Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 29.07.2016 й. 12-сон "Аризани қабул қилишни рад этиш, аризани кўрмасдан қолдириш ва иш юритишни тугатиш билан боғлиқ процессуал нормаларни қўллашнинг айрим масалалари тўғрисида"ги қарори

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ОЛИЙ СУДИ ПЛЕНУМИНИНГ

ҚАРОРИ

29.07.2016 й.

N 12



АРИЗАНИ ҚАБУЛ ҚИЛИШНИ РАД

ЭТИШ, АРИЗАНИ КЎРМАСДАН ҚОЛДИРИШ

ВА ИШ ЮРИТИШНИ ТУГАТИШ БИЛАН БОҒЛИҚ

ПРОЦЕССУАЛ НОРМАЛАРНИ ҚЎЛЛАШНИНГ

АЙРИМ МАСАЛАЛАРИ ТЎҒРИСИДА


Аризани қабул қилишни рад этиш, аризани кўрмасдан қолдириш ва иш юритишни тугатиш билан боғлиқ процессуал нормаларни қўллашда айрим масалалар юзага келганлиги муносабати билан қонун нормаларини суд амалиётида аниқ ва бир хилда қўлланилишини таъминлаш мақсадида, "Судлар тўғрисида"ги Қонуннинг 17-моддасига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленуми


ҚАРОР ҚИЛАДИ:


1. Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 44-моддасига асосан ҳар бир шахсга ўз хуқуқ ва эркинликларини суд орқали ҳимоя қилиш, давлат органлари, мансабдор шахслар, жамоат бирлашмаларининг ғайриқонуний хатти-ҳаракатлари устидан судга шикоят қилиш ҳуқуқи кафолатланади.

Мурожаат Фуқаролик процессуал кодексида белгиланган тартибда, илова қилинадиган ҳужжатлар билан биргаликда судга бевосита қабулда топширилиши, почта алоқа хизмати ёхуд ахборот тизими орқали электрон шаклда юборилиши мумкин.

Судлар аризани қабул қилишни рад этиш, аризани кўрмасдан қолдириш ва иш юритишни тугатишда процессуал ҳуқуқ нормаларини аниқ ва бир хилда қўллашга алоҳида эътибор қаратишлари шарт.


2. Аризани қабул қилишни рад этиш ва фуқаролик иши юзасидан иш юритишни тугатишда Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик процессуал кодексининг 152, 100-моддаларида кўрсатилган асосларга риоя қилиш лозимлигига, шу билан бирга ушбу асослар ҳам тугал эмаслигига судларнинг эътибори қаратилсин.

Хусусан, Оила кодексининг 39-моддасида хотинининг ҳомиладорлик вақтида ва бола тугилганидан кейин бир йил мобайнида эр хотинининг розилигисиз никоҳдан ажратиш тўғрисида иш қўзгатишга ҳақли эмаслиги белгиланган. Бундай ҳолатларда суд аризани қабул қилишни рад этиши, агар ариза қабул қилинган тақдирда иш юритишни тугатиши лозим.

Ушбу қонун нормаларида белгиланган қоидалар нафақат даъво аризаларга нисбатан, балки алоҳида тартибда иш юритиш, давлат органлари ва бошқа органлар, шунингдек, мансабдор шахсларнинг хатти-ҳаракатлари (қарорлари) устидан берилган шикоятларга нисбатан ҳам қўлланилади.


3. Аризани қабул қилишни рад этиш масаласи судья томонидан ариза келиб тушган кундан эътиборан 10 кунлик муддат ичида асослантирилган ажрим чиқариш орқали ҳал қилинади ва у дарҳол, алоҳида ҳолларда эса, ажрим чиқарилган кундан бошлаб уч кунлик муддат ичида мурожаат қилувчи шахсга топширилади ёки алоқа бўлими ёхуд ахборот тизими орқали электрон шаклда юборилади.

Агар иш судга тааллуқли бўлмаса, судья ажримда аризачи қайси органга мурожаат қилиши лозимлигини ёки иш қўзғатишга тусқинлик қилаётган ҳолатларни қандай бартараф этишини кўрсатиши шарт.

Судьянинг Фуқаролик процессуал кодексининг 152-моддаси 5-7-бандларида назарда тутилган асослар бўйича аризани қабул қилишни рад этиши йўл қўйилган камчиликлар бартараф қилингач, шу иш бўйича судга умумий тартибда ариза билан такроран мурожаат этишга тўсқинлик қилмайди.

