Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 18.04.2017 й. ПҚ-2899-сон "Ўзбекистон Республикаси Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги ҳузуридаги Ичимлик сувидан фойдаланишни назорат қилиш инспекцияси фаолиятини ташкил этиш тўғрисида"ги Қарори

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ПРЕЗИДЕНТИНИНГ

ҚАРОРИ

18.04.2017 й.

N ПҚ-2899



ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

УЙ-ЖОЙ КОММУНАЛ ХИЗМАТ КЎРСАТИШ

ВАЗИРЛИГИ ҲУЗУРИДАГИ ИЧИМЛИК СУВИДАН

ФОЙДАЛАНИШНИ НАЗОРАТ ҚИЛИШ ИНСПЕКЦИЯСИ

ФАОЛИЯТИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ ТЎҒРИСИДА


Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида Ичимлик сувдан фойдаланишни назорат қилиш давлат инспекциясини ташкил этиш тўғрисида" 2017 йил 18 апрелдаги ПФ-5018-сонли Фармонига мувофиқ ва ичимлик сувдан фойдаланишда самарали давлат назоратини таъминлаш мақсадида:


1. Қуйидагилар:

Ўзбекистон Республикаси Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги ҳузуридаги Ичимлик сувидан фойдаланишни назорат қилиш инспекциясининг ташкилий тузилмаси 1-иловага* мувофиқ;

Ўзбекистон Республикаси Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги ҳузуридаги Ичимлик сувидан фойдаланишни назорат қилиш инспекциясининг бошқарув ходимлари чекланган сони 17 нафардан иборат бўлган марказий аппарати тузилмаси 2-иловага* мувофиқ;

ичимлик сувдан фойдаланишни назорат қилиш ҳудудий инспекцияларининг намунавий тузилмаси 3-иловага* мувофиқ тасдиқлансин.

2. 2017 йилдан бошлаб Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари, шунингдек, қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар - Ўзбекистон Республикаси Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги ҳузуридаги Ичимлик сувидан фойдаланишни назорат қилиш инспекцияси ва ҳудудий инспекциялар таъминоти бўйича харажатларни молиялаштириш манбалари этиб белгилансин.

3. Ўзбекистон Республикаси Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги ҳузуридаги Ичимлик сувидан фойдаланишни назорат қилиш инспекцияси марказий аппарати Ўзбекистон Республикаси Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлигининг Тошкент шаҳар, Юнусобод тумани, Ниёзбек йўли кўчаси, 1-уйдаги маъмурий биносида бепул фойдаланиш ҳуқуқи билан жойлаштирилсин.

4. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари Ўзбекистон Республикаси Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси билан биргаликда бир ой муддатда ҳудудий инспекцияларни бепул фойдаланиш ҳуқуқи билан тегишли бинолар ва хоналарга жойлаштирсин.


5. Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги "Давсувинспекция"ни ўрнатилган тартибда телефон алоқаси, шу жумладан ҳукумат алоқаси билан таъминласин.


6. Ичимлик сувдан фойдаланишни назорат қилиш давлат инспекцияси Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳамда манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига:

сувдан фойдаланиш тартибини бузган шахсларнинг масъулиятини оширишни назарда тутувчи Ўзбекистон Республикасининг маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида;

қонун ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартиш ва қўшимчалар ҳақида таклифлар киритсин.


7. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари - "Ўзбекистон темир йўллари" акциядорлик жамияти бошқаруви раиси А.Ж. Раматов зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикаси Президенти                            Ш. Мирзиёев



*) 1-4-иловалар рус тилидаги матнда берилган.



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2017 йил 24 апрель, 16-сон, 271-модда