Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Ўзбекистон Республикаси Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 02.06.2017 й. 340-сон қарорига 1-илова)

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

Вазирлар Маҳкамасининг

2017 йил 2 июндаги

340-сон қарорига

1-ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси Уй-жой коммунал

хизмат кўрсатиш вазирлиги тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Низом Ўзбекистон Республикаси Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлигининг (кейинги ўринларда Вазирлик деб аталади) асосий вазифалари, функциялари, ҳуқуқлари, жавобгарлигини, шунингдек фаолиятининг ташкилий асосларини белгилайди.


2. Вазирлик уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш соҳасида давлат бошқаруви органи ҳисобланади ва ўз фаолияти юзасидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига ҳисобот беради.


3. Вазирлик тизимига Қорақалпоғистон Республикаси Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги, вилоятлар уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш бошқармалари, Тошкент шаҳри Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш бош бошқармаси, Кўп хонадонли уй-жой фондидан фойдаланишни назорат қилиш инспекцияси, Ичимлик сувидан фойдаланишни назорат қилиш инспекцияси, "Кўп хонадонли уйларни, иссиқлик таъминоти объектларини қуриш бўйича инжиниринг компанияси" давлат унитар корхонаси, "Сув таъминоти ва канализация объектлари қурилиши бўйича инжиниринг компанияси" давлат унитар корхонаси, "Коммуналўқув" ўқув-методик маркази, Ўзбеккоммуналлойиҳақурилиш" давлат унитар корхонаси ҳамда Вазирликка мансуб бошқа ташкилотлар киради.

4. Вазирлик ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ва қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларига, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишларига, бошқа қонун ҳужжатларига, шунингдек ушбу Низомга амал қилади.


5. Вазирлик ўз фаолиятини давлат бошқаруви органлари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ва бошқа ташкилотлар билан ўзаро ҳамкорликда амалга оширади.


6. Вазирликнинг ўз ваколатлари доирасида қабул қилган қарорлари давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, шунингдек юридик ва жисмоний шахслар томонидан бажарилиши мажбурий ҳисобланади.


7. Вазирлик юридик шахс ҳисобланади, мустақил балансга, бюджет ва бошқа банк ҳисоб рақамларига, Ўзбекистон Республикаси Давлат герби тасвири туширилган ва ўз номи давлат тилида ёзилган муҳрга, шунингдек ўз фаолиятини амалга ошириш учун зарур бўлган Ўзбекистон Республикаси Давлат герби тасвири туширилган ва Вазирлик номи ёзилган бланкаларга эга бўлади.


8. Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари Вазирликни сақлаб туриш харажатларини молиялаштириш манбалари ҳисобланади.



2-БОБ. ВАЗИРЛИКНИНГ АСОСИЙ

ВАЗИФАЛАРИ ВА ФУНКЦИЯЛАРИ


9. Қуйидагилар Вазирликнинг асосий вазифалари ҳисобланади:

уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш соҳасида ягона давлат сиёсатини юритиш ва тармоқлараро мувофиқлаштиришни амалга ошириш;

Ягона давлат сув фонди сувларини ҳисобга олиш, мониторинг олиб бориш, хавфсизлик ва сифатини таъминлаш, шунингдек, ягона сув балансини шакллантиришни мувофиқлаштириш;

кўп хонадонли арзон уйлар қуриш бўйича давлат дастурлари амалга оширилишини таъминлаш, кўп хонадонли арзон уйлар, сув таъминоти, канализация, иссиқлик таъминоти объектлари қурилиши бўйича буюртмачи функцияларини амалга ошириш, эски ва авария ҳолатидаги уй-жойлар бузилишини ташкил этиш;

кўп хонадонли уйларнинг техник ҳолатини мониторинг қилиш, шу жумладан, кўп хонадонли уй-жой фондини мукаммал ва жорий таъмирлаш ишларини ташкил этиш;

хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатлари фаолиятини мувофиқлаштириш, кўп хонадонли уй-жой фондини сақлаш, улардан фойдаланиш ва фойдаланиш харажатларини аниқлаш бўйича талабларга, кўп хонадонли уйларни техник жиҳатдан фойдаланиш қоидалари ва нормаларига, кўп хонадонли уйларга туташ ҳудудларнинг санитария нормалари, қоидалари ва гигиена нормативларига мувофиқ ҳолда сақланишига риоя этилиши юзасидан назоратни амалга ошириш;

ҳудудларни ободонлаштириш соҳасидаги муаммоларни ўрганиш ва методологик таъминлаш;

сув таъминоти ва канализация объектларини, иссиқлик таъминоти тизимларини аҳоли пунктларини ривожлантириш схемалари ва бош режалари билан боғлаган ҳолда ривожлантириш, модернизация ва реконструкция қилиш дастурларини ишлаб чиқиш ҳамда уларнинг сифатли бажарилишини ташкиллаштириш, мазкур соҳа ташкилотлари фаолиятини мувофиқлаштириш ва бошқарувини таъминлаш;

уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш тизимига ресурс ва энергия тежайдиган технологиялар ҳамда ускуналарни татбиқ этиш, жумладан, уй-жой коммунал хўжалиги объектларини замонавий ҳисоблаш ўлчов асбоблари билан жиҳозлаш, қурилиш-монтаж ишлари таннархининг пасайишини таъминлайдиган маҳаллий замонавий ва сифатли қурилиш материаллари ҳамда буюмларини кенг қўллаш;

уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш соҳасида норматив-ҳуқуқий базани такомиллаштириш бўйича таклифлар тайёрлаш, ривожланган хорижий мамлакатларнинг илғор тажрибасини инобатга олган ҳолда уй-жой коммунал хизмат кўрсатишнинг замонавий шакл ва усулларини ишлаб чиқиш ҳамда жорий этиш;

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги билан келишилган ҳолда сув таъминоти, канализация, иссиқлик таъминоти бўйича кўрсатиладиган хизматларга тариф сиёсатини шакллантириш, уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш соҳаси ташкилотларининг иқтисодий барқарорлигини мустаҳкамлаш юзасидан комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш;

уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш соҳаси учун кадрлар тайёрлаш бўйича таклифлар киритиш, ўқув стажировкаларини чет элларда ўтказишни назарда тутган ҳолда кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини оширишни ташкил этиш, замонавий ахборот-коммуникация технологиялари, дастурий маҳсулотлар, идоравий ахборот тизимлари ва маълумотлар базасини жорий этиш.


