларни қайтариш.

Бош вазир ўринбосарининг зарур материаллар, маълумотларни тақдим этиш, шунингдек Ўзбекистон Республикаси қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишлари, Вазирлар Маҳкамаси қарорлари ва бошқа ҳужжатлар лойиҳаларини пухта ишлаб чиқиш бўйича талаблари ва топшириқлари унинг томонидан белгиланган муддатларда бажарилиши керак.

Бош вазир ўринбосарининг ўзи бошқарадиган масалалар бўйича давлат ва хўжалик бошқаруви органлари ва бошқа ташкилотлар раҳбарларига топшириқлари белгиланган тартибда бажарилиши мажбурийдир.


11. Бош вазир ўринбосари:

зиммасига юкланган вазифаларнинг зарур тарзда ва сифатли бажарилиши;

ўзи раҳбарлик қиладиган Комплексдаги ишларнинг ҳолати, тегишли давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг, ташкилотларнинг фаолияти мувофиқлаштирилиши ва назорат қилинишини, Комплекс юритувига кирадиган масалалар бўйича Вазирлар Маҳкамасига киритилган таклифларнинг ва ҳужжатлар лойиҳаларининг ҳар томонлама кўриб чиқилишини таъминлаш;

Вазирлар Маҳкамаси Регламентига мувофиқ тақдим этиладиган Ҳукумат қарорлари лойиҳаларини республика давлат манфаатларини, иқтисодий самарадорлигини назарда тутиб ва улардаги масалаларни барча манфаатдор тузилмалар билан боғлаган ҳолда пухта экспертизадан ўтказилиши юзасидан назоратни таъминлаш;

Ўзбекистон Республикаси қонунларининг, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари қарорларининг, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари, фармойишлари ва топшириқларининг, Ҳукумат қарорлари ва фармойишларининг, Вазирлар Маҳкамаси раҳбарияти топшириқларининг Ёшлар сиёсати, маданият, ахборот тизимлари ва телекоммуникациялар масалалари комплекси таркибига кирадиган давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, ташкилотлар томонидан ўз вақтида ва сифатли бажарилишини таъминлаш;

Вазирлар Маҳкамасининг "Ижро интизомини мустаҳкамлаш чора-тадбирлари тўғрисида" 1999 йил 12 январдаги 12-сон қарорига мувофиқ ижро интизомининг мустаҳкамланиши учун жавоб беради.



IV БОБ. БОШ ВАЗИР ЎРИНБОСАРИ

ФАОЛИЯТИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ


12. Бош вазир ўринбосарининг ишлари "Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига, Вазирлар Маҳкамаси Регламентига, ушбу Низомга, Ўзбекистон Республикаси Президентининг, Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг топшириқларига мувофиқ, шунингдек Вазирлар Маҳкамасининг иш режалари ҳамда Ёшлар сиёсати, маданият, ахборот тизимлари ва телекоммуникациялар масалалари комплексининг иш режаси асосида ташкил этилади.

Комплекснинг иш режаси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси Раёсати томонидан тасдиқланади.

Бош вазир ўринбосарининг Ўзбекистон Республикаси қонунларининг, Ўзбекистон Республикаси Президенти фармонлари, қарорлари ва фармойишларининг, Ҳукумат қарорларининг мутасаддилик қилинадиган давлат ва хўжалик бошқаруви органларида, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларида амалга оширилиши тизимли мониторингини таъминлаш бўйича фаолияти Вазирлар Маҳкамасининг иш режасига, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг топшириқларига мувофиқ комплекс ўрганишларни амалга ошириш йўли билан, Вазирлар Маҳкамаси, Вазирлар Маҳкамасининг Раёсати, Ёшлар сиёсати, маданият, ахборот тизимлари ва телекоммуникациялар масалалари комплекси мажлисларида ҳисоботларни эшитган ҳолда ташкил этилади.






Низомга

1-ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг

ўринбосари - Ёшлар сиёсати, маданият, ахборот

тизимлари  ва  телекоммуникациялар  масалалари

комплекси раҳбари томонидан фаолиятининг ташкил

этилишини ва қарорларининг бажарилишини назорат

қилиш таъминланадиган комиссиялар (кенгаш)



Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири

бошқарадиган комиссиялар (кенгаш)


1. Мустақиллик куни ва Наврўз умумхалқ байрамларини нишонлашни ташкил этиш бўйича доимий ишлайдиган Республика комиссияси.


2. Географик объектларга ном бериш ва уларни қайта номлаш масалалари бўйича Республика комиссияси.


3. "Маънавият ва маърифат" Республика кенгаши.






Низомга

2-ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг

ўринбосари - Ёшлар сиёсати, маданият, ахборот

тизимлари ва телекоммуникациялар масалалари

комплекси раҳбари бошчилик қиладиган

комиссиялар ва кенгашлар


1. 2013-2020 йилларда Ўзбекистон Республикасининг Миллий ахборот-коммуникация тизимини ривожлантириш комплекс дастури амалга оширилишини мувофиқлаштириш бўйича Республика комиссияси.


2. Ахборот фаолияти ва маълумотлар узатишни такомиллаштириш ва самарадорлигини ошириш бўйича Идоралараро мувофиқлаштирувчи комиссия.


3. Вазирлар Маҳкамасининг ноширлик фаолиятини лицензиялаш бўйича комиссияси.


4. Маданий ва археологик мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш масалаларини мувофиқлаштириш бўйича Ҳукумат комиссияси.


5. Республика ахборот-кутубхона тизими фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Идоралараро кенгаш.


6. Радиочастоталар бўйича Республика кенгаши.


7. Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Республика кенгаши.


8. Истеъдодли ёшларга "Ниҳол" мукофотлари бериш бўйича Республика кенгаши.



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2016 йил 17 октябрь, 42-сон, 490-модда