Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 10.04.2017 й. 198-сон "Кичик тадбиркорликни ривожлантириш кафолат жамғармаси фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Қарори

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ

ҚАРОРИ

10.04.2017 й.

N 198



КИЧИК ТАДБИРКОРЛИКНИ РИВОЖЛАНТИРИШ

КАФОЛАТ ЖАМҒАРМАСИ ФАОЛИЯТИНИ

ТАШКИЛ ЭТИШ ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ

ТЎҒРИСИДА


Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Кичик тадбиркорликни ривожлантириш кафолат жамғармасини ташкил этиш тўғрисида" 2017 йил 10 февралдаги ПҚ-2768-сон қарорини бажариш юзасидан, шунингдек кичик тадбиркорлик субъектларининг тижорат банклари томонидан бериладиган кредитлардан фойдаланишини кенгайтириш йўли билан уларни жадал ривожлантириш учун янада қулай шарт-шароитлар яратиш ҳамда Кичик тадбиркорликни ривожлантириш кафолат жамғармаси фаолиятини самарали ташкил этиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси ҚАРОР ҚИЛАДИ:


1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Кичик тадбиркорликни ривожлантириш кафолат жамғармасини ташкил этиш тўғрисида" 2017 йил 10 февралдаги ПҚ-2768-сон қарорига мувофиқ акциядорлик жамияти шаклида Кичик тадбиркорликни ривожлантириш кафолат жамғармаси (кейинги ўринларда Кафолат жамғармаси деб аталади) ташкил этилганлиги маълумот учун қабул қилинсин.


2. Янги, замонавий технологик ускуналарни харид қилиш ва бошқа мақсадларда тижорат банклари томонидан бериладиган кредитларнинг гаров билан қопланмаган қисми бўйича кичик тадбиркорлик субъектларига таъминот тақдим этиш тартиби тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин.


3. Белгилаб қўйилсинки:

Кафолат жамғармаси ижро этувчи аппарати фаолиятини молиялаштириш ва жорий харажатларини қоплаш унинг молия-хўжалик фаолияти тушумлари, шунингдек қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобига амалга оширилади;

кичик тадбиркорлик субъектлари улар бўйича Кафолат жамғармаси таъминоти бериладиган лойиҳаларни амалга оширишда 25 фоиздан кам бўлмаган миқдордаги ўз улуши билан иштирок этади;

Кафолат жамғармаси таъминоти билан бериладиган кредитлар янги, замонавий технологик ускуналар харид қилишга, ишлаб чиқариш фаолиятини ташкил этиш ва кенгайтиришга, шунингдек бошқа мақсадларга йўналтирилади.


4. Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга мувофиқ:

Кафолат жамғармаси кафиллиги тижорат банкларининг кичик тадбиркорлик субъектларига янги замонавий технологик ускуналарни харид қилиш, ишлаб чиқариш фаолиятини ташкил этиш ва кенгайтириш ҳамда бошқа мақсадлар учун кредитлар беришда гаров билан қопланмаган қисмига тижорат банкининг ёзма сўрови асосида берилади;

Кафолат жамғармаси томонидан кафиллик берилгани учун кичик тадбиркорлик субъектларидан кафиллик суммасининг йиллик уч фоизи миқдорида миллий валютада воситачилик ҳақи ундирилади;

берилган кредит кичик тадбиркорлик субъекти томонидан қайтарилганда, биринчи навбатда, Кафолат жамғармаси томонидан берилган таъминот миқдори қайтарилган кредит миқдорига мутаносиб равишда камайтирилади. Бунда қарз олувчи томонидан берилган кредит таъминоти сифатида тақдим қилинган мол-мулк фақат Кафолат жамғармаси таъминоти тўлиқ қоплангандан кейин гаровдан чиқарилади;

берилган бўйича мажбуриятлар бажарилган тақдирда Кафолат жамғармаси кредитор банк билан тенг ҳуқуқли асосда қарздорнинг мол-мулки ҳисобидан харажатларни тўлиқ қоплаш ҳуқуқига эга.


5. Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги, Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги Кафолат жамғармаси буюртмалари бўйича, босма ва электрон оммавий ахборот воситаларини, шу жумладан Интернет бутунжаҳон тармоғини тўлов ундирмасдан жалб этган ҳолда Кафолат жамғармаси вазифалари моҳияти ва мазмунининг, шунингдек унинг фаолияти билан боғлиқ бўлган бошқа ахборотларининг мунтазам, тизимли ва кенг ёритилишини таъминласинлар.


6. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Р.С. Азимов зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири                         А. Арипов



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2017 йил 17 апрель, 15-сон, 254-модда


"Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг қарорлари тўплами",

2017 йил, 4-сон, 44-модда