10. Вазирлик ўзига юкланган асосий вазифаларга мувофиқ қуйидаги функцияларни амалга оширади:

а) уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш соҳасида ягона давлат сиёсатини юритиш ва тармоқлараро мувофиқлаштиришни амалга ошириш соҳасида:

жисмоний ва юридик шахсларнинг уй-жой коммунал хизматларга бўлган талабини ўрганишни ташкил қилади, истеъмол эҳтиёжлари, уй-жой коммунал хизмат кўрсатишни ривожлантириш истиқболларини инобатга оладиган ижтимоий-иқтисодий прогнозларни тузади;

уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш соҳасини ривожлантиришнинг устувор йўналишларини белгилайди ва шу асосда тармоқ ва тармоқларо ҳамкорликни шакллантиради;

истеъмолчиларни уй-жой коммунал хизматлар билан таъминлаш даражасини ошириш, энергия тежайдиган замонавий технологияларни жорий қилиш ҳисобга олиниб, уларнинг сифатини яхшилашга қаратилган ижтимоий-иқтисодий ривожланиш бўйича давлат ва бошқа дастурларни ишлаб чиқишда иштирок этади;

кўп хонадонли уй-жой фонди, сув таъминоти, канализация, иссиқлик таъминоти соҳасида қурилиш, реконструкция ва модернизация қилишга доир комплекс инвестиция дастурлари, шунингдек, ҳудудларнинг коммунал инфратузилмасини янада ривожлантириш схемаларини ишлаб чиқади ва амалга оширилишини таъминлайди;

манфаатдор вазирликлар ва идоралар, жойлардаги ижро ҳокимияти органлари билан ҳамкорликда инвестиция лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш бўйича ташкилий ишларни бажариш орқали уй-жой коммунал хизмат кўрсатишнинг устувор йўналишларини ривожлантиришга инвестиция киритиш учун қулай шароитлар яратилишини таъминлайди;

уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш объектларини қуриш, реконструкция ва модернизация қилиш ҳамда энергия самарадорлигини оширишга оид вазифаларни ҳал этиш учун уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш соҳасига инвестиция жалб қилиш чораларини кўради;

кўп хонадонли уй-жой фондини бошқариш тизимини ислоҳ қилади, уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш инфратузилмасини қуриш, реконструкция ва модернизация қилиш бўйича давлат сиёсатини юритади;

уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш тизимига раҳбарлик қилади, тегишли ҳудудий таркибий бўлинмалар орқали уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш объектларидан фойдаланадиган ташкилотлар фаолиятини услубий таъминлайди ва мувофиқлаштиради, мазкур ташкилотларнинг уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш объектларидан техник жиҳатдан фойдаланиш қоида ва нормалари бажарилишини назорат қилади;

Вазирлик тасарруфидаги ташкилотларнинг аҳоли, ижтимоий соҳа объектлари ва иқтисодиёт тармоқларига уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш барқарорлигини таъминлашга доир ишларини ташкил этади;

уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш соҳаси объектларининг барқарор фаолиятини, республика ҳудудида уй-жой коммунал хизмат кўрсатишга оид норматив талабларга риоя этилишини таъминлайди;

ҳамкорликнинг турли шакллари, чунончи, давлат-хусусий шерикликдан фойдаланган ҳолда, янги бошқарув услубларини ишлаб чиқади ва уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш тизимига, хусусан, ичимлик сув таъминоти ва канализация соҳасига, шу жумладан қишлоқ жойларда жорий этишни таъминлайди;

тижорат банклари, давлат жамғармалари ва халқаро молия институтлари маблағларини жалб қилиш орқали қишлоқ жойларда уй-жой коммунал инфратузилма объектлари қурилишини молиялаштиришнинг янги схемаларини ишлаб чиқади ва белгиланган тартибда жорий этади;

кўп хонадонли уй-жой фонди, иссиқлик таъминоти, сув таъминоти ва канализация тизимларининг техник-иқтисодий ҳолати кўрсаткичларини мониторинг қилади;

уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш сифатини ошириш, уларнинг турларини кенгайтириш, ишлаб чиқаришнинг моддий ва энергия истеъмолини камайтиришга қаратилган инвестициявий ва илмий-техник сиёсатни амалга оширади;

жойлардаги ижро ҳокимияти органлари ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари билан кўп хонадонли уйларнинг сақланишини таъминлаш, уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш объектларининг барқарор ишлаши, шунингдек, уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш соҳасини ривожлантириш истиқболлари масаласи юзасидан ўзаро ҳамкорлик қилади;

уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш соҳасида ишлаб чиқаришни монополиядан чиқариш, рақобат ва тадбиркорликни ривожлантириш, давлат мулкини давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштириш тадбирларини амалга оширишда иштирок этади;

сув таъминоти, иссиқлик таъминоти ташкилотлари, "Таъмирлаш-тиклаш хизмати" ва "Ягона ҳисоб-китоб маркази" ДУК фаолияти самарадорлигининг иқтисодий нормативларини (кўрсаткичларини) тасдиқлайди, уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш соҳасида ягона иқтисодий, техник ва ҳисоб сиёсатини юритади, ташкилотлар ишлари самарадорлигини атрофлича таҳлил қилиш жараёнига методологик раҳбарлик қилади;

жойлардаги ижро ҳокимияти органлари билан ҳамкорликда уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш соҳасида хўжалик механизми ва бошқарув тузилмасини такомиллаштириш, уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш ташкилотлари фаолиятини яхшилаш бўйича иқтисодий воситалар ва рағбатлар таъсирини кучайтириш ҳамда аҳолига хизмат кўрсатиш маданиятини ошириш чораларини кўради;

Ўзбекистон Республикаси Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлигининг Уй-жой коммунал хўжалигини ривожлантириш жамғармаси маблағларини самарали бошқаришни таъминлайди;

республика аҳолисини уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш ташкилотлари фаолияти тўғрисида мунтазам хабардор қилади, жисмоний шахслар, шу жумладан якка тартибдаги тадбиркорлар ва юридик шахсларнинг Вазирлик ваколатига киритилган масалаларга тааллуқли мурожаатларини (таклифлари, аризалари ва шикоятларини) қонунчиликда белгиланган тартибда кўриб чиқади ва зарур чоралар кўради, жисмоний ва юридик шахсларни қабул қилади, уларнинг мурожаатлари билан боғлиқ ишлар ҳолатини таҳлил қилади, аҳоли билан яшаш жойида ишлашни ташкил қилади;

Вазирлик ташкилотларида меҳнат муҳофазаси ва техника хавфсизлигини таъминлаш, кўнгилсиз ҳолатлар, авария ва ёнғинларнинг олдини олиш тадбирлари бажарилишини мувофиқлаштиради;

ўз ваколати доирасида давлат мулкини бошқаради ва тасарруф этади;

б) кўп хонадонли уй-жой фондини сақлаш ва улардан фойдаланиш тизимини комплекс ривожлантириш ва такомиллаштириш соҳасида:

уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш соҳасини бошқариш борасида кўп хонадонли уй-жой фондидан фойдаланиш ва уларга хизмат кўрсатиш бўйича ишлар бозорини ривожлантириш имконини берадиган амалий вертикал тизимни яратишга оид комплекс чора-тадбирларни амалга оширади;

