Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 20.04.2017 й. ПҚ-2907-сон "Газ таъминоти тизимида бозор механизмларини кенг жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Қарори

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ПРЕЗИДЕНТИНИНГ

ҚАРОРИ

20.04.2017 й.

N ПҚ-2907



ГАЗ ТАЪМИНОТИ ТИЗИМИДА

БОЗОР МЕХАНИЗМЛАРИНИ КЕНГ ЖОРИЙ

ЭТИШ ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА


Газ таъминоти тизимини самарали бошқаришни шакллантириш ва бозор механизмларини кенг жорий этиш, уни модернизация қилиш, техник ва технологик қайта жиҳозлаш учун инвестицияларни ҳар тарафлама жалб этиш, кўрсатилаётган хизматлар сифатини ошириш ҳамда етказиб берилган табиий газ учун ҳисоб-китобларни ўз вақтида амалга оширишни таъминлаш мақсадида:


1. "Ўзбекнефтгаз" МХК, "Ўзтрансгаз" АК ва Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг газ тақсимлаш тармоқларидан фойдаланиш ва табиий газ сотиш функцияларини амалга ошириш учун, газ таъминотининг туман (шаҳар) филиалларига ёки уларнинг участкаларига бириктирилган газ таъминоти объектларини танловлар ўтказиш натижаларига кўра, 2017 йилнинг 1 июнидан бошлаб хусусий операторларга ишончли бошқарувга топшириш бўйича тажриба лойиҳаларини амалга ошириш тўғрисидаги таклифи қабул қилинсин.


2. Қуйидагилар:

газ тақсимлаш тармоқларидан фойдаланиш ва табиий газ сотиш функцияларини амалга ошириш учун хусусий операторлар ишончли бошқарувига топшириладиган газ таъминоти туман (шаҳар) филиалларига ёки уларнинг участкаларига бириктирилган газ таъминоти объектларининг рўйхати 1-иловага* мувофиқ;

газ тақсимлаш тармоқларидан фойдаланиш ва табиий газ сотиш функцияларини амалга ошириш учун ишончли бошқарувга топшириладиган хусусий операторларни танлаб олиш бўйича танлов комиссиясининг таркиби 2-иловага* мувофиқ тасдиқлансин.


3. Хусусий операторларни танлаб олиш бўйича танлов комиссиясига қуйидаги ҳуқуқлар берилсин:

газ тақсимлаш тармоқларидан фойдаланиш ва табиий газ сотиш функцияларини амалга ошириш учун хусусий операторларга ишончли бошқарувга топшириладиган газ таъминоти туман (шаҳар) филиалларига ёки уларнинг участкаларига бириктирилган газ таъминоти объектларини тасдиқланган рўйхатга мувофиқ белгилаш;

хусусий операторларга сотилган табиий газ қийматининг 21 фоизидан ортиқ бўлмаган миқдорда воситачилик мукофотини белгилаш.


4. Белгилансинки:

хусусий операторлар ходимлар сонидан қатъи назар, ягона солиқ тўловчилари ҳисобланади;

табиий ва суюлтирилган газни сотишдан тушадиган маблағлар бевосита "Ўзтрансгаз" АКнинг ҳисобварақларига туширилади;

хусусий операторлар табиий газ сотиш ишончли бошқарув шартномалари асосида табиий газ сотиш бўйича фаолиятни амалга ошириш ҳуқуқини берадиган лицензия олмасдан, лицензия талаблари ва шартларига сўзсиз риоя қилган ҳолда амалга оширадилар.


5. Белгилаб қўйилсинки:

2017 йилнинг 1 июнидан бошлаб, етказиб берилган табиий газ учун қарзи бўлиб, тармоқдан узиб қўйилган истеъмолчилар газ таъминоти тармоқларига қайта уланиши учун Ўзбекистон Республикасида белгиланган энг кам ойлик иш ҳақининг икки баробари миқдорда тўлов ундирилади;

маиший истеъмолчиларга табиий газни ҳисоблаш замонавий электрон ускуналарини харид қилиш, ўрнатиш ва кейинчалик хизмат кўрсатиш "Ўзтрансгаз" АКнинг шахсий маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.

6. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси икки ҳафта муддатда газ таъминоти объектларини топшириш жараёнларини, газ тақсимлаш тармоқларидан фойдаланиш ва табиий газ сотиш функцияларини амалга ошириш учун ишончли бошқарувга топшириш ва хусусий операторларни танлаб олиш бўйича танловларни ўтказиш тартибини назарда тутган ҳолда, Газ тақсимлаш тармоқларидан фойдаланиш ва табиий газ сотиш функцияларини амалга ошириш учун газ таъминоти объектларини хусусий операторларга ишончли бошқарувга топшириш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқласин.


7. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Давлат солиқ қўмитаси, Марказий банк, "Ўзбекнефтгаз" МХК, "Ўзбекэнерго" АЖ ва "Ўзкимёсаноат" АЖ билан биргаликда, етказиб бериладиган табиий газ учун иқтисодиёт тармоқларининг энергетика, нефть-газ, кимё ва қишлоқ хўжалиги ташкилотларининг банк ҳисобварақларидаги пул маблағларини тақсимлаш тартиби ва механизмини назарда тутадиган таклифларни бир ой муддатда Вазирлар Маҳкамасига киритсин.


8. Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги республика газ таъминоти тизимига хусусий операторларни жалб этиш бўйича кўрилаётган чоралар тўғрисида тадбиркорлик субъектлари кенг хабардор қилинишини таъминласин.


9. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н. Арипов зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикаси Президенти                            Ш. Мирзиёев



*) 1-2-иловалар рус тилидаги матнда берилган.



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2017 йил 10 май, 18-сон, 312-модда