Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Тергов департаменти тўғрисидаги Низом (ЎзР Президентининг 18.04.2017 й. ПҚ-2898-сон қарорига 1-илова)

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

Ўзбекистон Республикаси

Президентининг

2017 йил 18 апрелдаги

ПҚ-2898-сон қарорига

1-ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги

ҳузуридаги Тергов департаменти тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Тергов департаменти (кейинги ўринларда - Тергов департаменти) жиноят ва жиноят-процессуал қонунчилигига асосан жиноятларни ўз вақтида фош этиш, ҳар томонлама, тўла ва холисона тергов қилиш, жавобгарликнинг муқаррарлиги принципини сўзсиз амалга ошириш, шунингдек ички ишлар органларининг тергов бўлинмалари фаолиятини ташкил этиш ва мувофиқлаштиришни таъминлайдиган Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг (кейинги ўринларда - ИИВ) мустақил бўлинмаси ҳисобланади.

Тергов департаменти бевосита Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазирига ҳисоб беради.


2. Тергов департаменти ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига, Ўзбекистон Республикасининг "Ички ишлар органлари тўғрисида"ги Қонуни ва бошқа қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларига, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишларига, Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазирининг буйруқлари ва фармойишларига, шунингдек ушбу Низомга амал қилади.


3. Тергов департаменти ўз фаолиятига доир масалалар бўйича ўрнатилган тартибда ички ишлар органларининг бошқа бўлинмалари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва бошқа давлат органлари ҳамда ташкилотлари, оммавий ахборот воситалари, шунингдек Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларига мувофиқ хорижий давлатларнинг ваколатли органлари билан ўзаро ҳамкорликни амалга оширади.


4. Ички ишлар органлари тергов бўлинмалари тизимига қуйидагилар киради:

Тергов департаменти;

Ўзбекистон Республикаси ИИВ Транспортда жамоат хавфсизлигини таъминлаш бошқармаси ҳузуридаги тергов бўлими;

Қорақалпоғистон Республикаси ИИВ, Тошкент шаҳар ички ишлар бош бошқармаси, вилоятлар ички ишлар бошқармалари ҳузуридаги тергов бошқармалари;

туманлар (шаҳарлар) ички ишлар бошқармалари (бўлимлари), транспортда жамоат хавфсизлигини таъминлаш бўлимлари ҳузуридаги тергов бўлимлари (бўлинмалари, гуруҳлари).


5. Тергов департаменти Ўзбекистон Республикасининг Давлат герби тасвири туширилган ва ўзининг тўлиқ номи ёзилган муҳри ва бланкасига, штампига эга, шунингдек Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазири томонидан таъсис этиладиган Тергов департаменти фаолиятининг ўзига хос хусусиятини акс эттирадиган рамзига эга бўлиши мумкин.



2-БОБ. ТЕРГОВ ДЕПАРТАМЕНТИНИНГ

АСОСИЙ ВАЗИФАЛАРИ ВА ФУНКЦИЯЛАРИ


6. Қуйидагилар Тергов департаментининг асосий вазифалари ҳисобланади:

жиноятларни тергов қилиш амалиётини комплекс ва тизимли таҳлил қилиш, шу жумладан жиноятларнинг содир этилиши сабаблари ва бунга имкон яратадиган шарт-шароитларни аниқлаш, шунингдек уларни бартараф этиш чораларини кўриш;

ички ишлар органларининг тергов бўлинмалари фаолиятини ташкил этиш ва мувофиқлаштириш, жиноятларни ўз вақтида фош этиш, ҳар томонлама, тўла ва холисона тергов қилинишини, суриштирув ва дастлабки терговни юритишда қонунийликка сўзсиз риоя этилишини таъминлаш, шунингдек тергов бўлинмаларининг кадрлар таркибини шакллантириш ва ходимларнинг малакасини оширишни ташкил этиш;

ички ишлар органларининг тергов бўлинмаларига суриштирув ва дастлабки терговни юритишда услубий ва амалий ёрдам кўрсатиш, шунингдек ўта мураккаб, вилоятлараро хусусиятга эга, республикада шов-шувга сабаб бўлган, шу жумладан уюшган жиноий гуруҳлар ва уюшмалар томонидан содир этилган жиноятларни бевосита тергов қилиш;

қонунчилик, ҳуқуқни қўллаш амалиётини ҳамда суриштирув ва дастлабки терговни ташкил этишнинг шакл ҳамда услубларини янада такомиллаштиришга доир таклифлар ишлаб чиқиш ва амалга ошириш.