кўп хонадонли уй-жой фондини таъмирлаш, ободонлаштириш ва ундан фойдаланиш шароитларини яхшилаш бўйича дастурларни ўз вақтида амалга ошириш борасида комплекс тадбирларни таъминлайди;

мавжуд уй-жой мулкдорлари ширкатлари ва бошқарув компанияларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш ва янгиларини ташкил қилиш бўйича комплекс чора-тадбирларни амалга оширади;

кўп хонадонли уй-жой фондидан сифатли фойдаланиш ва унда таъмирлаш-тиклаш ишларини ўтказиш учун Вазирлик ҳудудий бўлинмалари ҳузуридаги "Таъмирлаш-тиклаш хизмати" ДУК фаолиятини мувофиқлаштиради;

кўп хонадонли уй-жой фондини таъмирлаш, ободонлаштириш ва ундан фойдаланиш шароитларини яхшилаш бўйича дастурлар доирасида лойиҳадан аввалги ва лойиҳа ҳужжатлари учун техник топшириқларни ишлаб чиқади ва тасдиқлайди;

инвестиция дастурларининг лойиҳа-смета ҳужжатларининг ва техник-иқтисодий ҳисоб-китобларининг, жумладан халқаро молия ташкилотлари кредитларини жалб этган ҳолда ўз вақтида ишлаб чиқилишини таъминлайди;

кўп хонадонли уй-жой фондини қуриш, реконструкция қилиш ва мукаммал таъмирлаш бўйича лойиҳа-смета ҳужжатларини ишлаб чиқиш ва бу борадаги ишларни амалга оширишга доир манзилли рўйхатларни тасдиқлайди;

кўп хонадонли уй-жой фондини таъмирлаш, ободонлаштириш ва ундан фойдаланиш шароитларини яхшилаш бўйича дастурларни амалга ошириш учун ажратиладиган маблағлардан самарали ва мақсадли фойдаланиш чораларини кўради;

кўп хонадонли уй-жой фондини таъмирлаш, ободонлаштириш ва ундан фойдаланиш шароитларини яхшилаш бўйича дастурларни амалга ошириш доирасида жалб қилинган буюртмачилар ва лойиҳа ташкилотлари ишларини мувофиқлаштиради;

ўз ваколати доирасида уй-жой муносабатлари соҳасига оид масалалар, жумладан яшаш мумкин бўлган иншоотлардан фойдаланиш қоидаларини тартибга солади;

кўп хонадонли уйда бино мулкдорларининг умумий мулкига нисбатан энергияни тежаш ва энергетика самарадорлигини ошириш бўйича бажарилиши шарт бўлган тадбирларни белгилайди;

аҳолини кўп хонадонли уйларни бошқариш ва бундай бошқарувни амалга оширадиган ташкилотларни назорат қилиш тизимининг фаолият кўрсатиши, уй-жой муносабатлари иштирокчиларининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари тўғрисида ахборот билан таъминлайди;

аҳоли учун арзон кўп хонадонли уйлар қуриш, аҳоли пунктларида жойлашган кўп хонадонли уйларни реконструкция қилиш, улардан фойдаланиш, сақлаш ва таъмирлаш, уларнинг техник ва фойдаланиш ҳолатини яхшилаш масаласида давлат бошқаруви органлари ва жойлардаги ижро ҳокимияти органлари фаолиятини мувофиқлаштиради;

кўп хонадонли уйда бино мулкдорларининг умумий мулкини сақлаш, фойдаланиш ва унинг энергетика самарадорлигини ошириш бўйича бажарилиши шарт бўлган тадбирлар рўйхатини тузади ва тасдиқлайди;

кўп хонадонли уй-жой фондининг турар жой биноларини яшаш учун яроқсиз деб тан олиш тадбирларини белгиланган тартибда амалга оширади;

кўп хонадонли уй-жой фондининг авария ҳолати мониторингини олиб боради;

кўп хонадонли уй-жой фондини куз-қиш даврида барқарор ишлашга тайёрлаш борасида жойлардаги ижро ҳокимияти органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатлари фаолиятини мувофиқлаштиради;

в) ичимлик сув таъминоти ва канализация тизимларини комплекс ривожлантириш ва модернизация қилиш соҳасида:

аҳолининг, айниқса, қишлоқ жойларда тоза ичимлик сувдан фойдаланишини яхшилашга доир комплекс чора-тадбирларни амалга оширади;

тасдиқланадиган дастурлар доирасида Вазирликнинг сув таъминоти ташкилотлари иштирокида мавжуд сув ўтказиш ва канализация иншоот ва тармоқларини қуриш, мавжудларини модернизация ва реконструкция қилишни амалга оширади;

сув таъминоти ташкилотларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, уларни замонавий ускуналар, машина ва механизмлар, таъмирлаш-фойдаланиш ва ўлчаш техникаси билан жиҳозлашга доир комплекс чора-тадбирларни амалга оширади;

ичимлик сувни ишлаб чиқариш ва технологик жараёнлари самарадорлигини ошириш, белгиланган талабларга мувофиқ унинг сифатини таъминлаш, ишлаб чиқариш жараёнига энергия ва сувни тежайдиган технология ҳамда ускуналарни жорий қилишга қаратилган чора-тадбирларни амалга оширади;

сув таъминоти ва канализация тизимларини, шу жумладан давлат-хусусий шериклик асосида бошқаришнинг бозор тамойилларига мос механизмларини жорий этади;

сув таъминоти ташкилотларининг молиявий-иқтисодий барқарорлигини, уларнинг хизматлари учун нарх белгилаш тартибини такомиллаштиришни таъминлайдиган шароитлар яратади;

ҳудудлараро сув қувурлари тармоғини ривожлантириш масаласида ягона техника сиёсатини шакллантиради ва юритади, ҳудудлараро сув қувурлари тармоғи фаолиятини мувофиқлаштиради, улардан самарали фойдаланиш, уларни ишончли ва барқарор фаолият кўрсатишини таъминлайди;

сув таъминоти ва канализация объектларини ўз вақтида ишга тушириш бўйича манзилли дастурлар амалга оширилишини мувофиқлаштиради ва мониторинг қилади;

республика ҳудудида сув таъминоти ва канализация тизими объектларини лойиҳалаштириш, қуриш, ривожлантириш ва реконструкция қилишда ягона сиёсат юритади;

Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлигининг сув таъминоти ва канализация объектларини, шу жумладан илғор хорижий тажрибадан фойдаланиб лойиҳалаштириш, қуриш, реконструкция ва модернизация қилиш борасидаги ишларида иштирок этади;

аҳоли пунктларининг шаҳарсозлик ҳужжатларини инобатга олган ҳолда, сув таъминоти ва канализация тизимини ривожлантиришнинг ҳудудий схемаларини ишлаб чиқади;

сув қувурлари ва канализация иншоотларида энергия ва ресурсни тежайдиган янги технология ҳамда ускуналарни жорий қилишга оид тавсиялар ишлаб чиқишда иштирок этади;

