Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Йўл-қурилиш ишлари сифатини назорат қилиш Давлат инспекцияси тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 31.03.2017 й. 166-сон қарорига 2-илова)

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

Вазирлар Маҳкамасининг

2017 йил 31 мартдаги

166-сон қарорига

2-ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси

ҳузуридаги Йўл-қурилиш ишлари сифатини назорат

қилиш Давлат инспекцияси тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Низом Ўзбекистон Республикасининг Шаҳарсозлик кодексига, "Автомобиль йўллари тўғрисида"ги Қонунига ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Йўл хўжалигини бошқариш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида" 2017 йил 14 февралдаги ПФ-4954-сон Фармонига мувофиқ ишлаб чиқилган ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Йўл-қурилиш ишлари сифатини назорат қилиш Давлат инспекциясининг (кейинги ўринларда Инспекция деб аталади) мақоми, вазифалари, функциялари, ҳуқуқлари ва жавобгарлигини белгилайди.


2. Инспекция юридик ва жисмоний шахслар томонидан автомобиль йўллари ва сунъий иншоотларни, шунингдек йўл бўйидаги инфратузилмани қуриш, реконструкция қилиш, таъмирлаш ва сақлаш (кейинги ўринларда йўл қурилиши деб аталади), йўл-қурилиш материаллари, буюмлари ва конструкцияларини ишлаб чиқиш соҳасида техник жиҳатдан тартибга солиш борасида шаҳарсозлик тўғрисидаги қонун ҳужжатлари ва норматив ҳужжатлар талаблари бажарилишини назорат қилувчи махсус ваколатли давлат органи ҳисобланади.


3. Инспекция ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Ҳудудларни комплекс ривожлантириш ва коммунал соҳа, экология, атроф муҳитни муҳофаза қилиш, транспорт, капитал қурилиш ва қурилиш индустрияси масалалари комплексига бўйсунади ва унга ҳисобот беради.

4. Инспекция ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ва қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларига, Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишларига, бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга ва ушбу Низомга амал қилади.


5. Инспекциянинг тузилмаси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланади.


6. Инспекциянинг фаолияти Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Республика йўл жамғармасининг маблағлари, шунингдек қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобига молиялаштирилади.


7. Инспекция юридик шахс ҳисобланади, Ўзбекистон Республикасининг Давлат герби тасвири туширилган ва ўз номи давлат тилида ёзилган муҳрга, мустақил балансга, Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг ўазначилигида банк ҳисоб рақамларига ва ғазначилик ҳисоб рақамларига эга.



2-БОБ. ИНСПЕКЦИЯНИНГ АСОСИЙ

ВАЗИФАЛАРИ ВА ФУНКЦИЯЛАРИ


8. Қуйидагилар Инспекциянинг асосий вазифалари ҳисобланади:

юридик ва жисмоний шахслар томонидан йўл қурилиши ишларида, йўл-қурилиш материаллари, маҳсулотлар ва конструкцияларни ишлаб чиқаришда техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар талабларига риоя этилишини назорат қилиш;

қурилиши тугалланган йўл объектларини фойдаланишга қабул қилиш бўйича комиссиялар ишида қатнашиш;

йўл қурилиши юзасидан шаҳарсозлик қонунчилигига риоя қилиниши устидан назорат қилишни ташкил этиш борасида техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасида норматив ҳужжатларни такомиллаштиришга доир таклифлар киритиш ва унда иштирок этиш;

йўл-қурилиш материаллари, маҳсулотлар ва конструкцияларни стандартлаштириш ва сертификатлаштириш ишларини олиб бориш.