Суднинг айнан ўша тарафлар ўртасида, айнан бир предмет тўғрисида ва айнан бир асослар бўйича чиққан низо юзасидан қабул қилиниб, қонуний кучга кирган ҳал қилув қарори ёхуд даъвогарнинг арз қилган талабларидан воз кечганлигини қабул қилиш ёки тарафларнинг келишув битимини тасдиқлаш тўғрисидаги ажрими мавжудлиги аризани қабул қилишни рад этиш учун асос бўлади.

Судлар ушбу масалани ҳал қилишда илгари қабул қилинган ва қонуний кучда бўлган суд қарори айнан ўша тарафлар ўртасида, айнан бир предмет тўғрисида ва айнан бир асослар бўйича қабул қилинганлигига, шунингдек, кўрсатилган ҳолатларнинг барчаси мавжуд бўлиши аризани қабул қилишни рад этиш учун асос бўлишига эътибор қаратишлари лозим.

Даъвогар ўзининг талабларига асос қилиб кўрсатаётган ҳолатлар даъво асоси ҳисобланади.

Даъво предмети деганда, даъвогарнинг талаби йўналтирилган, суд қарори қабул қилиниши сўралаётган субъектив-ҳуқуқ ҳамда кўриб ҳал қилиниши лозим бўлган моддий-ҳуқуқий низо тушунилади.


4. Судларга жавобгардан даврий тўловлар (алиментлар, соғлиққа шикаст етказилганда кўрилган зарарни қоплаш ёки фуқаро вафот этганлиги билан боғлиқ тўловлар ва ҳоказолар) ундириш тўғрисидаги ҳал қилув қарори қонуний кучга кирганидан сўнг тўловлар миқдори ёки муддатини белгилашга таъсир этувчи ҳолатлар жиддий равишда ўзгарган бўлса, бундай асос билан ҳар бир тараф Фуқаролик процессуал кодексининг 217-моддаси учинчи қисмига мувофиқ янгидан ариза бериш йўли билан тўловларнинг миқдори ва муддатини ўзгартиришни талаб қилишга ҳақли эканлиги тушунтирилсин.


5. Ҳал қилув қарори чиқарилгунга қадар жавобгар дастлабки даъво билан бирга кўриб чиқиш учун даъвогарга нисбатан қарши даъво тақдим этишга ҳақли бўлиб, бунда қарши даъво умумий қоидаларга риоя қилинган ҳолда берилиши лозим.

Судлар жавобгар томонидан келтирилган қарши даъвони қабул қилишда Фуқаролик процессуал кодексининг 247-моддаси талабидан қатъий назар, аризани қабул қилиш учун ушбу Кодекснинг 152-моддасида кўрсатилган асослар монелик қилмаслиги ва ариза Фуқаролик процессуал кодексининг 149-150-моддалари талабларига риоя қилинган ҳолда берилганлигига эътибор қаратишлари лозим.


6. Фуқаролик процессуал кодексининг 97-моддаси 1 ва 2-бандларига мувофиқ, муомалага лаёқатсиз шахс, шунингдек, иш юритишга ваколати бўлмаган шахс томонидан берилган ариза кўрмасдан қолдирилиши лозим.

Ариза муомалага лаёқатсиз шахс томонидан берилган деганда, руҳий касаллиги ёки ақли заифлиги оқибатида ўз ҳаракатларининг аҳамиятини тушуна олмайдиган ёки уларни бошқара олмайдиган, шунингдек, суд томонидан қонун хужжатларида белгилаб қўйилган тартибда муомалага лаёқатсиз деб топилган шахс томонидан берилган ариза тушунилади.

Ариза манфаатдор шахс номидан аризани иш юритишга ваколати бўлмаган шахс томонидан берилган деганда, бир шахс (ишонч билдирувчи) томонидан иккинчи шахс (ишончли вакил)га учинчи шахслар олдида берилган ваколатлар доирасида вакиллик қилиш учун берилган ёзма ваколат ишончнома мавжуд бўлмаган шахс томонидан берилган ариза тушунилади.