марказлаштирилган сув таъминоти ва канализация объектларини ҳар бир аҳоли пункти бўйича ва умуман, сув таъминоти ташкилотлари бўйича паспортлаштиради ҳамда паспортлаштириш натижалари асосида мунтазам янгиланадиган электрон маълумотлар базасини шакллантиради;

ичимлик сув таъминотига уланган барча тоифадаги истеъмолчилар учун замонавий ҳисобга олиш приборларини босқичма-босқич ўрнатиш бўйича "йўл харитаси"нинг амалга оширилишини таъминлайди;

Ўзбекистон Республикаси Геология ва минерал ресурслар давлат қўмитасининг ерости кафолатланган ичимлик сув манбалари бўйича хулосаси мавжуд бўлганда, сув таъминоти ва канализация объектларини қуриш, реконструкция ва модернизация қилиш бўйича лойиҳа ҳужжатларининг, шунингдек, сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш услубларини жорий қилиш, лойиҳага оид мақбул техник ечимларни қўллаш борасида техник топшириқларни ишлаб чиқади ва тасдиқлайди;

Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ва Молия вазирлиги билан келишган ҳолда, лойиҳа-қидирув ишлари, сув таъминоти ва канализация объектларини қуриш, реконструкция ва модернизация қилишнинг манзилли рўйхатларини тасдиқлайди;

Ичимлик сув таъминоти ва канализация тизимларини комплекс ривожлантириш ва модернизация қилишга доир дастурларни амалга ошириш учун ажратиладиган маблағлардан самарали ва мақсадли фойдаланишни таъминлайди;

сув-канализация хўжалиги ташкилотларининг тузилган шартномаларга мувофиқ сув таъминоти ва сув чиқариш, истеъмолчиларни ичимлик сув билан узлуксиз таъминлаш хизматлари кўрсатишини таъминлайди;

сув-канализация хўжалиги ташкилотларининг сув таъминоти ва сув чиқариш бўйича кўрсатилган хизматлар ҳажмлари тўғрисидаги ҳисоботлар ҳамда ахборотнинг, дебиторлик ва кредиторлик қарзлар тўғрисидаги маълумотларнинг ишончлилигини таъминлайди;

сув таъминоти, сув қувурлари ва канализация тармоқлари объектларининг ҳолатини, улардан фойдаланиш ва ушбу объектларга сув-канализация хўжалиги ташкилотлари томонидан таъмирлаш хизматлари кўрсатилишини назорат қилади;

истеъмолчиларга ўрнатилган ичимлик сув таъминоти истеъмолини ҳисобга олиш приборларини алмаштириш, ўрнатиш ва уларга эксплуатация хизматлари кўрсатилишини таъминлайди;

атроф-муҳитни ифлослантириш ва Ўзбекистон Республикаси ҳудудида чиқиндиларни жойлаштириш учун компенсация тўловларининг канализация ташланмаларига тааллуқли қисмини ундиради;

давлат ижтимоий буюртма асосида ташкил қилинган Ичимлик сув таъминоти корхоналарининг электрон реестрини юритади ҳамда уларга методик ва амалий ёрдам кўрсатади;

г) иссиқлик таъминоти тизимини комплекс ривожлантириш ва модернизация қилиш соҳасида:

гелиоқурилмаларни қўллаш ҳисобга олинган ҳолда маҳаллий қозонхоналарни модернизация ва реконструкция қилиш, самарали маҳаллий қозонхоналарни қуриш, марказий қозонхоналарни, иссиқлик тармоқларини модернизация ва реконструкция қилиш, шунингдек, хонадонлар ичида алоҳида иссиқлик таъминоти тизимларини ўрнатиш борасида республика иссиқлик таъминотини ривожлантириш дастурларини амалга оширади;

иссиқлик таъминоти тизимида, жумладан қайта тикланадиган энергия манбаларидан фойдаланиб, энергия ва ресурсни тежайдиган янги технология ва ускуналарни жорий қилиш бўйича комплекс тадбирларни амалга оширади;

кўп хонадонли уйлар, ижтимоий ва бошқа объектларда энергия самарадорлиги юқори маҳаллий қозонхоналар қуриш, шунингдек, хонадонлар ичида алоҳида иссиқлик таъминоти тизимларини ўрнатиш орқали марказлаштирилмаган иссиқлик таъминоти тизимини ривожлантириш чораларини кўради;

жисмонан ва маънан эскирган, самарадорлиги паст қозонхона агрегатлари, насос ускуналари, ишдан чиққан магистрал ва тақсимлаш иссиқлик тармоқларини модернизация ва реконструкция қилади ҳамда алмаштиради;

энергия ресурсларини ишлаб чиқариш ва истеъмол қилишни норматив ҳисобга олишни йўлга қўйиш, абонентларни, иссиқлик таъминоти хизматлари учун келиб тушадиган маблағлар ва тўловларни автоматлаштирилган ҳисобга олиш тизимини жорий қилиш тадбирларини амалга оширади;

иссиқлик таъминоти тизимида ноишлаб чиқариш харажатлари ошишига йўл қўймаслик ва иссиқлик энергиясини етказиб бериш, тақсимлаш ҳамда истеъмол қилишда меъёрдан ортиқ йўқотишларни камайтириш ҳисобидан сарф-харажатларни қисқартиришга йўналтирилган ягона техник ва тариф сиёсатини амалга оширади;

Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ва Молия вазирлиги билан келишган ҳолда, лойиҳа-қидирув ишлари, иссиқлик таъминоти объектларини қуриш, реконструкция ва модернизация қилишнинг манзилли рўйхатларини тасдиқлайди;

марказий қозонхоналар, иссиқлик тармоқларини модернизация ва реконструкция қилиш бўйича лойиҳадан олдинги ва лойиҳа ҳужжатларини ҳамда маҳаллий қозонхоналарни модернизация, реконструкция қилиш ва қуришга доир лойиҳа-смета ҳужжатларини ишлаб чиқиш ҳамда экспертизадан ўтказиш соҳасида ихтисослаштирилган лойиҳа ташкилотлари билан ўзаро ҳамкорликни таъминлайди;

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида энергия самарадорлиги юқори маҳаллий қозонхоналар, хонадонлар ичида алоҳида иссиқлик таъминоти тизимлари, шунингдек, қуёш коллекторлари (гелиоқурилмалар) ишлаб чиқаришни ташкил қилиш ва фойдаланишга жорий этиш бўйича таклифлар тайёрлайди;

д) ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш соҳасида:

ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш, Вазирлик, унинг ҳудудий бўлинмалари, шунингдек, Вазирлик ташкилий тузилмасига кирадиган ташкилотлар фаолиятига жорий қилиш бўйича комплекс чора-тадбирларни амалга оширади;

уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш ташкилотларида ягона мижозлар базаси, ҳисоб-рақамларни қўйиш ва тўлаш тизимини, шунингдек, ташкилотлар балансида фаолият натижаларини автоматик равишда акс эттиришни ўз ичига олган дастурий маҳсулотларни жорий қилиш тадбирларини амалга оширади;

