Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 06.06.2017 й. Ф-4957-сон "2015-2019 йилларда Марказий Осиё давлатлари учун Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Наркотик моддалар ва жиноят бошқармаси Дастурларини амалга ошириш доирасида тақдим этилаётган ускуналар, техника ва транспорт воситаларидан самарали фойдаланишни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Фармойиши

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ПРЕЗИДЕНТИНИНГ

ФАРМОЙИШИ

06.06.2017 й.

N Ф-4957



2015-2019 ЙИЛЛАРДА МАРКАЗИЙ ОСИЁ

ДАВЛАТЛАРИ УЧУН БИРЛАШГАН МИЛЛАТЛАР

ТАШКИЛОТИНИНГ НАРКОТИК МОДДАЛАР ВА ЖИНОЯТ

БОШҚАРМАСИ ДАСТУРЛАРИНИ АМАЛГА ОШИРИШ

ДОИРАСИДА ТАҚДИМ ЭТИЛАЁТГАН УСКУНАЛАР,

ТЕХНИКА ВА ТРАНСПОРТ ВОСИТАЛАРИДАН

САМАРАЛИ ФОЙДАЛАНИШНИ ТАЪМИНЛАШ

ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА



2015-2019 йилларда Марказий Осиё давлатлари учун Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Наркотик моддалар ва жиноят бошқармаси (кейинги ўринларда - БМТ ГЖБ дастури) Дастурларини амалга ошириш доирасида тақдим этилаётган ускуналар, техника ва транспорт воситаларидан самарали фойдаланишни таъминлаш мақсадида:


1. Маълумот учун қабул қилинсинки, БМТнинг ГЖБ Дастури 1-дастури (кейинги ўринларда - дастур) "Идоралараро мобил гуруҳларни ташкил этиш йўли орқали Ўзбекистонда афғон гиёҳванд моддалари контрабандасига қарши курашиш" компоненти мақсадларига мувофиқ ва амалга ошириш доирасида Ўзбекистон Республикаси Миллий хавфсизлик хизмати, Ички ишлар вазирлиги, Давлат божхона қўмитаси ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Наркотик моддаларни назорат қилиш миллий ахборот-таҳлил марказига тезкор бошқарув ҳуқуқида хизматда фойдаланиш учун иловага* мувофиқ рўйхат бўйича ускуналар, техника ва транспорт воситалари беғараз топширилмоқда.


2. Ўзбекистон Республикаси Миллий хавфсизлик хизмати, Ички ишлар вазирлиги, Давлат божхона қўмитаси ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Наркотик моддаларни назорат қилиш миллий ахборот-таҳлил маркази лойиҳа доирасида тақдим этилаётган ускуналар, техника ва транспорт воситаларидан самарали ва мақсадли фойдаланиш юзасидан, Ўзбекистон томонидан масъул ижрочи органлари этиб белгилансин.


3. Ўзбекистон Республикаси Миллий хавфсизлик хизмати, Ички ишлар вазирлиги, Давлат божхона қўмитаси ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Наркотик моддаларни назорат қилиш миллий ахборот-таҳлил маркази лойиҳа доирасида тақдим этилган ускуналар, техника ва транспорт воситаларини белгиланган тартибда қабул қилишни ва ундан самарали ва мақсадли фойдаланишни таъминласин.


4. Лойиҳани амалга ошириш доирасида:

ускуналар, техника ва транспорт воситалари божхона тўловларидан (божхона расмийлаштируви йиғимларидан ташқари);

хорижда ва юртимизда ишлаб чиқарилган транспорт воситалари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Республика йўл жамғармасига тўланадиган йиғимлардан;

ускуналар, техника ва транспорт воситаларини мажбурий сертификатлаш жараёнларидан озод этилсин.


5. Мазкур фармойишнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н. Арипов зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикаси Президенти                           Ш. Мирзиёев



*) Илова рус тилидаги матнда берилган.



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2017 йил 12 июнь, 23-сон, 463-модда