9. Инспекция ўзига юкланган вазифаларга мувофиқ қуйидаги функцияларни бажаради:

а) юридик ва жисмоний шахслар томонидан йўл қурилиши ишларида, йўл-қурилиш материаллари, маҳсулотлар ва конструкцияларни ишлаб чиқаришда техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар талабларига риоя этилишини назорат қилиш соҳасида:

буюртмачи ташкилотларга автомобиль йўлларини қуриш, реконструкция қилиш ва мукаммал таъмирлаш ишларини бажаришга рухсатномалар беради;

йўл қурилиши жараёнида лойиҳа-смета ҳужжатларига киритиладиган ўзгаришларнинг йўл қурилиши соҳасида техник жиҳатдан тартибга солиш борасидаги норматив ҳужжатлар талабларига мувофиқлиги мониторинги олиб борилиши ва назорат қилинишини таъминлайди;

ишларни бажарувчиларда ва хизматлар кўрсатувчи лойиҳа ва пудрат ташкилотларида қонун ҳужжатларида назарда тутилган лойиҳа ва қурилиш фаолиятининг лицензияланадиган турларини амалга ошириш ҳуқуқига лицензия мавжудлигини назорат қилади;

бажариладиган қурилиш-монтаж ишлари сифати, уларнинг йўл қурилиши соҳасида техник жиҳатдан тартибга солиш борасидаги норматив ҳужжатлар талабларига ва лойиҳа-смета ҳужжатларига мувофиқлигини назорат қилишни таъминлайди;

бажариладиган ишлар, шунингдек йўл қурилиши объектида қўлланиладиган йўл-қурилиш материаллари, буюмлари ва конструкцияларини назорат тартибида синаб кўради, суратга олади ва ўлчайди;

мавжуд йўллар ва сунъий иншоотларнинг техник ҳолатини уларни қайта тиклаш ёки реконструкция қилишнинг мақсадга мувофиқлиги юзасидан шартнома асосида текширади;

шаҳарсозлик тўғрисидаги қонун ҳужжатлари ва йўл қурилиши, йўл-қурилиш материаллари, буюмлари ва конструкцияларини ишлаб чиқиш соҳасида техник жиҳатдан тартибга солиш борасидаги норматив ҳужжатлар талаблари бузилганда маъмурий таъсир кўрсатиш чораларини қўллайди;

архитектура-шаҳарсозлик ҳужжатларини ишлаб чиқиш бўйича фаолиятни амалга ошириш ҳуқуқига ва шаҳарсозлик тўғрисидаги қонун ҳужжатлари ва йўл қурилиши соҳасида техник жиҳатдан тартибга солиш бўйича норматив ҳужжатлар талаблари бузилишига йўл қўйган ташкилотларнинг қурилиш соҳасида фаолиятнинг айрим турларини амалга оширишга бўлган ҳуқуқига берилган лицензияларнинг амал қилишини тўхтатиб туриш ёки тўхтатиш тўғрисидаги таклифларни Ўзбекистон Республикаси Давлат архитектура ва қурилиш қўмитасига киритади;

б) қурилиши тугалланган йўл объектларини фойдаланишга қабул қилиш бўйича комиссиялар ишида қатнашиш доирасида:

йўллар ва сунъий иншоотларнинг, уларнинг қисмлари ва конструктив элементларининг авария ҳолатидалиги сабабларини текшириш бўйича техникавий комиссиялар ишида иштирок этади;

техник ва муаллифлик назорати хизматлари ҳамда идоралар ва бошқа ташкилотларнинг синаш йўл-қурилиш лабораториялари фаолиятининг доимий мониторингини олиб боради;

в) йўл қурилиши юзасидан шаҳарсозлик қонунчилигига риоя қилиниши устидан назорат қилишни ташкил этиш борасида техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасида норматив ҳужжатларни такомиллаштиришга доир таклифлар киритиш ва унда иштирок этиш бўйича:

йўл қурилиши соҳасида норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини мустақил ишлаб чиқади ва ишлаб чиқишда иштирок этади;

йўл қурилиши юзасидан шаҳарсозлик қонун ҳужжатларига риоя этилиши устидан назоратни ташкил этиш соҳасида техник жиҳатдан тартибга солишни такомиллаштириш бўйича таклифларни мустақил ишлаб чиқади ва ишлаб чиқишда иштирок этади;