уй-жой коммунал соҳада интерфаол давлат хизматлари кўрсатиш сифатини мунтазам мониторинг қилиб боради, Интернет ва мобил алоқа тармоқлари орқали юридик ва жисмоний шахсларга интерфаол хизматлар кўрсатиш сифатини янада яхшилаш ва такомиллаштириш чораларини кўради;

уй-жой коммунал соҳада тармоқ дастурий маҳсулотлари, идоравий ахборот тизимлари ва маълумотлар базасини ишлаб чиқади;

"Электрон ҳукумат" тизимида Вазирликнинг ахборот тизимлари, ахборот ресурслари ва маълумотлар базасининг интеграциялашувини таъминлайди;

Вазирлик, унинг ҳудудий бўлинмалари, шунингдек, Вазирлик ташкилий тузилмасига кирадиган ташкилот ва корхоналар фаолиятида ахборот хавфсизлигини таъминлаш бўйича зарур комплекс чораларни амалга оширади;

Республика аҳолисини оммавий ахборот воситалари ва жаҳон Интернет ахборот тармоғи орқали уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш соҳаси фаолияти ҳақида мунтазам хабардор қилиш бўйича комплекс чора-тадбирларни амалга оширади;

аҳолига кўп хонадонли уйларни бошқариш соҳасида фаолият юритадиган ташкилотлар тўғрисидаги ахборотни Интернет тармоғида эълон қилиш орқали тақдим этиш бўйича дастурий маҳсулотни жорий этади;

юридик ва жисмоний шахслар мурожаатлари билан боғлиқ ишлар ҳолатини таҳлил қилади, интерфаол "самарали алоқа" ва "виртуал қабулхона" механизмини жорий қилади;

Вазирликнинг ягона диспетчерлик хизмати ва ҳудудий бўлинмалар диспетчерлик хизматларининг самарали ишлашини ташкил қилади;

е) уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш соҳасида кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини оширишни ташкил этиш соҳасида:

уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш соҳаси учун кадрлар тайёрлашни, хорижий мамлакатларда ўқув стажировкаларини ўтказишни ҳисобга олиб, Вазирлик ташкилотларининг кадрларини қайта тайёрлаш ва малакасини оширишни ташкил этади;

уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш соҳаси учун кадрлар захирасини шакллантириш чора-тадбирларини амалга оширади;

уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш соҳаси ташкилотларининг кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини оширишга эҳтиёжини ўрганади;

"Коммуналўқув" ўқув-методик маркази" ДУКда хусусий уй-жойлар мулкдорлари ширкатлари раҳбарларини тайёрлайди ва уларга ўқиганлиги ҳақида тегишли сертификат беради;

ж) уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш соҳасида меъёрий-ҳуқуқий базани такомиллаштириш соҳасида:

уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш соҳасида фаолиятни тартибга соладиган меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларни белгиланган тартибда қабул қилади:

белгиланган тартибда ва ўз ваколатлари доирасида меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва келишишда иштирок этади;

уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш соҳасида илмий-тадқиқот ва тажриба-конструкторлик ишлари дастурларини, шунингдек, янги турдаги маҳсулотларни ўзлаштириш бўйича айрим лойиҳаларни белгиланган тартибда ишлаб чиқади ва келишади;

уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш соҳасида ҳисобга олиш, мониторинг қилиш ва ҳисоботдорликни амалга ошириш учун намунавий ҳужжатларни (формулярлар, реестрлар, далолатномалар ва бошқаларни) белгиланган тартибда ишлаб чиқади ва келишади;

Вазирлик ташкилотлари фаолияти самарадорлигининг иқтисодий ва техник нормативларини (кўрсаткичларини) тасдиқлайди, ушбу нормативларни синаб кўриш борасида уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш соҳасида ягона иқтисодий сиёсат, ягона ҳисобга олиш сиёсатини юритади ҳамда ташкилотларга услубий раҳбарлик қилади ва уларнинг фаолияти самарадорлигини таҳлил этади;

з) халқаро ҳамкорлик соҳасида;

уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш соҳасини ривожлантиришнинг муҳим муаммоларини ҳал этишда хорижий мамлакатлар билан иқтисодий алоқаларни ривожлантиради ва кенгайтиради;

Вазирликка юкланган вазифалар доирасида ягона давлат инвестиция сиёсатини шакллантириш ва амалга оширишни мувофиқлаштириш ҳамда чет эл инвестицияларини жалб этиш учун масъул ваколатли давлат органлари билан ўзаро ҳамкорлик қилади;

уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш соҳасида халқаро илмий-техник ва молиявий-иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш тадбирларини белгиланган тартибда ишлаб чиқади ва амалга оширади;

уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш соҳасида энг яхши хорижий бошқарув, техник хизмат кўрсатиш амалиёти ва янги технологияларни жорий қилиш билан танишиш мақсадида тажриба алмашиш тадбирларини ишлаб чиқади;

Ўзбекистон Республикасининг Вазирлик ваколатига киритилган халқаро шартномаларини амалга ошириш чораларини кўради;

Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати номидан қонунчиликда белгиланган ҳолатларда хорижий инвесторлар билан инвестиция шартномалари тузади;

халқаро молия институтлари, хорижий молия ва иқтисодиёт ташкилотлари ва донор-мамлакатлар билан уларни уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш соҳасига оид инвестиция лойиҳаларини амалга оширишга жалб қилиш бўйича истиқболли ва жорий ҳамкорлик дастурларини шакллантириш таклифларини ўрганади, умумлаштиради ва тайёрлайди;

уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш соҳасида хорижий инвесторлар иштирокида инвестиция лойиҳалари амалга оширилишини таъминлайди;

уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш соҳасини ривожлантириш учун тақдим этиладиган халқаро ва хорижий ҳукумат молия институтларининг техник кўмаклашиш маблағларидан (грантларидан) фойдаланишнинг устувор йўналишларини белгилайди;

уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш соҳасида устувор лойиҳаларни амалга ошириш учун халқаро ва хорижий ҳукумат молия институтларидан техник, гуманитар, беғараз ва бошқа ёрдам олишни ишлаб чиқиш жараёнида иштирок этади;

етакчи хорижий илмий марказларда соҳа мутахассисларини қайта тайёрлашни ташкил қилади;

и) ҳудудларни ободонлаштириш соҳасидаги муаммоларни ўрганиш ва методологик таъминлаш соҳасида:

ҳудудларни ободонлаштириш соҳасидаги муаммоларни ўрганади ва умумлаштиради ҳамда уларни норматив тартибга солиш бўйича таклифлар киритади;

"Обод ҳудуд" тизимини (электрон онлайн-майдонча) ишлаб чиқади, жорий этади ва аxборот билан таъминлашни амалга оширади;

давлат маблағларидан фойдаланиш самарадорлигини ва кўрсатиладиган xизматлар сифатини оширишга қаратилган давлат-xусусий шериклик меxанизмларини ободонлаштириш соҳасига босқичма-босқич жорий этиш бўйича таклифлар киритади.