7. Зиммасига юклатилган вазифаларга мувофиқ Тергов департаменти қуйидаги функцияларни амалга оширади:


а) жиноятларни тергов қилиш амалиётини комплекс ва тизимли таҳлил қилиш, шу жумладан жиноятларнинг содир этилиши сабаблари ва бунга имкон яратадиган шарт-шароитларни аниқлаш, шунингдек уларни бартараф этиш чораларини кўриш соҳасида:

жиноят ишларини тергов қилиш амалиётини, ички ишлар органларининг тергов бўлинмаларида суриштирув ва дастлабки терговнинг асосий кўрсаткичларини умумлаштириш, таҳлил қилиш, баҳолаш;

жиноятларнинг содир этилиши сабаблари ва бунга имкон яратадиган шарт-шароитларни аниқлаш, умумлаштириш ва таҳлил қилиш, шунингдек уларни бартараф этиш бўйича комплекс чора-тадбирларни ишлаб чиқиш;

ички ишлар органларининг тергов бўлинмаларида бошқарув амалиётини ўрганиш, уларнинг фаолиятидаги долзарб муаммоларни ва уларни ҳал этиш йўлларини аниқлаш;

Ўзбекистон Республикаси ИИВ фаолиятини жорий ва истиқболли режалаштиришда, ички ишлар органлари тергов бўлинмалари ривожланишининг асосий йўналишлари концепцияларини ишлаб чиқишда иштирок этиш;

тергов бўлинмалари фаолиятининг аҳволи тўғрисида, жиноятларни тергов қилишнинг муаммоли масалалари юзасидан ахборот-таҳлилий маълумотларни тайёрлаш ва тегишли таклифларни Ўзбекистон Республикаси ИИВ раҳбариятига киритиш;

ички ишлар органларининг тергов бўлинмалари ваколатига кирувчи масалалари юзасидан ҳисобга олиш, маълумотлар базаси, ахборот тизимларини шакллантириш ва юритишни ташкил этиш ва амалга ошириш;

ижобий хорижий ва миллий иш тажрибасини, суриштирув ва дастлабки терговнинг замонавий воситалари, шакллари, усуллари ва тактик услубларини ўрганиш ва амалий фаолиятга жорий этиш;

ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўйича профилактик тадбирларни ташкил этиш ва ўтказиш, шу жумладан оммавий ахборот воситалари ва фуқаролик жамияти институтлари билан ҳамкорликни амалга ошириш;


б) ички ишлар органларининг тергов бўлинмалари фаолиятини ташкил этиш ва мувофиқлаштириш, жиноятларни ўз вақтида фош этиш, ҳар томонлама, тўла ва холисона тергов қилинишини, суриштирув ва дастлабки терговни юритишда қонунийликка сўзсиз риоя этилишини таъминлаш, шунингдек тергов бўлинмаларининг кадрлар таркибини шакллантириш ва ходимларнинг малакасини оширишни ташкил этиш соҳасида:

жиноятларни ҳар томонлама, тўла ва холисона тергов қилинишини, жиноят ишлари бўйича суриштирув ва дастлабки терговни юритишда қонунийликка сўзсиз риоя этилишини таъминлашга қаратилган тадбирларни комплекс режалаштиришни ташкил этиш ва амалга ошириш;

ички ишлар органларининг тергов бўлинмалари фаолиятини текширишни ўтказиш, суриштирув ва дастлабки терговни ташкил этишда аниқланган хато ва камчиликларни бартараф этиш чораларини кўриш ва мазкур чораларнинг амалга оширилишини назорат қилиш;

ички ишлар органларининг тергов бўлинмалари фаолияти устидан процессуал ва идоравий назоратни амалга ошириш;

ички ишлар органларининг тергов бўлинмаларида ҳисобга олиш-қайд этиш интизомига риоя этилишини таъминлаш;

жиноятлар ҳақидаги аризалар ва хабарларни кўриб чиқишда қонунийликка риоя этилиши бўйича ички ишлар органларининг тергов бўлинмалари фаолиятини ўрганишни ташкил этиш ва амалга ошириш;

ички ишлар органларининг тергов бўлинмалари томонидан дастлабки терговни тўхтатиш, жиноят ишларини тугатишнинг асослилигини ўрганиш, аниқланган камчиликларни бартараф этиш бўйича кўрсатмалар ишлаб чиқиш ва уларнинг бартараф этилишини назорат қилиш;

