Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Ички ишлар органлари ходимларига имтиёзли шартларда турар жой сотиб олиш, қуриш ва реконструкция қилиш учун узоқ муддатли ипотека кредитлари бериш тартиби тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 29.06.2017 й. 444-сон қарорига 1-илова)

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

Вазирлар Маҳкамасининг

2017 йил 29 июндаги

444-сон қарорига

1-ИЛОВА



Ички ишлар органлари ходимларига

имтиёзли шартларда турар жой сотиб олиш,

қуриш ва реконструкция қилиш учун узоқ муддатли

ипотека кредитлари бериш тартиби тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Низом "Ички ишлар органлари тўғрисида" ва "Ипотека тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси қонунларига ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ички ишлар органларининг фаолияти самарадорлигини тубдан ошириш, жамоат тартибини, фуқаролар ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилишни таъминлашда уларнинг масъулиятини кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида" 2017 йил 10 апрелдаги ПФ-5005-сон Фармонига мувофиқ ички ишлар органлари ходимларига (кейинги ўринларда ходимлар деб аталади) имтиёзли шартларда турар жой сотиб олиш, қуриш ва реконструкция қилиш учун имтиёзли узоқ муддатли ипотека кредитлари (кейинги ўринларда ипотека кредитлари деб аталади) бериш тартибини белгилайди.


2. Ушбу Низом:

якка тартибда уй-жой қуриш ва реконструкция қилиш;

якка тартибдаги уй ёки кўп квартирали уйдан квартира сотиб олиш;

Қишлоқ жойларда янгиланган намунавий лойиҳалар бўйича арзон уй-жойлар қуриш дастури ва Шаҳарларда арзон кўп квартирали уйлар қуриш ва реконструкция қилиш дастури (кейинги ўринларда Дастурлар деб аталади), шунингдек уй-жойлар барпо этишнинг бошқа дастурлари доирасида арзон кўп квартирали уйлардан квартиралар сотиб олиш учун ипотека кредитлари берилишини назарда тутади.


3. Ипотека банклари томонидан ходимларга Дастурлар, шунингдек уй-жойлар барпо этишнинг бошқа дастурлари доирасида арзон кўп квартирали уйлардан квартиралар сотиб олиш учун ипотека кредитлари бериш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.


4. Ипотека кредитлари тижорат банклари томонидан қайтариш, тўлов, таъминланганлик, муддатлилик ва мақсадли фойдаланиш шартларида турар жой сотиб олиш, қуриш ва реконструкция қилиш учун ажратилади.


5. Ипотека кредитлари ходимларга тижорат банкида ходимнинг номига очилган миллий валютадаги жамғарма омонат ҳисоб рақамига ходим томонидан турар жой қийматининг камида 25 фоизи миқдоридаги дастлабки бадал тўлангандан кейин камида 10 йил муддатга берилади, ушбу Низомнинг 3-бандида кўрсатилган ҳолатлар бундан мустасно.


6. Ипотека кредитидан фойдаланганлик учун фоиз муддати ва ставкаси:

кредит линиялари ҳисобига берилган кредитлар, шу жумладан имтиёзли кредитлар ипотека кредити учун бевосита тижорат банки томонидан жалб этилган халқаро ва хорижий молия институтларининг грантлари ва инвестициялари бўйича Ўзбекистон Республикаси Марказий банки ва Молия вазирлиги билан келишган ҳолда тижорат банки билан кўрсатиб ўтилган молия институтлари ўртасида тузилган ушбу маблағларни бериш тўғрисидаги тегишли шартномалар шартларидан келиб чиқиб белгиланади;

тижорат банклари томонидан ўз маблағлари ва жалб этиладиган маблағлар ҳисобига бериладиган кредитлар банкнинг ички кредит сиёсатига мувофиқ банк билан қарз олувчи ўртасида тузилган битим бўйича белгиланади.