к) Ягона давлат сув фонди сувларини ҳисобга олиш, мониторинг олиб бориш, хавфсизлик ва сифатини таъминлаш, шунингдек, ягона сув балансини шакллантиришни мувофиқлаштириш соҳасида:

сув балансининг ягона ахборот тизимини яратган ҳолда Ягона давлат сув фонди сувларининг миқдорий ва сифат кўрсаткичлари тўғрисида ваколатли органлар ва ташкилотларнинг маълумотларини тўплаш, умумлаштириш ва тизимлаштириш орқали республиканинг ягона сув балансини шакллантиришни ташкил этади;

сувни ҳисобга олишнинг ҳолати, унинг хавфсизлиги ва сифатини таъминлаш тўғрисида ваколатли органлар ва ташкилотлар томонидан тақдим этилаётган маълумотларнинг ишончлилиги мониторингини олиб боради, зарур бўлганда аниқланган камчиликларни бартараф этиш чораларини ишлаб чиқади;

Ягона давлат сув фонди сувларини ҳисобга олиш, мониторинг олиб бориш, хавфсизлиги ва сифатини таъминлаш бўйича ваколатли органлар ва ташкилотлар фаолиятини мувофиқлаштиради;

тоза ичимлик сувининг стратегик захираларини яратишни ташкил этади, шу жумладан, катта ҳажмдаги захира манбаларини барпо этади;

сувдан фойдаланиш соҳасида замонавий инновацион технологияларни, шу жумладан, сувнинг миқдори ва сифатини ҳисобга олишнинг автоматлаштирилган тизимини жорий этишни мувофиқлаштиради, уларнинг республика сув балансининг ягона ахборот тизимига интеграциялашувини таъминлайди;

тизимли равишда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясига ва Вазирлар Маҳкамасига сувни ҳисобга олиш ҳолати, унинг хавфсизлиги ва сифатини таъминлаш, шунингдек, республиканинг ягона сув балансини шакллантириш тўғрисидаги ҳисоботни аниқ таклифлар билан тақдим этиб боради.

11. Вазирликка юкланган вазифа ва функцияларни бевосита, шунингдек, ҳудудий бўлинмалар ва Вазирликнинг ташкилий тузилмасига кирадиган ташкилотлар орқали ҳал этади.



3-БОБ. ВАЗИРЛИКНИНГ ҲУҚУҚЛАРИ

ВА ЖАВОБГАРЛИГИ


12. Вазирлик ўзига юкланган вазифа ва функцияларни бажариш учун қуйидаги ҳуқуқларга эга:

давлат ва хўжалик бошқарув органлари, жойлардаги ижро ҳокимияти органлари ҳайъатларининг уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш соҳасида ислоҳотларни амалга ошириш, иқтисодиёт тармоқларида коммунал хизматларни жорий қилиш масаласини кўриб чиқиш билан боғлиқ мажлисларида белгиланган тартибда иштирок этади;

давлат ва хўжалик бошқарув органлари, жойлардаги ижро ҳокимияти органлари ва бошқа ташкилотлардан Вазирлик ваколатига кирадиган масалалар бўйича ҳужжатлар, статистика маълумотлари, таҳлилий материаллар, хулоса ва бошқа ахборотларни сўраб олади;

давлат ва хўжалик бошқарув органлари, жойлардаги ижро ҳокимияти органлари ва идоравий мансуб ташкилотлардан сув таъминоти, канализация ва иссиқлик таъминоти объектларини қуриш, реконструкция қилиш, мукаммал ва жорий таъмирлаш, кўп хонадонли уй-жой фондини мукаммал ва жорий таъмирлаш, кўп хонадонли уй-жой фондига туташ ҳудудларни ободонлаштириш бўйича дастурлар лойиҳаларини ишлаб чиқиш учун зарур ҳисоб-китоблар, ҳисобот маълумотлари ва бошқа материалларни олади;

Вазирлар Маҳкамасига, давлат ва хўжалик бошқаруви органларига, жойлардаги ижро этувчи ҳокимият органларига кўриб чиқиш учун Вазирлик ваколатига кирадиган масалалар юзасидан таклифлар киритади;

давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, жойлардаги ижро ҳокимияти органлари, бошқа ташкилотлар ва фуқароларга кўриб чиқилиши шарт бўлган уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш соҳасидаги қонунбузарликларни бартараф этиш тўғрисида тақдимномалар юборади;

ўз ваколати доирасида конференция, семинар, симпозиум, кўргазма, ярмарка ва бошқа тадбирлар ўтказади, бошқа ташкилотлар томонидан ўтказиладиган шундай тадбирларда иштирок этади;

хорижий давлатларга Вазирлик, унинг ҳудудий органлари ва идоравий мансуб ташкилотлари мутахассисларини белгиланган тартибда юборади;

уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш соҳасида етакчи хорижий мутахассисларни шартнома асосида Вазирлик ва идоравий мансуб ташкилотларда ишлаш учун белгиланган тартибда жалб қилади;

давлат ва хўжалик бошқарув органлари, жойлардаги ижро ҳокимияти органлари раҳбарларини уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш соҳасидаги қонунчилик талабларини ва норматив ҳужжатларни бажармагани ёки тегишли равишда бажармагани учун белгиланган тартибда жавобгарликка тортиш тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига кўриб чиқиш учун таклифлар киритади;

коммунал соҳа объектларини қуриш соҳасида шаҳар ва туманларнинг Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланадиган бош режалари лойиҳалари бўйича хулоса беради;

соҳа илмий-техник кенгашларини ва соҳанинг ихтисослаштирилган эксперт кенгашларини ташкил қилади;

уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш соҳасида ахборот-таҳлил ва эксперт ишларини амалга ошириш учун илмий-тадқиқот, технологик, лойиҳа-конструкторлик ташкилотлари, олий таълим муассасалари, шунингдек, олимлар ва малакали мутахассисларни, жумладан хориждан белгиланган тартибда жалб этади;

Вазирлик ваколатига кирадиган масалалар юзасидан конференция, кенгаш ва семинарлар ташкил қилади ва ўтказади;

хорижий давлатларнинг турдош вазирликлари (идоралари), халқаро молия ва иқтисодиёт ташкилотлари, илмий-тадқиқот институтлари, фирма ва компаниялари, шунингдек, Ўзбекистон Республикасида аккредитациядан ўтган хорижий мамлакатлар элчихоналари ва миссиялари, халқаро ҳамда чет эл ташкилотлари билан Вазирлик ваколатига кирадиган масалалар бўйича белгиланган тартибда тўғридан-тўғри мажлислар ва видеоконференциялар ўтказади;

Халқаро даражада Вазирлик ваколатига кирадиган масалалар бўйича Ўзбекистон Республикаси манфаатларини белгиланган тартибда ҳимоя қилади;

уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш соҳасида хорижий давлатлар билан иқтисодий ва илмий-техник ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро қўмиталар ва комиссиялар ишида иштирок этади;

хорижий давлатларнинг иқтисодиёт идоралари, агентликлари ва бошқа турдош тузилмалари билан Вазирлик ваколатига кирадиган масалалар бўйича ҳамкорлик тўғрисида идоралараро шартномаларни (битим, протокол, меморандумларни) халқаро ҳуқуқ нормаларига мувофиқ тайёрлаш ва тузишда иштирок этади;

Вазирлик ва унинг таркибига кирадиган ташкилотларнинг моддий-техника базасини яхшилаш чораларини кўради;

Вазирлик тизимида бюджет маблағларидан оқилона фойдаланишни тизимли назорат қилади, Вазирлик таркибига кирадиган ташкилотларнинг молиявий ва тадбиркорлик фаолиятини текширади ва тафтиш қилади.