7. Аризани кўрмасдан қолдиришда Фуқаролик процессуал кодексининг 97-моддасида кўрсатилган асосларга риоя қилиш лозимлиги, лекин бу асослар ҳам тугал эмаслиги судларга тушунтирилсин.

Хусусан, Фуқаролик процессуал кодексининг 282-моддаси талабига кўра, алоҳида тартибда юритиладиган ишни кўриш вақтида агар судга тааллуқли ҳуқуқ тўғрисида низо келиб чиқса, суд аризани кўрмасдан қолдириб, ишда иштирок этувчи шахсларга умумий тартибда даъво такдим этишни таклиф қилиши лозим.

Шунга кўра, судларнинг эътибори аризани кўрмасдан қолдириш асослари Фуқаролик процессуал кодексининг 97-моддасидан ташқари қонуннинг бошқа махсус нормалари билан ҳам белгиланганлигига қаратилсин.


8. Аризани Фуқаролик процессуал кодексининг 97-моддаси 4 ва 5-бандлари асосида кўрмасдан қолдиришда ишда тарафларга суд чақирув қоғози топширилганлиги ҳақидаги маълумот мавжуд бўлиб, улар суд мажлисига узрли сабабларга кўра кела олмаганликларини тасдиқловчи далиллар тақдим қилмаган тақдирдагина йўл қўйилиши мумкин.


9. Судларга тушунтирилсинки, аризани кўрмасдан қолдириш ҳақидаги суд ажрими асослантирилиши ва шунингдек, ариза процессуал қонуннинг қайси нормасига мувофиқ кўрмасдан қолдирилганлиги аниқ кўрсатилиши лозим.

Аризани кўрмасдан қолдирилиши, ишнинг мазмунан ҳал этилишига тўсқинлик қилиши сабабли унга асос қилиб келтирилган ҳолатларни бартараф этиш йўллари суд томонидан ажримда кўрсатилиши шарт.

Аризани кўрмасдан қолдиришга асос бўлган ҳолатлар бартараф этилганидан сўнг манфаатдор шахс яна судга умумий тартибда ариза билан мурожаат қилишга ҳақли.

Агар тарафлар суд мажлисига узрли сабабларга кўра кела олмаганликларини тасдиқловчи далилларни тақдим этса, даъвогар ёки жавобгарнинг илтимосномаси (аризаси)га биноан, суд Фуқаролик процессуал кодексининг 97-моддаси 4 ва 5-бандларига асосан аризани кўрмасдан қолдириш тўғрисида чиқарган ўз ажримини шу кодекснинг 99-моддасига кўра бекор қилади.

Мазкур илтимоснома (ариза) келиб тушган кундан эътиборан 10 кунлик муддат ичида суд томонидан тарафлар иштирокида суд мажлисида кўриб чиқилади. Тарафлардан бирининг суд мажлисига келмаганлиги илтимоснома (ариза)ни мазмунан ҳал қилишга тўсқинлик қилмайди.

Суднинг ажрими ишнинг кейинги ҳаракатланишига тўсқинлик қилмаслиги сабабли ажрим устидан хусусий шикоят ёки хусусий протест келтирилиши қонунда назарда тутилмаган.

Судларга тушунтирилсинки, аризани кўрмасдан қолдиришга фақат Фуқаролик процессуал кодексининг 97-моддаси ва бошқа қонун ҳужжатларида белгиланган асосларга кўра йўл қўйилади. Ариза суд томонидан асоссиз кўрмасдан қолдирилган ҳар қандай ҳолатга юқори суд тегишли муносабат билдириши лозим.


10. Судлар иш юритишни тугатишда Фуқаролик процессуал кодексининг 100-моддасида белгиланган асосларга қатъий амал қилишлари шарт.

Агар фуқаролик иши қўзгатилган бўлиб, суд муҳокамаси вақтида иш судга тааллуқли эмаслиги аниқланса, суд мазкур масалада тарафларнинг фикрини инобатга олган ҳолда, алоҳида ажрим билан иш юритишни тугатиб, унда аризачига қайси органга мурожаат қилиши лозимлигини тушунтиради.