7. Турар жой сотиб олиш, қуриш ва реконструкция қилиш учун тижорат банки томонидан берилган ипотека кредити суммаси турар жой қийматининг 75 фоизидан ортиқ бўлмаслиги керак.



2-БОБ. ИПОТЕКА КРЕДИТИ ОЛИШ УЧУН БЕРИЛГАН

АРИЗАНИ КЎРИБ ЧИҚИШ ВА У БЎЙИЧА ҚАРОР

ҚАБУЛ ҚИЛИШ ТАРТИБИ


8. Ходим турар жой сотиб олиш, қуриш ва реконструкция қилиш мақсадида ипотека кредити олиш учун тижорат банкига қонун ҳужжатларига мувофиқ зарур ҳужжатларни тақдим этади.


9. Тижорат банки ходим томонидан ипотека кредити олиш учун ариза берилгандан кейин ипотека кредити олиш жараёнида у тўлаши керак бўлган қуйидаги тахминий харажатларнинг турлари билан уни таништиради:

ипотека тўғрисидаги шартномани нотариал тасдиқлаш учун давлат божи тўлаш;

гаровга қўйилган кўчмас мулкни суғурта қилиш билан боғлиқ харажатлар;

мол-мулк қийматини аниқлаш бўйича баҳолаш ташкилотининг хизматларига ҳақ тўлаш;

ипотека кредитини расмийлаштириш билан боғлиқ бошқа харажатлар.


10. Тижорат банкининг ходими қонун ҳужжатларига мувофиқ ипотека кредити олиш учун ариза ва барча зарур ҳужжатлар қабул қилингандан кейин бир ҳафта муддатда уни ўрганади ва унда кўрсатилган маълумотларнинг ишончлилигини текширади.


11. Тижорат банкининг ипотека кредити олиш учун берилган аризани кўриб чиқиш учун масъул бўлган ходими ипотека кредити олиш учун берилган аризани ва унга илова қилинган барча ҳужжатларни ўрганиш ва текшириш натижалари бўйича ипотека кредити беришнинг мақсадга мувофиқлиги ёки мақсадга мувофиқ эмаслиги тўғрисидаги асосланган хулосани тижорат банкининг кредит комиссиясига (кредит қўмитасига) киритади.


12. Кредит комиссияси (кредит қўмитаси) киритилган ҳужжатларни ва тижорат банкининг масъул ходими хулосасини кўриб чиқиб ипотека кредити олиш учун берилган аризани қондириш ёки рад этишнинг аниқ ва асосланган сабабларини кўрсатиб қондиришни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилади.

Кредит комиссияси (кредит қўмитаси) томонидан ипотека кредити олиш учун берилган аризани қондириш рад этилганлиги тўғрисида қарор қабул қилинган тақдирда тижорат банкининг ходими уч иш куни мобайнида рад этишнинг аниқ сабабларини ва ходим кўрсатиб ўтилган сабабларни бартараф этиб, ҳужжатларни такроран кўриб чиқиш учун тақдим этиши мумкин бўлган муддатни кўрсатиб ходимга ёзма билдиришнома юборади (топширади).

Ходим ипотека кредити олиш учун берилган ариза қондирилиши рад этилиши сабабларини бартараф этиб ҳужжатларни такроран кўриб чиқиш учун тақдим этишга ҳақли бўлган муддат ипотека кредитини олиш учун берилган ариза қондирилиши тўғрисида ёзма билдиришнома олинган кундан бошлаб беш иш кунидан кам бўлмаслиги керак.

Ипотека кредити олиш учун берилган ариза қондирилишини рад этиш тўғрисидаги ёзма билдиришномада кўрсатилган муддат тамом бўлгандан кейин ходим томонидан берилган ариза кўриб чиқилмайди.


13. Ипотека кредитини олиш учун берилган аризани кўриб чиқиш муддати ариза ва барча зарур ҳужжатлар тақдим этилган кундан бошлаб 30 иш кунидан ортиқ бўлмаслиги керак.