Вазирлик қонунчиликка мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.


13. Вазирлик:

уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш соҳасида ягона давлат сиёсатини амалга ошириш;

уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш соҳасини ривожлантириш ва модернизация қилиш бўйича комплекс дастурлар амалга оширилишини ўз вақтида ва сифатли ташкил этиш ҳамда уларнинг якуний натижалари;

уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш соҳасига инвестициялар жалб этилишини таъминлаш;

кўп хонадонли уйлар, сув таъминоти, канализация ва иссиқлик таъминоти тизимларини бошқариш тизимини шакллантириш ва унинг самарали фаолият кўрсатиши;

фавқулодда ҳолатларда (ҳарбий ҳаракатлар, зилзила, сув тошқинлари, ёнғин, эпидемия ва бошқаларда) уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш соҳасининг ҳар қандай объектидан фойдаланиш, уларнинг фаолият юритишини чеклаш ёки тўхтатиш, шунингдек, уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш соҳаси объектларини марказлаштирилган тарзда бошқаришнинг устуворликларини белгилаш;

сув-канализация хўжалиги ва иссиқлик таъминоти корхоналари томонидан хизматлар тузиладиган шартномаларга мувофиқ кўрсатилишини, шунингдек, истеъмолчиларга ичимлик суви, иссиқлик энергияси ва иссиқ сув узлуксиз етказиб берилишини таъминлаш;

сув-канализация хўжалиги ташкилотларининг сув таъминоти ва сув чиқариш бўйича ҳамда иссиқлик таъминоти корхоналари томонидан кўрсатиладиган хизматлар ҳажмлари ҳақидаги ҳисобот ва ахборотлар, дебитор ва кредитор қарздорлик тўғрисидаги маълумотларнинг ҳаққонийлиги, шунингдек, ичимлик суви, иссиқлик энергияси ҳамда иссиқ сувни назорат қилиш ва ҳисобга олишнинг автоматлаштирилган тизимини жорий этиш;

сув таъминоти, сув қувурлари ва канализация тармоқлари ҳамда иссиқлик таъминоти тизими объектларининг ҳолати, фойдаланилиши ва уларга таъмирлаш хизмати кўрсатилиши устидан назоратни таъминлаш;

истеъмолчиларга ўрнатилган ичимлик сув таъминоти истеъмолини ҳисобга олиш приборларини алмаштириш, ўрнатиш ва уларга эксплуатация хизматлари кўрсатилишини таъминлаш;

иссиқлик энергияси ва иссиқ сувни ҳисобга олиш ускуналарининг алмаштирилиши ва ўрнатилишини, шунингдек, иссиқлик таъминоти корхоналари томонидан уларнинг пломбаланишини ташкил этиш;

иссиқлик энергияси ва иссиқ сув учун тўловларнинг квартиралар ички ҳисобга олиш ускуналари кўрсаткичлари, истеъмолнинг норматив ҳажмлари ва квартиранинг иситиладиган майдони ўлчами асосида ўз вақтида ва тўлиқ ундирилишини таъминлашни, шунингдек, истеъмолчиларнинг қарздорлиги камайтирилишини назорат қилиш;

иссиқлик энергияси ва иссиқ сувдан ноқонуний фойдаланиш ҳолатларини аниқлаш, бартараф этиш ва олдини олиш;

ўзига юкланган вазифаларнинг самарали бажарилиши учун жавоб беради.



4-БОБ. ВАЗИРЛИК ФАОЛИЯТИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ


14. Вазирликка Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси маъқуллаганидан кейин киритилган Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири тақдимномасига биноан Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан тасдиқланадиган ва лавозимидан озод этиладиган Вазир бошчилик қилади.

Вазирнинг Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан лавозимга тайинланадиган ва лавозимдан озод қилинадиган тўрт нафар ўринбосари, шу жумладан бир нафар биринчи ўринбосари бўлади.


15. Вазир:

Вазирлик фаолиятига яккабошчилик асосида умумий раҳбарликни амалга оширади;

Вазирлик ваколатига кирувчи масалалар бўйича қарорлар қабул қилади ҳамда Вазирликка юкланган вазифалар ва функцияларнинг бажарилиши учун шахсан жавоб беради;

ўз ўринбосарларининг ваколатларини белгилайди, улар ўртасида вазифаларни тақсимлайди, ҳудудий бўлинмалар, Вазирликнинг ташкилий тузилмасига кирувчи ташкилотлар мансабдор шахслари ваколатларини белгилайди;

Вазирлик ходимлари ҳамда Вазирликнинг ташкилий тузилмасига кирувчи ташкилотлар томонидан бажариш учун мажбурий бўлган буйруқлар чиқаради ва кўрсатмалар беради;

зарурат бўлганда, Вазирлик марказий аппарати ва ҳудудий бўлинмалари тузилмасига бошқарув ходимларининг белгиланган умумий сони доирасида ўзгартиришлар киритиш ҳуқуқига эга;

марказий аппарат, Вазирликнинг ҳудудий бўлинмалари штатлар жадвалини, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги билан келишган ҳолда марказий аппарат ва Вазирликнинг ҳудудий бўлинмалари, Вазирликнинг ташкилий тузилмасига кирадиган ва Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобига молиялаштириладиган ташкилотлар харажатлари сметасини тасдиқлайди;

Вазирлик бошқармалари, бўлимлари ва ҳудудий бўлинмалари тўғрисидаги низомларни, шунингдек Вазирликнинг ташкилий тузилмасига кирувчи ташкилотлар уставларини (низомларини) белгиланган тартибда тасдиқлайди;

Вазирлик марказий аппарати ва ҳудудий бўлинмалари, Вазирликнинг ташкилий тузилмасига кирувчи ташкилотлар ходимларини рағбатлантириш ва интизомий жавобгарликка тортиш масалаларини ҳал қилади, тармоқ ходимларини белгиланган тартибда кўкрак нишонлари билан тақдирлайди, Вазирлик тизимининг алоҳида ўрнак кўрсатган ходимларини Ўзбекистон Республикасининг фахрий унвонлари ва давлат мукофотлари билан тақдирлашга тақдим этади;