г) йўл-қурилиш материаллари, маҳсулотлар ва конструкцияларни стандартлаштириш ва сертификатлаштириш ишларини олиб бориш соҳасида;

мониторинг натижаларини таҳлил қилади, халқаро тажрибани ўрганади, йўл қурилиши сифати, шунингдек йўл-қурилиш материаллари, буюмлари ва конструкцияларидан оқилона фойдаланиш масалаларини тартибга солувчи методик ҳужжатларнинг норматив талабларини такомиллаштириш бўйича таклифларни ишлаб чиқади;

"Ўзстандарт" агентлиги, Ўзбекистон Республикаси Автомобиль йўллари давлат қўмитаси, Давлат архитектура ва қурилиш қўмитаси билан биргаликда сифат бўйича халқаро талабларга мувофиқ йўл-қурилиш материаллари, буюмлари ва конструкцияларини стандартлаштириш ва сертификатлаштириш ишларини олиб боради;

йўл-қурилиш материаллари, буюмлари ва конструкциялари сифатини таъминлаш, автомобиль йўллари соҳасида шаҳарсозлик қонун ҳужжатлари ва техник жиҳатдан тартибга солиш бўйича норматив ҳужжатлар талабларига риоя этиш масалалари бўйича бошқа ваколатли давлат органлари, илмий-тадқиқот, синаш, лойиҳа ва нодавлат нотижорат ташкилотлари билан ўзаро ҳамкорлик қилади.



3-БОБ. ИНСПЕКЦИЯНИНГ ҲУҚУҚЛАРИ

ВА ЖАВОБГАРЛИГИ


10. Инспекция ўзига юкланган вазифалар ва функцияларни бажариш учун қуйидаги ҳуқуқларга эга:

а) йўл қурилиши, йўл-қурилиш материаллари, буюмлари ва конструкциялари ишлаб чиқариш объектларига тўсиқсиз кириш ҳамда юридик шахслар томонидан йўл қурилиши соҳасида техник жиҳатдан тартибга солиш борасидаги норматив ҳужжатлар талабларига риоя этилишини назорат қилиш;

б) лойиҳа-пудрат ташкилотлари ва буюртмачи ташкилотлардан қўлланиладиган йўл-қурилиш материаллари, конструкциялари ва буюмлари ҳамда бажариладиган йўл-қурилиш ва монтаж ишлари сифатини назорат қилиш учун зарур бўлган лойиҳа, технологик, ижро ҳужжатларини ва бошқа материалларни олиш;

в) пудрат ташкилотларига конструкциялар, узеллар ва деталларнинг алоҳида элементларини очишни, қўлланилган йўл-қурилиш материаллари, конструкциялари ва буюмларини, муҳандислик тизимларини асослардаги ва орқага кўмиб ташлашда тупроқни синашни юклаш, зарурат бўлганда тегишли хулосани тайёрлаш учун илмий-тадқиқот, синаш ва лойиҳа ташкилотларининг экспертларини, мутахассисларини жалб этиш;

г) йўл қурилиши ва йўл-қурилиш материаллари, буюмлари ва конструкцияларини ишлаб чиқариш соҳасида шаҳарсозлик фаолияти субъектлари бажариши мажбурий бўлган аниқланган қоида бузилишларини бартараф этиш тўғрисида кўрсатмалар бериш;

д) қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда йўл қурилиши соҳасида маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисида протокол тузиш;

е) йўл қурилиши соҳасида техник жиҳатдан тартибга солиш борасида норматив ҳужжатлар талаблари бузилганлиги аниқланган тақдирда йўл қурилишида материаллар ва буюмларни ишлаб чиқаришни, сотишни ва уларни қўллашни тўхтатиб туриш тўғрисида кўрсатмалар бериш;