жиноят содир этганликда айбланаётган шахсларга ўз вақтида қидирув эълон қилиниши устидан назоратни амалга ошириш;

ҳудудий ички ишлар органларида тўхтатилган жиноят ишлари ва ашёвий далилларнинг сақланишини, шунингдек уларнинг ҳисоби тўғри юритилаётганини назорат қилиш;

суриштирув ва дастлабки терговни амалга оширишда ички ишлар органларининг бошқа бўлинмалари, давлат органлари ва ташкилотлари билан ҳамкорликни ташкил этиш ва таъминлаш;

Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларига мувофиқ хорижий давлатларнинг ваколатли органларидан келиб тушган жиноят ишлари бўйича ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш ҳақидаги сўровлари ижросини ташкил этиш, шунингдек худди шундай сўровларни хорижий давлатларнинг ваколатли органларига юбориш;

хорижий давлатларнинг ваколатли органларига жиноий таъқибни амалга ошириш мақсадида жиноят ишларини ўрнатилган тартибда юбориш, хорижий давлатларнинг ваколатли органлари томонидан юборилган жиноят ишларининг тергов қилинишини таъминлаш;

жиноят-процессуал қонунчилигининг Ўзбекистон Республикасининг жиноий суд ишларини юритиш соҳасидаги халқаро ҳамкорлик масалаларига оид қисми талаблари ижросини таъминлаш;

жиноятларни тергов қилишда ахборот-таҳлил, криминалистика ва тезкор-маълумотлар тизимидан самарали фойдаланишни таъминлаш;

қуйи бўғинлар фаолиятини мувофиқлаштириш ва ҳамкорлигини таъминлаш, маълумотлар базасини шакллантириш, тергов ҳаракатларини амалга ошириш, далилларни тўплаш мақсадида ички ишлар органлари тергов бўлинмаларининг амалиётига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш;

ички ишлар органларининг тергов бўлинмаларида ишлашга касбий тайёргарлиги, ахлоқий-психологик, иродали ва маънавий фазилатларга эга бўлган кадрларни танлаб олишни ташкил этиш ва амалга ошириш;

ички ишлар органларининг тергов бўлинмалари ходимлари ўртасида хизмат интизоми ва қонунийлик бузилиши ҳолатларининг олдини олиш борасида ишларни ташкил этиш ва амалга ошириш, уларга нисбатан хизмат текширувларини ўтказиш, текширув натижалари бўйича тегишли чоралар кўриш;

ички ишлар органларининг тергов бўлинмалари ходимларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини оширишни ташкил этиш, ходимлар касбий тайёргарлигининг юқори даражасини таъминлаш учун ўқитишнинг замонавий технологиялари ва усулларидан кенг фойдаланиш;


в) ички ишлар органларининг тергов бўлинмаларига услубий ва амалий ёрдам кўрсатиш, шунингдек жиноятларни тергов қилиш соҳасида:

ички ишлар органларининг тергов бўлинмалари фаолияти устидан ташкилий-услубий раҳбарликни амалга ошириш;

ички ишлар органларининг тергов бўлинмаларига жиноятларни фош этиш ва тергов қилишда амалий ёрдам кўрсатиш, шунингдек суриштирув ва дастлабки терговни ташкил этиш бўйича услубий ва бошқа материалларни ишлаб чиқиш;

ўта мураккаб, вилоятлараро хусусиятга эга, шов-шувга сабаб бўлган, шу жумладан уюшган жиноий гуруҳлар ва уюшмалар томонидан содир этилган жиноятларни бевосита тергов қилиш;

ички ишлар органларининг тергов бўлинмаларига суриштирув ва дастлабки терговни амалга ошириш ва ташкил этишда амалий ёрдам кўрсатиш, алоҳида тоифадаги жиноят ишларини назоратдаги иш юритувини олиб бориш;

ички ишлар органлари тергов бўлинмаларининг суриштирув ва дастлабки терговни амалга ошириш борасидаги фаолияти самарадорлигини таҳлил ва мониторинг қилиш, уни янада ошириш борасида чоралар ишлаб чиқиш;

ички ишлар органларининг тергов бўлинмалари фаолиятини ташкил этиш масалалари бўйича таҳлилий материаллар, шунингдек суриштирув ва дастлабки терговни ташкил этиш бўйича кўрсатмалар тайёрлаш;

суриштирув ва дастлабки терговни ташкил этиш масалалари бўйича услубий ва бошқа материалларни ишлаб чиқиш ва ички ишлар органларининг тергов бўлинмаларига тарқатиш;