14. Кредит комиссияси (кредит қўмитаси) томонидан ипотека кредити бериш тўғрисида қарор қабул қилингандан кейин:

тижорат банки уч кун муддатда кредит шартномаси тузиш учун ходимни қарор қабул қилинганлиги тўғрисида ёзма равишда хабардор қилади. Шунингдек, сотувчининг номига талаб қилиб олинадиган депозит ҳисоб рақамини очиш учун ходим томонидан тижорат банкига (уй-жой иккиламчи бозорда сотиб олинганда) жисмоний шахснинг - квартирани ёки якка тартибдаги уйни сотувчи (кейинги ўринларда сотувчи деб аталади) келиши таъминланиши зарурлиги ёзма шаклда кўрсатилади;

ходим квартира ёки якка тартибдаги уйнинг тўлиқ қийматини йўқотиш ёки шикастланиш хавфидан ўз ҳисобига тижорат банки фойдасига суғурта қилиши, агар мол-мулкнинг тўлиқ қиймати олинган кредитнинг ва у бўйича ҳисобланган фоизларнинг таъминланган ипотека суммасидан ортиқ бўлса, тижорат банки олдида ушбу мажбуриятнинг суммасидан паст бўлмаган суммага суғурта қилиши шарт;

тижорат банки ходим билан "Ипотека тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ нотариал тасдиқланиши ва давлат рўйхатидан ўтказилиши керак бўлган ипотека тўғрисидаги шартномани, шунингдек кредит шартномасини имзолайди.



3-БОБ. ИПОТЕКА КРЕДИТИНИ БЕРИШ

ВА ҚАЙТАРИШ ТАРТИБИ


15. Ипотека кредити бериш тижорат банки томонидан ходимнинг алоҳида ссуда ҳисоб рақамини очиш ва ушбу ҳисоб рақамидан пул маблағларини нақд бўлмаган шаклда ходимнинг ёзма топшириғи асосида, қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда расмийлаштирилган ва нотариал тасдиқланган уй-жойнинг олди-сотдиси тўғрисидаги шартноманинг нусхасини илова қилган ҳолда мемориал ордер билан сотувчининг (мулкдорнинг) депозит ҳисоб рақамига ўтказиш йўли билан амалга оширилади.


16. Якка тартибда уй-жой қуриш ёки уни реконструкция қилишга ипотека кредити бериш ходимнинг алоҳида ссуда ҳисоб рақамини очиш ва ушбу ҳисоб рақамидан ходимнинг ёзма топшириғи асосида мемориал ордер билан тўловларни қурилиш материаллари сотиб олишга нақд бўлмаган шаклда ўтказиш - ташкилотлар ва якка тартибдаги тадбиркорларнинг депозит ҳисоб рақамига ва бажарилган қурилиш-монтаж иши учун - пудрат шартномасида белгиланган шартларда ва муддатларда пудрат қурилиш ташкилотининг депозит ҳисоб рақамига ўтказиш йўли билан амалга оширилади.


17. Ипотека кредитини қайтариш ходим томонидан қуйидаги шаклларда амалга оширилиши мумкин:

иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловлар, пенсиялар ва бошқа даромадлар ҳисобига нақд бўлмаган шаклда пул ўтказиш йўли билан;

нақд пул маблағлари тўлаш;

пластик карталардан ва ходимнинг тижорат банкларидаги омонатлари бўйича ҳисоб рақамларидан нақд бўлмаган шаклда пул маблағлари ўтказиш йўли билан.

Ходим асосий қарзни ва ҳисобланган фоизларни кредит шартномасида белгиланган қайтариш муддати бошлангунга қадар муддатидан олдин, кредит муддатидан олдин қайтарилганлиги учун воситачилик тўлови тўламасдан қайтариши мумкин.