ж) тасдиқланган лойиҳа ечимлари ва йўл қурилиши соҳасида мустаҳкамлик ва барқарорлик тавсифлари бузилишига олиб келган йўл қурилиши соҳасида техник жиҳатдан тартибга солиш борасидаги норматив ҳужжатлар талаблари бузилиши аниқланганда, шунингдек сунъий иншоотлар, ўзбошимчалик билан қурилиши авариялари хавфи мавжуд бўлган ҳолларда йўл қурилиши соҳасида қурилиш-монтаж ишларини бажаришни тўхтатиб қўйиш. Тадбиркорлик субъектининг фаолияти тўхтатиб қўйилишига олиб келган қурилиш-монтаж ишларини бажаришни тўхтатиб қўйиш суд тартибида амалга оширилади, фавқулодда вазиятлар, эпидемиялар ва аҳолининг ҳаёти ва соғлиғига бошқа реал хавф юзага келишининг олди олиниши муносабати билан фаолиятни ўн иш кунидан ортиқ бўлмаган муддатга тўхтатиб қўйиш ҳоллари бундан мустасно;

з) буюртмачиларга, пудратчиларга ва умумий фойдаланиладиган автомобиль йўлларини, хўжаликлараро қишлоқ автомобиль йўлларини, шаҳарлар, шаҳарлар посёлкалари ва овуллар кўчаларини балансида сақловчиларга шаҳарсозлик соҳасидаги қонун ҳужжатлари талабларини бузаётган мансабдор шахсларни жавобгарликка тортиш тўғрисида тақдимнома киритиш;

и) Автомобиль йўллари давлат қўмитасидан, Давлат архитектура ва қурилиш қўмитасидан, Давлат статистика қўмитасидан, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Республика йўл жамғармасидан, Ўзбекистон Республикасининг бошқа вазирликлари ва идораларидан йўл қурилиши, йўл-қурилиш материаллари, буюмлари ва конструкциялари ишлаб чиқариш соҳасида техник жиҳатдан тартибга солишга доир зарур ахборотларни ва норматив ҳужжатларни олиш;

к) Ўзбекистон Республикаси Автомобиль йўллари давлат қўмитасининг ягона ахборот базасидан фойдаланиш;

л) шаҳарсозлик соҳасидаги қонун ҳужжатларининг бузилишлари тўғрисидаги материалларни прокуратура ва суд органларига бериш.


11. Инспекция ўз зиммасига юкланган вазифалар ва функцияларнинг бажарилиши юзасидан қонун ҳужжатларига мувофиқ жавоб беради.



4-БОБ. НАЗОРАТ ҚИЛИШ ИШЛАРИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ


12. Йўл қурилиши объектларида бажарилаётган ишларнинг сифатини назорат қилиш бўйича ишлар буюртмачи ва пудратчининг уларнинг буйруқлари билан тайинланадиган масъул вакиллари иштирокида амалга оширилади.

Зарур ҳолларда ушбу мақсадлар учун Инспекция томонидан лойиҳалаш ташкилотлари, банклар ва бошқа манфаатдор ташкилотларнинг мутахассислари шартнома асосида жалб этилиши мумкин.


13. Ишлаб чиқарувчи ташкилотларда йўл-қурилиш материаллари, конструкциялари ва буюмлари сифатини назорат қилиш ишлари техник жиҳатдан тартибга солиш норматив ҳужжатлари (мавжуд бўлганда) талабларига риоя этилиши учун масъул бўлган мансабдор шахслар (бош муҳандис, цех бошлиғи, техникавий назорат қилиш бўлими бошлиғи ва бошқалар) иштирокида амалга оширилади.


14. Қурилиш объектида юритиладиган ишларни амалга ошириш журналида ишларнинг сифатини назорат қилиш натижалари бўйича тегишли ёзув қайд этилади, Инспекция инспектори, буюртмачи ва пудратчи вакиллари томонидан имзоланадиган далолатнома тузилади, зарурат бўлганда - ёзма буйруқ берилади.