г) қонунчилик, ҳуқуқни қўллаш амалиётини ҳамда суриштирув ва дастлабки терговни ташкил этишнинг шакл ҳамда услубларини янада такомиллаштиришга доир таклифлар ишлаб чиқиш ва амалга ошириш соҳасида:

суриштирув ва дастлабки тергов масалаларига доир норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва бошқа ҳужжатлар лойиҳаларини бевосита ишлаб чиқиш ва ишлаб чиқишда иштирок этиш;

Тергов департаменти фаолияти масалаларига доир Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари, шунингдек идоралараро ҳужжатлар ва келишувлар лойиҳаларини ўрнатилган тартибда ишлаб чиқиш ва Ўзбекистон Республикаси ИИВ манфаатдор бўлинмалари билан ҳамкорликда ишлаб чиқишда иштирок этиш;

Тергов департаменти фаолияти масалаларига доир Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари, норматив-ҳуқуқий ва бошқа ҳужжатлар лойиҳалари юзасидан хулосаларни тайёрлаш ва тайёрлашда иштирок этиш.

Тергов департаменти қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа функцияларни ҳам амалга ошириши мумкин.



3-БОБ. ТЕРГОВ ДЕПАРТАМЕНТИНИНГ

ҲУҚУҚЛАРИ, МАЖБУРИЯТЛАРИ ВА ЖАВОБГАРЛИГИ


8. Тергов департаменти зиммасига юклатилган вазифалар ва функцияларни бажариш учун қуйидаги ҳуқуқларга эга:

Ўзбекистон Республикаси ИИВ бўлинмаларидан, бошқа давлат органлари ва ташкилотларидан бошқарув қарорларини қабул қилиш, ахборот-таҳлиллар ва ҳисобот маълумотларини тайёрлаш учун зарур бўлган ҳужжатларни (уларнинг нусхаларини), маълумотлар ва бошқа материалларни сўраш ва олиш;

ички ишлар органларининг тергов бўлинмалари ҳужжатлари ва материаллари билан танишиш, уларнинг ижроси юзасидан зарур бўлган маълумотларни олиш;

бошқарув қарорларини ишлаб чиқишда, Ўзбекистон Республикаси ИИВ ҳайъатида ва тезкор йиғилишларда кўриб чиқилиши учун ахборот-таҳлиллар ва бошқа ҳужжатларни тайёрлашда Ўзбекистон Республикаси ИИВ тегишли хизматларини ўрнатилган тартибда жалб этиш;

давлат органлари ва бошқа ташкилотларига, мансабдор шахсларга киритиладиган жиноятнинг сабабларини ва унинг содир этилишига имкон яратадиган шарт-шароитларни бартараф этиш тўғрисидаги ижро этилиши мажбурий бўлган тақдимномаларни тайёрлаш;

терговга қадар текширув материаллари ва жиноят ишлари юритуви бўйича жисмоний шахслар ва юридик шахсларнинг вакилларини чақириш, улардан тушунтиришлар, ҳужжатлар, уларнинг нусхаларини олиш, шунингдек узрсиз сабабларга кўра келишдан бўйин товлаётган шахсларни ўрнатилган тартибда мажбурий келтириш;

қонун ҳужжатларида ўрнатилган тартибда тергов ҳаракатларини олиб бориш, уларни юритишга мутахассислар ва экспертларни жалб этиш, илмий-техник воситалардан фойдаланиш;

қонун ҳужжатларида ўрнатилган тартибда ички ишлар органларининг бошқа бўлинмаларидан айрим тергов ҳаракатларини ўтказишда кўмаклашишни талаб қилиш;

ички ишлар органларининг тергов бўлинмаларига юкланган вазифаларни амалга ошириш мақсадида ички ишлар органларининг маълумотлар базасидан фойдаланиш;

ўз ваколатларига кирувчи масалалар бўйича тезкор-қидирув юритувидаги материаллар, хизмат текширувлари материаллари ва бошқа ҳужжатлар билан танишиш;

ички ишлар органларининг тергов бўлинмаларига бажарилиши мажбурий бўлган кўрсатмалар бериш;

ички ишлар органларининг тергов бўлинмалари юритувида бўлган жиноят ишларини ўрганиш учун талаб қилиб олиш;

ички ишлар органларининг тергов бўлинмаларида қонунийликка ва интизомга риоя этилиши аҳволини текшириш;

ички ишлар органларининг тергов бўлинмалари моддий-техник таъминотини яхшилаш, ходимларининг малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш бўйича таклифларни киритиш.