18. Дастурлар, шунингдек уй-жойлар барпо этишнинг бошқа дастурлари доирасида арзон кўп квартирали уйлардан квартиралар сотиб олиш учун ипотека кредити олишда ипотека кредити бўйича асосий сумма тижорат банки билан тузиладиган шартнома бўйича белгиланган муддатларда ходимнинг маблағлари ҳисобига, ипотека кредити бўйича ҳисобланган фоизлар эса - 50 фоиз миқдорида ходимнинг маблағлари ҳисобига ва 50 фоизи Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигига ажратиладиган маблағлари ҳисобига қайтарилади.


19. Тижорат банклари ходим томонидан ипотека кредити бўйича ўз мажбуриятлари бажарилишининг доимий мониторингини шу жумладан жойнинг ўзига чиқиб амалга оширади. Тижорат банки томонидан мониторинг олиб бориш тартиби кредит шартномасида қайд этилиши керак.


20. Асосий қарз ва у бўйича ҳисобланган фоизлар кредит шартномасида белгиланган муддатларда қайтарилмаган тақдирда тижорат банкининг ходими ходим билан шахсан учрашиб мажбуриятлар бажарилмаслиги сабабини аниқлайди ва муддати ўтказиб юборилган ипотека кредитини қайтаришни таъминлаш чораларини кўришни талаб қилади.


21. Ходим томонидан ипотека кредити ва ҳисобланган фоизлар бўйича тўловлар тўланмаганда ёки ўз вақтида тўланмаганда, шунингдек қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа ҳолларда тижорат банки қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда гаровга қўйилган мол-мулкдан ундириш тўғрисида мурожаат қилади.



4-БОБ. ДАСТУРЛАР ДОИРАСИДА АРЗОН КЎП

КВАРТИРАЛИ УЙЛАРДАН КВАРТИРАЛАР

СОТИБ ОЛИШ УЧУН ХОДИМЛАРНИНГ

ДАСТЛАБКИ БАДАЛЛАРНИ ТЎЛАШИ

УЧУН УЛАРГА ҚАРЗ БЕРИШ


22. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги томонидан ходимлар томонидан ички ишлар органларининг тегишли турар жой-маиший комиссияларига ариза берилиши йўли билан Дастурлар, шунингдек уй-жойлар барпо этишнинг бошқа дастурлари доирасида кўп квартирали уйлардаги квартиралар дастлабки бадалларининг белгиланган миқдорларини тўлаш учун Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг бюджетдан ташқари маблағлари (кейинги ўринларда бюджетдан ташқари маблағлар деб аталади) ҳисобига қайтариш асосида ходимларга 5 йил муддатга фоизсиз узоқ муддатли қарзлар берилади.


23. Қарз бериш тўғрисидаги ариза тегишли равишда Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазири ва ҳудудий ички ишлар органлари раҳбарлари томонидан ташкил этиладиган Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги марказий аппаратининг турар жой-маиший комиссияси (кейинги ўринларда марказий комиссия деб аталади) ва ҳудудий ички ишлар органларининг турар жой-маиший комиссиялари (кейинги ўринларда ҳудудий комиссия деб аталади) томонидан кўриб чиқилади.

Марказий комиссия ва ҳудудий комиссияларнинг таркиби ва ишини ташкил этиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазири томонидан белгиланади.


24. Қарз бериш тўғрисидаги ариза:

ҳудудий ички ишлар органлари ходимлари томонидан - ҳудудий комиссияларга;

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги марказий аппарати ходимлари томонидан - марказий комиссияга белгиланган тартибда берилади.


25. Ходим қарз бериш тўғрисидаги ариза билан биргаликда қуйидаги ҳужжатларни тақдим этади:

доимий яшаш жойидан берилган ходимнинг ва у билан биргаликда яшовчи оила аъзоларининг охирги 12 ойдаги даромадлари тўғрисидаги маълумотномалар ёки яшаш жойи бўйича давлат солиқ хизмати органи томонидан тасдиқланган охирги 12 ойда ходим ва унинг оила аъзоларининг даромадлари тўғрисидаги декларацияларнинг нусхалари;

паспортларнинг (туғилганлик ҳақидаги гувоҳномаларнинг нусхалари).