Шаҳарсозлик тўғрисидаги қонун ҳужжатларида маъмурий чора кўриш назарда тутилган бузилиш фактлари бўйича ёзма буйруқлар Инспекция бошлиғи ёки унинг ўринбосари имзоси билан берилади.


15. Инспекция ходимлари ўз функционал вазифаларини бажаришда давлат назоратининг бошқа ваколатли органлари билан ўзаро ҳамкорлик қиладилар.



5-БОБ. ИНСПЕКЦИЯ ФАОЛИЯТИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ


16. Инспекцияни бошлиқ бошқаради, у Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимдан озод қилинади ҳамда мақоми бўйича вазирнинг биринчи ўринбосарига тенглаштирилади.


17. Инспекция бошлиғининг ўринбосари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимдан озод қилинади ҳамда мақоми бўйича вазир ўринбосарига тенглаштирилади.


18. Инспекция ходимлари Инспекция бошлиғининг буйруғи билан тайинланадилар.


19. Инспекция бошлиғи:

Инспекция фаолиятига бевосита раҳбарликни амалга оширади ва зиммасига юкланган вазифаларнинг бажарилиши юзасидан шахсан жавоб беради;

Инспекция ходимларининг лавозим йўриқномаларини ва функционал вазифаларини тасдиқлайди, бўйсунувчиларнинг шахсий жавобгарлик даражасини белгилайди;

йўл-қурилиш ишлари сифати юзасидан тизимли мониторингни ва таъсирчан назоратни, шунингдек йўл қурилиши соҳасидаги муаммоли масалаларни ҳал этиш бўйича амалий чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ва амалга оширишнинг ташкил этилишини таъминлайди;

республика минтақаларидаги ишларнинг йиллик ҳажмларидан келиб чиққан ҳолда Инспекция кадрларини танлаш ва жой-жойига қўйишни амалга оширади, давлат инспекторларини белгиланган ходимлар сони доирасида минтақалар бўйича қайта тақсимлайди;

ушбу Низомга ва бошқа қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларни амалга оширади.


20. Давлат инспекторлари:

йўл қурилиши соҳасида қурилиш-монтаж ишларини амалга оширишга рухсатнома олиш учун буюртмачилар томонидан тақдим этилган ҳужжатларни ўрганадилар, улар бўйича хулосалар тайёрлайдилар ва раҳбариятга киритадилар;

бажарилаётган қурилиш-монтаж ишларининг сифати, лойиҳа-смета ҳужжатларига киритилаётган ўзгартиришларнинг мувофиқлиги юзасидан назоратни амалга оширадилар;

лойиҳалаш ва қурилиш фаолиятининг лицензияланаётган турларини амалга ошириш ҳуқуқига лицензиянинг мавжудлигини текширадилар;

объектларда қўлланаётган йўл-қурилиш материаллари, конструкциялари ва буюмларини назорат синовидан ўтказадилар;

қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳолатларда йўл қурилиши соҳасидаги маъмурий қонун бузилишлари тўғрисида протоколлар тузадилар;

тугалланган объектларни фойдаланишга қабул қилиш комиссиялари ҳамда йўллар ва сунъий иншоотларнинг аварияли ҳолатлари сабабларини текшириш бўйича техник комиссиялар ишларида қатнашадилар;

қонун ҳужжатларига мувофиқ вазифаларнинг тақсимланишига кўра бошқа ваколатларни амалга оширадилар.



6-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР


21. Инспекция мансабдор шахсларининг ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) юзасидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига ёки судларга белгиланган тартибда шикоят қилиниши мумкин.


22. Инспекция ходимлари ноқонуний ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) ҳамда юридик ва жисмоний шахсларга зарар етказганлик учун қонун ҳужжатларига мувофиқ жавобгарликка тортиладилар.


23. Инспекцияни қайта ташкил этиш ва тугатиш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2017 йил 10 апрель, 14-сон, 220-модда


"Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг қарорлари тўплами",

2017 йил, 3-сон, 36-модда