Тергов департаменти қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.


9. Тергов департаменти қуйидаги мажбуриятларга эга:

ўз ваколатлари доирасида фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини, жисмоний ва юридик шахсларнинг мулкини, шахс, жамият ва давлат хавфсизлигини ҳимоя қилиш чораларини кўриш;

ўз ваколатлари доирасида жиноятлар фактлари бўйича жиноят ишларини қўзғатиш, суриштирув ва дастлабки тергов давомида қонунийликка сўзсиз риоя этилишини таъминлаш;

зарур ҳолатларда Тергов департаменти ходимларининг ҳодиса жойига чиқишини таъминлаш;

ички ишлар органлари тергов бўлинмаларининг иш фаолияти ҳақидаги зарур маълумотларни тайёрлаш ва Ўзбекистон Республикаси ИИВ раҳбариятига тақдим этиш;

Тергов департаменти қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа мажбуриятларга ҳам эга бўлиши мумкин.


10. Тергов департаменти зиммасига юклатилган вазифалар ва функцияларнинг самарали бажарилиши учун жавобгардир.



4-БОБ. ТЕРГОВ ДЕПАРТАМЕНТИ

ФАОЛИЯТИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ


11. Тергов департаментига Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазирининг ўринбосари - Тергов департаменти бошлиғи бошчилик қилади.

Тергов департаменти бошлиғи Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимдан озод этилади.

Тергов департаменти бошлиғи ўрнатилган тартибда Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазири томонидан лавозимга тайинланадиган ва лавозимдан озод этиладиган икки нафар ўринбосарга, шу жумладан бир нафар биринчи ўринбосарга эга.


12. Тергов департаменти бошлиғи:

Тергов департаменти фаолиятига раҳбарлик қилади ва Тергов департаментига юклатилган вазифалар, функциялар ва мажбуриятларини лозим даражада бажарилиши учун шахсан жавобгар бўлади;

жиноят-процессуал қонунчилигига мувофиқ процессуал ваколатлардан фойдаланади;

ўзининг ўринбосарлари ўртасида мажбуриятларни тақсимлайди, уларга юклатилган мажбуриятларнинг бажарилишини назорат қилади;

Тергов департаментининг иш режаларини тасдиқлайди;

ўзининг ваколати доирасида ички ишлар органлари тергов бўлинмаларининг барча шахсий таркиби томонидан бажарилиши мажбурий бўлган кўрсатмалар чиқаради ва раҳбариятга фармойишлар лойиҳаларини киритади;

жиноятларни тергов қилишда тергов бўлинмаларининг ички ишлар органларининг бошқа бўлинмалари билан ҳамкорлигини мувофиқлаштиради;

ички ишлар органларининг тергов бўлинмалари кадрларини танлаш, жой-жойига қўйиш, бошқа лавозимга ўтказиш ва касбий тайёрлашни, шахсий таркибини тарбиялашни, хизмат интизомига риоя этишни таъминлайди ва ташкил этади, ўрнатилган тартибда ходимларни қайта тайёрлаш ва малакасини оширишни ташкил этади;

Ўзбекистон Республикаси ИИВ раҳбариятига ўрнатилган тартибда Тергов департаменти ходимларига махсус унвонлар бериш, уларни рағбатлантириш, шу жумладан тақдирлаш, уларга нисбатан интизомий жазолар қўллаш ҳақида таклифлар киритади;

Тергов департаменти ходимларини ўрнатилган тартибда хизмат сафарларига юборади;

ўз ваколатлари доирасида Тергов департаменти ходимларига таътил беради;

ўрнатилган тартибда Тергов департаментида сафарбарлик тайёргарлигини таъминлайди ва ташкил этади, шунингдек Тергов департаментда фуқаро муҳофазаси тадбирлари бажарилишини таъминлайди;

Тергов департаментида махфийлик тартиботига риоя этилиши учун жавобгардир;

ички ишлар органларининг тергов бўлинмалари фаолиятини бевосита ёки ўзининг ўринбосарлари орқали назорат қилади;

ички ишлар органларининг тергов бўлинмалари раҳбарларининг ҳисоботларини эшитади;

жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари бўйича ички ишлар органлари тергов бўлинмалари ходимларининг хатти-ҳаракатлари қонунийлигини, шунингдек ходимлар томонидан ҳар бир аниқланган қонунчилик бузилиши ҳолатларини ўрнатилган тартибда текширилишини таъминлайди;

Тергов департаменти бўлинмаларининг штатлар сонини қайта тақсимлаш тўғрисида таклифлар киритади;

Тергов департаменти ваколатига кирувчи бошқа ваколатларни амалга оширади.