26. Қарз бериш тўғрисидаги ариза ва ушбу Низомнинг 25-бандида кўрсатилган барча зарур ҳужжатлар берилгандан кейин ҳудудий комиссия ўрганиш ва текшириш натижалари бўйича ҳудудий комиссия раисига қарз бериш мумкинлиги ёки қарз бериш мумкин эмаслиги тўғрисидаги хулосани киритади.


27. Ҳудудий комиссия раиси қарз бериш тўғрисидаги аризани ва унга илова қилинган барча ҳужжатларни ва ҳудудий комиссиянинг хулосасини кўриб чиқиб ҳудудий комиссия номидан қарз бериш тўғрисидаги аризани қондириш ёки асосланган сабабларини кўрсатиб қондиришни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилади.

Ҳудудий комиссия томонидан қарз бериш мумкинлиги ёки қарз бериш мумкин эмаслиги тўғрисидаги аризани тақдим этиш ва ҳудудий комиссия раиси томонидан тегишли қарор қабул қилиниши муддати қарз бериш тўғрисидаги ариза ва ушбу Низомнинг 25-бандида кўрсатилган барча зарур ҳужжатлар берилган кундан бошлаб 15 иш кунидан ортиқ бўлмаслиги керак.


28. Ҳудудий комиссия раиси томонидан ҳудудий комиссия номидан қарз бериш тўғрисидаги аризани қондириш тўғрисида қарор қабул қилинган тақдирда ушбу қарор ва унга илова қилинган барча ҳужжатлар кўриб чиқиш учун марказий комиссияга юборилади. Марказий комиссия ўн иш куни мобайнида тақдим этилган ҳужжатларни ўрганади, қарз бериш тўғрисидаги аризани қондириш ёки қондиришни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилади.

Марказий комиссия томонидан қарз бериш тўғрисидаги аризани қондириш тўғрисида қарор қабул қилинган тақдирда марказий комиссия икки иш куни мобайнида ўз қарорини Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги марказий аппаратининг Молия-иқтисодиёт бошқармасига (кейинги ўринларда Молия-иқтисодиёт бошқармаси деб аталади) юборади.


29. Марказий комиссия томонидан қарз бериш тўғрисидаги аризани қондириш тўғрисида қарор қабул қилингандан кейин ҳудудий комиссия уч иш куни мобайнида бу ҳақда ходимни қарз шартномаси тузиш учун ёзма шаклда хабардор қилади.


30. Молия-иқтисодиёт бошқармаси қарз шартномаси тузилган кундан бошлаб ўн кун муддатда маблағларни ходимнинг тижорат банкида очилган депозит ҳисоб рақамига ўтказади.


31. Қарз бериш тўғрисидаги аризани қондиришни рад этиш тўғрисида тегишли қарор қабул қилинган тақдирда тегишли равишда марказий комиссия ва ҳудудий комиссиялар бир кун мобайнида маблағ бериш рад этилишининг аниқ сабаблари кўрсатилган ҳолда ходимни бундан ёзма равишда хабардор қиладилар.


32. Ходим томонидан қарзни қайтариш қуйидаги шаклларда амалга оширилиши мумкин:

иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловлар, пенсиялар ва бошқа даромадлар ҳисобига нақд бўлмаган шаклда пул ўтказиш йўли билан;

нақд пул маблағлари тўлаш;

пластик карталардан ва ходимнинг тижорат банкларидаги омонатлари бўйича ҳисоб рақамларидан нақд бўлмаган шаклда пул маблағлари ўтказиш йўли билан.

Бунда қарз бўйича тўловлар қарз шартномасига илова қилинган жадвалга мувофиқ тўланади.

Ходим қарзни қарз шартномасида белгиланган муддат бошлангунга қадар қайтаришга ҳақлидир.



5-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДА


33. Ушбу Низом талаблари бузилишига айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2017 йил 3 июль, 26-сон, 595-модда


"Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг қарорлари тўплами",

2017 йил, 6-сон, 124-модда