Айни бир тарафлар ўртасидаги, айни бир предмет тўғрисидаги ва айни бир асослар бўйича чиққан низо юзасидан суднинг қонуний кучга кирган ҳал қилув қарори ёки даъвогарнинг арз қилган талабларидан воз кечишини қабул қилиш тўғрисидаги ёхуд тарафларнинг келишув битимини тасдиқлаш тўғрисидаги ажрими мавжудлиги сабабли иш юритиш тугатилганда, суд ажримида ушбу асослар бўйича иккинчи марта мурожаат қилишга йўл қўйилмаслиги етарлича асослантирилиши лозим.

Даъвогар арз қилган талабларидан воз кечган ва суд бу воз кечишни қабул қилган ҳамда тарафлар келишув битими тузган бўлсалар, уни тасдиқлашда судлар Фуқаролик процессуал кодексининг 40-моддаси тўртинчи, бешинчи қисмлари ва 180-моддаси талабларига қатъий риоя қилишлари лозим.

Ажрим нусхаси ишда иштирок этаётган тарафларга дарҳол, алоҳида ҳолларда эса, қабул қилинган кундан бошлаб уч кунлик муддат ичида топширилиши, алоқа бўлими орқали ёхуд ахборот тизими орқали электрон шаклда юборилиши шарт.

Ишни судда кўришга тайёрлаш вақтида жавобгар даъвогарнинг талабларини тан олиши ва бу тан олиш суд томонидан қабул қилиниши асоси бўйича иш юритишни тугатишда ишда иштирок этувчи шахслар ўртасида ҳуқуқ тўғрисида низо мавжуд бўлмаслиги ҳамда ишга жалб қилинмаган бошқа шахсларнинг қонун билан қўриқланадиган манфаатларига таъсир қилмаслиги лозим.

Ўзбекистон Республикасининг "Ҳакамлик судлари тўғрисида"ги Қонуни 11-моддаси биринчи қисмига асосан ҳакамлик битими мавжуд бўлган тақдирда, низо ҳал қилиш учун ҳакамлик судига топширилиши мумкин. Агар тарафлар ўртасида ушбу низони ҳал қилиш учун ҳакамлик судига топшириш ҳақида ҳакамлик битими мавжудлиги аниқланса, ҳакамлик судига ариза топширилган-топширилмаганлигидан қатъий назар суд иш юритишни тугатиб, тарафларга ҳакамлик судига мурожаат қилиш ҳуқуқини тушунтиради.

Тарафлардан бирининг вафотидан сўнг Фуқаролик процессуал кодексининг 43-моддаси биринчи қисмида назарда тутилган ҳолатлар мавжуд бўлмай, низоли хуқуқий муносабат ҳуқуқий ворисликка йўл қўймаса, иш юритиш тугатилиши лозим.


11. Фуқаролик процессуал кодексининг 152 ва 97-моддалари асосида аризани қабул қилишни рад этиш ёки аризани кўрмасдан қолдириш ҳақидаги суд ажрими манфаатдор шахсларнинг хусусий шикоятлари (протестлари)га мувофиқ бекор қилинган тақдирда, иш мазмунан ҳал қилинмаганлигини инобатга олган ҳолда, илгари ажрим чиқарган судья ишни қайтадан кўриши мумкин.


12. Судлар иш юритишни тугатиш ҳақидаги масалани муҳокама қилиш билан биргаликда даъвони таъминлаш чораларини бекор қилишга ҳам эътибор қаратишлари лозим.

Аризани қабул қилишни рад этиш, аризани кўрмасдан қолдириш ёки иш юритишни тугатиш масалаларини ҳал қилиш билан биргаликда Фуқаролик процессуал кодексининг 108-моддаси биринчи қисми 2-5-бандларида кўрсатилган ҳолатлар мавжуд бўлган тақдирда, аризачига тўланган давлат божи тўлиқ қайтарилиши таъминланиши шарт. Давлат божини қайтариш масаласини ҳал қилишда Солиқ кодексининг 342-моддаси талабларига риоя қилиниши керак.


13. Фуқаролик ишлари бўйича вилоят ва унга тенглаштирилган судлар аризани қабул қилишни рад этиш, аризани кўрмасдан қолдириш ва иш юритишни тугатиш билан боғлиқ процессуал нормаларни тўғри қўллашни таъминлаш учун вақти-вақти билан умумлаштиришлар ўтказиб, аниқланган хато ва камчиликларни бартараф этиш юзасидан чоралар кўриб боришлари лозим.



Олий суд раиси



Ш. Газиев

Пленум котиби,

Олий суд судьяси

Д. Камилов