13. Тергов департаменти бошлиғи йўқлигида унинг ваколатлари биринчи ўринбосар томонидан амалга оширилади.


14. Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, Тошкент шаҳар ички ишлар бош бошқармаси, вилоятлар ички ишлар бошқармалари ҳузуридаги тергов бошқармаларига тегишлича Қорақалпоғистон Республикаси ички ишлар вазирининг ўринбосари, Тошкент шаҳар ички ишлар бош бошқармаси, вилоятлар ички ишлар бошқармалари бошлиқларининг ўринбосарлари бошчилик қилади.

Туманлар (шаҳарлар) ички ишлар бошқармалари (бўлимлари) ҳузуридаги жами штатлар сони 10 тадан кам бўлмаган тергов бўлимларига туманлар (шаҳарлар) ички ишлар бошқармалари (бўлимлари) бошлиқларининг ўринбосарлари бошчилик қилади.


15. Тергов департаментининг ходимлари, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг Транспортда жамоат хавфсизлигини таъминлаш бошқармаси ҳузуридаги тергов бўлими бошлиғи ва ходимлари, Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, Тошкент шаҳар ички ишлар бош бошқармаси, вилоятлар ички ишлар бошқармалари ҳузуридаги тергов бошқармалари бошлиқлари, Тошкент шаҳрининг туман ички ишлар бошқармалари (бўлими) ҳузуридаги тергов бўлимлари бошлиқлари, "Тошкент-Марказий" вокзали ва "Тошкент" аэропортида жамоат хавфсизлигини таъминлаш бўлимлари ҳузуридаги тергов бўлинмалари бошлиқлари ва ходимлари Тергов департаменти бошлиғининг тақдимномасига биноан Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазири томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимдан озод этилади.

Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, Тошкент шаҳар ички ишлар бош бошқармаси, вилоятлар ички ишлар бошқармалари ҳузуридаги тергов бошқармалари, Тошкент шаҳрининг туман ички ишлар бошқармалари (бўлими) ҳузуридаги тергов бўлимлари ходимлари, туманлар (шаҳарлар) ички ишлар бошқармалари (бўлимлари) ҳузуридаги тергов бўлимлари (бўлинмалари, гуруҳлари), транспортда жамоат хавфсизлигини таъминлаш бўлимлари ҳузуридаги тергов бўлинмалари бошлиқлари ва ходимлари Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, Тошкент шаҳар ички ишлар бош бошқармаси, вилоятлар ички ишлар бошқармалари ҳузуридаги тергов бошқармалари бошлиқларининг тақдимномасига биноан Қорақалпоғистон Республикаси ички ишлар вазири, Тошкент шаҳар ички ишлар бош бошқармаси, вилоятлар ички ишлар бошқармалари бошлиқлари томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимдан озод этилади.


16. Тергов бўлинмалари суриштирув ва дастлабки терговни ташкил этиш ва амалга ошириш масалалари бўйича юқори турувчи тергов бўлинмаларига ва Тергов департаментига бўйсунади ва ҳисоб беради, ички ишлар органларида хизматни ўташ масалалари бўйича эса - тегишлича Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг Транспортда жамоат хавфсизлигини таъминлаш бошқармаси бошлиғи, Қорақалпоғистон Республикаси ички ишлар вазири, Тошкент шаҳар ички ишлар бош бошқармаси, вилоятлар ички ишлар бошқармалари, туманлар (шаҳарлар) ички ишлар бошқармалари (бўлимлари), шунингдек транспортда жамоат хавфсизлигини таъминлаш бўлимлари бошлиқларига бўйсунади ва ҳисоб беради.



5-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР


17. Тергов департаменти фаолияти устидан назорат Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазири томонидан амалга оширилади.

Ички ишлар органлари тергов бўлинмаларининг процессуал фаолияти устидан назорат қонун билан белгиланган ваколатлари доирасида Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси томонидан амалга оширилади.


18. Иш юритиш ва махфийлик тартиботи бўйича тадбирлар Тергов департаменти томонидан мустақил равишда қонунда ўрнатилган тартибда амалга оширилади.



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2017 йил 1 май, 17-сон, 290-модда