Вазирлик, ҳудудий бўлинмалар ходимларини, Вазирликнинг ташкилий тузилмасига кирувчи ташкилотлар раҳбарларини белгиланган тартибда лавозимга тайинлайди ва лавозимдан озод қилади;

Вазирлик ва Вазирлик ҳудудий бўлинмалари мол-мулкини қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда тасарруф этади;

Вазирлик марказий аппаратида ва унинг ҳудудий бўлинмаларида, Вазирликнинг ташкилий тузилмасига кирувчи ташкилотларда ижро интизомини мустаҳкамлаш ишларини мувофиқлаштиради;

Вазирлик ваколатларига тегишли масалалар бўйича жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида қонун ҳужжатларини ижро этишга, электрон ҳужжат айланиши тизимини кенг жорий этиш ва улардан самарали фойдаланишга, юридик ва жисмоний шахсларнинг тушган мурожаатлари бўйича, уларнинг кўриб чиқилиши натижаларини ҳисобга олган ҳолда, маълумотлар базасини шакллантиришга доир ишларни назорат қилади ва мувофиқлаштиради;

Вазирлик ваколатларига кирувчи масалалар бўйича Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларини белгиланган тартибда имзолайди.

Вазир қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.


16. Вазирликда Вазир (ҳайъат раиси), унинг ўринбосарлари, Ўзбекистон Республикаси Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги ҳузуридаги Кўп хонадонли уй-жой фондидан фойдаланишни назорат қилиш инспекцияси бошлиғи, (лавозимига кўра), Вазирлик фаолиятининг асосий йўналишларини мувофиқлаштирувчи таркибий бўлинмалар раҳбарларидан иборат таркибда ҳайъат тузилади.

Ҳайъатнинг шахсий таркиби ва сони Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланади.

Ҳайъат:

Вазирлик фаолиятининг қонун ҳужжатларида белгиланган асосий концептуал, республикада уй-жой-коммунал соҳани янада такомиллаштириш йўналишларини тайёрлаш ва амалга ошириш;

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳужжатлари ва Ҳукумат қарорларида белгиланган вазифаларни амалга оширишда ижро интизомини мустаҳкамлаш, вазифаларнинг ўз вақтида ва сифатли бажарилишини таъминлаш учун Вазирлик раҳбарлари ва ходимларининг шахсий масъулиятини ошириш билан боғлиқ масалаларни кўриб чиқади.

Ҳайъат Вазирлик ваколатига тегишли бўлган бошқа масалаларни ҳам кўриб чиқишга ҳақлидир.

Ҳайъат мажлисига Вазирлик ваколатларига кирадиган масалалар бўйича давлат ва хўжалик бошқаруви бошқа органлари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, ташкилотларнинг раҳбарлари ва мутахассислари таклиф этилиши мумкин.

Ҳайъат, агар мажлисда унинг таркибининг ярмидан кўпи қатнашса, ҳуқуқий ваколатли ҳисобланади. Кўриб чиқилаётган масалалар бўйича қарорлар оддий кўпчилик овоз билан қабул қилинади.

Ҳайъат қарорлари Вазирнинг буйруқлари билан амалга оширилади. Вазир ва ҳайъат аъзолари ўртасида келишмовчиликлар пайдо бўлган тақдирда Вазир юзага келган келишмовчиликлар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига ахборот берган ҳолда қарор қабул қилади. Ҳайъат аъзолари ҳам ўз фикрини Вазирлар Маҳкамасига ёзма равишда маълум қилишлари мумкин.

Ҳайъат фаолияти тартиби ҳайъатнинг қарори билан тасдиқланадиган регламент билан белгиланади.


17. Қорақалпоғистон Республикаси Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазири Қорақалпоғистон Республикаси Жоқарғи Кенгеси томонидан Ўзбекистон Республикаси Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазири билан келишилган ҳолда лавозимга тайинланади ва лавозимдан озод қилинади.


18. Вилоятлар уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш бошқармалари бошлиқлари ва Тошкент шаҳри уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш бош бошқармаси бошлиғи Ўзбекистон Республикаси Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазири буйруғи билан тегишли равишда вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимларининг тақдимномасига биноан лавозимга тайинланади ва лавозимдан озод қилинади.



5-БОБ. ВАЗИРЛИК ВА УНИНГ ҲУДУДИЙ

БЎЛИНМАЛАРИ ХОДИМЛАРИ МЕҲНАТИГА

ҲАҚ ТЎЛАШ ВА УЛАРНИ МОДДИЙ

РАҒБАТЛАНТИРИШ


19. Вазирлик ходимларини моддий рағбатлантириш қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилади.


20. Вазирлик ва унинг ҳудудий бўлинмалари ходимларига тўланадиган иш ҳақи қонунчиликда назарда тутилган лавозим маоши, мукофотлар, қўшимча ва устама ҳақлардан иборат бўлади.


21. Вазирлик ва унинг ҳудудий бўлинмалари ходимларига:

узоқ муддат хизмат қилгани учун белгиланган тартибда ҳар чораклик мукофот тўланади;

Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобига узоқ муддат хизмат қилгани учун мукофот олиш ҳуқуқини берувчи иш стажи Вазирлик томонидан тасдиқланадиган тартибга мувофиқ белгиланади;

байрам саналарида Вазирликнинг Уй-жой коммунал хўжалигини ривожлантириш жамғармаси маблағлари ёки қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалардан штат жадвалига биноан лавозим маошининг 2 бараваригача миқдорда мукофот тўланади;

Вазирликнинг айрим ташаббускор ва юқори малакали ходимларининг лавозим маошларига (тариф ставкасига) белгиланган тартибда шахсий устамалар белгиланади.


22. Бошқарув ходимлари сони қисқариши муносабати билан ва мавжуд вакант лавозимлар ҳисобига бўшаб қоладиган маблағлар Вазирликнинг ходимларни моддий рағбатлантириш махсус жамғармасига йўналтирилади.


23. Вазирлик ва унинг ҳудудий бўлинмалари ходимларини Ўзбекистон Республикаси Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлигининг Уй-жой коммунал хўжалигини ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобига моддий рағбатлантириш тартиби Вазирлик томонидан Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги билан келишган ҳолда тасдиқланади.


24. Вазирликнинг ташкилий тузилмасига кирувчи ташкилотларнинг моддий-техника таъминоти, шунингдек уларнинг ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш тадбиркорлик фаолиятидан тушумлар, шунингдек қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар маблағлари ҳисобига амалга оширилади.



6-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДА


25. Вазирликни қайта ташкил этиш ва тугатиш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2017 йил 12 июнь, 23-сон, 467-модда


"Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг қарорлари тўплами",

2017 йил, 6-сон, 87-модда